Долзарб мавзу      Бош саҳифа

МИЛЛИОНЛАБ КЎЧАТ ЭКИЛСА,

юртимиз ўрмонзор бўлиб кетмасмиди?

Уйингиз, ишхонангиз атрофи саранжом-саришта, ям-яшил дарахтлару гулзор бўлса. Кўкаламзор жойда инсоннинг баҳри дили очилади, кайфияти кўтарилади, иш унумдорлиги ошади, соғлиғига ижобий таъсир кўрсатади. Энг муҳими, яшил ҳудудлар экологиянинг мусаффолигини таъминлайди...

МИЛЛИОНЛАБ КЎЧАТ ЭКИЛСА,

Туёқ остида қолмасин

Март-апрель ойларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги ўтказилади. Айниқса, Наврўз байрами арафасида ҳар йили уюштириладиган умумхалқ ҳашарида ушбу тадбирга ҳар қачонгидан-да уюшқоқлик билан киришилади. Маълумотларга кўра, мазкур ойликда ҳар йили республикамиз бўйича 144 миллиондан ортиқ манзарали, мевали бута кўчатлари ўтқазилади.

Ҳар йили Наврўз арафасида, умумхалқ ҳашари кунлари матбуот орқали экилган дарахтлар ҳақидаги ахборотларни ўқиб, ўйланаман: ҳар ҳашар маҳали миллионлаб кўчат экилса, нега шу пайтгача юртимиз худди Австралия сингари «Яшил ўлка»га айланмаган? Ахир, ҳар йили «Фалон миллион дарахт кўчати экилди», дея маълумот берамиз. Бироқ кейин-чи? Дарахт экилгач, унинг кейинги тақдири нима бўлади? Суғориш, буташ, парваришлаш билан ким шуғулланяпти? Бунга ким масъул ўзи?

Экилган ниҳол кейинги «мавсум»гача қуриб ё сўлиб қолса, унга жавобгарлик кимнинг зиммасига юкланади? Бугунги кунда экилаётган дарахтларнинг самараси қай даражада бўлмоқда?

— Кўчат экилгандан кейин, у албаттта, парвариш қилиниши зарур, — дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармасининг Ўрмонларни кўпайтириш ва қайта тиклаш бўлими бошлиғи, биология фанлари номзоди Ҳожимурод ТОЛИПОВ. — Илдизи атрофида намлик сақланиб туриш шароитини қилиш керак. Бунда гўнг солиш, тагини юмшатиб туриш, бегона ўтлардан тозалаш талаб этилади. Бироқ минг афсуслар бўлсинки, кўчатни экиб, уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ҳолатлари кўп. Бунга яна бир асосий сабаб — кўчатлар пайҳон бўлишдан асралмаяпти. Масалан, чекка-чекка ҳудудларда улар экилади, лекин кейинги тақдирига ҳеч ким эътибор бермайди. Оқибатда кўчатлар чорва молларининг туёғи остида қолиб йўқ бўлмоқда ёки жониворлар еб кетяпти.

Назорат бор жойда кўкаради 

Мутахассис гапида  жон бор: агар кўчатни ўз ҳовлимизга, манфаат етиб турадиган жойга эксак, ҳар ҳолда унинг парваришига қараймиз. Борди-ю, ишхонамиз ҳовлисига, кўча-кўйга, маҳалла ҳудудига, йўллар ёқасига ҳашар қилиб ниҳол қадасак, уларнинг кейинги тақдирига кўпда жон куйдирмаймиз. Сабаби оддий: «у шахсий эмас-да».

Дунёқарашимиздаги ана шу қусурни инобатга олиб, ҳозир ҳар бир кўчат экилганидан кейин уни корхона-ташкилотларга, турли муассаса, керак бўлса, хонадонларга бириктириш орқали жавобгарликни ошириш масаласи кун тартибига қўйилмоқда. Боиси кўчатнинг эгаси бўлсагина унинг гуллаб, яшнаб кетишига эришиш мумкин. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси махсус электрон база яратди. Унда ҳар бир экилган кўчат ким томонидан ўтқазилгани, бугунги аҳволи ва ҳоказо томонлари доимий назоратда. Ва бу тизим амалда ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Аслида экилаётган кўчатларнинг 60-70 фоизи ўсиб кўкариши, сақланиб қолишига эришилса (иқлим билан боғлиқ инжиқликлар боис, ҳаммасини ҳам асраб қолиш имконсиз), катта ютуғимиз бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, бир одамга камида 70-90 квадрат метр яшил ҳудуд тўғри келсагина инсон тоза ҳавога эга бўлади. Бироқ мазкур кўрсаткич ҳамма жойда бир хил эмас. Шаҳарларимизда бу рақам шунчани ташкил этса, қишлоқларда, чекка-чекка ҳудудларда бу кўрсаткич 40-50 га етади. Демак, яшил ҳудудларни кўпайтириш шарт.   

Ўзимиз ўрнак бўлайлик

Қадимдан ота-боболаримиз баҳорни янгиланиш фасли сифатида ўзгача кутиб олишган. Шу кунларга соғ-саломат етишганига шукроналар айтиб, умид ва эзгу тилаклар билан ерга уруғ қадашган. Улар бу ишларни қандайдир мажбурият ёки фойда илинжида эмас, балки савоб умидида, қалб амри билан бажаришган. Диний қадриятларимизда ҳам кўчат экиш инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам савоб етказиб турадиган эзгу амал экани таъкидланади.

Мустақиллик йилларида шаҳар ва қишлоқларимиз, корхона ва ташкилотлар, муассасалар, маҳалла, айниқса, таълим муассалари ва ўқув юртларида кўчат экишдек эзгу анъана шаклланди. Бунда, айниқса, ёшларнинг фаоллигини айтмайсизми! Бири кўчат учун ер қазишга кўмаклашади, иккинчиси челакда сув ташийди, яна бошқаси ниҳол тагига тупроқ тортади… Бунинг ҳам гашти ўзгача. Четдан кузатган кишининг баҳри дили очилади. Уюшқоқлик, ҳамжиҳатлик бор жойда эса албатта, файзу барака бўлади.

Ёш авлодни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаб, улар қалбида табиатни эъзозлаш туйғуларини янада кучайтиришда бу каби анъаналарнинг аҳамияти катта, албатта. Мазкур хайрли ишларда нуроний отахону онахонлар бош-қош бўлиб, ёшларни бун­ёдкорлик тадбирларида фаоллик кўрсатишга ундаши нур устига нур.

Лекин уларни фақат бир кунлик тадбирга жалб этиб, кейин ўз ҳолига ташлаб қўйишдан ҳеч қандай наф чиқмайди. Ёшларга дарахт экишда жонбозлик кўрсатиш билан бирга, экилган ниҳолни кўз қорачиғидек асраб-авайлашини сингдириш зарур. Бунинг учун эса, энг аввало, катталар ўрнак бўлиши лозим. Ахир, «Қуш уясида кўрганини қилади», деб бежиз айтилмаган. Юзлаб, минглаб, миллионлаб кўчат экайлик, бироқ унинг кейинги тақдирига ўзимиз лоқайд бўлсак, билингки, ёшларни бепарволикда айб­лашга ҳаққимиз йўқ. Шундай экан, тўрт фаслнинг ибтидоси бўлган баҳор фаслида шундай яхши амалларни давом эттирган ҳолда ҳар биримиз, эсини таниган ҳар бир одам ҳовлига, кўчаларга мевали ва манзарали кўчатларни ўтқазайлик. Шу орқали халқимиз дастурхонини мўл-кўл қилайлик, маҳалла, қишлоқ ва шаҳарларимизнинг обод, кўркам бўлишида, фарзандлар ва бўлғуси авлоднинг фаровон ҳаёт кечириши учун ўзимизнинг ҳиссамизни қўшиб, кўп қатори савоб ишларга шерик бўлайлик.

Шаҳобиддин РАСУЛОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

«БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

🕔23:18, 15.08.2019 ✔14

Жорий йилда етти мингдан ортиқ юртдошларимиз муборак Ҳаж амалларини бажаришга муваффақ бўлишди. 

Батафсил
Тадбиркорларга яна эркинлик,  ҳокимларга эса тақиқ

Тадбиркорларга яна эркинлик, ҳокимларга эса тақиқ

🕔23:15, 15.08.2019 ✔14

Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди.

Батафсил
ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

🕔20:36, 08.08.2019 ✔55

Куз ва қиш ойлари тўй-тўлқинлар, ҳар хил тадбирлар мавсуми ҳисобланади. Айниқса куз – пишиқчилик ва серобчилик палласи бундай саъй-харакатлар авжга чиқади. Топганинг тўйларга буюрсин, дея яхши ниятда қилинган дуолар ижобат бўлади. 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

    «БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

    Жорий йилда етти мингдан ортиқ юртдошларимиз муборак Ҳаж амалларини бажаришга муваффақ бўлишди. 

    ✔ 14    🕔 23:18, 15.08.2019
  • Тадбиркорларга яна эркинлик,  ҳокимларга эса тақиқ

    Тадбиркорларга яна эркинлик, ҳокимларга эса тақиқ

    Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди.

    ✔ 14    🕔 23:15, 15.08.2019
  • ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

    ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

    Куз ва қиш ойлари тўй-тўлқинлар, ҳар хил тадбирлар мавсуми ҳисобланади. Айниқса куз – пишиқчилик ва серобчилик палласи бундай саъй-харакатлар авжга чиқади. Топганинг тўйларга буюрсин, дея яхши ниятда қилинган дуолар ижобат бўлади. 

    ✔ 55    🕔 20:36, 08.08.2019
  • СИРДАРЁда ЯШИРИН УЧ СИР

    СИРДАРЁда ЯШИРИН УЧ СИР

    ёхуд Ўзбекистондаги Америка

    «Илгари одамлар бу ерларда фақат ишлагани учунгина яшар эди, бугун эса мана шу жойлар билан фахрланмоқда»
     

    ✔ 553    🕔 20:33, 08.08.2019
  • ҲЕЧ ЗОТ  ҚОНУНДАН УСТУН ЭМАС,  ҲАТТО ҲОКИМ ҲАМ

    ҲЕЧ ЗОТ ҚОНУНДАН УСТУН ЭМАС, ҲАТТО ҲОКИМ ҲАМ

    Ҳоким ва вазир: манфаатлар тўқнашувими ёки даҳанаки жанг?

    ✔ 111    🕔 12:48, 02.08.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар