Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ҚИРҚ БЕШГА БЎЛИНАЁТГАН ЭЪТИБОР

Битта синфда неча нафар бола ўқиши керак?

Ҳаммамиз ўқувчи бўлганмиз, яхши биламиз: ўқитувчининг озгина мақтови, эътиборини ўқувчи жудаям юқори ўринга қўяди.

ҚИРҚ БЕШГА БЎЛИНАЁТГАН ЭЪТИБОР

Ёки биргина танбеҳи билан ҳатто ота-онасининг гапига кирмайдиган бола ҳам бутунлай яхши томонга ўзгаради. Шу боис бугун замонавий педагогикада ҳар бир болага индивидуал ёндашув масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун эса синфхонада мос шароит, ҳар бир синфда болалар сони меъёрида бўлиши зарур.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда мактаб таълимини ривожлантириш, ўқув биноларини қайтадан қуриш ва моддий-техник жиҳатдан бутунлай янгилаш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2004 — 2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури доирасида 8500 дан зиёд мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Чекка-чекка қишлоқ жойларида ҳам замонавий кўринишдаги мактаблар қад ростлади.

Буларнинг ҳаммаси битта эзгу мақсадга қаратилган: фарзандларимиз тўлақонли таълим-тарбия олиб, етук билимли бўлиб улғайсин.

Аммо сўнгги вақтларда мактабларимиздаги бир ҳолат кўпчилик ота-онани ташвишга солмоқда, бу борада таҳририятимизга ҳам қатор мурожаатлар бўлди. Бу — мактаблардаги синфхоналарда, айниқса, бошланғич синфларда болалар сонининг меъёрдан ортиқ экани масаласи.

Хўш, бугун умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларида ўқувчилар сони нега кўп? Бу уларнинг таҳсил олишига салбий таъсир кўрсатмайдими? Ўқитувчи 40-45 нафар ўқувчининг ҳаммасига бирдек сифатли билим бера оладими? Бола учун бундай тарзда таълим олиш қийинчилик туғдирмаяптими?

Ҳар бирига алоҳида ёндашув керак

Синфда ўқувчилар сонининг меъёрдан ортиши ўқитувчининг болалар билан ишлаш имконини чеклаши ҳақида психологлар бот-бот таъкидлашади. Агар бола жуда суст ҳаракат қилса, топшириқларни вақтида бажариб улгурмайди. Жуда фаол ўқувчилар эса шошқалоқлиги натижасида бир дунё хатога йўл қўяди. Ўқитувчи ўқувчининг табиати, қобилияти ва ўқишга бўлган қизиқишидан келиб чиқиб ёндаша олсагина кутилган натижага эришиш мумкин.

Бошланғич синф ўқувчилари жуда таъсирчан бўлади. Агар доим аъло баҳога ўқиб келаётган бола ҳаракатчанлиги инобатга олинмаса, ўқишга бутунлай қизиқмай қўйиши мумкин. Аксинча, ўзлаштириши суст ўқувчининг дарсга жалб этилмаслиги «барибир мендан сўрамайди», деган бепарволик кайфиятни пайдо қилади.

Пойтахтимиздаги мактаблардан бирининг олдида қизини олишга келган ота билан суҳбатлашиб қолдим:

— Қизим тайёрлаган дарсини ўқитувчи сўрамагунча, ўзи қўл кўтариб жавоб беришга ийманади. Ўқитувчисига уни ҳам дарсга жалб этишини айтсам, болалар сонининг кўплиги боис, доим бирдек эътибор қарата олмаётганини тушунтирди. Фарзандимга вақтида керакли эътибор ва билим берилмаслиги унинг келажагига таъсир қилиши мени ташвишга солади. Шу боис уйга қўшимча дарс учун алоҳида ўқитувчи чақиришга мажбур бўлдим. Қолаверса, кўриб турганингиздек, бу ерда парталар жуда зич жойлаштирилган. Ўқувчиларнинг ўтириб-туриши учун ҳам жуда ноқулай.

Энди ўйлаб қўрайлик: ўқитувчининг болалар кўплигидан эътибор қарата олмаётгани баҳонасида дарсдан ажралиб қолаётган ўқувчининг ҳоли нима кечади? Эрталаб мактабга қандай келган бўлса, дарсдан сўнг яна шундайлигича қайтиб кетаверадими? Унда мактабга қатнашдан маъни нима? Агар ота-онанинг уйга ўқитувчи чақириб, боласи билан алоҳида шуғулланишга имкони бўлмаса-чи? Бу ёрқин келажак сари интилаётган боланинг олдидаги ҳамма эшикларни ёпиб қўйиш билан баробар эмасми?

Эътибор тақчиллиги синдроми

Ҳар бир фарзанд жамият ҳаёти учун керакли шахс бўлиб вояга етиши шарт.  Бунда ўқитувчининг ҳиссаси катта, албатта. Ўқитувчи эса 40-45 боланинг ҳаммасига бирдек ­эътибор қарата оляптими?

Болаларни тинчлантиришга уриниб, уларга бир эркалаб, бир бақириб мурожаат қилаётган ўқитувчига ҳам осон эмас. «Шунча болани қандай уддалайсиз?» деган савол билан унинг ярасини янгилаб қўйдим, назаримда.

— Бир соат дарс учун ажратилган вақтда йўқлама қилишим, ўтган дарсни такрорлаш ва янги мавзуни тушунтириб улгуришим зарур, — дейди ўқитувчи. — Ўзлаштириши паст болаларга алоҳида вақт ажратиш керак. Баъзан фақатгина тўрт-бешта фаолроқ ўқувчи билан ишлашга мажбур бўламан. Бу ҳолат синфдаги ўқувчиларнинг билим даражасига кўра табақаланишга олиб келишини биламан, албатта. Лекин чекланган вақт ичида ҳамма билан бирдек ишлашнинг имкони йўқ. Қолаверса, қирқдан ортиқ бола билан ишлаш, ҳам жисмонан, ҳам руҳан чарчатади. Уларни тинчлантириб, дарс бошлагунча овозим ҳам чиқмай қолади.

Шу масалага масъулларнинг муносабати билан қизиқиб, Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилдик. Вазирликдан эса қуйидагича жавоб олдик. «Ҳақиқатан, синфда ўқувчилар сонининг кўплиги ўқитувчиларнинг сифатли дарс ўтишига таъсир кўрсатади. Лекин тажрибали ўқитувчи ўқитишнинг замонавий услубларидан фойдаланган ҳолда машғулот олиб бориш ҳисобига ўқувчиларнинг ўзлаштиришига эришилмоқда. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ота-оналар фарзандларини тажрибали ўқитувчиларга кўпроқ беришлари натижасида шу синфда ўқувчилар сони ортиб бормоқда. Бу эса ўқитувчининг маҳорати янада оширилишига олиб келади».

Ўз-ўзидан савол туғилади: белгиланган ўринларга ўқувчи қабул қилиб бўлингач, ота-онанинг хоҳишидан келиб чиқиб, синфга яна қанча ўқувчи олиш мумкин? Кимнингдир истакларини инобатга олиш қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрни ҳам бузиш дегани эмас-ку.

Қачон ечим топилади?

Хўш, ўқувчиларнинг сифатли билим олиши ва ўқитувчи дарсга ҳаммани бирдек жалб эта олмаслиги нуқтаи назаридан амалиётда бирор чора кўриляптими? Бу саволга мутасаддидан қуйидаги мазмунда жавоб олдик:

— Амалиётда бир неча мактабларда (М.Улуғбек туманидаги 50-сонли, Юнусобод туманидаги 5-сонли, Олмазор туманидаги 159-сонли) ўқувчилар сонини бино сиғимига мослаштириш учун 1-синфда ўқувчилар қабулини вақтинча чеклаш тўғрисида туман ҳокимликларининг қарорлари қабул қилинмоқда.

Бугунги кунда бундай синфларда ўқувчилар сонини босқичма-босқич меъёр талабларига мослаштириш ҳамда 2017-2018 ўқув йилида 1-синфга қабул режасини қайта кўриб чиқиш назарда тутилган.

Ушбу мавзуни ўрганар эканман, қизиқ бир маълумотга дуч келдим. Дунёда таълим тизимининг мукаммаллиги бўйича биринчи ўринни эгаллаган Финляндия ва айрим ривожланган мамлакатлар умумтаълим мактабларида ўқувчилар сони 16 нафардан ошмаслиги қатъий белгилаб қўйилган экан. Демак, жаҳон тажрибасида синфда ўқувчилар сонининг тақсимланиши масаласи жуда муҳим. Назаримда, бизда ҳам ушбу масалага жиддий ёндашиб, керакли чораларни кўриш вақти келди.

Рақамларда муаммо йўқдек...

Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра, жорий ўқув йилида 302 та (шундан 286 таси умумтаълим) мактабда 342 минг 515 нафар ўқувчи таълим олмоқда. 2016-2017 ўқув йили асосий кўрсаткичларида белгиланган статистик ҳисоботларда 1-4 синфларда 172 минг 848 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Синфларга ўқувчилар тақсимланиши бошланғич синфларда ўртача 34 нафарни ташкил этади. Умумтаълим мактабларида жами 4 миллион 654 минг 51 нафар ўқувчининг 2 миллион 256 минг 643 нафари (48,5 фоиз) 86 минг 887 та бошланғич синфларда таълим олишмоқда. Бу ўқувчиларнинг синфхоналарга тақсимоти республика бўйича ўртача 26 нафарни ташкил этади.

Рақамларга назар соладиган бўлсак, ҳеч қандай муаммо йўқдек, аммо...

Мутасадди нима дейди?

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр ДАНИЯРОВнинг жавоб хатида қуйидагилар баён қилинган:

— Пойтахтдаги 20 дан ортиқ мактабларда ўқувчилар сони ҳақиқатан ҳам, меъёрдан ортиқ. Бу ҳолатни шаҳар аҳолисининг турмуш даражаси яхшиланиши, аҳоли сонининг кўпайиши, шу жумладан, туғилишнинг ортиши натижасида 1-синфга болалар қабули ортиб бориши билан изоҳлаш мумкин. Масалан, бундан 10 йил аввал 1-синфга ўқувчилар қабули қарийб 29 минг 124 нафарни ташкил этган бўлса, жорий ўқув йилида 46 минг 884 нафарни ташкил этмоқда. Яъни, ҳозирда  ўқувчилар қабули 17 минг нафарга ўсган.

Синфда ўқувчилар сонининг меъёрдан ошиши аҳоли зич жойлашган, кўп қаватли уйлар мавжуд бўлган, аҳоли сони нисбатан кўп ҳамда шаҳар марказидаги ҳудудлар ҳисобига тўғри келади.

Умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар сони ва синфларни комплектлаш ўрнатилган тартибда туман молия бўлимлари томонидан амалга оширилади. Айрим муассасаларда ўқувчилар сони 35 нафарга етмаган тақдирда синфларни бирлаштириш ҳисобига ҳам ўқувчилар сони 40 нафардан ортиб кетмоқда.

P.S. Мутасаддининг жавобидан кўриш мумкинки, муаммони юзага келтираётган сабаблар аниқ. Шундай экан, бирор чора кўришни кечиктиришдан нима наф? Ўз вақтида ҳал қилинмаган муаммо эса борган сари жиддий асоратларини кўрсатаверади.

 Марям САЛИМЗОДА




Ўхшаш мақолалар

ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

🕔17:26, 13.12.2019 ✔2

Бугунги кунда фуқаролар жойларда бўлаётган турли қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан ўринли равишда шикоятлар билан мурожаат қилишмоқда. Уларни ўрганиб чиққанимизда фуқаролар талаби асоссиз эмаслиги маълум бўлди. 

Батафсил
ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

🕔17:25, 13.12.2019 ✔2

Бола тарбияси қачон ва қаердан бошланади, деганда ҳаммамиз оиладан бошланади, деб айтамиз. Аммо оилада ҳар бир ота-она ўз боласини ким қилиб тарбияламоқчи, деган саволга бугун на ота-она, на атрофдагилар аниқ бир жавоб бера оляпти. Ваҳоланки, оиладаги тарбиянинг асоси мана шу саволлардан бошланиши керак.

Батафсил
«БИЗНИ  ОРЗУЛАР  ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

«БИЗНИ ОРЗУЛАР ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

🕔11:18, 10.12.2019 ✔140

ёки замонавий судхўрлик феномени 

«Уч кундан зиёд ўзингни бахтиёр сезяпсанми, демак нимадандир ҳали бехабарсан... Қувонч унчалик узоқ давом этиши мумкинмас», – дейди донолар. Яхши хабарларни кам эшитяпмиз. Улкан уммон ҳам ундан олинган пиёладаги бир ҳўплам сув кабидир, бир тошни ушлаб, буюк тоғни тасаввур қилиш мумкин.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

    ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

    Бугунги кунда фуқаролар жойларда бўлаётган турли қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан ўринли равишда шикоятлар билан мурожаат қилишмоқда. Уларни ўрганиб чиққанимизда фуқаролар талаби асоссиз эмаслиги маълум бўлди. 

    ✔ 2    🕔 17:26, 13.12.2019
  • ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

    ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

    Бола тарбияси қачон ва қаердан бошланади, деганда ҳаммамиз оиладан бошланади, деб айтамиз. Аммо оилада ҳар бир ота-она ўз боласини ким қилиб тарбияламоқчи, деган саволга бугун на ота-она, на атрофдагилар аниқ бир жавоб бера оляпти. Ваҳоланки, оиладаги тарбиянинг асоси мана шу саволлардан бошланиши керак.

    ✔ 2    🕔 17:25, 13.12.2019
  • «БИЗНИ  ОРЗУЛАР  ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

    «БИЗНИ ОРЗУЛАР ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

    ёки замонавий судхўрлик феномени 

    «Уч кундан зиёд ўзингни бахтиёр сезяпсанми, демак нимадандир ҳали бехабарсан... Қувонч унчалик узоқ давом этиши мумкинмас», – дейди донолар. Яхши хабарларни кам эшитяпмиз. Улкан уммон ҳам ундан олинган пиёладаги бир ҳўплам сув кабидир, бир тошни ушлаб, буюк тоғни тасаввур қилиш мумкин.

    ✔ 140    🕔 11:18, 10.12.2019
  • ШАРАФЛИ КАСБНИНГ «ШАРАФ»И ҚАЕРДА?

    ШАРАФЛИ КАСБНИНГ «ШАРАФ»И ҚАЕРДА?

    иқтидор ва қобилиятни юзага чиқариш осон эмас. Бу ўқитувчидан катта маҳоратни, ўқувчидан, айни вақтда унинг ота-онасидан улкан матонатни талаб этади. Жамиятдаги ҳар бир ўзгариш ҳам, биз катта умид билан кўз тикаётган ислоҳотлар ҳам шунга боғлиқ аслида.
     

    ✔ 142    🕔 11:16, 10.12.2019
  • ДАВЛАТ  БЮДЖЕТИ  ҲАҚИДА ЎЙЛАР

    ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

    Бу ҳақида ошкора маълумот бермаслик фақат қинғирликларни яширишга хизмат қилади

    ✔ 341    🕔 16:14, 29.11.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар