Долзарб мавзу      Бош саҳифа

АЙТГАНИНГИЗ БОЛАНГИЗДАН ҚАЙТИБ ТУРСА...

Оила даврасидаги суҳбатлар кимга қандай таъсир қилади?

Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан четда қолдирамиз. Аслида болада ижобий ёки салбий хислатларнинг шаклланишида оила даврасида айтилган гаплар ва муҳокама қилинган мавзулар ҳал қилувчи масалага айланиши мумкинлигини унутиб қўямиз.

АЙТГАНИНГИЗ БОЛАНГИЗДАН ҚАЙТИБ ТУРСА...

Бугун фарзандларимиз олдида нималар ҳақида гаплаш­япмиз? Айтаётган ҳар бир сўзимиз уларнинг тарбиясига таъсир қилишини ҳам инобатга оляпмизми? Ёки ҳали ёш-ку, нимани ҳам тушунарди, деган қараш устунми? Чиндан ҳам бола ҳеч нарсани тушунмайдими? Кечагина туғилган чақалоқ атрофидаги ҳамма гапларни хотирасига муҳрлаб олишини биласизми?

«Диктофон» болалар

Психологларнинг таъкидлашича, боланинг онг ости уч ёшгача очиқ бўлади. Бу вақтга қадар у атрофида бўлаётган суҳбатларни тушунмаса-да, хотирасига жойлайверади. Бола улғая борган сари унинг онгига муҳрланган ахборотлар аста-секин намоён бўла бошлайди. Баъзан ёнимизда ўйнаб юрган фарзандимизга эътибор бермай, турли муаммоларни муҳокама қиламиз. Вақт ўтиб эса, унинг гапириш оҳанги, сўзлари ўзимизнинг такроримиз эканини пайқаймиз.

— Болаларим жуда зийрак. Қачондир кимгадир айтган гапларимни кейинроқ улардан эшитиб қоламан, — ­дейди  икки фарзанднинг онаси Феруза ФУЗАЙЛОВА. — Худди диктофондек, оқизмай-томизмай хотирасига ёзиб олади. Яна ҳеч ўзгартиришларсиз сўзлаб беради. Кичкиналигида бунга аҳамият бермас эдим. Лекин улғайгани сари ҳатто савол бериб, гапларни таҳлил қила бошлашди. Шундан кейингина сергак тортиб қолдим. Ўйлаб қарасам, оила даврасида бўлган бирор суҳбат болаларимнинг эътиборидан четда қолмас экан. Бу ҳолат уларнинг тарбиясига ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди.

 Бир куни турмуш ўртоғим ишдан кеч қайтганим учун «эртароқ келиб, уйга, болаларга қарасанг бўлмайдими?», деб койиб берди. Буни фарзандларим ҳам эшитиб турганди. Эртаси куни айбимни ювиш учун боғчага тушликдан кейин бордим. Уйга қайтаётганда эса ўғлим «ойи, ишда кечгача ўтирмай, ҳар куни шундай эрта келинг», деб дадасининг гапларини қайтарди. Олти ёшли қизимнинг ўйинчоқ телефонда дугонам билан бўлган суҳбатимни такрорлаётганига ҳам гувоҳ бўлганман.

«Ота-онамнинг ўзи ёмон?»

Қўнғироқ чалиниб, хонага ўқитувчи кириб келди. Эндигина дарс бошламоқчи эди, қулоқчинда мусиқа эшитиб ўтирган Замира эътиборини тортди. Уни ёнига чақириб, қилаётган ишининг одобдан эмаслигини тушунтирди. Шунда Замира ўқитувчининг юзига тик қараганча: «Аввал битта фарзандли бўлинг, кейин бизга ақл ўргатасиз», деди қилт этмай. Бу гапга дош бера олмаган ўқитувчи синфдан чиқиб кетди. Замира эса кеча уйидагилар муҳокама қилган мавзуни эгасига етказганидан хурсанд эди. Ота-онаси шу муаллимнинг анча йилдан буён фарзанд кўрмагани, шунинг учун болалар билан ишлашни билмаслиги ҳақида гаплашган эди. Аммо ҳаммасини «ёзиб» олаётган фарзандига кимнингдир дардини муҳокама қилиш мактаб ўқувчисининг иши эмаслигини тушунтириш хаёлига келмаганди…

— Боланинг дунёқараши кўрган ва эшитганлари асосида шаклланади, — дейди психолог Роза МЕЛИБОЕВА. — Баъзи ота-оналар фарзандлари олдида бошқалар ҳақида салбий фикрлар билдиради. Агар бу доимий одатга айланган бўлса, болада ҳам шундай кўникма пайдо бўлади. Ўзи истамаган ҳолда ёмонлик қилмаган кишиларга нисбатан салбий фикр юритади. Бошқалар ҳақида турли-туман фикрларни тинимсиз эшитавериш маълумотларни тўғри таҳлил қила олиш қобилиятини сусайтиради.

Боланинг ўртоқлари, ўқитувчиси таъсирида ижобий фазилатлар шаклланган бўлса, ота-онага нисбатан салбий қарашни юзага келтиради. «Ота-онам ҳамиша ким ҳақидадир ёмон фикр билдиради, демак, уларнинг ўзи ёмон», деган хулосага ҳам келиши мумкин. Оқибатда, ўзаро муносабатлар чигаллашиб кетади. 

Ҳа, инсон руҳиятида кимгадир қараб ўзида йўқ хислатни шакллантиришга  эҳтиёж катта. Бу имкониятдан унумли фойдаланиб, айниқса, оила даврасида суҳбатлар вақтида ютуқларга эришган инсонларни шахсий намуна қилиб кўрсатиш, яхши фазилатларини эътироф этиш керак. Бу фарзандларимиз тарбиясига катта ижобий таъсир этиши, шубҳасиз.

Кўп қатламли оилаларда буви, буваларимиз ахлоқий ривоят, тарихий қисса ва ҳикоялардан сўзлаб беришади. Мана шунинг ўзи беқиёс тарбиявий аҳамиятга эга.

Олма тагига олма

Бир синфдошим бўларди. Қачон қараса, бошқалар билан ёқалашган, оғзидан боди кириб, шоди чиқарди. Ўғил бола бўлишига қарамай, қизларни ҳам ўз ҳолига қўймасди. Ўқитувчимизнинг танбеҳу койишлари натижасиз қолаверарди. Бир куни унинг ота-онаси ажрашишаётганини эшитиб қолдик. Кейин билсак, у оила даврасида доимий равишда келишмовчилик ва тортишувлар ўчоғида қолиб кетган экан.  

— Яқинда бир оилага бордик, — дейди  Қибрай тумани Олмазор МФЙ маслаҳатчиси Замира ХОДЖОНОВА. — Эр-хотин ўртасида келишмовчилик юзага келган. Тинимсиз бир-бирини ноўрин гаплар билан ҳақоратлашган. Оқибатда эса фарзандлар ҳам шундай носоғлом муҳит таъсирида қолиб кетишибди. Беш-олти ёшли боланинг гапираётган гапларига ёқа ушлайсиз. Ота-онасидан эшитган ҳақоратли сўзларни буви, буваси тенги одамларнинг юзига тик қараб айтяпти-да. Ҳайронман, эртага улар кимнинг йўриғига юриб, кимнинг тарбияси билан катта ҳаётда ўз ўрнини топади?! Ота-онага бу ҳолатнинг қандай юзага келаётганини эса тушунтиришнинг имкони бўлмади.

Ҳа, фарзанд тарбияси жуда жиддий ва масъулиятли вазифа. Афсуски, баъзи ота-она унинг келажаги ҳақида қайғурар экан, энг кичик жиҳатларни ҳам эътиборга олиш кераклигини ёддан чиқариб қўяди. Оилавий суҳбатлар эса тарбиянинг энг муҳим дастаги эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Тўғри, оила даврасида турли муаммо ва камчиликларни муҳокама қилиб ўрганиб қолганмиз, лекин унинг зарарли таъсиридан фарзандимизни ҳимоя қилишни ҳам унутмайлик. Куни келиб, биз бепарволарча айтган гапларимиз фарзандимиз ва ўзимизнинг келажагимизга доғ бўлиб тушмасин. 

Тўрт ёшли қизалоқ ойисидан сўраяпти:

— Ойижон, дадам ёмон одамми?

— Ие, нега ундай деяпсан, қизалоғим?

— Кечқурун сизни роса уришди-ку. Мухлисанинг дадаси-чи, ҳечам ойисига бақирмас экан.

— ...

Сурайё ШАРИПОВА, педагог:

— Айрим ҳолатларда фарзандлар ота-оналарига ўхшашни исташса, баъзан буни хоҳлашмайди. «Мен бошқача инсон бўламан», дейди. Бунинг бош сабабларидан бири оилада муҳит яхши эмаслиги, ота-онанинг ўзаро келишмовчиликларидир. Бундай ҳолатлар болага салбий таъсир қилади. Бошқаларнинг оиласи, тенгдошларининг ота-онаси билан солиштиради ва ўзини ўзи тарбиялайди. Баъзан эса руҳий тушкунлик ҳолати ҳам юзага келади.

Кичик сўровнома

Турли мактаблардаги 4-синф ўқувчилари ўртасида «Оилада асосан қандай мавзуларда суҳбатлашасиз?» деган савол юзасидан сўровнома ўтказдик. Қатнашчилар сони 100 нафар. Натижа эса қуйидагича:

Ота-онам ўқишим ва олаётган баҳоларим билан қизиқишади 48 киши

Ота-онам кўпроқ ишдаги муаммоларини муҳокама қилишади 15 киши

Ота-онам пул масаласида тортишишади 12 киши

Бувим, бувам ривоятлар сўзлаб беришади 7 киши

Бизни одобга чақиришади 7 киши

Іамманинг иши кўп, оилавий суҳбатларга вақт йўқ 5 киши

Кўпинча, мен танимайдиган кишиларни муҳокама қилишади  6 киши

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Замонавий «топишмоқ»:  ўзи битта, нархи мингта

Замонавий «топишмоқ»: ўзи битта, нархи мингта

🕔17:41, 13.12.2018 ✔22

Дорихоналардаги нархлар «ўйини»га чек қўйиш масаласи нега қоғозда қолиб кетяпти?

Батафсил
Шароит яратишми ёки пул ундириш?

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

🕔18:05, 06.12.2018 ✔61

Мардикорлар дардини ҳам кимдир тинглайдими?

Батафсил
«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

🕔17:43, 06.12.2018 ✔46

«Ўзбектелеком» интернет нархи ва тезлиги борасидаги ваъдасини бажардими?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар