Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ОНАЛАР ЙЎЛ ҚЎЯЁТГАН ХАТО

бола ҳаётини хатарда қолдирмоқда

Яқинда болалар шифохонасида нохуш воқеага гувоҳ бўлдим. Йигирма ёшлар чамаси бир аёл боласини кўтариб, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига югуриб келди. Шифокорлар болани жонлантириш бўлимига олиб киришди ва ўн дақиқага қолмай, қайтиб чиқишди... Бутун шифохонани ёш онанинг фарёди тутди...

ОНАЛАР ЙЎЛ ҚЎЯЁТГАН ХАТО

Маълум бўлишича, эндигина уч ойлик бўлган чақалоқ, бир неча кун бурун шамоллаган. Қайнона болани ўзича муолажа қилган. Гўдакнинг ҳарорати ўттиз тўққиз даражагача кўтарилганда ҳам, аёл уни қайнонасидан ўрганган «билим»ига таяниб, туширишга уринган. «Гап»га кетган қайнона келинининг қўнғироғига: «Ҳозир етиб бораман», дея жавоб берган. Боласининг аҳволи оғирлашавергач, аёл қўшнисини чақирган ва шундан сўнггина тез ёрдамга қўнғироқ қилишган... Нега вақтлироқ чақирмагани сўралганда, ёш она ҳатто тез ёрдамнинг телефон рақамини билмаслигини айтади...

Ҳаётда учраб турадиган нохуш воқеа. Аммо унинг замирида бугун жамиятимизда учраётган ўткир муаммолар илдизи жойлашган. «Бугун фарзанд кўраётган ёш оналар уларни тарбиялаб, катта қилишга қанчалик салоҳиятли? Онанинг билими, дунёқараши болани ҳам жисмонан, ҳам руҳан тарбиялашга етадими?» каби аччиқ саволларни ўртага қўяди.

Фарзанди дунёга келганда аёл нақадар бахтиёр бўлади. Бутун орзу-умидини, меҳр-муҳаббатини унга бағишлайди, ғамхўрлик қилади. Аммо билимсизлиги, гўллиги сабаб фарзандининг митти вужудини азобда қолдираётган оналар нега орамизда ҳамон учрамоқда?

Кўп кузатаман, ёш оналар боласи безовта бўлса, кўп йиғласа, дарров онасига ёки қайнонасига мурожаат қилади. Улар эса «тезда шифокорни чақир» дейишмайди. Аксинча: «Бола йиғлаб-йиғлаб катта бўлади», «Қорни очгандир...», «Иссиқроқ ўраб қўй», қабилида ўз «ташхис»ини қўяди. Кўплаб ёш оналар бола парваришини мана шу тарзда ўрганади. Натижада юқоридагига ўхшаш кўнгилсизликлар ҳам юзага келиши мумкин. Бундай ҳолатга тушган аёлларнинг иқрори ҳам қизиқ: бола катта қилиш осон эмас. Қийинчиликлар ўзида билим ва кўникмаларнинг етарли эмаслиги, бола парваришида хатога йўл қўяётгани туфайли келиб чиқишини ўйлаб ҳам кўришмайди.

Бебаҳо неъматни қизғаниб...

— Шифохонамизга олиб келинадиган аксарият беморлар ўз вақтида зарур ёрдам берилмагани сабаб касаллиги зўрайиб кетган болалардир, — дея куюнчаклик билан сўз бошлади Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази етакчи илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори, педиатр шифокор Инобат АҲМЕДОВА. — Сизга оналар йўл қўяётган хатоларнинг қайси бирини айтсам экан?! Айримлари болани тўғри парвариш қилиш тугул, ҳатто, қайси пайтда қандай кийим кийдиришни, таглигини қанча вақтда алмаштиришни, қачон ва қандай чўмилтириш кераклигини ҳам тузукроқ билишмайди.

Аввало, ҳомиладорлик даврида аёлнинг тўла соғлом бўлмаслиги ёки шифокор тавсияларига амал қилмаслиги натижасида бола носоғлом туғилиши мумкин ва бу кечириб бўлмайдиган хатодир. Ҳар гал мавриди келганда, буни айтишдан чарчамайман, чақалоқлар бош мия асаб тизимининг перинатал шикастланиши каби касалликлар билан туғилишига сабаб айнан, ҳомиладорлик даврида аёлнинг асабийлашиши, сиқилишидир. Ҳар бир ҳомиладор аёл алоҳида ғамхўрлик ва парваришга муҳтож.

Гўдакни она сутидан эрта айириш ёки умуман эмизмаслик боладаги кўпгина касалликларнинг бош омили саналади. Бунинг оқибатида болага турли қўшимча озиқ-овқатлардан аллергия, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши, ­иммун тизимининг заифлашиши, вазннинг меъёрдан камайиши каби ҳолатлар келиб чиқади. Иммунитети паст бола эса шамоллаш ёки бошқа юқумли касалликка чалинувчан бўлади ва тузалиши қийин кечади. Бола учун энг бебаҳо неъмат — она сути. Ундан маҳрум этишга онанинг ҳаққи йўқ.

Боланинг тўғри ривожланишига тўсқинлик қиладиган яна бир ҳолат — гўдакнинг бешикда кўп ётиши. Қоронғи хонада, пардалар ортига қуёш нуридан тўсиб қўйилган боланинг суяк тизимида жиддий нуқсонлар юзага келиши мумкин. Узоқ вақт ҳаракатсиз ётган чақалоқнинг қон айланиш тизимида ва овқат ҳазм қилишида ҳам муаммолар пайдо бўлади. Болани қаттиқ танғиб йўргаклаш ҳам худди шу муаммога дучор қилади. Буни кўпчилик ёш аёллар, баъзи қайноналар ҳалигача англаб етгани йўқ.

Тиши чиқаётган боладаги ўзгариш

— Яқинда бувиси қўй ёғи едирган икки ойлик болани олиб келишди, — дейди пойтахтимиздаги 5-сонли юқумли касалликлар шифохонаси ўткир диарея бўлими олий тоифали шифокори Умарали МАҲМУДОВ. — Болага муолажа қилар эканман, тўғриси, бундай калтабинлик билан қилинган ишдан жаҳлим чиқди. Эндигина ривожланишни бошлаган ошқозон-ичак тизими бундай кучли маҳсулотни ҳазм қилолмай, боланинг аҳволини оғирлаштирган. Бунинг устига, унинг яқинлари ўз вақтида шифокорни чақирмай, вақтни чўзган. Тинмай қайт қилганидан қон босими тушиб кетган гўдакни зўрға ҳаётга қайтардик.

Болани тўғри овқатлантириш унинг ўсиб-улғайиши учун энг зарур эҳтиёж. Бу тизим бузилдими, кўнгилсизликлар ҳам бошланади. Айниқса, чекка туманларда гўдакка сигир сути бериб, касал қилиб қўйиш тез-тез кузатилади. Оқибатда, лактоза моддасини ҳазм қилолмай ичагида ва ҳатто, томоғида аллергия юзага келган бемор болалар кўп учрайди.

Кўпинча олдимга етти-саккиз ойлик болаларни диареянинг оғирлашган даражасида олиб келишади. Сабабини сўрасам, аксарият оналар «Боламнинг шунчаки тиши чиқаётгани учун ичи кетяпти, деб ўйлабман», деган жавобни эшитаман. Тиши чиқаётган болада бу каби ҳолат кузатилмайди. Шунчаки, тишлари ёриб чиқаётган боланинг, табиийки, милклари қичишади ва оғзига ҳамма нарсани солаверади. Натижада зарарли бактериялар боланинг ичига тушиб, ўткир диареяга олиб келади.

Ёш оналар-ку майли, ҳатто, кўпни кўрган онахонлар ҳам саломатликнинг оддий қоидаларини билмаганини қандай тушунтиришни ҳам, уларга хатосини қандай уқтиришни ҳам билмай қоламан баъзан.

Ҳомилага эртак айтинг

Тошкент молия институтининг 3-босқичида таҳсил олаётган Мирвоҳид Аҳмедов кириш имтиҳонида 201,3 балл тўплаган. У математик ҳисоб-китобда болалагиданоқ фавқулодда қобилиятли эди. Мактабда ўқиган кезлариданоқ Мирвоҳид тенгдошларидан фарқли ҳолда катта рақамлардан тузилган математик амалларни ҳам қоғоз-ручкасиз, оғзаки ҳисоблай оларди. Бундай қобилият, унда, эҳтимол, онаси Инобат опа докторлик диссертациясини ҳомиладорлик пайтида ёзгани, бир неча ой тинмай ҳисоб-китоб ишлари билан машғул бўлгани боис пайдо бўлгандир...

Боланинг ҳомила давридаёқ тарбия қилиш кераклиги фанда исботланган, — дейди болалар психологи Гулруҳ ­ХОЛИҚОВА. — Ҳомиладор аёлга болангиз билан гаплашинг, икки ойлигидаёқ унга эртак ўқиб беринг, сокин мусиқалар тингланг, десам, ҳайрон қолишади. Ҳомила икки ойлигида унинг мия тизими ривожланган бўлади. Китоб ўқиётгандаги маром ва ёқимли оҳанг, онанинг хуш кайфияти, атрофдагиларнинг илиқ муносабати бола асаб тизимига ниҳоятда катта таъсир кўрсатади.

Бола туғилгандан сўнг ҳам у билан ўйнаш, китоб ўқиб бериш, ёқимли мусиқалар эшиттириш керак. Алланинг азал-азалдан улуғлангани бежиз эмас. Ҳомиладор аёлнинг ҳам, чақалоқнинг ҳам олдида тортишмаслик, бақир-чақир қилмаслик лозим.

Биргаликда ечим топиш керак

— Онам доим ишда бўлгани боис у билан суҳбатлашишга имкон бўлмасди, — дейди Нигора исмли аёл. — Шу боис бола парвариши ҳақида менга ҳеч ким ўргатмаган. Биринчи фарзандим жуда нимжон туғилди. Тоғли ҳудудда яшаймиз. Қиш кунларидан бирида болам шамоллаб қолди. Қайнонам унинг баданини ёғлаб, бешигини сандалда иситиб, белагач, бешик устига кўрпача (!) ёпиб қўйди. Ҳаво совуқ бўлгани учун мен бешикни сандалга яқинроқ қўйдим. Саҳар пайти очиб қарасам...

Шифокорнинг айтишича, боламнинг иситмаси кўтарилган, бешикдаги иссиқ, димиққан ҳарорат ва қўл-оёғининг қаттиқ танғиб боғлангани унинг аҳволини оғирлаштирган. Бешик ўраб ташлангани боис йиғлаганини ҳам эшитмаган бўлсам керак...

Болаларнинг жисмонан ва маънан соғлом бўлиб улғайиши — миллат келажагига дахлдор масала. Мамлакатимизда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятини яхшилаш, ҳар бир хонадондан бохабар бўлиш масаласига давлат раҳбарининг шахсан ўзи эътибор қаратаётгани боиси ҳам шунда. Бироқ аввало, ҳар бир кишининг ўзида, айниқса, бўлғуси оналар ҳисобланмиш қизларда маънавий ва тиббий саводхонлик шаклланиши керак. Уларни оилага ва оналикка тайёрлаш масаласини фақат ота-онасига ишониб топшириб бўлмаслигини юқоридаги ҳолатлар кўрсатиб турибди.

Шу ўринда савол туғилади: қизларни оилага ва оналикка ҳар томонлама тайёрлаш борасида таълим муассасаларида ўқув дастурлари борми?

 — «Ўғил болани ўқитган бир кишини тарбияласа, қиз болани ўқитган миллатни тарбиялайди», деган нақл бежиз айтилмаган, — дейди Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицейнинг «Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик» фани ўқитувчиси Одил ҚУЛМУРОДОВ. — 2016-2017 ўқув йилидан бошлаб «Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик» фани доирасида юқори босқич ўқувчи-қизлари учун 60 соатлик «Ҳаёт ва турмуш одоби» курси жорий этилди. Ушбу курс ўқувчи-қизларни оилага ҳар томонлама тайёрлашни мақсад қилган. Ўқув дастури таркибида қизларни оналикка тайёрлаш учун тавсиялар ҳам бор. Бу курс учинчи босқич биринчи семестрдан бошлаб, яъни «Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги», «Фуқаро муҳофазаси», «Тиббий билим асослари» фанларидан сўнг ўқитилади. Аммо бу билан тизим кўнгилдагидек, деб мақтамоқчи эмасман. Малакали педагог кадрлар, яхши савиядаги ўқув адабиётлари ва услубий қўлланмаларга эҳтиёж юқори.

Соғлом ва бахтли келажак учун

...Бемор болани кўрганда ҳар қандай одамнинг дили вайрон бўлади. Бола касал бўлса, оилада ҳамманинг хотиржамлиги, ҳаловати йўқолади. Соғлом ва зукко болажонлар бир кун келиб, нафақат ота-онаси, оиласининг, балки бутун халқининг ишонган тоғига айланиши мумкин. Соғлом ва бахтли келажак учун қайғуришни эса бўлғуси оналар — қизлар саломатлигини ҳимоя қилиш, уларнинг билим ва савиясини оширишдан бошлаш керак.

Раҳматилла РУСТАМОВ,

Ўрта махсус касб-ҳунар таълим маркази бошқарма бошлиғи ўринбосари

— Бугунги кунда ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитилаётган «Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик» фани таркибида қизлар учун алоҳида ўқитилаётган «Ҳаёт ва турмуш одоби» бўлими ўз ичига ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида кўплаб мавзуларни қамраб олган. Масалан, бўлимнинг «Янги меҳмон» қисми оналик тушунчаси, фарзанд парвариши ва тарбияси, болани мактабга тайёрлаш каби мавзулардан таркиб топган.

Президентимизнинг 2017 йил 18 майдаги «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича Республика комиссиясини тузиш тўғрисида»ги фармойишида: «...ўқувчи ёшларнинг, айниқса, қизларнинг касб-ҳунар эгаллашида уларнинг келажак ҳаёти, оила қуриши, рўзғор юритиши, фарзандини соғлом қилиб вояга етказиши каби ўта муҳим бўлган билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган таълим дастурини жорий қилиш» масаласи алоҳида таъкидланган. Биз бу борада тажрибали мутахассисларни жалб қилган ҳолда алоҳида таълим дастурини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш ишларини олиб боряпмиз.

Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ БОРАСИДА ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН  КАМЧИЛИКЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ БОРАСИДА ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН  КАМЧИЛИКЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

🕔12:44, 23.11.2017 ✔3

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 20 ноябрь куни жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Батафсил
БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН МАЪНАВИЯТ

БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН МАЪНАВИЯТ

🕔11:58, 16.11.2017 ✔63

Кекса қўшни момо пойтахтдан жиянимга олиб берган «Шум бола» китобидан неварасига ҳам олиб келишимни илтимос қилиб, қўлимга пул тутқазди. Унинг айтишича, бутун бошли туманимиздаги биттаю-битта китоб дўконида у ниҳоятда қиммат экан. Ёлғиз набираси билан ўртамиёна кун кечираётган онахон учун набираси айтган китобни бироз арзонга харид қилиш ҳарна-да!..

Батафсил
«У ОЛДИН ТЎЛА ДЕЙДИ, МЕН ЭСА АВВАЛ ТАЪМИРЛА ДЕЙМАН...»

«У ОЛДИН ТЎЛА ДЕЙДИ, МЕН ЭСА АВВАЛ ТАЪМИРЛА ДЕЙМАН...»

🕔16:28, 09.11.2017 ✔104

Уй-жой мулкдорлари ширкатининг самарали ишлаши кимга боғлиқ?

Кўп қаватли уйда яшайдиган киши борки, баъзан «дом»да чироқ ўчиб қолиши, сув қувури ёрилиши ёки ундан сув томиши, ёғин-сочинли кунларда эса томдан чакка ўтиши сингари муаммоларга дуч келади. Айниқса, салқин кунлар яқинлашгани сари ширкатга мурожаат этувчилар кўпаяди. Шунда масалага вақтида ечим топилса-ку (аслида куз-қиш мавсумига тай­ёргарлик анча олдиндан бўлиши лозим) яхши, аммо ҳеч қандай натижа бўлмаса-чи?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ БОРАСИДА ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН  КАМЧИЛИКЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

    ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ БОРАСИДА ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН  КАМЧИЛИКЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 20 ноябрь куни жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

    ✔ 3    🕔 12:44, 23.11.2017
  • БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН МАЪНАВИЯТ

    БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН МАЪНАВИЯТ

    Кекса қўшни момо пойтахтдан жиянимга олиб берган «Шум бола» китобидан неварасига ҳам олиб келишимни илтимос қилиб, қўлимга пул тутқазди. Унинг айтишича, бутун бошли туманимиздаги биттаю-битта китоб дўконида у ниҳоятда қиммат экан. Ёлғиз набираси билан ўртамиёна кун кечираётган онахон учун набираси айтган китобни бироз арзонга харид қилиш ҳарна-да!..

    ✔ 63    🕔 11:58, 16.11.2017
  • «У ОЛДИН ТЎЛА ДЕЙДИ, МЕН ЭСА АВВАЛ ТАЪМИРЛА ДЕЙМАН...»

    «У ОЛДИН ТЎЛА ДЕЙДИ, МЕН ЭСА АВВАЛ ТАЪМИРЛА ДЕЙМАН...»

    Уй-жой мулкдорлари ширкатининг самарали ишлаши кимга боғлиқ?

    Кўп қаватли уйда яшайдиган киши борки, баъзан «дом»да чироқ ўчиб қолиши, сув қувури ёрилиши ёки ундан сув томиши, ёғин-сочинли кунларда эса томдан чакка ўтиши сингари муаммоларга дуч келади. Айниқса, салқин кунлар яқинлашгани сари ширкатга мурожаат этувчилар кўпаяди. Шунда масалага вақтида ечим топилса-ку (аслида куз-қиш мавсумига тай­ёргарлик анча олдиндан бўлиши лозим) яхши, аммо ҳеч қандай натижа бўлмаса-чи?

    ✔ 104    🕔 16:28, 09.11.2017
  • ИҚТИДОР КЎП — МАКТАБ КАМ

    ИҚТИДОР КЎП — МАКТАБ КАМ

    Ёшларни мусиқа ва санъатдан нима йироқлаштирмоқда?

    «Фарзандим ашула айтишга қизиқади, ширали овози бор. Бироқ мусиқа ва санъат мактаби уйимиздан анча олисда. Шу боис уни ўша мактабга юбора олмадик. Туманимизда эса мусиқа ва санъатга ихтисослашган бошқа мактаб йўқ. Бу биргина мени эмас, кўпчилик ота-онани қийнамоқда. Биз ҳам фарзандимиз ўзи хоҳлаган машғулот билан шуғулланиб, келажакда улкан ютуқларга эришишини истаймиз...»

    ✔ 118    🕔 18:00, 02.11.2017
  • ОҚИБАТИ ОҒИР, САБАБИ ЯНАДА АЯНЧЛИ

    ОҚИБАТИ ОҒИР, САБАБИ ЯНАДА АЯНЧЛИ

    Бир-бирининг жонига суиқасд қилиш жинояти нега кўпаймоқда?

    Кристина эндигина тўққиз ёшга тўлганига қарамай, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб улгурди. Отаси ташлаб кетгани етмаганидай, ичкиликка ружу қўйган бағритош онаси ҳам бор бисотини еб-ичиб тугатди. Охир-оқибат, икки норасида, вояга етмаган фарзандини ташлаб, қўшни давлатга чиқиб кетди.

    ✔ 131    🕔 12:40, 26.10.2017
Ҳаммасини кўриш 

Галерия

Фойдали манбаалар