Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ЛОҚАЙДЛИКДАН ЕМИРИЛАЁТГАН ТОҒЛАР

ёхуд яшаш завқи, ҳаёт гўзаллигидан бебаҳралик оқибатлари

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунёда ҳар қирқ сонияда бир киши ўз жонига қасд қилади. Улар орасида инсоният наслининг давомчилари бўлган аёлларнинг борлиги жуда аянчли. Аёл — оиланинг мадори. Фарзандлар туғилганидан бошлаб онага суянади. Она улар учун чинакам ватан. Эркакнинг ҳам бу ёруғ дунёдаги рўшноси — аёл. Эркак кези келганда, шу ожизага суяниб яшайди.

ЛОҚАЙДЛИКДАН ЕМИРИЛАЁТГАН ТОҒЛАР

Ҳар бир инсон ҳаётда кимгадир кераклигини ҳис қилиб ҳаёт кечирар экан, демак, унинг яшашдан илинжи бор. Акс ҳолда, ҳаёти зулматга айланиб, умри заволга юз тутади.

Турмушнинг кундалик ташвишлари таъсирида ўйламай қабул қилинган бир лаҳзалик қарор. Оний бесаранжом кайфият. Руҳиятдаги кескин зиддият. Яқинларидан етарли даражада руҳий-маънавий кўмак топа билмаслик... Бу каби ҳолатлар баъзи бир юртдошларимизни қалтис йўл тутиб, ўз ҳаётига ўзи зомин бўлишига сабаб бўляпти. Маълумотлар ўрганилганда республикамиз ҳудудлари орасида Тошкент вилояти шаҳар ва туманларида бундай ҳолатлар нисбатан кўпроқ содир этилаётганини кўрсатмоқда. Бу масала нафақат бир шахс, бир оила, балки маҳалла, жамият учун ҳалокатлидир.

Бугун куни ўтмай қолган рўзғор йўқ. Том маънода «Еганимиз олдимизда, емаганимиз ортда» замонда яшаяпмиз. Мана шундай бир даврда нима сабабдан баъзи аёллар бу қабиҳ ишга қўл уряпти? Уларни қийнаётган муаммо нимадан иборат? Миллатнинг давомчилари, тарбиячи ва меҳрибонлари ҳисобланган опа-сингилларимиз, қизларимизнинг ўз ҳаётидан рози ва мамнун яшамоғи учун бугун ҳар биримиз нима қилмоғимиз зарур?

Тошкент вилоятининг айрим туманларида бўлиб, бу каби ўткир саволларга жавоб ва ечим изладик.

Ошга оғу тушгач...

Суйгуна интернетдаги беҳаё саҳифалардан бирига ўзи ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилганини эшитиб, ноқулай аҳволга тушиб қолди. Ўша бемаза сайтни топиб, унда ўзининг сурати, телефон рақами ҳамда шахсиятига номуносиб сўзларни ўқидию, эс-ҳушини буткул йўқотди.

«Энди қандай бош кўтариб юраман?», деган ўй унга тинчлик бермасди. «Ҳамма мени ёмон қиз, деб ўйлайди. Шарманда бўлдим...»

Суйгуна Саноқулова 1999 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Зиёли хонадоннинг ўртанча фарзанди. Тиришқоқлиги, хулқ-атвори билан маҳалла-кўй ҳамда устозлари эътирофига сазовор бўлган. Ҳозирда ... касб-ҳунар коллежининг 2-курс ўқувчиси.

Суйгунанинг ўзи бу ҳақда шундай ҳикоя қилади.

«Ўшанда курсдошларим интернетга сенинг суратингни қўйишибди, дейишди. Олдинига ишонмадим. Кейин ўзим текшириб кўрсам, рост экан...»

Ҳа, кимдир Суйгунанинг сурати ва телефон рақамини интернетга жойлаштириб, афтидан, ҳазиллашмоқчи бўлган. Лекин шу кимса биргина кичик ҳазил бир инсон ҳаётини қанчалик издан чиқариб юбориши мумкинлигини ўйлаб кўрдимикан?..

«Шундан сўнг кайфиятим тушиб, ўзимни ёмон ҳис қила бошладим, — деб эслайди Суйгуна кўз ёш билан. — Нима қилишни билмасдим. Расм ва маълумотларни ўчирай десам, қўлимдан ҳеч нарса келмади.

Орадан бир кун ўтиб, бегона рақамдан менга қўнғироқ бўлди. Нотаниш овоз эгаси мен билан танишмоқчилигини айтди. Мен унга англашилмовчилик бўлганини билдириб, вазиятни тушунтирдим. Аммо у менинг гапларимга ишониш ўрнига мени таҳқирлайдиган гаплар айтиб, ҳақорат қилди.  Ўзимни тутолмай, йиғлаб юбордим...

Бу ҳақда биринчи бўлиб опамга айтдим. У менга тўғри йўл-йўриқ кўрсатди. Туман ички ишлар бўлимига бориб, шу иш юзасидан ариза бердик. Улар тез орада менга ёрдам берилишини ваъда қилишди. Телефон рақамимни эса вақтинча ишлатмай туришга қарор қилдим.  

Орадан чамаси бир ҳафта ўтгач, рақамимни яна ишлата бошладим. Лекин ўша куни кечаси менга қилинган қўнғироқ ва айтилган гаплардан гангиб қолдим...»

Суйгуна эртаси куни коллежга ҳам боролмади. Ота-онасига гапнинг тўғрисини айтиб, улардан маслаҳат сўрашга ийманарди. Шунинг учун «мазам бўлмаяпти», деганча ёстиқдан бош кўтармай ётаверди.

Тушликдан сўнг яна қўнғироқ бўлди. Яна олдинги гаплар такрорланди.

Суйгунани гўёки ҳамма бузуқ ва беор кимса, деб ҳисоблаётгандай эди.

«Ўша куни мен одатдагидек ишда эдим, — деб эслайди Суйгунанинг онаси Ўғилой опа. — Кенжа қизим телефон қилиб, Суйгунанинг тоби қочганини айтди. Уйга тез етиб бордим. Қизим тоби қочганидан ўзини билмай қолиб, уйдаги дориларнинг ҳаммасини ичиб қўйган экан...»

 ...Суйгунанинг бир дунё орзу-умидлари бор эди. Коллежни тугатгач, ўқишга кирмоқчи, устозларига ҳавас қилиб, ўқитувчи бўлмоқчи, болажонларга таълим-тарбия бермоқчи эди. Ҳаётида ўзининг ихтиёрисиз юз берган биргина воқеа умрини фожиага айлантирди.

Номус — ўлимдан қаттиқ, дейишади. Номусга қолиб, бу таҳқирга тоб беролмаган жабрдийданинг ҳолатини ёқлаш ёки ҳар қандай мушкулотдан чиқиб кетиш учун мустаҳкам ирода топа олмаган бечорани айблаш фикридан йироқмиз. Далил шуки, кўз олдимизда, ёнгинамизда бир инсон руҳан эзилиб, ўз дардига дармон топа олмай, ҳаётига сўнгги нуқтани қўйишгача етиб борди.

Бугун миллионлаб фарзандларимиз қийин вазиятда қолганида Суйгунага айланмаслиги, у каби йўл тутмаслиги учун сизу биз нима қилмоғимиз керак?        

Насиба ­ҒАФУРОВА, Оҳангарон тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси:

— Оилада ота-она билан фарзанд ўртасидаги масофани яқинлаштириш зарур. Айниқса, она ва қиз ўртасида самимий мулоқот, сирдошлик, маслаҳатгўйлик, суянчиқлик ва дилдошлик каби омилларга эҳтиёж жуда катта. Она қизининг ҳолати, кўз қарашлари, юриш-туриши, ўзини тутишидан унинг маънавий-руҳий дунёсини кўра олмаса, унга ўз вақтида етарли ёрдам бера олмаса, катта фалокатлар юзага келиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Биз бугун таълим муассасаси ва маҳалла зиммасига катта масъулиятларни ортяпмиз. Аммо фарзанд асосий вақтини уйда, ота-она бағрида ўтказади.  Афсуски, ота-она ўз фарзандига лоқайд, унинг муаммоларига эътиборсиз бўлар экан, фарзанд бундай тушкунликдан ўзи йўл топиб чиқиб кетиши қийин.

Аёл дилидаги дард

«Болалигимда ўзимни касалга солиб олишни яхши кўрардим, — дейди Тошкент вилояти Ангрен туманида истиқомат қилувчи Дилобар Шоғозиева. — Шундай қилмасам, уйдагилар менга алоҳида меҳр, эътибор кўрсатишмасди-да. Касал бўлганимда истаган нарсамни муҳайё қилиб беришар, ҳамма менга эътибор қаратар, айланиб-ўргилишарди. Бошқа пайтлари яқинларимнинг меҳрини тополмасдим...»

Атрофдагиларнинг эътибори ва меҳр-муҳаббатига бўлган катта эҳтиёж  аслида инсонни умр бўйи тарк этмайди. Айниқса, аёлларда бу ҳолат янада кескинроқ тус олади. Шундай пайтларда бу тушкунликка нуқта қўйиш учун аёл ҳар қандай вазиятга рози бўлади. Бир лаҳзада ўйламай қарор чиқаради ва шу қарорини амалга оширишга киришади. Яқинларининг меҳри-эътиборидан четда қолишни аёл ўзи учун жуда катта фожиа деб ҳисоблайди.       

Мана сизга бир мисол.

              тумани «          » МФЙ             кўчаси    -уйда   яшовчи Ҳурлиқо Саидғаниева шу йилнинг 14 февраль куни соат тунги учлар атрофида туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб борилди. Текширувларда аниқланишича, аёлнинг умуртқа ва сон суяклари синган. Жароҳат сабабини бемор «дераза ойнасини артаётганда эҳтиётсизлик туфайли  учинчи қаватдан қулаб тушиш», деб изоҳлаган.

Ҳурлиқо Саидғаниева тўққиз йилдан бери турмуш ўртоғи Турсун Саидғаниев билан бирга яшаб келади. Уч нафар фарзанди бор. Қўшниларнинг гувоҳлик беришича, улар ҳамиша аҳил яшашган. Ўртада бирон можаро чиққанини ҳеч ким кузатмаган. Турсунбой тумандаги ташкилотлардан бирида қоровуллик қилади. Ҳурлиқо эса уйда, фарзандлар тарбияси билан банд. 

Бемор билан суҳбатлашган масъуллар ва ҳол сўраб келганларга аёл бир хил жавоб берган. «Эҳтиётсизлик туфайли йиқилиб тушдим…» Маҳалла фуқаролар йиғини, туман хотин-қизлар қўмитаси, тегишли органлар мана шу жавоб билан кифояланишган. Лекин қиш маҳали ярим кечада ойна тозалаш ақл ва мантиққа тўғри келмаслиги ҳеч кимни ажаблантирмаган.

Ҳурлиқо ўттиз ёшда. Умрининг айни гуллаган палласида. Шундай пайтда ярим кечасидаги «кутилмаган эҳтиётсизлик» унинг ҳаёти учун муносиб ҳолатмикан? Ҳурлиқо бир оиланинг шамчироғи, бир хонадоннинг суюкли бекаси, шириндан-шакар уч нафар фарзанднинг суюкли онаси эканини инобатга олсак, ўша «эҳтиётсизлик» содир этилишидан олдин унинг ҳаётида бир қадар мураккаб жараёнлар кечгани аёнлашади.

Воқеа содир бўлганидан икки ҳафта ўтгач, олиб борилган суриштирув ишларидан сўнг беморнинг турмуш ўртоғи Турсун Саидғаниев кўрсатма берган. Маълум бўлишича, ўша кечаси эр уйига жуда кеч қайтган. Асаблари жойида бўлмаган. Чарчаб келгани учунми, аёлининг бир оғиз гапи ҳам унга ортиқчалик қилган.

«Мени тинч қўй! Йўқол кўзимдан!..»

Бу гаплар турмуш ўртоғига шу қадар оғир ботишини эр ўйлаб ҳам кўрмаган. Аёл эса ўзининг кераксизлигини ҳис қилгач, учинчи қаватнинг деразасидан ўзини ташлаган...

Мана, воқеанинг асл ҳақиқати. Яна ҳақиқат шуки, Турсун Саидғаниевнинг ҳар доим уйига кеч қайтиши, ҳатто ойлаб оиласи, фарзандлари билан бир дастурхон атрофида ўтириб овқатланмаслиги, доимо ошна-оғайнилари билан маишат қилиб юриши, умид билан бир ёстиққа бош қўйган аёлининг кўнглига қўл солиб кўрмаслиги, унинг руҳий-маънавий, жисмоний эҳтиёжларига беписандлик билан қараб келиши ярим тунда Ҳурлиқони қалтис қарор қабул қилишга ундаган бўлса, ажаб эмас...

Бугун аёл ҳали тўлиқ тузалиб кетганича йўқ. Ота-онасининг уйида парвариш қилиняпти. Суҳбатлашсангиз, бирон марта эрини ёмон демайди. «Шунақа бўлиб қолди-да...», дейди маъюслик билан.

Ҳа, ўзини кераксиз ва ҳақоратланган ҳис қилиб, ғазаби қайнаган аёлнинг кўзига ҳатто, уч нафар норасидаси ҳам кўрингани йўқ. Ҳеч кимга кераги бўлмагач, бир лаҳзада бу дунёни тарк этиш йўлини тутди. ­Бу аёл қалбида йиллар давомида тўпланиб ётган аламларнинг аянчли оқибати эди. 

Шоира ­ИСОҚОВА, психолог:

— Баъзан кимнидир жазолаш учун инсон ўз умрини хазон қилади. Бундай ёндашув тўғри эмас. Гоҳида инсон фақатгина салбий фикрлар исканжасида бўлиб, онг торайиши юз беради. Шундай пайтда ўзини қийнаётган муаммоларни қоғозга ёзиб кўрса, улар сиқилишга арзимайдиган даражадаги учта-тўртта майда масалалар экани маълум бўлади.

Салбий нарсаларни кўп гапириш, эслатиш онг остига сингиб қолади ва унинг аянчли оқибати бир куни қалқиб чиқади. Унинг ўрнига ҳаётга қизиқтирувчи, яшаш завқини кучайтирувчи ғоялар бериш кўпроқ фойдали. Инсон ҳар бир кунидан мамнун бўла олишга сабаблар қидириб яшаши зарур.

Мавҳум сабаблар...

                  лик Маъсуда Абдуазимова умид билан ­дунё­га келтирган ёлғиз фарзанди, кўнгил қўйиб танлаган умр йўлдоши, мушфиқ ота-онаси ва яқинларини йигирма саккиз ёшида доғда қолдириб кетди. Бу оғир жудоликни кўтаролмаган онаси қаддини кўтаролмай қолди. Ота эса маҳалла-кўйга аралашмайдиган, одамови кишига айланди.

Валижон Абдуазимов турмуш ўртоғини йўқотгач, оғир руҳий тушкунликни бошдан ўтказди. Норасида фарзанд эса она меҳрисиз қанчалик қаттиқ жабр кўраётганини фақатгина кўз ёшлари орқали ифода қилади, холос.

Бу хонадоннинг ярасини тирнаб қўймаслик учун ўзларини алоҳида саволга тутмадик. Қўни-қўшнилари билан гаплашганимизда ҳамма уларни ҳеч нарсадан муаммоси йўқ, ҳамма ҳавас қиладиган оила бўлганини айтишди. Келинчак бирон марта ҳаётидан, турмушидан нолимаган. Ҳамма қатори, ўйнаб-кулиб яшаб юрган. Лекин кутилмаганда оиласини кўтариб бўлмас мусибатда қолдириб, нима сабабдан бўйнига сиртмоқ солганини ўзи билан олиб кетган...

Балки ҳаётидаги айрим воқеа-ҳодисалар келинчакнинг руҳиятига таъсир ўтказгандир. У билан бир хонадонда яшаётганлар, ҳар куни кўришиб-суҳбатлашиб турадиганлар ундаги бундай ҳолатни пайқаши, озгина эътибор кўрсатиб, кўнглига қўл солиб кўриши лозим эмасмиди?

Хайрулла ТУРМАТОВ, Тошкент вилояти бош имом-хатиби:

— Инсоннинг умри, жони ва тана аъзолари Оллоҳ ато қилган омонатдир. Уларни эҳтиётлаш, асраб-авайлаш, парваришлашга буюрилганмиз.  Уларга ўз ихтиёри билан қасддан ҳалокат етказишга ҳеч ким ҳақли эмас. Чунки ояти каримага кўра, банда ўзини ўз қўли билан ҳалокатга ташламаслиги лозим.

Баъзан инсоннинг молу ­дунёси ва жонига хатар етказиш билан имтиҳон қилиб турилади. Синов-имтиҳонларга норози бўлиб, ўз жонига қасд қилса, бу бебаҳо ҳаёт неъматига ношукрликдир.

Айрим аёлларнинг ўз жонига қасд қилишига, аввало, ана шу ношукрлик, бесабрлик ва бадхулқ эр ҳам сабаб бўляпти. Ўрни келганда, беэътибор, зулмкор эрга, унинг қилмишларига сабр қилмоқ зарур. Ҳар қандай муаммо аста-секинлик билан ҳал бўлиб, ҳамма иш ўз изига тушиб кетади. Бесабрлик, ношукрлик, иродасизлик билан ҳаммасидан бир йўла қутуламан, деб ўз жонига қасд қилиш бу — муаммонинг ечими эмас, айни бошланишидир. Чунки ўз жонига қасд қилган аёлнинг эри, ота-онаси, яқинлари эл-юртда қандай бош кўтариб юради? Фарзандлари она меҳрига зор бўлиб кимнинг қўлида қолади? Ўзининг дунё-ю охирати нима бўлади?

Бу дунёдаги ўткинчи синов имтиҳонларга дош беролмаган кимса ҳаётини ҳам, яқинлари тақдирини ҳам, охиратини ҳам барбод қилади.

Муаммо ечими нима?

Тошкент вилояти шаҳар ва туманларида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳақидаги ҳужжатлар йиғмажилдида ким биландир уй-жой, мол-мулк можароси туфайли суиқасд уюштирганлар ҳақидаги маълумотларга дуч келдик. Афсуски, бундай ҳолатларнинг аксарияти ўта аянчли якун топган...

...Мавжуд ҳолатлар орасида турмуш ўртоғи, қайнонаси, овсини ёки бошқа яқинларига зарда қилиб, жонини хатарга ташлаганлар ҳам бор. Кимдандир қасд олиш илинжида мурғак гўдакларни бир умр меҳрсизлик гирдобида қолдириш онанинг иродасизлиги, сабрсизлиги ва ношукрлиги учун товон бўлиши адолатданмикан?

Ҳатто, яхшигина оила фарзанди бўлган еттинчи синф ўқувчисининг шундай хатарли ишга қўл урганини нима билан изоҳлаш мумкин?..

Жойларда бўлиб, масъул ва мутасаддилар билан суҳбатлашганимизда улардан деярли бир хил жавоб олдик: «тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, профилактик тадбирлар ўтказилмоқда». Лекин уларнинг самарадорлиги қай даражада? Нега бу салбий кўрсаткич сезиларли даражада камаймаган? Бундай саволларга эса тайинли жавоб ололмадик... Ҳатто бирон масъул: «бу ишда қайсидир маънода бизнинг ҳам камчилигимиз бор. Биз ҳар бир инсон қалбига чуқур кириб бора олмадик», деган гапни айтмади.

Далиллар шафқатсиз бўлади. Бу масаладаги ҳар бир кўрсаткич биргина аёл қисматини эмас, унинг ярим жон бўлиб қолган сўққабош умр йўлдоши, етимчага айланган фарзандлари, ор-номус ва иснод тамғаси урилган ота-онаси ва бошқа яқинларини яққол кўрсатиб турибди. Биттагина нохушлик ортига ўнлаб, юзлаб инсонларнинг аччиқ қисмати битилган. 

Эътибор яшашга ундайди

…«Тоғлар лоқайдликдан емирилади», деб ёзган эди шоир ва таржимон Матназар Абдулҳаким. Метин ва мустаҳкам тоғлар лоқайдлик сабабли пароканда бўлар экан, бир инсон қалбига қаратилган кичик бир эътиборсизлигимиз ёнимиздаги яқинларимиз ҳаётини ичдан емириб барбод қилиши ажабланарли эмас. Аслида эътибор, меҳр-муҳаббат, оқибат кўрсатиш пулга сотиб олинадиган нарсалар эмас. Лекин шу кўзга кўринмас ва кимлар учундир арзимас муносабатлар кимларнингдир умрига нуқта қўяётгани ҳақиқат.

Психологларнинг таъкидлашича, ёмонликни ҳатто, тилга ҳам олмаслик зарур. Акс ҳолда у яна бошқа ёмонликларга сабабчи бўлади. Биз мушоҳада қилаётган бу мавзуда сўз юритиш ҳам кимлар учундир ғалати туюлиши мумкин. Аммо бу ҳақда ҳеч ким гапирмаса, бу ҳолатнинг нақадар жиддий эканини оммага етказмаса, бундай нохуш ҳолатларнинг камайишига эришиб бўлмайди. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган нақл бежиз эмас, албатта. Ҳамма ишни ўзибўларчиликка ташлаб қўйиш, эътиборсизлик ва лоқайдлик эса катта фожиаларга асос бўлиши шубҳасиз. Самимий тушунтириш йўли билан ҳар бир инсоннинг кўнглига қўл солиб кўриш лоақал биргина инсонни яшашга бўлган иштиёқини оширса, бу бутун бир жамиятнинг бахтидир.    

Бир оғиз яхши сўз ҳам садақа ҳисобланади. Садақа улашиб мурувват кўрсатишни эса ўз оиламиз ва яқинларимиздан бошлашимиз лозим. Йиллар давомида мурувват топмаган аёлнинг аччиқ қисмати учун аслида ҳар биримиз ўзимизни айбдор ҳис қила олишимиз керак.              

Санобар ­АҲМАДЖОНОВА, меҳнат фахрийси:

— Менимча, баъзи аёлларимизга сабр-қаноат етишмаяпти. Мен етмиш уч йиллик ҳаётим давомида қанча-қанча оғир кунларнинг гувоҳи бўлдим. Қорнимиз зоғора нонга тўймаганда ҳам ирода мустаҳкам бўлган. Аёллар бирор кунидан нолимай, сабр ва шукр қилиб яшашган.

Аёл бу — она дегани. Онанинг эса ўзи учун яшашга ҳаққи йўқ. Ҳар қандай вазиятда ҳам фарзандини, оиласини ўйлаши керак. Шайтоннинг найрангларига алданиб, тушкунлик домига тушиб қолмаслиги зарур. Муаммони ундан ҳам каттароқ муаммо билан эмас, ақл, сабр-бардош, ирода ва маслаҳат билан ҳал қилиш керак. 

Доимо ҳалол меҳнат қилиб банд бўлса, орадан вақт ўтса, ҳар қандай муаммо ҳам ортга чекинади. Буни унутмаслик зарур.

Ғуломжон БОБОЖОНОВ,

«Оила даврасида» мухбири

P.S.: Мақола ҳаётимизда мавжуд далилларга асосланиб тай­ёрланди. Айрим шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказиб қўймаслик учун мақолада уларнинг исм-шарифлари ўзгартириб, яшаш манзиллари ва шахсияти ҳақидаги бошқа маълумотлар кўрсатилмасдан берилди.




Ўхшаш мақолалар

ТАЛАБАЛАР ТУРАР ЖОЙИ ДАХМАЗАСИ

ТАЛАБАЛАР ТУРАР ЖОЙИ ДАХМАЗАСИ

🕔12:09, 21.09.2017 ✔20

ёхуд кўчада қолдирилган ёшларга ким жавобгар?

Олийгоҳларга ўқишга кириб, талаба деган номга мушарраф бўлган узоқ ҳудудлардан келган аксарият талаба, биринчи навбатда, турар жойга эҳтиёж сезади. Бу улар учун сув ва ҳаводек зарур. Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги институту университетлардаги талабалар турар жойларида яратилган шароитлар киши ҳавасини келтиради. Шинам, замонавий. Лекин олий таълим муассасасининг ётоқхоналарида талабалар учун жой етарлими? Ётоқхонадан жой тегмаган ёшлар қаерда яшамоқда? Уларнинг ўқишдан ташқари ҳаёти кимнинг назоратида?

Батафсил
БОҒЧАГА ЙЎЛЛАНМА ОЛИШ

БОҒЧАГА ЙЎЛЛАНМА ОЛИШ

🕔14:05, 14.09.2017 ✔40

нега бунча қийин?

«Боламни боғчага беришим керак».

Бу фарзанди уч ёшга тўлган аксарият ота-онанинг дарду ташвиши. Албатта, боғчага борган бола кўп нарсани ўрганади, тенгқурларига нисбатан ҳар томонлама ривожланади, мактабга чиқишга тайёрланади. Шу боис боласини боғчага бериш истагидаги ота-она айни пайтда кўпаймоқда. Бироқ…

Батафсил
ЛОҚАЙДЛИКДАН ЕМИРИЛАЁТГАН ТОҒЛАР

ЛОҚАЙДЛИКДАН ЕМИРИЛАЁТГАН ТОҒЛАР

🕔13:43, 14.09.2017 ✔43

ёхуд яшаш завқи, ҳаёт гўзаллигидан бебаҳралик оқибатлари

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунёда ҳар қирқ сонияда бир киши ўз жонига қасд қилади. Улар орасида инсоният наслининг давомчилари бўлган аёлларнинг борлиги жуда аянчли. Аёл — оиланинг мадори. Фарзандлар туғилганидан бошлаб онага суянади. Она улар учун чинакам ватан. Эркакнинг ҳам бу ёруғ дунёдаги рўшноси — аёл. Эркак кези келганда, шу ожизага суяниб яшайди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ТАЛАБАЛАР ТУРАР ЖОЙИ ДАХМАЗАСИ

    ТАЛАБАЛАР ТУРАР ЖОЙИ ДАХМАЗАСИ

    ёхуд кўчада қолдирилган ёшларга ким жавобгар?

    Олийгоҳларга ўқишга кириб, талаба деган номга мушарраф бўлган узоқ ҳудудлардан келган аксарият талаба, биринчи навбатда, турар жойга эҳтиёж сезади. Бу улар учун сув ва ҳаводек зарур. Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги институту университетлардаги талабалар турар жойларида яратилган шароитлар киши ҳавасини келтиради. Шинам, замонавий. Лекин олий таълим муассасасининг ётоқхоналарида талабалар учун жой етарлими? Ётоқхонадан жой тегмаган ёшлар қаерда яшамоқда? Уларнинг ўқишдан ташқари ҳаёти кимнинг назоратида?

    ✔ 20    🕔 12:09, 21.09.2017
  • БОҒЧАГА ЙЎЛЛАНМА ОЛИШ

    БОҒЧАГА ЙЎЛЛАНМА ОЛИШ

    нега бунча қийин?

    «Боламни боғчага беришим керак».

    Бу фарзанди уч ёшга тўлган аксарият ота-онанинг дарду ташвиши. Албатта, боғчага борган бола кўп нарсани ўрганади, тенгқурларига нисбатан ҳар томонлама ривожланади, мактабга чиқишга тайёрланади. Шу боис боласини боғчага бериш истагидаги ота-она айни пайтда кўпаймоқда. Бироқ…

    ✔ 40    🕔 14:05, 14.09.2017
  • ЛОҚАЙДЛИКДАН ЕМИРИЛАЁТГАН ТОҒЛАР

    ЛОҚАЙДЛИКДАН ЕМИРИЛАЁТГАН ТОҒЛАР

    ёхуд яшаш завқи, ҳаёт гўзаллигидан бебаҳралик оқибатлари

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунёда ҳар қирқ сонияда бир киши ўз жонига қасд қилади. Улар орасида инсоният наслининг давомчилари бўлган аёлларнинг борлиги жуда аянчли. Аёл — оиланинг мадори. Фарзандлар туғилганидан бошлаб онага суянади. Она улар учун чинакам ватан. Эркакнинг ҳам бу ёруғ дунёдаги рўшноси — аёл. Эркак кези келганда, шу ожизага суяниб яшайди.

    ✔ 43    🕔 13:43, 14.09.2017
  • НАЗОРАТЧИГА НАЗОРАТЧИ КЕРАКМИ?

    НАЗОРАТЧИГА НАЗОРАТЧИ КЕРАКМИ?

    Ёхуд намунавий уйларнинг сифатсиз қурилишига сабаб нима?

    Кейинги йилларда халқимиз турмуш шароити яхшиланиб, шаҳар ва қишлоқ ўртасида фарқ қисқарди. 2009 йилдан буён қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қад ростлаб келаётган уйлар бунга исбот.

    ✔ 260    🕔 10:46, 08.09.2017
  • СУВ  КУНИГА  ИККИ СОАТ  КЕЛСА...

    СУВ  КУНИГА  ИККИ СОАТ  КЕЛСА...

    унга ўттиз кун учун пул тўлаш адолатданми?

    Тасаввур қилинг, оила даврасида телевизор кўриб ўтирибсиз. Шу маҳал бир дори ҳақида реклама берилди. Уни боғчага борадиган фарзандингиз тушунмай, сиздан сўради: «Дадажон, простата бези нима дегани?»

    ✔ 88    🕔 10:46, 08.09.2017
Ҳаммасини кўриш 

Галерия

Фойдали манбаалар