Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

«ЁРДАМ БЕРИШ УЧУН ҲУЖЖАТ ШАРТ ЭМАС»

Ҳаётнинг турфа синовларидан ўтар эканмиз, тажрибали инсонларнинг маслаҳати ва йўл-йўриқларига муҳтожлик сезаверамиз. Айниқса, улар доим халқ билан ҳамнафас бўлса, ўз муносабати ва айтадиган сўзи билан янада кенгроқ фикрлашимизга ёрдам беради.

«ЁРДАМ БЕРИШ УЧУН ҲУЖЖАТ ШАРТ ЭМАС»

Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида олтмиш икки йилдан буён ҳаётий образлар яратиб келаётган Ўзбекистон халқ артисти Рихси Иброҳимова билан суҳбатга йўл олар эканман, хаёлимдан шу каби ўйлар ўтди. Дарвоза олдида актрисани кутиб туриб, эшик оғасидан Рихси аяни кечагина сурхондарёлик мухлиси сўраб келгани ҳақида эшитдим. Ҳа, гавдалантирган образлари орқали халқ кўнглидан чуқур жой олган актриса билан маслаҳатлашиш, суҳбатлашиш учун келадиганлар жуда кўп. Зотан, одамларнинг фикрига ошно ва дардкаш бўлиб келаётган аёлнинг инсонлар тақдири ва жамиятимиз  маънавий муҳити ҳақида айтаётган ҳар бир гапи шунчаки эмас. Унда ўтмишнинг залворли юки, ҳаётнинг ўзгармас ҳақиқатлари бор.  

Рихси ая мени ичкарига бошлар экан, йўлда учраган ҳар бир актёр билан яқин инсонидек сўрашар, ҳазил-мутойиба қиларди. Хонага киришимиз билан стол устидаги  бир даста мактубга кўзим тушди. Қизиқишимизни англади чоғи Рихси ая изоҳ берди:

— Бизни экранда кўрган томошабин ўз яқинидек билиб мактуб йўллайди. Баъзилари дардини айтиб, ёрдам сўрайди.

Улар орасида қайсидир ташкилотнинг жавоб хати ҳам бор эди. Кейин билсак, ногирон фарзанд парваришлаётган аёл Рихси аянинг кўмаги билан каттагина моддий ёрдам олибди. Ҳатто, нафақага чиқибди. Буни билгач, бермоқчи бўлган саволларим ўрнини янгилари эгаллай бошлади.

— Бундай ишлар билан ҳам шуғулланар экансиз-да?

— Инсонларга ёрдам бериш учун ҳужжат шарт эмас. Ижроларимиз орқали уларнинг қалбига ёруғлик олиб киришга ҳаракат қиламиз.

Бир аёл мактуб йўллабди. Теленовеллада тақдири аянчли аёл ролини ўйнаганимни кўриб, ўзини кўргандек бўлибди. Хатида ҳаётнинг турли синовлари бўлишини тушуниб етиб, яшашга янгидан умид пайдо бўлганини ёзибди.

Ўша аёлнинг тақдири, кечмишини ёдига солиб қўйдикми, Рихси аянинг кўзларида ёш қалқди. Шу қиёфада актрисани она образида яна бир карра кўргандек бўлдим.

— «Ўтмишдан эртаклар» туркумидаги она ролингиз жуда самимий чиққанини кўпчилик эътироф этади. Томошабинни образ дардини ҳис қилишида қандай жиҳатларга эътибор қаратасиз?

— У ролларимда айнан онамнинг қиёфасини гавдалантирганман. Бошимиздан уруш даври қийинчиликлари, не-не азобли кунлар ўтмади дейсиз. Қишнинг қаҳратон совуқларида кийимларнинг енгидан пайпоқ ўрнида фойдаланардик. Уйимизда битта чироқ — лампа шиша бўларди. Унинг шуъласида кечаларни тонгга улаб, китоб ўқирдик. Керосин камёб, уни олиш учун одамлар навбатга туришарди. Тўйларимиз ҳам шундай чироқлар ёруғида ўтарди. Ўтин ўрнида карам, ғўза илдизини ишлатардик. Ота-онам шундай оғир шароитда етти фарзандни вояга етказди. Балки ўша кунларни бошдан кечирганим, доимо кўз олдимда тургани учун ҳам ролларим табиий чиққандир.

Рихси Иброҳимова ҳар бир ижроси учун томошабиннинг муносабатини ўрганади, уларнинг кўнглига йўл қидиришга ҳаракат қилади. Ҳамкасбларидан актрисанинг ҳамиша одамлар орасида юриши, турли учрашувларда, тадбирларда  доимо фаол қатнашиши ҳақида эшитдик.

— Кўп учрашувларда бўламиз, — дейди Рихси ая. — Эътиборимни тортадиган нарса, катта залда сўзга чиққан мутасаддилар қоғоздан кўзини узмай, расмий ахборот беришдан нарига ўтмайди. Одамлар эснаб, уйқусираб ўтиради. Айтилаётган гаплар қулоғининг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқиб кетади. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, яратиб берилаётган имкониятларни оддий, халқчил сўзлар билан тушунтириб бериш мумкин-ку.

Ҳозирги фильмларнинг савиясизлигидан нолиб гапирадиганлар ҳам анчагина. «Нега сизлар уларга йўл-йўриқ кўрсатмайсиз?» деган саволни кўп беришади.

— Назаримда, бу эътирозларда ҳам жон бордек. Уларга қандай жавоб қайтарасиз?

— Фақат тўқликка шўхлик. Мен бундай киноларда суратга тушмайман. Бир нарса десангиз, «ҳомийларимиз пул беряпти. Кўнгил очиш учун ҳам фильм олиш керак-ку», дейишади. Қолаверса, уларнинг ишини баҳолайдиган комиссия бор. Денгизга тушган кема ҳар қаёққа сузгандек, ҳаракат қилиб кўрсин, «қани, йўлига тушиб қолармикан?» деб кутиш­япти. Албатта, бу масала тез орада ечимини топади. Одамлар ҳам тўйди бундай «хонтахта» фильмлардан. Айниқса, бу фильмларда қизларнинг ўзини беҳаёларча тутиши ҳақида кўп гапиришади. Жамиятдаги аёлларнинг тарбиясига бизни масъул деб билишади.  

— Бугун аёлларимиз орасида мол-дунё кетидан қувиб, ҳатто, ўз фарзандини ташлаб, пул топиш илинжида юрганларни ҳам учратамиз. Уларнинг хатти-ҳаракатларини қандай баҳолайсиз?

— Мол-дунёга ружу қўйганларни оқламайман. Ўзим бир умр қаноат қилиб яшадим. Ўтмиш даврларни эслайлик, бир бурда нон билан инсоннинг қорни тўйган. Устингда битта бутун кийим бўлса бас. Ҳозир бирор кимда ямоқ кийим кўрасизми? Уйида кийими тахланиб ётса ҳам кетини узмай олаверади.

Устозларимиз қандай яшагани кўз олдимда. Уйида битта-яримта роль ижро этган сурати, кичик сервант, телевизор бўларди. Содда ва камтарона ҳаёт кечиришган. Кўпчилиги театрнинг орқа томонидаги бир-икки хонали уйларда яшарди. Улар ўзини фақат санъатга бағишлаган. Ҳозир санъаткорликдан кўра, манманлик авж олиб кетяпти. 

— Айрим аёл санъаткорлар отарчиларга ўхшаб, катта-катта пулга тўйларга бораётганига кўп гувоҳ бўляпмиз. Бу халқнинг санъаткорга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириб юбормайдими? Уларни санъатнинг устоз актрисаси сифатида тартибга чақириб қўйишга кўпроқ сиз ҳақли эмасмисиз?

— Уларга жуда кўп танбеҳ бердик. Бир сафар гапиргандим, «халқ бизни яхши кўради, шунга чақиряпти», дейди. Ундай бўлса, нарх қўймай, берганини олиб кетавермайсизми, десам, сизлар оддий, содда яшаган бўлсангиз, биз ҳам шундай ўтиб кетишимиз керакми, деб юзимизга тарсаки ургандек қилди...   

— Баъзи бир кимсалар турмушида юзага келаётган дабдабабозлик, ким ўзарчиликларни қандай чегаралаш мумкин, сизнингча?

— Бир ролимда «одамлар ўзи қонун ишлаб чиқаради-да, ўлгунча шу қонунга қул бўлиб яшайди», деган сўзим бор эди. Ҳеч қаерда бировдан ошириб қилинг, деб ёзилмаган. Тўйнинг дабдабаси ва олди-бердисига ишлатиладиган маблағни ёшларнинг ўзига беринг. Турмушини йўлга солсин. Уйга муҳтож, ўқиётган келин-куёвларга ёрдам бўлади. Илгари битта чопон кийиб хурсанд бўлган куёв ҳозир машина билан уй кутяпти. Уят эмасми?

Актрисанинг ярасини янгилаб қўйдик, шекилли, кўтарилган бу мавзудан жаҳли чиққандек бўлди. Шунда суҳбат йўналишини ўзгартириш кераклигини тушундим. 

— «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи»да жабрдийда она образлари­нгиз кўп. Томошабинни онага раҳми келади. Лекин фарзандни бемеҳр қилиб тарбиялашда ота-онанинг ҳам айби борлигини унутиб қўямиз...

— Яқинда қариялар уйига бордик. Айрим ота-оналар фарзандлари ҳақида эшитишни ҳам истамади. Бир-иккитасигина «балки ўзимдан ўтгандир», деган гапни айтди. Ота-она фарзандим ёмон бўлсин, демайди. Лекин тарбияда оқсаган бўлиши мумкин. Боши деворга урилганда эса кеч бўлади. Бунинг учун аввало, ота-онанинг ўзи тарбияли бўлиши керак.

Шогирдлари билан суҳбатлашганимизда Рихси аянинг одамларга енг ичида қилган яхши амаллари ҳақида эшитиб қолдик. Улар устозининг чекка қишлоқдан даволаниш учун ёрдам сўраб келган бир аёлга уйидан жой бериб, ҳатто, касалхонада даволанишини ўз зиммасига олгани каби қатор савобли  ишлари ҳақида гапириб беришди. Актрисанинг бирор мактубни назардан четда қолдирмай, жавоб қайтаришга ҳаракат қилиши ундаги инсонлар тақдирига бефарқ эмаслигидан далолат беради.   

Ҳаммага бирдек эътибор қаратиш учун саломатликнинг аҳамияти катта, албатта. Актрисадаги ёшларча бардамлик ва руҳий тетикликнинг сирини билгимиз келди.

— Саломатликда овқатланишнинг аҳамияти жуда катта. Ҳозирги ёшларимиз кўча-кўйда яримтайёр таомлар истеъмол қилишга ўрганиб қолган. Гарчи шифокорлар уларнинг зарарини қайта-қайта тушунтирса-да, кўпчилик бунга жиддий аҳамият бермайди. Вақт ўтиши билан эса зарарли таъсирини сеза бошлайди. Бундай сунъий егуликлар ўрнига табиий маҳсулотлар, мева ва сабзавотлар тановул қилишнинг фойдаси катта. Шунингдек, доимий ҳаракатда бўлиш, пиёда юриш тан ва руҳга енгиллик бағишлайди.

Кимгадир чин дилдан ёрдам кўрсатсак, ўзимизда ҳам ажиб енгиллик ҳис қиламиз. Балки актрисага шу каби жиҳатлар ҳам қўшимча куч ва ғайрат бағишлар, деган ўйга бордик. 

Хайрлашар эканмиз, қисқа фурсатли суҳбатдан сўнг ўзини бизга анча яқин кўриб қолган Рихси ая ортимиздан кузатиб чиқди. То кўринмай кетгунимизча «яхши боринг», деб эшик олдида қараб турар экан, юзларида оналарча ғамхўрлик ва меҳр яққол кўриниб турарди. 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

МИНОРАДАН УЛОҚТИРИЛГАН БАХШИ

МИНОРАДАН УЛОҚТИРИЛГАН БАХШИ

🕔13:40, 14.09.2017 ✔50

Санъаткорэлнинг одами. Унинг ижодига холис баҳо берувчи ҳам шу халқ, шу тингловчи. Инсонлар қалбига йўл топиб, маънавий завқ улаша олган санъаткоргина чин маънода халқ артисти унвонига муносибдир. «Авазхон» фольклор-этнографик халқ ансамбли асосчиси, қирқ йилдан буён самарали ижод қилиб келаётган санъаткор, Ўзбекистон халқ бахшиси Қаландар НОРМАТОВ билан суҳбатимиз шу ҳақдаэлнинг эътибори ва ишончи хусусида бўлди.

Батафсил
Меҳриддин РАҲМАТОВ: «УЛАР КИНОДА ЎЙНАСА, МЕН САМОЛЁТ ҲАЙДАЙМАН»

Меҳриддин РАҲМАТОВ: «УЛАР КИНОДА ЎЙНАСА, МЕН САМОЛЁТ ҲАЙДАЙМАН»

🕔14:41, 24.08.2017 ✔115

Жиддий қиёфа, жиддий роллар... Чиндан ҳам у бири-бирига ўхшамаган жиддий роллари билан мухлислар қалбига кириб борди, назаримизда. Мухлислар берган таъриф қанчалик тўғри ёки нотўғрилигига унинг ўзи — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳриддин РАҲМАТОВ суҳбатимизда жавоб қайтарди.

Батафсил
«ЁРДАМ БЕРИШ УЧУН ҲУЖЖАТ ШАРТ ЭМАС»

«ЁРДАМ БЕРИШ УЧУН ҲУЖЖАТ ШАРТ ЭМАС»

🕔10:13, 25.05.2017 ✔266

Ҳаётнинг турфа синовларидан ўтар эканмиз, тажрибали инсонларнинг маслаҳати ва йўл-йўриқларига муҳтожлик сезаверамиз. Айниқса, улар доим халқ билан ҳамнафас бўлса, ўз муносабати ва айтадиган сўзи билан янада кенгроқ фикрлашимизга ёрдам беради.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • МИНОРАДАН УЛОҚТИРИЛГАН БАХШИ

    МИНОРАДАН УЛОҚТИРИЛГАН БАХШИ

    Санъаткорэлнинг одами. Унинг ижодига холис баҳо берувчи ҳам шу халқ, шу тингловчи. Инсонлар қалбига йўл топиб, маънавий завқ улаша олган санъаткоргина чин маънода халқ артисти унвонига муносибдир. «Авазхон» фольклор-этнографик халқ ансамбли асосчиси, қирқ йилдан буён самарали ижод қилиб келаётган санъаткор, Ўзбекистон халқ бахшиси Қаландар НОРМАТОВ билан суҳбатимиз шу ҳақдаэлнинг эътибори ва ишончи хусусида бўлди.

    ✔ 50    🕔 13:40, 14.09.2017
  • Меҳриддин РАҲМАТОВ: «УЛАР КИНОДА ЎЙНАСА, МЕН САМОЛЁТ ҲАЙДАЙМАН»

    Меҳриддин РАҲМАТОВ: «УЛАР КИНОДА ЎЙНАСА, МЕН САМОЛЁТ ҲАЙДАЙМАН»

    Жиддий қиёфа, жиддий роллар... Чиндан ҳам у бири-бирига ўхшамаган жиддий роллари билан мухлислар қалбига кириб борди, назаримизда. Мухлислар берган таъриф қанчалик тўғри ёки нотўғрилигига унинг ўзи — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳриддин РАҲМАТОВ суҳбатимизда жавоб қайтарди.

    ✔ 115    🕔 14:41, 24.08.2017
  • «ЁРДАМ БЕРИШ УЧУН ҲУЖЖАТ ШАРТ ЭМАС»

    «ЁРДАМ БЕРИШ УЧУН ҲУЖЖАТ ШАРТ ЭМАС»

    Ҳаётнинг турфа синовларидан ўтар эканмиз, тажрибали инсонларнинг маслаҳати ва йўл-йўриқларига муҳтожлик сезаверамиз. Айниқса, улар доим халқ билан ҳамнафас бўлса, ўз муносабати ва айтадиган сўзи билан янада кенгроқ фикрлашимизга ёрдам беради.

    ✔ 266    🕔 10:13, 25.05.2017
  • «МЕН САҲНАДА СИЗНИ ЎЙНАЙМАН»

    «МЕН САҲНАДА СИЗНИ ЎЙНАЙМАН»

    «Суюнчи» бадиий фильмидаги Шермат аканинг оиласи ҳамманинг ёдида. Уларнинг оилавий футбол жамоаси ғалаба қозониши учун бир футболчи камлик қилади. Ҳозирги ўзбек футболининг жаҳон чемпионатига азалий бесамар уринишлари, доим муҳим ўйинлардаги мағлубияти ҳақида ўйласак, шу фильм эсга тушади. 

    ✔ 324    🕔 10:07, 11.05.2017
  • «СУВНИ КЎРМАЙ ЭТИК ЕЧМАЙМАН»

    «СУВНИ КЎРМАЙ ЭТИК ЕЧМАЙМАН»

    Бир пайтлар телеэкран орқали намойиш этилган «Чархпалак» сериали ҳали-ҳануз томошабинлар ёдида. Уни ҳаммамиз мароқ билан томоша қилганмиз. Фильмдаги ҳар бир роль ижрочиси ўз мухлисини топиб, муваффақиятга эришган. Айниқса, бош қаҳрамонЭгамқул образининг ижрочиси Карим МИРҲОДИЕВ катта шуҳрат қозонган.

    Деярли барча ролларида сабр-бардошли, камтарин, жиддий, ҳалол инсонни гавдалантирадиган бу инсон аслида ҳаётда қандай? Актёр билан кечган мазмунли суҳбатимизнинг дастлабки саволини шундан бошладик.

    ✔ 313    🕔 10:57, 27.04.2017
Ҳаммасини кўриш 

Галерия

Фойдали манбаалар