Инсон ўзинг      Бош саҳифа

НОН ИСИ

Юрий КАЗАКОВ,

рус адиби

Шошилинчномани биринчи январда олишди. Дуся ошхонада эди, эшикни эри очди. Кечаги ичкилик карахти тарқамай, тинмай эснаб имзо чекди-да, тағин кимдандир қутловхат келганини чамалади. Ўша-ўша оғзини ёполмай Дусянинг онаси — олис қишлоқдаги етмишга чиққан кампирнинг вафоти ҳақидаги қисқа ва қайғули шошилинчномага кўз югуртирди.

НОН ИСИ

«Топган вақтини қаранг!» деб ўйлади юраги алағда бўлиб ва хотинини чақирди. Дуся бир томчи ҳам кўзёш қилмади, фақат оқаринқираб ичкари хонага кирди, дастурхонни тўғрилаб, ўтирди. Эри столдаги яримлаган шишаларга мўлтираб олди ва қуйиб ичди. Кейин ўйлаб кўрди-да, Дусяга ҳам қуйди.

— Ич! — деди. — Ўлсин, бошим тарс ёрилай деяпти-я. Ўҳ-ҳў, ўҳ-ҳў… Ҳаммамиз ҳам бир кун ўша ёққа борамиз. Хўш, борасанми?

Дуся миқ этмади. Дастурхон устида қўллари сийпаланди, кейин стакандагини сипқорди, хобхонага кирди-да, ётди.

— Билмадим, — деди бирор дақиқадан кейин.

— Ҳай, майли… Нима қиламиз энди? Қандоқ қиламиз-а энди! — эр жонивор таскин беришга бундан бошқа сўз тополмай яна шишадагини қулқуллатди. — Жойи жаннатда бўлсин! Ҳаммамиз ҳам бир кун ўша ёққа борамиз.

Кун бўйи Дуся уйда ивирсиб юрди. Бошига оғриқ кирди. Меҳмондорчиликка ҳам бормади. Йиғлаб юрагини бўшатиб олгиси келди, бироқ йиғлолмади, маъюсланиб юраверди. Дуся онасини ўн беш йилдан бери кўрмаганди. Қишлоқдан чиқиб кетиб, ўтмиши билан боғлиқ хотираларни эсга олмаганди. Эсласа ҳам болалигини ёки қизлигида клубдан уйига кузатиб қўйишларини ёдга оларди.

Дуся онасининг фотосуратларини кўздан кечира бошлади. Лекин бу сафар ҳам йиғлолмади: фотосуратларнинг барчасида онаси кўзлари чақчайиб, ёвқараш қилиб қараб турарди.

Тунда Дуся эри билан узоқ гаплашиб ётди ва охирида:

— Бормайман! Қаёққа бораман? У ёқда ҳозир изғирин… Бор лаш-лушларниям қариндошлар ташиб кетишгандир… У ёқда одам етарли. Йўқ, бормайман! — деди.

2

Бир тутам қиш кунлари ўтди-кетди. Дуся онаси ҳақида буткул унутди. Эрининг топиш-тутиши яхши эди, беғам, ҳузур-ҳаловатда яшашарди. Бу орада Дуся яна-да тўлишиб, чирой очди. Лекин майнинг бошида Дуся бир қорин нари жияни Мишадан хат олди. Хат қиялама тарзда, айтиб туриб ёзилганди. Миша кўплаб қариндош-уруғлардан саломлар айтиб, момосининг уйи ҳамда буюмлари бус-бутунлигини ва Дуся холаси, албатта, келиши кераклигини ёзганди.

— Бора қол! — деди эри. — Отлан! Ортиқча тихирлик қилмасдан, борини тезроқ сот. Йўқса, бошқалар эгалик қилади ёки колхозга ўтиб кетади.

Хуллас, Дуся йўлга тушди. Анчадан бери сафарга чиқмаганди, йўлда қийналмади. Теварак-атрофни томоша қилиб завқланишга ҳам, одамлар билан валақлашиб, танишишга ҳам улгурди.

Дуся йўлга чиққани ҳақида шошилинчнома жўнатганди, аммо уни негадир ҳеч ким кутиб олмади. Яёв кетишга тўғри келди, лекин пиёда юриш Дусяга ёқиб тушди. Одамлар қатнайверганидан йўл заранглашиб кетганди, икки тарафда қадрдон Смоленск далалари, ҳув, осмон этагида эса сийрак ўрмонлар.

Дуся қишлоққа уч соатдан кейин кириб келди, саёз дарё узра узалган янги кўприкда тўхтаб, чор атрофга назар солди. Қишлоқ обод бўлиб кетибди, оҳакланган фермалар ҳисобига энига кенгайибди. Кўриб таниёлмайсан. Бу ўзгаришлар Дусянинг кўнглига алланечук оғир ботди.

Кўчада бир-бир одимларкан, йўлида учраганлар кимлигини эслашга уринарди. Лекин тайинли бирор кишини танимади, уни эса кўпчилик таниб, тўхтаб, дуркун бўлиб кетганига ажабланиб қарашарди.

Опаси Дусянинг дийдорини кўриб терисига сиғмай кетди, йиғи-сиғи қилиб олди ва шошиб самоварнинг тагига ўт қалади. Дуся сумкасидан совға-саломларни олиб улашди. Опаси яна кўзига ёш олди, Дусяни бағрига босди. Миша эса эшакка ўтирганча, булар нега йиғлаётганига ҳайрон тикиларди.

Опа-сингил чой ичишди. Дуся кўп нарсаларни узоқ-яқинлари олиб кетганини билиб олди. Чўчқа болалари, учта тўқлича, эчки ва товуқларни опаси ўзига олиб қолибди. Аввалига Дусянинг ичидан бир қиринди ўтди, кейин садқаи сар деди ичида, шоядки, анча-мунча нарса, асосийси, уй жойида-ку. Чой ичиб, мириқиб гурунглашиб олишгач, опа-сингиллар ҳовлини кўргани чиқишди. Томорқа ҳайдалганди, Дуся ҳайрон бўлди. Опасининг айтишича, ер зое бўлмаслиги учун қўшнилар ҳайдаб беришибди. Уй Дусянинг кўзига бурунгидек каттакон бўлиб кўринмади.

Деразаларга тахта қоқиб ташланган, эшикка қулф урилганди. Опаси қулфни очаман деб анча уринди, сўнгра Дуся чираниб кўрди, кейин яна опаси. Хуллас, икковлон то эшикни очишгунча тоза овора бўлишди.

Ичкари қоронғи эди, тахталар орасидан заиф нур тушиб турарди. Уй намиқибди, одам яшамайдиган яроқсиз ҳолга келибди, аммо-лекин болалигидан қадрдон бўлган нон иси келиб турарди. Дусянинг юраги орзиқиб кетди. Болохонага чиқди, кўзи қоронғиликка кўникиб, нигоҳлари уйдаги барча нарсада сирпанди. Долчинранг шифт паст эди. Деворларда ҳамон фотосуратлар осиғлиқ турарди, лекин сал мундайроғидан ташқари, барча бут-санамлар аллақачон йўқ эди. Печка ва сандиқлардаги йўрмадўзилар ҳам кўринмасди.

Ёлғиз қолгач, Дуся сандиқни очди — онасининг иси гуп этиб димоғига урилди. Сандиқдан кампирларбоп қорамтир юбка, сарафан, тўзғиган пўстинча чиқди. Дуся ҳаммасини чиқариб, кўздан кечирди, сўнг яна бир бор уйни айланиб чиқди, ҳувиллаган ҳовлига боқди. Буларнинг барчаси қачонлардир тушига киргандай, энди ўша тушига қайтгандай туюлди.

3

Арзон-гаров савдо бўлаётганини эшитиб, қўшнилар ёпирилиб чиқишди. Ҳар битта буюмни синчиклаб ушлаб кўришди, Дуся қиммат сўрамади ва ашқол-дашқоллар зумда сотилиб кетди.

Энг асосийси уй эди! Дуся нарх-навони сўраб-суриштирди, уйларнинг баҳоси кўтарилганини эшитиб хурсанд бўлди. Уйга дарров учта харидор чиқди — иккитаси шу қишлоқдан, яна биттаси қўшни қишлоқдан. Лекин Дуся ҳовлиқмади, у онасидан қолган пуллардан хавотирда эди. Уч кун излади: деворларни тақиллатиб кўрди, кўрпа-тўшакларни пайпаслаб чиқди, ертўла ва чордоққа чиқиб-тушди. Бироқ ҳеч вақо тополмади.

Харидорлар билан нарх-навони келишиб олиб, Дуся туман марказига борди, нотариусда уй савдосини расмийлаштирди ва тушумни омонат касса дафтарчасига ташлади. Йўл-йўлакай опасига тағин ул-бул сотиб олди ва Москвага кетишга ҳозирлик кўра бошлади. Опаси фермага кетди, Дуся эса онасининг қабрини зиёрат қилгани отланди. Миша холасини кузатиб борадиган бўлди.

Чошгоҳдан кейин чанг-ғубор кўтарилди, осмон қовоғини уйиб олди, аммо шомга яқин ҳаво очилиб кетди, фақат уфқда, Дуся билан Миша кетишаётган томонда кулранг-қизғиш булутлар тизмаси осилиб турарди.

Қишлоқдан икки чақирим нарида дарё ҳалқа ҳосил қиларди, ана шу ҳалқанинг ўнг қирғоғида худди ярим­оролдай мозор бор эди. Бир замонлар қабристон пишиқ ғиштли девор билан ўралганди, ичкарига баланд аркали дарвозадан кириларди. Урушдан кейин вайрон бўлган деворнинг ғиштларини иморат солишга ташиб кетилди. Негадир дарвоза жойида қолаверганди. Эндиликда қабристонга ҳар томондан сўқмоқлар югургилаб келганди.

Йўлда Дуся Мишадан мактаб, меҳнат кунлари, раис, йиғим-терим ҳақида сўради ва ўзини дадил, хотиржам тутиб кетаверди. Ана, шом қуёшининг алвон нурларига бурканган эски мозор кўринди. Четларида, бир вақтлар девор бўлган, наъматаклар ўсган ерларда қабрга ҳам ўхшамай қолган дўнгликлар қаққайиб турибди. Дўнгликлар ён-верида буталар орасидан ёғоч ёдгорликлар — қардошлар мозорининг яқинда бўялган тўсиқлари кўриниб турибди…

Дуся билан Миша дарвозадан киришди, ўнгга, сўнгра чапга бурилишди. Тарвақайлаб кетган қайинлар, ўткир ҳид тарқатаётган буталар орасида Дусянинг ранги оқариб, оғзи очилиб борарди.

— Ҳов, ана, момомники… — деди Миша.

Дуся чўкиб қолган, яккам-дуккам тиканли ўтлар босган дўнгликка кўзи тушди. Ўтлар орасидан қумоқ тупроқ кўринмоқда. Қишдан буён тўғрилаб қўйилмаган кўкимтир чоғроқ хоч қийшайиб турарди.

Дусянинг рангида ранг қолмади. Қўққисдан юрагига пичоқ санчилгандай бўлди. Юрак-бағрини шундай зил-замбил соғинч эздики, нафаси қайтди, қалт-қалт титради, жазава билан бақириб, чўк тушди. Қабрга эмаклаб борди-да, айтиб-айтиб уввос тортди. Миша  ҳам чўкка тушди.

— У-у-у-ув, — бўзлади Дуся юзини қабрга ишқаб. Қўллари нам тупроқни чангаллаб олди. — Ўзимнинг бебаҳо онажонгинам… Меҳрибоним, азиз онажоним… У-у-у-ув… Э, воҳ, бу ёруғ дунёда энди ҳеч қачон кўришмаймиз! Мўътабаримсиз энди қандоқ қиламан? Ким мени эркалайди, ким мени юпатади? Онажоним-фариштам, кимларга ташлаб кетдингиз мени?

— Дуся хола… Дуся хола, — ҳиқилларди Миша қўрққанидан холасининг енгидан тортиб. Дуся хириллаб, икки букилиб, бошини қабрга ура бошлагач, Миша оёғини қўлига олиб қишлоққа чопиб кетди.

Бир соатдан сўнг атроф-жавониб зимистонга айланганда, Дусянинг олдига қишлоқдан ҳаллослаб келишди. Дуся ётган жойида қолган, ҳуши-бошини йўқотганди. На йиғлар, на гапира олар, ҳаттоки, ўйлай ҳам олмасди. Маҳкам қисилган тишлари орасидан инграрди, холос. Юзлари қорайиб, даҳшатли тусга кирганди.

Уни ўрнидан турғазиб, чаккаларини артишди, таскин-тасалли беришди ва уйга олиб кетишди. Дуся нима бўлаётганини англамасди, шишиб-қизариб кетган кўзлари билан ҳаммага аланг-жаланг қарарди. Ҳаёт унга қаро тундек кўриниб кетди. Опасининг уйига олиб келишганда, аранг каравотга етиб борди-да, таппа ташлаб ухлади-қолди.

Эртасига йўлга чиқишдан олдин опаси билан чой ичди, ўзини қувноқ тутиб, Москвадаги шинам квартираси ҳақида гапириб берди.

Алқисса, Дуся Мишага ўн рубль инъом қилиб, хушчақчақ, оғир-вазмин бўлиб жўнаб кетди. Икки ҳафтадан сўнг марҳуманинг уйини очишиб, полларни ювишди, тақир-туқурларни келтириб, янги одамлар яшай бошлашди.

1961

Саиджалол САИДМУРОДОВ

таржимаси




Ўхшаш мақолалар

СЎНГГИ ҚУВОНЧ

СЎНГГИ ҚУВОНЧ

🕔11:59, 21.09.2017 ✔10

Ўзининг бежо овози билан юракларга ваҳима солган тез ёрдам машинаси кичкинагина ёғоч эшик ёнига келиб тўхтади. Латофат опанинг касали яна хуруж қилди.

Батафсил
Темирчининг тиллолари

Темирчининг тиллолари

🕔11:59, 21.09.2017 ✔8

Неъмат АМИНОВ

«Ҳали ҳаёт чоғларида отамдан эшитганларимнинг айримларини ўз ҳолича, айнан қоҚозга тушириб қўйган эдим. Орадан анча ўтгач, ўқиб қарасам, бу ёзувлар кўзимга тўтиёдек кўринди».

Батафсил
ОНАМ

ОНАМ

🕔10:29, 08.09.2017 ✔65

Ташвишларга тўла ҳаёт одамни чарчатади. Киши баъзида дам олгиси келиб, тоғ бағригами, дарё бўйигами чиқишни истаб қолади. Ўзи охирги пайтларда иш билан бўлиб, оиламга тузукроқ вақт ажратолмай қолдим. Кўз олдимга фарзандларимни келтирдим ва ўзимдан, эътиборсизлигимдан бироз хижолат тортиб қолдим.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • СЎНГГИ ҚУВОНЧ

    СЎНГГИ ҚУВОНЧ

    Ўзининг бежо овози билан юракларга ваҳима солган тез ёрдам машинаси кичкинагина ёғоч эшик ёнига келиб тўхтади. Латофат опанинг касали яна хуруж қилди.

    ✔ 10    🕔 11:59, 21.09.2017
  • Темирчининг тиллолари

    Темирчининг тиллолари

    Неъмат АМИНОВ

    «Ҳали ҳаёт чоғларида отамдан эшитганларимнинг айримларини ўз ҳолича, айнан қоҚозга тушириб қўйган эдим. Орадан анча ўтгач, ўқиб қарасам, бу ёзувлар кўзимга тўтиёдек кўринди».

    ✔ 8    🕔 11:59, 21.09.2017
  • ОНАМ

    ОНАМ

    Ташвишларга тўла ҳаёт одамни чарчатади. Киши баъзида дам олгиси келиб, тоғ бағригами, дарё бўйигами чиқишни истаб қолади. Ўзи охирги пайтларда иш билан бўлиб, оиламга тузукроқ вақт ажратолмай қолдим. Кўз олдимга фарзандларимни келтирдим ва ўзимдан, эътиборсизлигимдан бироз хижолат тортиб қолдим.

    ✔ 65    🕔 10:29, 08.09.2017
  • БОБОНИНГ САБОҒИ

    БОБОНИНГ САБОҒИ

    Қишлоғимизнинг кираверишидаги катта тутзор барча болаларнинг ўйин майдончаси эди. Болалар билан «Бекинмачоқ», «Ўртага тушар», «Чиллак», «Чим» каби ўйинларни ўйнаб кун кеч бўлганини сезмай қолардик. Қош қорайиб, оналаримиз қўлида хивчин кўтариб келмагунича тарқалмасдик. Ўзим ҳар гал уйга қочиб бориб, отамнинг пинжига кириб хивчиндан қутулиб қолардим. Эртаси куни яна шу аҳвол...

    ✔ 43    🕔 10:29, 08.09.2017
  • ҚЎРҚУВ

    ҚЎРҚУВ

    Виктор ГЮГО

    Франциядаги сиёсий тузумни ағдариб, ҳокимият бошига келишни ўзига мақсад қилган бир неча қарама-қарши гуруҳлар бутун Парижни қамал қилган.

    ✔ 43    🕔 10:28, 08.09.2017
Ҳаммасини кўриш 

Галерия

Фойдали манбаалар