Фикрбазм      Бош саҳифа

«МЕНИНГ ТЕАТРДА ҚОЛГАН АРМОНЛАРИМ...»

«Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони — Ўзбекистон халқ артисти Мурод РАЖАБОВ муштарийлар саволларига жавоб берди.

 

«МЕНИНГ ТЕАТРДА ҚОЛГАН АРМОНЛАРИМ...»

МАХСУС САВОЛ

Маъмур Умаров, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти доценти:

— Профессионал актёрсиз. Театрда ижро этган ролларингизда адабий тил нормаларига амал қилгансиз. Аммо кинодаги ролларингиз нега Тошкент шевасида?

— Театрда бадиийлик жуда юқори. Театр билан кинонинг катта фарқи бор. Театрда саҳна ва ҳаёт ҳақиқати бор. Бу ҳақиқатни бадиийлаштириб, гўзаллаштириб беришингиз керак. Адабий гапириб, харакатларингиз билан образни бойитиб кетишингиз мумкин. Аммо кинода буни қилолмайсиз. Агарда мен санъатшунос бўлганимда театрга ҳам рухсат бериб қўярдим. Нима бўпти? Биз шу билан тилимизни, адабиётимизни тепкилаган бўламизми? Йўқ. Бундай эмас. Ижрода тил муаммоси доим бўлган. Ҳатто, ёзувчиларимиз ҳам катта адабий асарларида шеваларни ишлатган жойлари бор. Фақат ҳаммаси ўз ўрнида. Назаримда, ёзувчиларнинг яхши драма, сценарий ёзолмаслигининг сабаби ҳам адабий тилга амал қиламан деб, ўта ақллилик қилишида, деб ўйлайман. Улар ёзса юзини, кўзини, кўзини ичида нима борлигигача ёзишади. Артистнинг ишини ҳам бир йўла қилиб қўя қолишади. Нодирабегимда «Кўз очмайин мен ғамида рўзиғорим ўтгувчидир», деган сатр бор. Шу сатрни ўқиганингизда, қўлини ёстиқ қилиб юзини босиб, ёр дардида тинмай йиғлаётган аёл кўз олдингизга келади. Мана адабиёт. Сценарий ёзганда ҳам шундай ёзиш керак. У адабий тилда ёзиладими ёки шевадами — ҳаёт бўлиши керак. Тилнинг аҳамияти йўқ.

 Лазиза Носирова, Тошкент шаҳри:

Бир интервьюда «Муқимий театридан кетиш мен учун фожиа эмас, чиқаман десам, саҳна кўп», дегансиз. Аммо негадир ўшандан кейин саҳнада кўринмадингиз. Сизни бошқа театр саҳналарига чақиришмадими ёки ўзингиз истамадингизми?

— Мен актёр сифатида театрда шаклланганман. Санъат институтини битирмасимдан театрда ишлашни бошлаганман. Институтни битиргач, ўн беш йиллар театрда ишладим. Аслида кинодан ҳам кўпроқ театрни яхши кўраман. Театрдан бир пайтлари баъзи бир сабабларга кўра кетганман. Орадан 16 йил ўтиб, яна театрга қайтдим. Сал ўтиб, яна айрим сабабларга кўра, у даргоҳдан узоқдаман. Аммо театрлар мени таклиф этишяпти. Бироқ ўзим истамаяпман. Чунки бирон жамоага қўшилиб, қоришиб кетиш учун ҳам вақт керак. Шу боис ҳам ҳозирча театрда эмасман.

Нурмуҳаммад Муҳаммадиев, «Маънавият гулшани» газетаси муҳаррири:

— Сизни «Темир хотин», «Улфатлар» фильмларидаги актёрлик маҳоратингизни мутойибага мойиллигингиз сабабли яхши кўрамиз. Ҳозиргача бу фильмларни мароқ билан томоша қиламиз. Улардаги мутойибага содиқлик анъанасини, назарингизда, ҳозирда қайси сценарий муаллифлари, режиссёрлар давом эттиришяпти?

— Сценарий муаллифларидан, айнан, мана буниси, деб айтолмайман. Аммо режиссёрлардан Жаҳонгир Аҳмедовни бу анъанага содиқ, дейишим мумкин.

Дилобар Нусратова, Тошкент вилояти:

— «Биринчи бўса» спектаклида жуда маҳорат билан роль ижро этгансиз. Бугун шу спектаклни тиклаш борасида бирон ҳаракат борми? Агар шу спектакль тикланса, ёшлар тарбиясига ижобий таъсир ўтказадиган спектакль бўларди. Театр санъатини тушунган актёр сифатида бу ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

— Бу ибо-ҳаё ҳақидаги спектакль эди. Ибо-ҳаё жуда юксак туйғу. Бу спектакль 1971 йил саҳналаштирилган. 40 йилдан сўнг Муқимий театрида ёшларга ўқиб бердим. Ишонасизми, ёшлар умуман таъсирланишмади. Демак, замон ўзгарган, бу каби туйғулар йўқолган, деган тўхтамга келдим. Чунки бу биринчи бўса ҳақида эди. Биринчи бўсада ёлғон бўлмаслиги кераклиги, унга хиёнат қилмаслик, биринчи бўса муқаддаслиги ҳақидаги саҳна эди. Қарангки, буни бугунги ёшлар шунчаки ҳолат, деб тушунаркан. Ахир, биринчи бўса ҳеч қачон эсдан чиқмайдиган ҳолат, уни дуч келганга туҳфа қилиб бўлмайди. Бунга эътиборсиз қаралса, биринчи қадам хиёнатдан бошланади. Биринчи қадамданоқ ўзликка хиёнат қилиндими, бу давом этаверади. Спектаклни тиклашга ҳаракат қилдим, аммо уддасидан чиқолмадим. Чунки ёшлар бунинг моҳиятини тушунмади.

Нурмуҳаммад Раҳмонов, Самарқанд вилояти:

— Пойтахтда киностудиялар фаолияти шакллангани учун ютуқларга эришиляпти. Вилоятларда ҳам киностудиялар очиб, тасвирга олишга шарт-шароитлар яратилса, деган фикрга қандай муносабат билдирасиз?

— Жуда ижобий қарайман бунга. Агар шундай қилинса, кино соҳасида янгиликлар яратиларди, янги истеъдодлар кашф қилинарди. Қорақалпоқларнинг «Танка» фильмини кўрмаган одам йўқ. Ана шу фильмда комедия жанри орқали инсоннинг характери, менталитетга хос бўлган, оддий халқ характери очиб берилган. Шу сабаб бу кинони барча бирдек мириқиб томоша қилади. Агар вилоятларда киностудиялар очилишига шарт-шароит яратилса, жуда яхши иш бўларди.

Гулчеҳра Нодирова, Жиззах вилояти:

— Ўзингизни доим театр актёриман, деб юрасиз. Лекин кўпчилик сизни киноактёр сифатида билади. Буни қандай изоҳлайсиз?

— «Ёш гвардия» театридан устозим Эргаш Масафаев кетгандан кейин кетганман. Кейин ҳозирги Миллий театрга ишга чақиришди. Қарангки, мен боргач, ишга таклиф қилганларнинг ўзлари театрдан кетишди. Ўша пайтда бир неча қисмли «Шок» номли фильмга таклиф этишди. Мажбур бўлиб, театрдан кинога ўтганман. Шундан сўнг кетма-кет фильмларга таклифлар кўпайган. Шу-шу кинода қолиб кетдим. Орадан йигирма йил ўтиб, яна Муқимий театрига ишга қайтганман. Театрни кўпроқ севаман, унда армонларим қолган. Шекспирнинг Гамлетини ўйнашни истаганман. Аммо ҳалиям бу орзулардан кечганим йўқ. Ёшлар орасидан иқтидорлиларини топиб, «Гамлет»ни саҳналаштириш ниятим бор.

Нозим Эшбўтаев, Тошкент вилояти:

— Эркин Комилов, Ёдгор Саъдиев каби актёрлар билан бир пайтда санъатга кириб келгансиз. Кино соҳасида ҳам яхши образлар яратгансиз. Бироқ кейинги пайтларда давлат буюртмаси асосида суратга олинаётган фильмларда кўринмаяпсиз...

— Ҳа, тенгқурларим суратга тушишяпти, омадини берсин. Бироқ бу кинолардаги қайси образ ярқ этиб кўзга кўриняпти?

Гоҳида ролларимга каттароқ ҳақ талаб қиламан. Шуни ўйлаб, барибир бу гонорарга келмайди, деб чақиришмаса керак-да. Гоҳида киночилар билан жиқиллашиб қоламан, қулоғимиз тинч бўлсин, деб ҳам чақиришмайди (кулади).

Рустам Сирожиддинов, Қўқон шаҳри:

— Сиз ўзига хос актёрсиз. Назаримда, сиз ижро этадиган ролларни бошқа биров ўйнай олмайди. Аммо кейинги пайтларда ролларингиз бир-бирига ўхшаб қоляпти. Киноларда қайтариқ образларингиз кўпайгандек...

— Мен истеъдодли бўлишим мумкин, аммо ўз соҳамда даҳо эмасман. Бундан ташқари, актёр режиссёр нима деса, шуни қилиши керак. Аммо барибир ролнинг қандай чиқиши кўпроқ актёрнинг ўзига боғлиқ. Балки ўзимда камчилик бордир, чунки ҳар доим ҳам мукаммал нарса яратиб бўлмайди. Бунинг яна бир муаммоли томони бор: сценарийлар бир-бирига жуда ўхшаш, илҳомлантирадиган нарсанинг ўзи йўқ. Қўлимга сценарий тутқазишади, уч-тўрт варақ ўқигандан кейин зерикиб отиб юбораман. Хафа бўлишмасин-у бугун ҳатто, профессионал ёзувчилар, драматурглар ҳам янги руҳда сценарий ёза олишмаяпти. Аммо барибир, ўйнаган қаҳрамонларим гоҳо ўхшаш бўлиб қолаётган бўлса, укаларимиздан узр сўрайман.

Гулнора Ҳожиева, Самарқанд шаҳри:

— «Темир хотин» фильмини суратга олиш сизнинг ғоя­нгиз экан. Кинодаги ролингизни ҳам фаолиятингизнинг энг юқори чўққиси десак бўлади. Айни дамда шу фильмга ўхшаган ижтимоий эътиборга молик ғоялар сизда борми? Агар бўлса, қачон амалга оширмоқчисиз?

— Шароф Бошбеков асарни биринчи бўлиб менга кўрсатган. Ўшандаёқ буни кино қилиш ғояси туғилган. Ҳақиқий сценарий эди бу. Латиф Файзиевга олиб борганман. Латиф ака рози бўлмади. Бу орада спектакль бўлиб чиқди. Фарҳод Мусажоновга олиб борганман, қўллаб-қувватлади. Шу билан кино дунёга келди. Бугун ҳам бундай ғояларим жуда кўп. Ўзбек миллатининг тарихи, ҳаёти кино соҳасида ҳали очилмаган қўриқ. Халқимиз ошиб бўлмас қирлардан, тўғонлардан ўтди. Буни бугун ҳамма билади. Бу ҳали кинода ўз аксини кўрсатмади. Бугун халқимиз, ёшларимиз олдида ҳал қилинмаган қанча муаммолар бор. Шуларни кўрсатсак, халқ экран олдидан қўзғалмай кўради. Мана, бор экан-ку, дейди. Шундай ғоялардан ҳали амалга оширмоқчи бўлганларим бор.

Фурқат Саидов, Тошкент шаҳри:

— «Янги бой» киносида жаргон сўзлар ишлатгансиз. Бу каби сўзларни кинода ишлатиш қанчалик тўғри, деб ҳисоблайсиз? Буни сиздан режиссёр талаб қилганми ёки сўзларни ўзингиздан қўшганмисиз?

— Кино шунақа бўлиши керакки, экран далани кўрсатаётган бўлса, томошабин ўтнинг ҳидини сезиши керак. Кино табиий ва гўзал бўлиши лозим. Қандай қилиб, кинода тракторчи ролини ўйнай туриб, адабий тилда гапиришим керак. Унда кинонинг табиийлиги қаерда қолади? Ҳар бир инсоннинг ўз тили бор. Бир тадбирда адабиётшунос Шуҳрат Ризаев бу ҳақда жуда танқид қилиб гапирди. Шунда Гулчеҳра Эшонқулова «Шуҳрат ака, сиз адабий тил масаласида гапиряпсиз. Кўчада юрган «крутой» бола қандай қилиб келяпсизми, кетяпсизми, деб гапириши мумкин? Унинг жаргонини ишлатмасак, ўша боланинг одоби нотўғрилигини, хунук характерга эгалигини ташқаридан қандай кўрсатиб беришимиз керак?», деган эди. Чиндан ҳам, қаҳрамонни кўрсатишимиз учун унинг шевасида гапиришимиз керак. Шундагина кинонинг табиийлигини сақлаш мумкин. Кинода тил ҳаётий бўлиши керак.

 Гўзалой МАТЁҚУБОВА

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

«…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

«…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

🕔16:00, 12.10.2017 ✔107

«Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали АБДУҚУНДУЗОВ мухлислар саволларига жавоб берди.

Батафсил
«МЕНИНГ ТЕАТРДА ҚОЛГАН АРМОНЛАРИМ...»

«МЕНИНГ ТЕАТРДА ҚОЛГАН АРМОНЛАРИМ...»

🕔11:32, 15.06.2017 ✔347

«Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони — Ўзбекистон халқ артисти Мурод РАЖАБОВ муштарийлар саволларига жавоб берди.

 

Батафсил
«ШУКУР БУРҲОН 50 ДА ЎЙНАГАН, МЕН 70 ДАН ЎТДИМ»

«ШУКУР БУРҲОН 50 ДА ЎЙНАГАН, МЕН 70 ДАН ЎТДИМ»

🕔10:17, 13.04.2017 ✔364

«Фикрбазм»нинг бу галги меҳмони Ўзбекистон халқ артисти Эркин КОМИЛОВ.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Галерия

Фойдали манбаалар