Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ОЛМА ДАРАХТИДАГИ ШАФТОЛИ

ёхуд мактабгача таълим муассасалари фарзандларимизга нима беради?

«Болам бу йил мактабга чиқади. Шу пайтгача боғчага бермаганман. Кузатсам, у тенги болалар кўп нарсани билишади. Болам улар орасида ажралиб қолишидан хавотирдаман. Аслида мактабга чиқаётган бола нималарни ўрганган бўлиши керак? Боғчага қатнагани билан уйда мустақил ўрганган боланинг билимида фарқ борми?»

ОЛМА ДАРАХТИДАГИ ШАФТОЛИ

Таҳририятимизга қўнғироқ қилган мухлисимизнинг шу мазмундаги саволлари мавзуни батафсил ўрганишимизга сабаб бўлди.

Айрим ота-оналар наздида мактабгача таълим муассасаси улар ишда пайтида боласига қараб турувчи ҳимоя қўрғони, холос. Шунинг учун агар бирон яқин кишиси уйда бўлса, бундай муассасаларга бериш шарт эмас, деб ҳисоблашади. У ерда бериладиган билимни уйда ҳам ўрганиш мумкин, дейишади. Кимдир бу масалада бошқачароқ йўл тутади. Уйга муаллим ёллаб, болага якка дарс ўтишни афзал кўради.

Эркатойликдан ижтимоийликка

— Мунтазам ва пухта ҳаракат қилинса, эҳтимол, болага зарур билимни уйда ҳам бериш мумкиндир, — дейди социолог педагог Илҳом ­ДИЛМУРОДОВ. — Лекин масаланинг кўпчилик эътибор қаратмайдиган яна бир муҳим томони бор. Бу боланинг атрофдагилар билан киришувчанлиги, тенгдошлари билан мулоқот қилиши, бир сўз билан айтганда, ижтимоийлашуви масаласидир. Боғчага келган бола, аввало, жамиятга қўшилиш жараёнини бошдан кечиради: ўйинчоқларини бирга ўйнайди, тенгдошлари билан мулоқот қилади, дўст танлайди, муроса қилишни ўрганади. Ўйин тарзида ўтказиладиган машғулотлар болада ўз жамоаси манфаатини ҳимоя қилиш ҳиссини тарбиялайди. Бола ўйинда ютиб чиқиши учун ўз жамоасига имкон қадар ёрдам беради, уларнинг фикрларини ҳисобга олади, ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилади. Бу унинг шахс бўлиб ўсишига ёрдам беради.

Дарҳақиқат, боғча ёшидан атрофдагилар билан ҳамжиҳат ҳаракат қилган бола мактабга ҳам осон мослашади. Асосийси, унда худбинлик, ўзиникини маъқуллаш, ўзбилармонлик кайфияти ўрнига билганларини билмаганларга ўргатиш, ёрдамга шайлик, ўз атрофига бошқаларни тўплай олиш хислатлари шаклланади. Бундай бола келажакда ҳам ўз мустаҳкам ўрнига эга ва халқ дарди билан яшайдиган инсон бўлиб улғайишига ишониш мумкин.

Ўқиш эмас, фикрлаш муҳим

Мактабгача таълим муассасасида ўргатиладиган маълумотлар боланинг илк келган пайтидан бошлаб, босқичма-босқич амалга оширилади. Мунтазам ва асосийси қизиқарли ўйин шаклида олиб бориладиган машғулотлар боланинг билим олишга қизиқишини оширади, зерикиш ҳиссини йўқотади.

— Юртимизнинг ҳар бир мактабгача таълим муассасасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган «Болажон» дастури асосида сабоқ берилади, — дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Истиқлол фарзандлари» мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Нодира ҲАМИДОВА. — Буларни умумлаштириб қуйидагича таснифлаш мумкин: болани атроф-муҳит билан таништириш, илк математик тасаввурини уйғотиш, нутқини бойитиш, саводга тайёрлаш, бадиий адабиёт билан таништириш, расм чизиш, турли буюмлар ясаш, апликация, жисмоний тарбия, мусиқа ва бошқалар.

Айрим ота-оналар боласининг боғчада ўқиш ва ёзишни тўла ўрганиб чиқишини исташади. Бу — нотўғри. Бунинг учун мактабда бир бошидан ўқитилади. Дастурга кўра, биз болаларни ҳарфлар билан таништирамиз. Қисман бўғинлаб ўқишни ўргатамиз. Асосийси, боланинг тасаввури ва мантиқий фикрлашининг шаклланишидир.

Мен ўз тажрибамда кўпроқ мантиқий саволлардан фойдаланаман. Масалан, «Болалар, биласиз-а, помидор дарахтда ўсади», «Самолёт сувда сузармиди?», «Олма дарахтида тўртта шафтоли бор эди, биттаси ерга тушди, нечта қолди?» каби мисоллар билан мурожаат қилганимда, ҳушёр ва фаол болалар дарров масаланинг нотўғри томонини илғашади ва зўр иштиёқ билан «хато»ни тузатишади. Расмларга қараб ҳикоя тузиш сабоқлари ҳам бу борада катта ёрдам беради. Мантиқан фикри теран бола, албатта, келажакда атрофида содир бўлаётган ўзгаришларга мустақил ва холис муносабатини билдиради. Ўз танловини белгилай олади.

— Бола ҳаётининг еттинчи йилида ундаги ҳаракатлар кўлами кенгаяди ва аниқлашади, — дейди болалар психологи ­Гулруҳ ХОЛИҚОВА. — 6-7 ёшли бола ҳаракатларини назорат қилиш кўникмасига эга бўла бошлайди. Бу ёшдаги болада агар тўғри тарбия қилинган бўлса, мустақил фаолият кўрсатиш, ташаббускорлик ривожланади, қизиқувчанлик янада ортади, катталар фикрини тинглаш иштиёқи шаклланади.

Мактабгача таълим муассасаларида ҳар хил йўналишни қамраб олган ўқув дастури боланинг иқтидорини кашф этишда жуда қўл келади. Кимнинг шеъриятга, кимнинг спортга, математикага, яна кимнингдир эса бирор ҳунарга иқтидори борлигини пайқаб олиш мумкин.

Албатта, бу борада оиладаги соғлом муҳитнинг ҳам аҳамиятини унутмаслик керак. Мактабгача таълим муассасаси ҳар қанча яхши ишламасин, болага ота-она берган тарбия ва ўрнакнинг ўрнини босолмайди.

Бир муаммо бор...

Мутахассисларнинг фикридан кўриниб турибдики, боланинг мактабгача таълим муассасасида тарбияланиши ҳар томонлама самарали ҳолатдир. Шу ўринда бир савол туғилади: бундай муассасаларнинг ҳаммаси ҳам талабга жавоб берадими? Уларда болаларнинг ҳам тўғри парвариш қилиниши, ҳам намунали таълим олиши учун зарур шароит ва малакали кадрлар етарлими?

— Ўттиз йилдан буён бошланғич синфларга дарс бераман, — дейди Самарқанд шаҳридаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Шоира ­ШОМУРОДОВА. — Албатта, мактабгача таълим муассасасида ўқиган боланинг уйда тарбияланган боладан анчагина фарқи бор. У, аввало, мактабга тез мослашади. Дарсда ўзини тутишни, машғулотларда фаол бўлишни билади. Масъулиятни ҳам ҳис қила олади. Синфдошлари билан осон тил топишади. Бундай бола то вояга етгунича ҳам ўзидаги бундай фаолликни йўқотмайди.

Лекин айрим мактабгача таълим муассасасидан келган болалар бошида бошқалардан баъзи жиҳатлари билан ажралиб турса-да, вақт ўтгани сари билим ва кўникмада уйдан тўғри мактабга келган болалардан фарқ қилмай қолади. Бу ўша боланинг мактабгача таълим муассасасида сифатли билим олмагани, ўша муассасанинг талабга жавоб бермаслигидан далолат беради.

Агар бола у ерда тўғри таълим ва тарбия олса, ундаги фаоллик йиллар ўтса ҳам ўзгармайди.

Юртимиздаги барча мактабгача таълим муассасасининг ҳам талабга тўлиқ жавоб бермаслиги инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги «2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу масаланинг ечими борасида энг зарур дастуриламалдир. Ушбу қарорда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш масалалари кўзда тутилган. Бу қарорнинг ижроси ўз вақтида тўғри ва сифатли таъминланса, ота-оналар мулоҳаза қилаётган муаммоларга ўрин қолмайди.

Бола бошидан

Мутахассислар бола ҳаёти учун зарур билимнинг жуда катта қисмини беш ёшга киргунича ўрганишини таъкидлашади. Бугунги ахборот асрида юртимизнинг келажагини муносиб ҳимоя қиладиган теран фикрли, зукко авлодни вояга етказиш учун илк ёшданоқ тўғри таълим-тарбия бериш долзарб аҳамиятга эга. Бунинг учун, аввало, мактабгача таълим муассасасининг талабга жавоб бериши, самарали фаолият юритиши ва албатта, ҳар бир бола бундай мукаммал таҳсилдан баҳраманд бўлиши зарур.

— Ўғлим уч ёшга тўлганида уйимиз яқинидаги мактабгача таълим муассасасига бердик, — дейди исмини ошкор қилишимизни истамаган фуқаро. — Кўп ўтмай боламнинг аҳволи салбий томонга ўзгара бошлади. Ранги қочди, вазни камайди, инжиқ ва аразчи бўлиб қолди. Суриштирсам, боғчанинг овқатлари талаб даражасида эмас экан. Бунинг устига, у ерда ишлайдиган тарбиячилар ҳам етарли малакага эга эмас, болаларни меҳр билан бағрига олиш ўрнига, улар билан қўпол муносабатда бўлишаркан. Айтинг, шундан кейин ҳам мен қандай қилиб боламни уларга ишонишим мумкин?!

Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Қоғозда «ишга жойлашаётган»лар

Қоғозда «ишга жойлашаётган»лар

🕔10:52, 14.06.2018 ✔53

Хўжакўрсинга тузилган шартнома битирувчи талабага неча тийинлик фойда беради?

Батафсил
Гар қоғозинг бўлмаса...

Гар қоғозинг бўлмаса...

🕔14:48, 07.06.2018 ✔72

Ўн ёшда ҳам ҳужжат ололмай сарсон бўлаётганлар кимлар? Бунга ким айбдор?

Батафсил
Жорий йилда қанча намунавий уй қурилади?

Жорий йилда қанча намунавий уй қурилади?

🕔14:47, 07.06.2018 ✔68

Уйлар нархи ўтган йилгига нисбатан анча қимматлади. Бу уй-жойга мухтож аҳолининг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Қоғозда «ишга жойлашаётган»лар

    Қоғозда «ишга жойлашаётган»лар

    Хўжакўрсинга тузилган шартнома битирувчи талабага неча тийинлик фойда беради?

    ✔ 53    🕔 10:52, 14.06.2018
  • Гар қоғозинг бўлмаса...

    Гар қоғозинг бўлмаса...

    Ўн ёшда ҳам ҳужжат ололмай сарсон бўлаётганлар кимлар? Бунга ким айбдор?

    ✔ 72    🕔 14:48, 07.06.2018
  • Жорий йилда қанча намунавий уй қурилади?

    Жорий йилда қанча намунавий уй қурилади?

    Уйлар нархи ўтган йилгига нисбатан анча қимматлади. Бу уй-жойга мухтож аҳолининг эътирозига сабаб бўлмоқда.

    ✔ 68    🕔 14:47, 07.06.2018
  • Намунали уйнинг «намунали» «олтин» девори

    Намунали уйнинг «намунали» «олтин» девори

    Сифатсиз уй учун ўн йиллаб кредит тўлаётганлар дардини ким эшитади?

    ✔ 112    🕔 16:04, 31.05.2018
  • ЭГРИ ЎСГАН НИҲОЛЛАР

    ЭГРИ ЎСГАН НИҲОЛЛАР

    Унинг орзулари жуда кўп эди. Чегарачи бўлиб, она Ватанини ҳимоя қилмоқчи эди. Ерга қараганча кўз ёшларини артиб, ўз орзулари ҳақида сўзлаётган бола эндигина ўнинчи синфда ўқийди. Тенгдошларидан фарқи — унинг орзулари энди саробга айланди. Сабаби, у мудҳиш жиноятга — қотилликка қўл урди. Айни ўйнаб-куладиган, ўқиб-ўрганадиган пайтини панжара ортида ўтказишга маҳкум бўлди...

    ✔ 176    🕔 18:24, 24.05.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар