Долзарб мавзу      Бош саҳифа

БЕШ ЙИЛДА БИЗНИ НИМАЛАР КУТМОҚДА?

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди

БЕШ ЙИЛДА БИЗНИ НИМАЛАР КУТМОҚДА?

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди.

Айни вақтда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, бугунги кунда жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бораётгани давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришни тақозо этмоқда.

Юритилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама, жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 7 февраль куни «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонни имзолади ва 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди.

Таъкидлаш жоиз, Ҳаракатлар стратегиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан сайловолди жараёни, жамоатчилик, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда давлат органлари билан учрашувлар чоғида билдирилган мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари киритилган.

Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда амалга оширилади. Йилларга бериладиган номларга мувофиқ, ҳар йили уни амалга ошириш бўйича Давлат дастури тасдиқланади. Жумладан, жорий йилда Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ҳам тасдиқланди.

Хўш, мазкур Ҳаракатлар стратегияси қандай йўналишларни, одамларни ўйлантираётган қайси масалаларни ўз ичига қамраб олган? Келгуси бешйилликда халқимиз ҳаётига дахлдор бўлган қандай ислоҳотлар бугун долзарб бўлиб турибди?

Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш

Давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини тубдан яхшилаш, давлатнинг ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш назарда тутилган.

Энг аввало, давлат хизматини ислоҳ қилиш орқали иқтисодиётда давлат бошқаруви камайтирилади. Давлат ва хусусий секторнинг ўзаро фойдали ҳамкорлигининг замонавий шакллари татбиқ этилиб, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

Халқ билан самарали мулоқотни таъминлаш Давлат дастурининг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлди. Шу муносабат билан жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотларини, оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш, шунингдек, маҳалланинг жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш назарда тутилмоқда.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш

Иккинчи йўналиш қонун устуворлигини ва суднинг чинакам мустақиллигини таъминлаш чора-тадбирларини назарда тутади. Олий суд кенгашини тузиш, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьяларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади.

Сансалорликка ва ишларнинг кўриб чиқилиши судлар томонидан асоссиз чўзиб юборилишига йўл қўймаслик мақсадида процессуал қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қуйи инстанция судларининг камчиликларини мустақил бартараф этиш ва узил-кесил қарор қабул қилиш юзасидан юқори суд инстанцияларининг ваколатлари кенгайтирилади.

Барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти йўлга қўйилади.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимига, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича ички ишлар органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Ушбу йўналиш 2018 — 2021 йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқишни, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари ходимларини ўқитиш, танлаш ва жой-жойига қўйиш тизимини такомиллаштиришни, мурожаатларни мунтазам таҳлил қилишни ҳамда вақти-вақти билан унинг натижаларини эълон қилиб боришни, адвокатурани ривожлантиришни, нотариат тизимини ва ФҲДЁ органларини ислоҳ қилишни ҳам ўз ичига олади.

Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш

Миллий валюта ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни жорий этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, солиқ маъмурчилигини яхшилаш, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, шунингдек,  туризм индустриясини жадал ривожлантириш назарда тутилмоқда.

Ушбу йўналиш хусусий мулкни, молия бозорини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, заргарлик соҳасини ривожлантириш, айрим миллий корхоналарнинг акцияларини (IPO) нуфузли хорижий фонд биржаларига дастлабки тарзда жойлаштиришга тайёргарлик кўриш чора-тадбирларини ҳам ўз ичига олади.

2017 — 2021 йилларда умумий қиймати 40 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 649 та инвестиция лойиҳасини назарда тутувчи тармоқ дастурлари амалга оширилади. Натижада кейинги 5 йилда саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш 1,5 баравар, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33,6 фоиздан 36 фоизгача, қайта ишлаш тармоғи улуши 80 фоиздан 85 фоизгача ошади.

Ижтимоий соҳани ривожлантириш

Тўртинчи йўналиш аҳоли бандлигини ошириш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг саломатлигини сақлаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш, аҳолини электр энергия, газ билан таъминлашни яхшилаш, аҳолининг муҳтож қатламларига кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам сифатини ошириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мақомини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, мактабгача таълим муассасаларининг қулайлигини таъминлаш, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим сифатини яхшилаш ҳамда уларни ривожлантириш чора-тадбирларини амалга оширишни назарда тутади.

Ишсизлик даражаси энг юқори бўлган минтақаларда 46,8 минг янги иш ўрни яратилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун таълим муассасаларининг 10 минг нафар битирувчисига кредитлар ажратилади.

Катта ёшли авлодни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий нафақалар бериш тартибини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари киритилган. Жумладан, 78 та туман тиббиёт бирлашмасини, 7 та шаҳар ва 2 та вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказини қайта қуриш, тез тиббий ёрдам хизматини 1200 та махсус автотранспорт билан таъминлаш режалаштирилмоқда.

Қишлоқ жойларда 15 мингта арзон уй-жой, 415 километрлик сув таъминоти қувурлари, 316 километрлик газ таъминоти қувурлари ва 291 километрлик ички йўллар қурилади. Аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида 86 та янги автобус йўналиши очилади ва 537 та замонавий автобус харид қилинади.

Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш

Мамлакатимиз конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади. Киберхавфсизлик соҳасида ахборот, норматив-ҳуқуқий асослар тизимини такомиллаштириш, аҳолини фавқулодда вазиятлардан хабардор қилиш тизимини ташкил этиш ва ривожлантириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш чоралари кўрилади.

Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатнинг устувор йўналишлари концепцияси ҳамда Диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.

Хорижий ҳамкорлар билан сиёсий-дипломатик соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир «Йўл хариталари» ишлаб чиқилади. Хорижий ҳамкорлар билан 2017 йилга мўлжалланган савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ва молиявий-техник ҳамкорликни тубдан ривожлантириш ва кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармонига шарҳ асосида тайёрланди.




Ўхшаш мақолалар

ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

🕔17:26, 13.12.2019 ✔2

Бугунги кунда фуқаролар жойларда бўлаётган турли қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан ўринли равишда шикоятлар билан мурожаат қилишмоқда. Уларни ўрганиб чиққанимизда фуқаролар талаби асоссиз эмаслиги маълум бўлди. 

Батафсил
ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

🕔17:25, 13.12.2019 ✔2

Бола тарбияси қачон ва қаердан бошланади, деганда ҳаммамиз оиладан бошланади, деб айтамиз. Аммо оилада ҳар бир ота-она ўз боласини ким қилиб тарбияламоқчи, деган саволга бугун на ота-она, на атрофдагилар аниқ бир жавоб бера оляпти. Ваҳоланки, оиладаги тарбиянинг асоси мана шу саволлардан бошланиши керак.

Батафсил
«БИЗНИ  ОРЗУЛАР  ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

«БИЗНИ ОРЗУЛАР ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

🕔11:18, 10.12.2019 ✔140

ёки замонавий судхўрлик феномени 

«Уч кундан зиёд ўзингни бахтиёр сезяпсанми, демак нимадандир ҳали бехабарсан... Қувонч унчалик узоқ давом этиши мумкинмас», – дейди донолар. Яхши хабарларни кам эшитяпмиз. Улкан уммон ҳам ундан олинган пиёладаги бир ҳўплам сув кабидир, бир тошни ушлаб, буюк тоғни тасаввур қилиш мумкин.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

    ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

    Бугунги кунда фуқаролар жойларда бўлаётган турли қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан ўринли равишда шикоятлар билан мурожаат қилишмоқда. Уларни ўрганиб чиққанимизда фуқаролар талаби асоссиз эмаслиги маълум бўлди. 

    ✔ 2    🕔 17:26, 13.12.2019
  • ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

    ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

    Бола тарбияси қачон ва қаердан бошланади, деганда ҳаммамиз оиладан бошланади, деб айтамиз. Аммо оилада ҳар бир ота-она ўз боласини ким қилиб тарбияламоқчи, деган саволга бугун на ота-она, на атрофдагилар аниқ бир жавоб бера оляпти. Ваҳоланки, оиладаги тарбиянинг асоси мана шу саволлардан бошланиши керак.

    ✔ 2    🕔 17:25, 13.12.2019
  • «БИЗНИ  ОРЗУЛАР  ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

    «БИЗНИ ОРЗУЛАР ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

    ёки замонавий судхўрлик феномени 

    «Уч кундан зиёд ўзингни бахтиёр сезяпсанми, демак нимадандир ҳали бехабарсан... Қувонч унчалик узоқ давом этиши мумкинмас», – дейди донолар. Яхши хабарларни кам эшитяпмиз. Улкан уммон ҳам ундан олинган пиёладаги бир ҳўплам сув кабидир, бир тошни ушлаб, буюк тоғни тасаввур қилиш мумкин.

    ✔ 140    🕔 11:18, 10.12.2019
  • ШАРАФЛИ КАСБНИНГ «ШАРАФ»И ҚАЕРДА?

    ШАРАФЛИ КАСБНИНГ «ШАРАФ»И ҚАЕРДА?

    иқтидор ва қобилиятни юзага чиқариш осон эмас. Бу ўқитувчидан катта маҳоратни, ўқувчидан, айни вақтда унинг ота-онасидан улкан матонатни талаб этади. Жамиятдаги ҳар бир ўзгариш ҳам, биз катта умид билан кўз тикаётган ислоҳотлар ҳам шунга боғлиқ аслида.
     

    ✔ 142    🕔 11:16, 10.12.2019
  • ДАВЛАТ  БЮДЖЕТИ  ҲАҚИДА ЎЙЛАР

    ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

    Бу ҳақида ошкора маълумот бермаслик фақат қинғирликларни яширишга хизмат қилади

    ✔ 341    🕔 16:14, 29.11.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар