Долзарб мавзу      Бош саҳифа

КЎМИРНИНГ КИЛОСИ ҚАНЧАДАН, ЖАНОБ ЧАЙҚОВЧИ?

Кўмир нархларида одамларни ўйлантираётган саволлар ва жавоблар таҳлили

Қиш меваси — олов, дейди доно халқимиз. Совуқ кунларда хонадонимиз иссиқлигини таъминлаш ҳаммамизнинг энг катта ташвишимизга айланиши ҳам шундан. Яхшики, бу масалага мамлакатимизда ҳукумат даражасида эътибор қаратилиб, ҳали ёздаёқ қишга тайёргарлик кўрила бошлайди. Шунинг учун ҳам хонадонларимиз иссиқ, ­кўнгиллар тўқ.

КЎМИРНИНГ КИЛОСИ ҚАНЧАДАН, ЖАНОБ ЧАЙҚОВЧИ?

Мана шу кўнгил тўқлиги, афсуски, ҳамма хонадонда ҳам эмас. Тўғри, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига бирдек табиий газ кириб бормаган. Шу боис бундай ҳудудларга бошқа турдаги энергия манбаларини, хусусан, кўмир етказиб бериш кўзда тутилган. Биз таҳлил этмоқчи бўлган масала ҳам айни шу кўмир, унинг жойлардаги савдоси ва нархлари ҳақида.

Маълумотларга кўра, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида юртимизнинг аҳоли тарқоқ яшайдиган ва табиий газ етиб бориши қийин бўлган тоғли ҳамда чекка қишлоқ ҳудудларидаги 2 миллион 348 минг 393 хонадонга кўмир етказиб берилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 10 июндаги Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни 2016-2017 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тай­ёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ, бу борадаги ишлар тизимли асосда йўлга қўйилган.

Бу яхши, албатта. Лекин бу борада ечимини кутаётган муаммолар, аҳолини ўйлантирадиган, қийнайдиган саволлар ҳам талайгина.

Яқинда таҳририятимизга Андижондан қўнғироқ қилган бир муштарийимиз «Бизда ҳозир кўмир сотиб олиш одамларнинг энг катта ташвишига айланган. Ҳар ким истаган нархини қўйиб, кўмир сотяпти. Кун совуқ, олишга мажбурмиз... Шуларни назорат қиладиган борми, нега шу ҳақида ёзмайсизлар?» дея куюниб гапирди.

Ҳақиқатда, ушбу масала бугун кўпчиликни ўйлантираётгани рост. Ахир, хонадонларимиз иссиқлиги учун ҳукумат даражасида эътибор қаратилиб турган бўлса-ю, жойларда баъзи «учар»лар бундан ўз чўнтагини қаппайтиришда фойдаланаётган бўлса, бу адолатдан эмас.

Мавзу юзасидан атрофлича маълумот олиш учун «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятига мурожаат қилдик. «Ўзбеккўмир»нинг Маҳсулот сотиш ва маркетинг бўйича директори Носир УМАРОВ имзоси билан келган хатда қуйидаги жавоблар маълум қилинган:

— Жорий йил куз-қиш мавсуми учун кўмирнинг ўрнатилган ягона чакана нархи неча сўм қилиб белгиланган?

— 2016-2017 йиллар куз-қиш мавсуми учун 1 тонна кўмир ёқилғисининг нархи Молия вазирлиги томонидан 2016 йил 1 апрель куни тасдиқланган баённомага асосан, 146 минг 400 сўм этиб белгиланган.

— Ҳозир дунёда энергия ташувчи манбаларнинг нарх-навоси пасайиб бормоқда. Бизда-чи? Бу кўмирнинг баҳосига ҳам таъсир ўтказяптими?

— Ҳозир жаҳон бозорида дунёнинг йирик нефть-газ қазиб олувчи давлатларнинг молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, нефть ва газ нархларининг пасайиш-кўтарилиш тенденцияси кузатилмоқда. Мазкур ҳолат Ўзбекистонда қазиб олинаётган кўмир ёқилғиси таннархига таъсир ўтказмайди.

— Мамлакатимизда янги — Ангрен-Поп йўналишидаги электрлаштирилган йўл ишга туширилгандан сўнг, кўмирнинг нархи бирмунча пасайтирилиши режалаштирилган эди, амалда шундай бўлдими?

— Кўмирнинг нархи бир йил давомида 1 апрель ва 1 октябрь саналарида Молия вазирлиги томонидан қайта  белгиланар (кўтарилар) эди. Ангрен-Поп темирйўли ишга туширилиши натижасида қўшни Тожикистон Республикасидан ўтган темирйўл учун тўланадиган валюта маблағлари иқтисод қилинмоқда. Шу сабабли, жорий йилнинг октябрь ойида кўмир ёқилғиси нархининг кўтарилиши кузатилмади.

— Республика аҳолисини кўмир билан таъминлаш қайси ташкилот зиммасига юклатилган? Бу масала билан тадбиркорлар ҳам шуғуллана оладими? Уларнинг бу борада қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор? Бирор имтиёзлар ҳам кўзда тутилганми?

— Аҳолини кўмир ёқилғиси билан таъминлаш «Ўзбеккўмир» АЖнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда кўмир маҳсулотини етказиб беришга ихтисослашган ҳудудий дис­трибьюторлик марказлари мавжуд бўлиб, ушбу марказларнинг кўмир омборларидан кўмир маҳсулотларини (кўмир ёқилғиси ва кўмир брикети) олиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-қарорига асосан, хусусий тадбиркорлик субъектлари кўмир ёқилғисини қайта сотишлари мумкин эмас.

Мазкур қарорнинг 4-банди:

Белгилаб қўйилсинки, истеъмолчилар томонидан 2-иловага киритилган, белгиланадиган нархлар бўйича сотиб олинган маҳсулотдан фақат ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилади ва улар қайта сотилмайди.

Белгиланадиган нархлар бўйича сотиб олинган ресурслар, шунингдек, ушбу қарорга 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган, биржа савдоларида сотиб олинган қайта сотилиши тақиқланган ресурслар истеъмолчилар томонидан қайта сотилиши ҳоллари аниқланган тақдирда, қайта сотишдан олинган даромад Вазирлар Маҳкамасининг «Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон қарорида назарда тутилган тартибга мувофиқ олиб қўйилади.

— Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида кўмир турли нархларда сотилиш ҳоллари учрайди. Фуқароларимизда ушбу қаттиқ ёқилғи нарх-навоси бўйича эътироз бўлса, улар кимга, қаерга мурожаат этиши мумкин? Умуман, кўмир нархининг сунъий равишда ўсиб кетишининг олдини олиш мақсадида қандай чоралар кўрилади?

— Кўмир ёқилғиси нархи сунъий равишда ошиб кетиши кузатилган тақдирда, ҳудудлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш мумкин.

— Вилоятларда, чекка ҳудудларда аҳоли кўмирни мақбул нархларда қайси субъектлардан харид қилиши мумкин?

— Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда истеъмолчилар, хусусан, чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли вакиллари ҳам «Ўзбеккўмир» АЖнинг ҳудудий дистрибьюторлик марказларидан олиши мумкин. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кўмир омборлари аҳоли пунктларига қулай ҳудудларда жойлашган.

— Кўмир сифати-чи? Жойларга етказиб бериладиган кўмирга сифатсизи аралашиб қолмаслиги учун қандай ишлар олиб борилади?

— Истеъмолчиларга етказиб берилаётган кўмир ёқилғиси қўнғир кўмир ҳисобланиб, Ангрен кўмир конидан ортилмоқда. Кўмир ёқилғисини ортиш, юклаш ва жойларга, ҳудудларга етиб боргандан сўнг, уни тушириш ҳамда қайта ортиш жараёни кўмир сифатига бироз таъсир кўрсатиши мумкин.

— Аҳолига белгиланган нархда кўмир сотишда ўлчов (лимит) борми? Ҳамма истаганча кўмир харид қила оладими?

— Аҳолига кўмир ёқилғисини етказиб бериш, ҳар бир хонадонга ўртача 1-2 тоннадан режалаштирилган.

— Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси кўмир билан зарур даражада таъминланган, дея оласизми? Умуман, уларнинг куз-қиш мавсуми учун эҳтиёжи қанчани ташкил этмоқда? «Ўзбеккўмир» АЖ ҳар йили қазиб оладиган кўмир бунинг учун етарлими?

— Аҳолига етказиб берилиши режалаштирилган кўмир ёқилғиси ҳажми, ҳар йили маҳалла фуқаролари кесимида, шаҳарлар, туманлар ва вилоятларнинг эҳтиёжига қараб, талабномаларига асосан шакллантирилади.

Савол туғдираётган жавоблар

Мутасаддининг жавобларида ҳаммаси аниқ келтирилган. Жойларга кўмир етказиб бериш ва унинг сотувини ташкил этишда бирор муаммо кўринмаяпти.

Унда истеъмолчилар нимадан норози? Нега кунлар бироз совуши билан айрим жойларда кўмирнинг қадри олтинга тенглашмоқда? Аслида биз айни шу саволларга ойдинлик киритиш умидида мутасаддиларга мурожаат этган эдик. Бунинг ўрнига олган айрим жавобларимиз, бизда қайтага яна савол пайдо қилди.

Мисол учун, тадбиркорлик субъектлари кўмир ёқилғисини қайта сотиши мумкин эмаслиги айтилганда, «қайта сотиш» деганига ойдинлик киритиш мақсадида мутасаддилар билан қайта боғланганимизда улар қуйидагиларни маълум қилди: «Тадбиркор аҳоли учун ўрнатилган ягона чакана нархдаги кўмирни фақат брикет кўринишга келтириб сотиши мумкин. Унинг нархи эса 238 минг сўм (бир тоннаси) қилиб белгиланган. Бу сумма икки йилдан буён ўзгармай келмоқда». Ҳа, ҳақиқатдан ҳам жуда мақбул, оқилона тартиб.

Бироқ аҳолидан эътироз, асосан, кўмирнинг нархи бўйича. Буни инкор этиб бўлмайди. Турли вилоятларимизда истиқомат қиладиган одамлардан сўраганимизда, улар 1 тонна кўмирнинг нархи бозорда 700-750 минг сўмни ташкил этишини айтмоқда. Шунда ҳам кун илиқроқ бўлган пайтларда. Совуқ тушиши билан қаттиқ ёқилғининг тоннаси бирданига 900 минг сўмга кўтарилар экан.

Хўш, кўмирни бу нархда сотаётган ким? Олибсотарми ёки тадбиркор? Нима учун у қаттиқ ёқилғини истаган нархда эмин-эркин сотиб юрибди? Нега унга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаяпти? Ёки бунда биз билмайдиган бошқа бирор сабаб борми? Очиғи, тушунарсиз ҳолат.

Тўғри, мутасаддимиз юқорида бундай ҳолатда (кўмир нархи сунъий равишда оширилганда) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни тавсия этди. Тўғриси, бу жавоб гўё: «...машина қизил чироқда тўхташи керак, пиёдалар яшил чироқ ёнганда пиёдалар йўлакчасидан ўтиши лозим...» деганга ўхшайди. Бошқача изоҳ тополмадик.

Ахир, истеъмолчи кимнинг устидан қайси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ёзади? Унинг «фалон бозорда менга кўмирни давлат нархида беришмаяпти...» мазмундаги аризасини биров қабул қилармикан? Қабул қилинган тақдирда ҳам бу масала ўрганилиб, судга оширилиб, суд қарори ижро этилгунча қиш ҳам якунлаб қолса керак. Бунақа оворагарчиликни уйлаган ҳар қандай одам совуқ уйда ҳам ўтиришга рози бўлмайдими?

Аслида кўмир нархининг сунъий равишда ўсиб кетишининг олдини олиш чоралари ҳақида кўпроқ бош қотирсак истеъмолчига фойдали бўлармиди. Афсуски, бизга келган жавобда бу хусусида лом-мим дейилмаган. Агар ҳеч қандай чора кўрилмаса, нарх-навони қандай назорат қилиш мумкин? У ҳолда ҳар ким истаган нархда олиб сотаверади-ку?!

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Модомики, аҳолига етказиб берилиши режалаштирилган кўмир ёқилғисининг ҳажми ҳар йили маҳалла фуқаролари кесимида, шаҳарлар, туманлар ва вилоятларнинг эҳтиёжига қараб, талабномаларга асосан шакллантирилар экан, бундан хулоса чиқадики, қаттиқ ёқилғи зарур ҳар бир хонадонга мақбул нархдаги кўмир етарли даражада етказиб берилади. 1-2 тонна кўмир, назаримизда, бир оила учун деярли етади.

Хўш, унда нега аҳоли кўмирни ҳамон қиммат нархга сотиб олмоқда? Бунинг учун жавобгарлик кимнинг зиммасида?

Муаммога ечим излаб

Мамлакатимизнинг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев сайлов кампанияси даврида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги маърузасида кўмир ёқилғиси ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. Хусусан, ўз чиқишида мазкур ижтимоий муаммо хусусида қуйидагиларни баён қилган:

«Яна бир муҳим масала — кўмирнинг таннархи ва аҳолига сотиш нархини камайтириш, айниқса, қиш пайтида унинг баҳоси ошишига ва чайқовчиликка йўл қўймаслик бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Кўмир ишлаб чиқаришнинг ҳозирги ҳажми, афсуски, мавжуд талабни тўлиқ қондириш имконини бермаяпти.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз бўйича кўмир маҳсулоти етказиб бериш режаси 35 фоизга, аҳолини таъминлаш бўйича эса 17 фоизга бажарилган, холос. Шу сабабли аҳолига кўмир етказиб бериш тизимини такомиллаштириш, унинг нархи сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилади».

Мамлакатимиздаги энг йирик Ангрен кўмир конида жорий йил 3,7 миллион тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган. Бунинг устига, охирги йилларда Навоий, Сурхондарё, Хоразм вилоятларида йилига 240 минг тонна кўмир брикети ишлаб чиқариш қувватига эга 31 корхона ташкил этилди. Бундай корхоналарнинг умумий сони эса 100 га яқинлашиб қолди. Шунга қарамай, кўмир ишлаб чиқаришнинг ҳозирги ҳажми саноат корхоналари, ижтимоий объектлар ва аҳолининг кўмир маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқ қондириш имконини бермаяпти.

Шу боис бу борадаги муаммо ва камчиликларни зудликда бартараф этиш йўллари кўрилмоқда. Айтиш керакки, бунинг учун Давлат рақобат қўмитаси томонидан кўмирни фуқароларга белгиланган нархлар ҳамда меъёрларда етказиб бериш борасида мунтазам мониторинг олиб бориш, шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан аҳолига ажратилган кўмирни сотиш тартиби ва нархлари тўғрисида маҳаллаларда «Истеъмолчи бурчаклари» ташкил қилиш мўлжалланмоқда. Ушбу режаларнинг амалга ошиши кўмирни сотиб олиш нархларининг асоссиз оширилишига йўл қўймайди ва бу борада аҳолининг қонуний манфаатларини ҳимоялаш имконини яратади.

Шаҳобиддин РАСУЛОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

🕔23:00, 18.07.2019 ✔25

Адашаётган ота-оналар қанча? «Тарбияси оғир»лар­нинг ҳаммаси ҳам жиноятчими?

Батафсил
Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

🕔22:59, 18.07.2019 ✔32

Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинди.

Батафсил
БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

🕔22:57, 18.07.2019 ✔28

У кимнингдир онаси,  кимнингдир синглиси. Бироқ айбдори ким?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар