Халқ виждони      Бош саҳифа

ТАЪЗИЯДАГИ  ДАБДАБА  КИМ УЧУН?

Баъзида таъзия маросимлари ҳаддан ортиқ дабдаба билан ўтказиляпти. Бу билан марҳумга бирон наф етказиш мақсад қилинадими ёки кимнингдир бойлигини кўз-кўз қилишми? Бу ҳақда исломда нима дейилган?

С.ҚОСИМЖОНОВ, Ургут тумани

— Қаерга борсак, кўпинча тўй ва бошқа маросимларнинг ўзгача тартибда, бир-биридан фарқ қиладиган расм-русумларда ўзказилаётганининг гувоҳи бўламиз. Баъзи юртдошларимиз маъракаларни ўтказишда на ҳукуматимиз қарорларига ва на шариат қоидаларига амал қилишади. Сендан мен камми қабилида кимўзарига иш тутиб, тўйларни дабдабали ва ортиқча харажатлар, исрофгарчиликлар билан ўтказишмоқда. Миллий қадриятларимизга зид равишда ўзларича янгича расм-русумлар жорий этишмоқда. Бундай янги удумлар баъзи оилаларга оғирлик килиб, уларни қийин аҳволга солиб қўймоқда.

Ислом дини инсонларга ўзлари учун яратилган неъматлардан меъёрида, оқилона фойдаланиш йўлларини кўрсатиб берган. Ҳаммамиз ушбу кўрсатмаларга мувофиқ ҳаёт кечирсак, ҳидоятда турган ҳисобланамиз. Бунинг акси бўлса-чи, у ҳолда, бу иллат исроф, деб аталади.

Муқаддас динимиз инсонларни исрофнинг барча кўринишларидан қайтарган ва унинг ёмон оқибатларидан ҳам огоҳ этган. Бунга оят ва ҳадисларда жуда кўплаб мисоллар келтирилган. Жумладан, ­Қуръони­ каримда: «Енглар ва ичинглар, (лекин) исроф қилманглар! Зеро, У исроф қилувчиларни севмайди…» (Аъроф суръаси, 31-оят) дейилган.

Таъзия маросимларида ҳам кўпчилик кишиларнинг ота-она ва қавм-қариндошлари вафот этишганда шариатда ман этилган турлича расм-русумлар ўтказиб, ортиқча харажат, ташвиш қилиниб, исрофгарчиликка йўл қўйилмоқда. Чунончи, вафот этган маййитни ўша кунда дафн этишга улгурмай қолганда айрим шариатдан бехабар кимсалар маййит эгасига: «Отанг ёки онанг бу дунёдан нима олиб кетди, уни бугун меҳмон қил», деб қўй сўйдириб, катта қозонда ош дамлатиб, ортиқча харажатларга йўл қўйишмоқда. Баъзи қишлоқларда маййит чиқаришдан олдин жанозага келганларга хайрот пули, жойнамоз бериш, қозон-қозон ош дамлаб едириш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар шариатимизга хилоф ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий ­Усмонхон Алимов «Сўраган эдингиз» деб номланган китобида қайд этишича, «Азадорларнинг уч кун давомида таом қилиб, зиёфат шаклида одамларга бериши макруҳдир. Бу қабиҳ бидъатдир».

Бундай пайтларда халқимизнинг чиройли қадрияти қўл келади. Қўни-қўшнилар азадор кишилар учун бирор таом тай­ёрлаб чиқиши кўп ҳудудларимизда ҳалигача сақланиб қолган. Бу жуда савобли ва хайрли амаллардандир.

Оят ва ҳадисларга, ота-боболаримиз қадриятига амал қилган ҳолда, маърака-маросимларимизни исрофгарчиликларга йўл қўймасдан, ихчам ва тартибли ўтказсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ишни маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик билан биргаликда олиб борсак, кўзлаган мақсадимизга эришамиз.

Абдусами АЗИЗОВ,

Ургут туманидаги «Ғиштли» жоме масжиди имом-хатиби




Ўхшаш мақолалар

Юртободни обод қилаётганлар

Юртободни обод қилаётганлар

🕔17:32, 13.12.2018 ✔18

Маҳалланинг равнақ топиши раиснинг билими ва тажрибасига боғлиқ.

Батафсил
Аслида кимлар кўмакка муҳтож?

Аслида кимлар кўмакка муҳтож?

🕔16:58, 18.10.2018 ✔150

Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди, энг муҳими, у инсонлар қалбида қувонч уйғотсин.

Батафсил
Меҳнатсиз бойлик кўнгилни куйдиради...

Меҳнатсиз бойлик кўнгилни куйдиради...

🕔16:57, 18.10.2018 ✔139

Ҳар бир луқмамиз қайси йўл билан топилаётгани биз учун жуда муҳим бўлмоғи зарур.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар