Долзарб мавзу      Бош саҳифа

БОЙ БЕРИЛГАН ЁШЛАР ҚАЛБИ

экстремистик қармоқларга ўлжа бўлмасин

Душман биз кутмаган тарафдан зарба беради. Бу ҳаётда кўп бор ўз аксини топган оддий ҳақиқат. Куни кеча орамизда туппа-тузук ишлаб юрган, бугун эса бузғунчи ғоялар тузоғига илиниб, террорчилик, турли диний экстремистик ташкилотлар аъзосига айланган айрим кимсалар ҳақида эшитганда, дафъатан шу гапни эслаймиз. 

БОЙ БЕРИЛГАН ЁШЛАР ҚАЛБИ

Хўш, бундай разил кимсалар қаердан пайдо бўляпти? Бизга мўмин-қобил кўринган ёшларимиз орасидан нега бундай қабиҳ ниятли каслар чиқиб қоляпти? Нима учун уларнинг онги заҳарланиб бузилишидан аввал сезмаяпмиз?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида фаоллар билан учрашувда айни шу аччиқ саволларни ўртага қўйди. Давлат раҳбари тегишли мутасаддиларга диний вазиятни янада соғломлаштириш, диний экстремистик оқимларга билиб-билмай қўшилиб қолган шахсларни соғлом ҳаёт тарзига қайтариш вазифасини топширган эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ўткир ҲАСАНБОЕВ билан суҳбатимиз бугун кун тартибига қўйилган, юртимиз тақдирига дахлдор ушбу долзарб масала ҳақида бўлди.

Бепарволикка берилмаслик керак

Мамлакатимиз ёшларини муайян хавф-хатар ва таҳдидлардан асраш учун уларда, ўша хавф-хатар ҳақида тушунча ҳосил қилиш муаммонинг ечимида муҳим омил ҳисобланади. Айтинг-чи, бугун ёшларимизга қандай хавф-хатарлар таҳдид солмоқда? Уларнинг зарари нимада?

— Ҳозирги кунда ёшларимиз келажагига хавф солаётган маънавий таҳдидлар қаторида асосан, дин ниқобида, диний қадриятларимизни оёқ ости қилишга уринаётган мутаассиблик, экстремистик, миссионерлик ҳаракатлари жиддий ташвиш уйғотади. Зеро, талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчиликлар содир этаётган, жамиятга ҳар томонлама зарар етказаётган бундай ҳаракатларнинг динга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Улар фақат ижтимоий барқарорликнинг издан чиқишига, миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятининг шаклланишига хизмат қилади. Бу жараённинг хатарли томони шундаки, ҳаётий тажрибага, ўз мустақил фикрига эга бўлмаган, маънавияти, иродаси бўш, билими саёз баъзи ёшлар билиб-билмасдан манфур кучлар қармоғига илинмоқдалар.

Айрим мамлакатларда содир бўлаётган нотинчликлар, қўшни Афғонистон заминида ҳукм сураётган беқарорлик бугунги кунда юртимиздаги барқарор тараққиётга эришиш, осойишта ва фаровон ҳаётни таъминлаш ўз-ўзидан бўлмаётганини англашга ҳамда тинч ҳаётни қадрлаб, унинг бардавомлиги йўлида бор куч-ғайратни сарф этиб яшашга ундайди. Бунда ҳар бир инсон лоқайдлик, бепарволикка берилмаслиги лозим. Тинчлик учун, келажагимиз ҳисобланган ёш авлодни маънавий таҳдидлардан асраш йўлида тинимсиз изланиш ва ҳаракатда бўлишимиз керак.

«Илдиз» қуримаса, фойдаси йўқ

Энг катта куч ҳисобланган ёшларимизнинг онг-тафаккурини яна қандай реал таҳдидлардан ҳимоя қилишимиз зарур?

Дину диёнат борасида ёшлар нима учун адашади, биласизми? Аввало, мана шу саволга аниқ жавоб топсак, масала ойдинлашади. Кузатишларимизга қараганда, асосан, билими саёз, ҳаётий қарашлари тўла шаклланмаган ёшлардагина кўр-кўрона бировга эргашиш истаги бўлади. Шундай экан, нажот фақат битта — мустақил фикрга эга, соғлом дунёқараш ва мустаҳкам иродали шахсларни тарбиялаш, ёшлар қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантириш орқалигина турли диний оқимларнинг бузғунчи ғояларига қарши мустаҳкам иммунитетни ҳосил қилиш мумкин. Мафкуравий таҳдидларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, гўёки ислом динини ўргатишни ваъда қилаётган шубҳали шахслар билан мулоқот қилмаслик, ноқонуний тарзда тайёрланган диний мазмундаги адабиёт, диск, мобиль телефонлардаги материаллардан фойдаланмаслик, интернетда диний экстремизм, терроризм ва миссионерликни тарғиб қиладиган сайтлардан ёшларни муҳофаза қилиш ҳам долзарб аҳамиятга эга масалалардан ҳисобланади. Ахборотлар алмашинуви жадал кечаётган вақтда диний масалаларга оид маълумотларни манбасини суриштирмай, тўғридан-тўғри қабул қилиш ва унга дарров эргашишга шошилмасликни ўргатишимиз керак.

Диний экстремизм ва терроризм билан курашда, асосан, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига суяниш, фақат жазо чораларини қўллаш орқали унга барҳам беришга интилиш, мазкур салбий ҳодисанинг оқибати билангина курашиш деганидир. Бошқача айтганда, бундай йўлдан борилса, диний экстремизм ва терроризмни озиқлантириб турган «илдиз»лар зарарланмай қолиб кетаверади, вақт ўтиши билан улар янги «куртак»лар чиқаришда давом этади.

Қандай белгиси бор?

— Сиз «илдиз» ҳақида гапиряпсиз. Аслида ҳар қандай касалликнинг ҳам ташқи белгилари (симптон) бўлади. Бироқ инсоннинг кўнглидаги, қалби ва онгидаги «хасталик»ни сиртдан билиш осон эмас. Айтинг-чи, бирор зарарли ғоя ёки диний оқимларга қўшилган одамни жамоатчилик қандай қилиб билиши, сезиши мумкин? Бундай одамларнинг хатти-ҳаракатларида, ҳаёт тарзида бирор белги намоён бўладими?

Мутаассиб ғоялардан таъсирланган шахсларда бир қанча психологик ўзгаришлар бўлади. Жумладан, уларнинг одамларга қўшилмай қўйиши, тунд қиёфада юриши, ҳаёт қувончларига бепарво бўлиб қолиши кузатилади. Улар муомалада қўполлик қилиши, ҳатто ота-онасини жеркиб бериши мумкин. Бундай тоифа шахслар ўз ота-онаси ва яқинларини диний аҳкомларга амал қилмасликда айблашади. Фақат ўзинигина «ҳақиқат»га эришган шахс деб билиб, қолганларни эса адашган деб қаттиқ ишонади. Бундан ташқари, маҳалла-кўйдан ўзини тортиш, тўй-ҳашамларга аралашмай қўйиш, умумхалқ ҳашарлари ва оммавий сайл ва тадбирларга бормаслик ҳолатлари кузатилади. Мамлакатда содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар, хусусан, диний соҳадаги ислоҳотларга нисбатан норозилик билдириш, расмий масжидларда фаолият юритаётган имом-хатибларни кўр-кўрона қоралаш ҳам турли оқимлар таъсирига тушиб қолган ва уларнинг ғояларидан онги заҳарланган тоифаларга хос жиҳатлардан саналади.

Гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона

Хориждаги қайси ноқонуний диний ташкилотлар, секта ва бошқа қора  кучлар юртдошларимизни оғдиришга ҳаракат қилмоқда? Бунда улар қандай йўлдан бормоқда ва қандай усуллардан фойдаланяпти?

Бундай кучлар ҳақида гап кетганда, айниқса, ҳозирги кунда бутун дунёга таҳдид солаётган, ўзини «Ироқ ва Шом ислом давлати» (ИШИД) дея номлаган террорчилик ташкилотини келтириш мумкин. Яқин Шарқдаги бир неча террорчи гуруҳларни бирлаштирган мазкур ташкилот томонидан эгалланган  ҳудудларда на исломий ва на инсоний тамойилларга тўғри келадиган тартиблар жорий қилинмоқда. Ушбу гуруҳ ақидасига кўра, дун­ёвий-маърифий йўлни тутган мусулмон давлатларнинг бошқарув шакллари хато эмиш. Ушбу қарашларнинг барчаси ислом динининг ҳақиқатини билмаслик, унинг матнларини сохталаштириб ҳукм чиқариш ва ўз қабиҳ мақсадларига мослаб, шарҳлашга асосланади.

Бугунги кунда диний-экстремистик оқимлар учун ўз мақсадларини амалга оширишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, интернет,  ижтимоий тармоқ сайтлари орқали тарғибот олиб бориш ва пухта ишланган стратегия асосида виртуал жамоатлар тузиш асосий вазифалардан бирига айланган. Диний-экстремистик ташкилотлар томонидан олиб борилаётган тарғибот ёшларнинг сохта ғояга алданиб қолиши, юрт равнақи йўлидаги фаолиятдан чалғиши, жамиятдаги маънавий-руҳий муҳитнинг бузилишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, диний-экстремистик ташкилотлар фаолияти натижасида мусулмон бўлмаган мамлакатлар аҳолиси ўртасида исломни «ёвузлик салтанати» ва таҳдид манбаи сифатида қабул қилинишига, «исломофобия»нинг кенг илдиз отишига сабаб бўлмоқда. Мана шундай вазиятда одам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий-миллий қадриятларга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, ҳар турли маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги таъсирига бардош бериши амримаҳол.

«Оиламга катта мусибат эди»

— Фуқароларимизнинг дину диёнатда собит бўлиши, ёт ғоя ва оқимларга қўшилиб кетишининг олдини олиш мақсадида бугунги кунда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Юртимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, конфессиялар ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш юзасидан бир нечта ҳуқуқий ҳужжат ва дастурлар қабул қилинган. Бугунги кунда уларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2-3 июнь куни «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби» мавзусидаги анжуманда белгилаб берган долзарб вазифалардан кейин бу борадаги ишларимиз тубдан кучайди.

Ишчи гуруҳлар томонидан жойларда билиб-билмай, адашиб диний экстремизм оқимларига кириб қолган фуқаролар билан юзма-юз суҳбатлар уюштирилмоқда, уларга ёвуз кучларнинг кирдикорлари рўй-рост тушунтирилмоқда. Кўпчилик одамларимиз бундай хато йўлга адашиб кириб қолгани, ғўрлик қилиб қўйганини пушаймон бўлиб эътироф этмоқда. Соғлом ҳаёт тарзига қайтган, бундай разолат йўлига зинҳор қадам босмайдиган, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш истагида яшаётган фуқароларимизга ишонч билдирилмоқда. Шу ўринда бир мисол келтирсам. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқаро — 1977 йилда туғилган, оилали, уч фарзанднинг отаси Хайриддин Насриддинов ўз вақтида «Ҳизбут-таҳрир» диний-экстремистик оқим ғоясига алданган эди. У билан суҳбатлашилганда қилмишидан афсус билдириб, тавба қилгани, тўғри йўлга қайтгани, энди фақат ва фақат оиласи, халқи учун меҳнат қилишини маълум қилди. «Мен ҳаётда бир марта қаттиқ адашганман, — дейди у. — Бундай йўлга кирганимдан ич-ичимдан азият чекар эдим. Бу оиламга ҳам катта мусибат эди. Турмуш тарзимга, фарзандларим келажагига ёмон таъсир кўрсатарди. Президентимизга минг ташаккур, биз каби йўлдан адашганларга имкон бердилар, ишонч билдирдилар».

Бугун Хайриддин Насриддиновга ўхшаб, ўз қилмишининг давлат ва жамият ҳаёти учун таҳдид эканини тўлиқ англаб етган фуқароларимиз ҳеч кимдан кам бўлмай, оиласи билан бахтли ҳаёт кечириши учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда.

Юракка санчилган ханжар

— Мафкуравий курашлар даврида сиз айтаётган шу чора-тадбирнинг ўзи кифоя қиладими?

— Албатта, йўқ. Республикамизда аҳолининг турли қатламлари ичида диний ақидапарастлик ғояларининг олдини олишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар тизимли ташкил этилмоқда. Жорий йилда ҳамкор ташкилотлар билан ўқувчи ва талабалар ўртасида диний экстремизм ва ақидапарастлик каби иллатлар тарқалишининг олдини олиш ҳамда меҳнат мигрантларининг мутаассиб оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш йўналишлари бўйича алоҳида ишчи гуруҳи тузилди.

Хорижга ишга кетаётган фуқароларнинг диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш, ноқонуний меҳнат миграциясининг салбий оқибатлари ва ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш мақсадида йил бошидан буён республикамиз бўйича 37 минг 431 та тадбир ўтказилди. Ушбу тарғибот тадбирларида жами 1 миллиондан зиёд фуқаро иштирок этган. Хусусан, таълим муассасаларида 37 минг 431 та тадбир ўтказилган.

Мақолалар эълон қилиш ва видео ахборотлар тайёрлаш йўли билан ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари тўғрисида 1392 маротаба оммавий ахборот воситаларида (матбуотда 469 маротаба, радиода 356, телевидениеда 293 ва элек­трон ахборот воситаларида 274 маротаба) чиқиш қилиш орқали тушунтириш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, ноқонуний меҳнат миграцияси натижасида юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатлар ҳамда хорижий давлатлар ҳудудида хавф-хатарсиз бўлишни таъминлаш бўйича зарур хатти-ҳаракатлар тўғрисида ахборотлардан иборат бўлган рисолалар, постерлар ва баннерлар ўрнатилиб, «Истиқболли авлод» нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда «Эҳтиёт бўлинг», «Қулликка рози бўлманг», «Чет элларда меҳнат фаолияти учун тавсиянома», «Сиз хорижий давлатлардаги диний экстремистик ташкилотлар фаолияти ҳақида биласизми?», «Иш излаяпсизми?» «Огоҳ бўлинг!» ва «Решили выехать за границу?» деб номланган жами 105 минг 517 та буклет тайёрланиб, халқаро аэропортлар, темир йўл вокзаллари, чегара ҳудудларида жойлашган блок постлар орқали чиқиб кетаётган фуқароларга тарқатилиб келинмоқда. Шунингдек, хорижга ишга кетаётган фуқароларнинг диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга қаратилган тушунтириш ишлари самарадорлигини янада ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири топшириғига биноан, ушбу мавзуларга бағишланган 5 номдаги буклетлар ҳар бири 200 минг нусхада нашр этилмоқда. Мазкур буклетларни маҳалла фуқаролар йиғинларига етказиш ҳамда Тошкент халқаро аэропорти ва Тошкент темир йўл бекатига жойлаштириш режалаштирилган.

Президентимизнинг «Бугун қанча ёшлар сохта алдовларга учиб, ўз умрини хазон қилаётганини ўйлаб, тўғриси, тунлари ухламасдан чиқаман. Ўзингиз айтинг, азиз биродарлар, бу аччиқ ҳақиқат юрагимизга ханжар бўлиб санчилиши керак эмасми?» деган гаплари ҳали-ҳануз барчамизнинг қулоғимиз остида жаранглаб турибди.

Дарҳақиқат, юртимизда яшаётган, оиласи, фарзандларининг эртанги кунини ўйлайдиган ҳеч бир инсон, дин арбоблари, жамоатчилик вакиллари бу ҳаёт-мамот масаласидан четда турмаслиги керак. Бу йўналишда ҳар куни, ҳар соатда, доимий ва тизимли равишда иш олиб боришимиз лозим. Боиси, мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди. Четдан туриб фарзандларимизни бузишни ният қилганларнинг тузоғи — сохта даъватларидан таъсирланиб улгурмасидан аввал биз, ўзимиз уларни тўғри йўлга солишимиз, қалбини имон нури, ақлини билим билан бойитишимиз лозим.

Динни билмас «диндор»лар

— Адашган, ҳар хил оқимларга мойиллиги бўлган, ақидапараст шахслар, умуман, онги заҳарланган инсонни тўғри йўлга бошлашдан кўра қийин иш бўлмаса керак?

— Ҳа. Бугун, айниқса, осон эмас. Сабаби, ҳозир ахборот-коммуникация технологияларининг тез суръатлардаги тараққиёти ғоявий таъсир ўтказиш имкониятларининг кенгайишига олиб келмоқда. Инсон қалби ва онги учун курашларнинг янгидан-янги усул-воситалари ҳам кўпайиб бормоқда.

Экстремистик оқимлар ўз сафига янги аъзоларни жалб этишда Интернет ва ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда. Мазкур гуруҳларнинг тарғиботчилари кўп вақтини Интернетда ўтказувчи, вақтинча ишсиз, хорижда пул топиш илинжида юрган ва ижтимоий ҳолатидан норози шахсларни ўз сафига қўшиш мақсадида улар билан мусулмонларнинг гўёки «аянчли» аҳволи ва бошқа чалғитувчи, ўткир мавзуларда суҳбатлар олиб борадилар. Сўнгра ислом оламидаги «муаммолар» санаб ўтилади, кези келганда, айбдорлар ҳам кўрсатилади. Бундан кейин эса, барча муаммоларнинг «ечими» сифатида «кофир»ларга қарши «жиҳод» қилишга таклиф этилади. Бунинг учун эса, «ҳижрат» қилиш лозимлиги уқтирилади. Билимсиз, ўз мустақил фикри ва атрофдаги ҳодисаларни таҳлил этиш малакасига эга бўлмаган айрим ёшлар бундай «ҳужумлар»га дош беролмай, дин ниқоби остидаги экстремистик ғояларга мойил бўла бошлайдилар.

Ана шундай қармоққа илинган кўплаб ёшлар билан суҳбатлашганимизда бир афсусланарли жиҳатга дуч келамиз: ўзини диндор санаб қолган йигитчаларнинг аксарияти ақалли икки-уч сураю оятни тўлиқ билмайди, ҳатто. Диннинг моҳиятини тушунмайди. Тағин оғзидан «жиҳод», «ҳижрат» каби сўзлар тушмайди. Биз бунга қарши кенг кўламда самарали усулда курашмоқдамиз.

Жаҳолатга қарши — маърифат

— Масалан, қандай қилиб?

— Оддий усулда. Аввало, адашган, ҳар хил оқимларга мойиллиги бўлган шахслар билан бирма-бир мулоқот қилиб, уларга бузғунчи оқимларнинг нотўғри ва янглиш ғояларини далиллар асосида тушунтирмоқдамиз. Тарихимизга чуқурроқ назар солайлик. Қайси буюк аждодимиз баъзи ғўр, адашган ёшлар талқин қилаётганидек бузғунчилиги, муросасизлиги, жоҳиллиги билан ном чиқарган? Қайси бири? Аксинча, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Абу Муин Насафий ва номларини яна узоқ санашимиз мумкин бўлган барча алломаларимиз илму маърифати, одоб-ахлоқи, элу юртга муҳаббати билан тарихда қолган. Бутун дунё уларнинг илм-фан тараққиёти йўлидаги улкан хизматларини фахр билан эслайди, чексиз миннатдор бўлади.

Уларнинг барчаси илмни чексиз уммон деб билганлар ва бу йўлда тинимсиз ҳаракат қилганлар. Шу орқали бу дунё ва охиратини обод этганлар, десак, хато бўлмайди. Имом Бухорий ҳадисларни текшириш, бугунги замонавий тил билан айтганда, ҳар томонлама чуқур тадқиқ қилиш жараёнида бутун бошли тарих китобларини таълиф этган. «Китоб ат-тарих» асари шу тахлит дунёга келган. Ҳеч иккиланмай, бу муҳтарам зотни буюк тарихчи ҳам деб аташимиз мумкин. Ёки Маҳмуд Замахшарийни олайлик. У мусулмон дунёсида ўзига хос, бетакрор тил услуби билан шуҳрат қозонган, Қуръони карим тафсирига бағишланган «Ал-Кашшоф» асарининг муаллифи. «Жоруллоҳ» — «Оллоҳнинг қўшниси» номи билан танилган бу улуғ зот тилшунослик илми ривожига ҳам беназир ҳисса қўшган. Унинг «Ал-муфассал», «Муқаддаматул адаб», «Асосул балоға» каби асарлари ҳали-ҳануз олим ва тадқиқотчилар олдида тилсимдек турибди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин. Энг муҳими, улар «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир» деган динимиз кўрсатмасига ихлос билан амал қилганлар. Бунинг натижасида, ҳам диний, ҳам дунёвий илм-фан соҳасида тенгсиз бўлганлар.

Имом-хатибларимиз, Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент ислом университетининг олим ва мутахассислари аҳоли, энг аввало, ёшларимиз билан бўлган учрашувларда таъсирчан мисоллар ёрдамида ана шулар ҳақида маълумот бермоқдалар. Муҳтарам Президентимиз томонидан буюк аллома аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш масаласи бежиз кун тартибига долзарб масала сифатида қўйилгани йўқ. Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарқандда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ўзбекистондаги ислом маданияти марказини ташкил этиш ташаббуси негизида ҳам чуқурроқ тафаккур қилсак, халқимизнинг маънавияти, маърифатини янада ошириш, ёшларни соғлом дунёқарашли, илмга интилувчан этиб тарбиялаш каби эзгу ва умидбахш мақсадлар мужассам эканига амин бўламиз. «Жаҳолатга қарши — маърифат» тамойили ҳам аслида мана шудир.

«Оила даврасида» мухбири

Жасур КЕНГБОЕВ

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ БОРАСИДА ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН  КАМЧИЛИКЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ БОРАСИДА ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН  КАМЧИЛИКЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

🕔12:44, 23.11.2017 ✔3

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 20 ноябрь куни жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Батафсил
БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН МАЪНАВИЯТ

БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН МАЪНАВИЯТ

🕔11:58, 16.11.2017 ✔63

Кекса қўшни момо пойтахтдан жиянимга олиб берган «Шум бола» китобидан неварасига ҳам олиб келишимни илтимос қилиб, қўлимга пул тутқазди. Унинг айтишича, бутун бошли туманимиздаги биттаю-битта китоб дўконида у ниҳоятда қиммат экан. Ёлғиз набираси билан ўртамиёна кун кечираётган онахон учун набираси айтган китобни бироз арзонга харид қилиш ҳарна-да!..

Батафсил
«У ОЛДИН ТЎЛА ДЕЙДИ, МЕН ЭСА АВВАЛ ТАЪМИРЛА ДЕЙМАН...»

«У ОЛДИН ТЎЛА ДЕЙДИ, МЕН ЭСА АВВАЛ ТАЪМИРЛА ДЕЙМАН...»

🕔16:28, 09.11.2017 ✔104

Уй-жой мулкдорлари ширкатининг самарали ишлаши кимга боғлиқ?

Кўп қаватли уйда яшайдиган киши борки, баъзан «дом»да чироқ ўчиб қолиши, сув қувури ёрилиши ёки ундан сув томиши, ёғин-сочинли кунларда эса томдан чакка ўтиши сингари муаммоларга дуч келади. Айниқса, салқин кунлар яқинлашгани сари ширкатга мурожаат этувчилар кўпаяди. Шунда масалага вақтида ечим топилса-ку (аслида куз-қиш мавсумига тай­ёргарлик анча олдиндан бўлиши лозим) яхши, аммо ҳеч қандай натижа бўлмаса-чи?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ БОРАСИДА ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН  КАМЧИЛИКЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

    ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ БОРАСИДА ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН  КАМЧИЛИКЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 20 ноябрь куни жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

    ✔ 3    🕔 12:44, 23.11.2017
  • БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН МАЪНАВИЯТ

    БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН МАЪНАВИЯТ

    Кекса қўшни момо пойтахтдан жиянимга олиб берган «Шум бола» китобидан неварасига ҳам олиб келишимни илтимос қилиб, қўлимга пул тутқазди. Унинг айтишича, бутун бошли туманимиздаги биттаю-битта китоб дўконида у ниҳоятда қиммат экан. Ёлғиз набираси билан ўртамиёна кун кечираётган онахон учун набираси айтган китобни бироз арзонга харид қилиш ҳарна-да!..

    ✔ 63    🕔 11:58, 16.11.2017
  • «У ОЛДИН ТЎЛА ДЕЙДИ, МЕН ЭСА АВВАЛ ТАЪМИРЛА ДЕЙМАН...»

    «У ОЛДИН ТЎЛА ДЕЙДИ, МЕН ЭСА АВВАЛ ТАЪМИРЛА ДЕЙМАН...»

    Уй-жой мулкдорлари ширкатининг самарали ишлаши кимга боғлиқ?

    Кўп қаватли уйда яшайдиган киши борки, баъзан «дом»да чироқ ўчиб қолиши, сув қувури ёрилиши ёки ундан сув томиши, ёғин-сочинли кунларда эса томдан чакка ўтиши сингари муаммоларга дуч келади. Айниқса, салқин кунлар яқинлашгани сари ширкатга мурожаат этувчилар кўпаяди. Шунда масалага вақтида ечим топилса-ку (аслида куз-қиш мавсумига тай­ёргарлик анча олдиндан бўлиши лозим) яхши, аммо ҳеч қандай натижа бўлмаса-чи?

    ✔ 104    🕔 16:28, 09.11.2017
  • ИҚТИДОР КЎП — МАКТАБ КАМ

    ИҚТИДОР КЎП — МАКТАБ КАМ

    Ёшларни мусиқа ва санъатдан нима йироқлаштирмоқда?

    «Фарзандим ашула айтишга қизиқади, ширали овози бор. Бироқ мусиқа ва санъат мактаби уйимиздан анча олисда. Шу боис уни ўша мактабга юбора олмадик. Туманимизда эса мусиқа ва санъатга ихтисослашган бошқа мактаб йўқ. Бу биргина мени эмас, кўпчилик ота-онани қийнамоқда. Биз ҳам фарзандимиз ўзи хоҳлаган машғулот билан шуғулланиб, келажакда улкан ютуқларга эришишини истаймиз...»

    ✔ 118    🕔 18:00, 02.11.2017
  • ОҚИБАТИ ОҒИР, САБАБИ ЯНАДА АЯНЧЛИ

    ОҚИБАТИ ОҒИР, САБАБИ ЯНАДА АЯНЧЛИ

    Бир-бирининг жонига суиқасд қилиш жинояти нега кўпаймоқда?

    Кристина эндигина тўққиз ёшга тўлганига қарамай, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб улгурди. Отаси ташлаб кетгани етмаганидай, ичкиликка ружу қўйган бағритош онаси ҳам бор бисотини еб-ичиб тугатди. Охир-оқибат, икки норасида, вояга етмаган фарзандини ташлаб, қўшни давлатга чиқиб кетди.

    ✔ 131    🕔 12:40, 26.10.2017
Ҳаммасини кўриш 

Галерия

Фойдали манбаалар