Долзарб мавзу      Бош саҳифа

БОҒЧАГА ЙЎЛЛАНМА ОЛИШ

нега бунча қийин?

«Боламни боғчага беришим керак».

Бу фарзанди уч ёшга тўлган аксарият ота-онанинг дарду ташвиши. Албатта, боғчага борган бола кўп нарсани ўрганади, тенгқурларига нисбатан ҳар томонлама ривожланади, мактабга чиқишга тайёрланади. Шу боис боласини боғчага бериш истагидаги ота-она айни пайтда кўпаймоқда. Бироқ…

БОҒЧАГА ЙЎЛЛАНМА ОЛИШ

Сўнгги пайтларда ота-она учун жигарбандини мактабгача таълим муассасалари (МТМ)га жойлаштириш университету институтга ўқишга киришдек катта гапга айланди. Бир даста ҳужжат кўтариб, ойлаб идорама-идора сарсон бўлиб юрганларнинг аҳволи бунга мисол. Афсуски, улар МТМга бериладиган йўлланмани деб, тегишли туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими эшигини нафақат ойлаб, балки йиллаб пойлаб қолаётгани рост.

Бир-икки марта борганида иши ҳал бўлса-ку майли, алам қилмайди. Ота-оналар навбат келишини йиллаб кутишини қандай изоҳлаш мумкин? Бунга болалар боғчаларининг камлиги сабабми ё сизу бизга қоронғи бўлган бошқа сир-асрорлар ҳам борми бу ерда?

Охири йўқ навбат

— Ўғлим бешга кирди, аммо ҳалигача боғчага боролмайди, — дейди Тошкент шаҳрида яшовчи Дилшода Ҳайитова. — Темурбекни уйимиз яқинидаги 292-сонли мактабгача таълим муассасасига бермоқчи эдим. Шу мақсадда 2016 йил октябрь ойида Сергели тумани халқ таълими бўлимига (расмий номи — ХТМФМТТЭБ) мурожаат қилдим. «Талабгор кўп, рўйхатга ёзиб қўямиз. Бир-икки ойдан кейин хабар олинг», деган жавобни олдим. Майли, бир-икки ой кутсак кутибмиз-да, дея хотиржам бўлдик. Аммо минг таассуфки, мен ўйлагандек бўлмади...

Дилшода опанинг навбати ойдан-ойга уланиб кетаверди. Орадан қарийб бир йил вақт ўтса ҳам, ҳар гал «Келаси ой хабарлашинг. Ҳозир бўш жой йўқ», деган жавобни олаверди. Унгача бўлган воқеалар эса кишини янада таажжублантиради. Қатор саволларни туғдиради. 

Хуллас, Дилшода опа кутавериб, охири, жорий йил май ойида борганида унга 14 июлда келиш лозимлиги, бу пайтгача катта гуруҳда ўқийдиган болалар мактабга чиқишга тараддудланиб, жой бўшаб қолишига ишонтиришди. Бироқ айтилган вақт етиб келганида яна ўша аввалги ҳолат такрорланди. Ўзгариш ҳам, йўлланма ҳам йўқ. «Узр, фарзандингизни бу боғчага бера олмайсиз. Боғчадан хат келган. Бошқа бола жўнатманг, ўринлар тўлди», деган гапни рўкач қилиб қайтариб юборишди.

— Қизиқ, бу қандай навбат эканки, бир йилда ҳам келмаса? — дея гапида давом этади Дилшода Ҳайитова. — Наҳот, ҳали олинмасдан, барча ўринлар тўлиб қолса? Йўлланмани барибир бермас экан, нега шунча умидвор қилишади? Ундан кўра, аввал-бошдан очиқ-ойдин навбатим етиб келмаслигини айтсин-қўйсин…

«Маълумотномаси йўқми, жой йўқ»

Туман халқ таълими бўлимининг бундай хурмача қилиқлари хамир учидан патир, холос. Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг, Дилшода опа ўша ердаги ходимлардан бирига қаттиқ норозилик билдирди. Шунда эътирозларни эшитиб қолган бир аёл унга дарҳол рухсатнома тайёрлаб берилишини (каттароқ лавозимда, шекилли) айтди. Ана, ҳақиқат қарор топди, деб ўйлади шу он. Йўқ, чучварани хом санабди: фарзандига йўлланма олиш учун ҳужжатларни янгитдан йиғиши керак экан. Унга берилгани 2016 йилники. Ўтмайди. 2017 йил деб ёзилган бўлиши лозимлиги уқтирилди.

Бу гаплар тўғри маънода тирноқ остидан кир қидиришга ўхшарди. Қаҳрамонимиз ўғлини ўйлаб, бунга ҳам кўнди. Ҳаммасини қайтадан тўплади. Лекин… Келишилган куни борганда эса яна бир «камчилик» балқиб турди. «Ота ё онанинг иш жойидан маълумотномаси ҳам бўлиши шарт». 

Минг афсуслар бўлсинки,  бу аёл ҳам, турмуш ўртоғи ҳам, на хусусий сектор, на давлат ташкилотида ишлайди. Бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланади. Шундай бўлгандан кейин улар бу маълумотномани қаердан олсин? Туман халқ таълими бўлимидагилар учун бу айни муддао бўлди. «Маълумотнома бўлмаса, йўлланма беролмаймиз», деган совуққина жавоб олди.

Савол туғилади: ота-она ўзи истиқомат қиладиган жойга фарзандини боғчага бериши нега бу қадар мушкул? Қаҳрамонимизга ўхшаганларнинг боласи боғчага боришга ҳаққи йўқми? Кимга мурожаат қилиши лозим? Боғчага йўлланма олиш учун йиллаб вақт талаб этилса, бу вақт ичида бола анча улғайиб, боғчага боришига ҳам ҳожат қолмайди-ку?!

Ҳафтасига 6 соатлик қабул

Бу аёлнинг юқорида куюниб сўзлаб бергани, бошдан ўтказган «саргузаштлари» бизни бефарқ қолдирмади, албатта. Шу боис масалага ойдинлик киритиш, асл моҳиятини ўрганишга қарор қилдик. Сергели туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига Дилшода опа билан бирга бордик.

Келишилган вақтда бинога киришимиз ҳамон қулоққа ғала-ғовур овозлар эшитилди. Бу — мактабгача таълим методисти хонасининг очилишини кутаётган ота-оналар ва болаларнинг шовқини. Зал тўла одам. Методист Дилноза Қодирова қабулига кириш осон иш эмас экан. Тумонат одам, узундан-узоқ навбат. Бу туришда бугун бизга навбат етиб келмаслиги кундек равшан эди. Бундай катта навбат сабабини билмоқчи бўлиб, мутасаддининг эшигига юзландим. Унга қуйидаги сўзлар ёзилган: «МТМларга қабул комиссияси ҳафтада икки кун: сешанба – соат 14:00 дан 17:00 гача, жума – соат 9:00 дан 12:00 гача».

Қизиқ, бу қандай банд одам эканки, ҳафтасига 6 соатгина қабул қилса? Қабул вақти шу қадар қисқалиги учун ҳам кўпчиликнинг иши битмайди. Нима, улар қайси пайт, қанча вақт фуқаролар билан ишлашни ўзлари мустақил белгилайдими?

Тўғриси, ўша куни қабулга кира олмай, қайтиб кетишга мажбур бўлдик. Биргина биз эмас, бошқалар ҳам шу. У ернинг телефон рақами эса сира ишламайди. Қачон терсангиз, алоқа операторининг жавоби нуқул битта: «Телефон блокировка қилинган»…    

Жой ҳақиқатдан муаммоми?

Маълумотларга қараганда, бугун республикамизда жами 5048 та мактабгача таълим муассасалари фаолият юритади. Улардан 4916 таси давлатга қарашли бўлиб, 668 минг 497 нафар тарбияланувчига эга. Қолган 132 таси нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳисобланиб, унга 5715 нафар бола қатнайди. Яъни боғча ёшидаги болаларнинг 26,5 фоизи қамраб олинган.

Кўриниб турибдики, мавжуд боғчалар етарли эмас. Ҳамма болани тўлиқ қабул қилиш имкони йўқ. Шундай бўлган тақдирда ҳам бу одамларга тўғри тушунтирилса, буни тўғри қабул қилиш мумкин. Аммо жойларда мактабгача таълим муассасасига талаб ҳар хил. Унинг шарт-шароити, нуфузи ва ҳоказо мезонларига қараб белгиланади. Бу масаланинг бир томони.

Навбат бўлгани яхши, аммо у ҳаққоний юритилаётгани қанчалик ҳақиқат? Ахир, ёздириб қўйилган навбат қанақасига дабдурустдан «тўлиб» қолади? Ота-онага «бўлди, жой йўқ» дея пеш қилиб, уларни қайта-қайта сарсон қилиш қанчалик асосга эга? Жиддий эътироздан кейингина «Майли, йўлланма берамиз», деган гапни қандай тушуниш мумкин? Ёки бу ерда бошқа гап борми? 

Наҳотки, боласини боғчага бериш истагидаги ҳар бир ота-она Президентимизнинг виртуал қабулхонасига мурожаат йўллаши керак бўлса? Қаҳрамонимиз ҳам шундай йўл тутиши мумкин эди. Аминмизки, бундай ҳолда масала шу куниёқ ҳал этилар эди. Аммо бу аёл ундай қилмади. Андиша устун келди. Давлат раҳбарига бундай майда-чуйда ишлар юзасидан мурожаат йўллаш тўғри келмаслиги, бу масала қуйи тизим даражасида ечим топиши лозим эканини яхши билади. Бироқ мутасаддилар...

Хулоса ўрнида

Мақолада биргина инсонни йил давомида қийнаб келаётган масала ҳақида сўз юритдик. Аслида бу муаммога кўпчилик дуч келган ва келмоқда. Бундайлар йўлланма олиш илинжида эртага тамагирлик каби жиноятларга қўл урмаслигига кафолат борми? Шундай экан, мактабгача таълим тизимини тубдан ўзгартириш фурсати етди.   

Айтиш керакки, бу йўналишда бир қатор чоралар кўрилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги «2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур қарорда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали педагогик кадрлар билан таъминлаш сингари масалалар ечими қамраб олинган.

Ўтган ҳафтада эса давлатимиз раҳбари яна бир муҳим ҳужжатни имзолади. Президентимизнинг 2017 йил 9 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарор билан ушбу соҳадаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Мактабгача таълим тизимини танқидий ўрганиш ва янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилди. Комиссия томонидан мактабгача таълим соҳасидаги қонунчиликни ундаги бўшлиқлар, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни юзага келтирувчи нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлил этиш, шунингдек, мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини самарали рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда комплекс ўрганиш ишлари амалга оширилади. Зарур инфратузилма яратилиб, мактабгача таълимнинг хусусий секторини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Бир сўз билан айтганда, қарорда тизимдаги барча муаммо ва уларнинг ечимлари ўз аксини топган. Демак, бундан кейин мактабгача таълим муассасалари сони ортиб, шарт-шароитлари янада яхшиланади. Шунда Дилшода опа сингари йиллаб навбат кутаётган оналарнинг ташвиши арийди.

 Ноилахон АҲАДОВА,

«Оила даврасида» мухбири

PS: Ушбу мақола саҳифага қўйилаётган маҳал таҳририятимизга Дилшода Ҳайитовадан қўнғироқ бўлди. Ва ниҳоят, фарзандига йўлланма берилибди. Нақд бир йил деганда. Гарчи унинг иши битган бўлса-да, бу мавжуд муаммо таг-туги билан бартараф этилди, дегани эмас. Биз фақат жойлардаги бундай сансалорликларга, турнақатор навбатларга барҳам берилиши тарафдоримиз. Одамларни сарсон-саргардон қилиш эмас, давлат ва жамиятдан рози этиш барчанинг бурчига айланишини истаймиз.




Ўхшаш мақолалар

ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ БОРАСИДА ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН  КАМЧИЛИКЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ БОРАСИДА ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН  КАМЧИЛИКЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

🕔12:44, 23.11.2017 ✔3

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 20 ноябрь куни жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Батафсил
БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН МАЪНАВИЯТ

БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН МАЪНАВИЯТ

🕔11:58, 16.11.2017 ✔63

Кекса қўшни момо пойтахтдан жиянимга олиб берган «Шум бола» китобидан неварасига ҳам олиб келишимни илтимос қилиб, қўлимга пул тутқазди. Унинг айтишича, бутун бошли туманимиздаги биттаю-битта китоб дўконида у ниҳоятда қиммат экан. Ёлғиз набираси билан ўртамиёна кун кечираётган онахон учун набираси айтган китобни бироз арзонга харид қилиш ҳарна-да!..

Батафсил
«У ОЛДИН ТЎЛА ДЕЙДИ, МЕН ЭСА АВВАЛ ТАЪМИРЛА ДЕЙМАН...»

«У ОЛДИН ТЎЛА ДЕЙДИ, МЕН ЭСА АВВАЛ ТАЪМИРЛА ДЕЙМАН...»

🕔16:28, 09.11.2017 ✔104

Уй-жой мулкдорлари ширкатининг самарали ишлаши кимга боғлиқ?

Кўп қаватли уйда яшайдиган киши борки, баъзан «дом»да чироқ ўчиб қолиши, сув қувури ёрилиши ёки ундан сув томиши, ёғин-сочинли кунларда эса томдан чакка ўтиши сингари муаммоларга дуч келади. Айниқса, салқин кунлар яқинлашгани сари ширкатга мурожаат этувчилар кўпаяди. Шунда масалага вақтида ечим топилса-ку (аслида куз-қиш мавсумига тай­ёргарлик анча олдиндан бўлиши лозим) яхши, аммо ҳеч қандай натижа бўлмаса-чи?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ БОРАСИДА ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН  КАМЧИЛИКЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

    ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ БОРАСИДА ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН  КАМЧИЛИКЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 20 ноябрь куни жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

    ✔ 3    🕔 12:44, 23.11.2017
  • БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН МАЪНАВИЯТ

    БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН МАЪНАВИЯТ

    Кекса қўшни момо пойтахтдан жиянимга олиб берган «Шум бола» китобидан неварасига ҳам олиб келишимни илтимос қилиб, қўлимга пул тутқазди. Унинг айтишича, бутун бошли туманимиздаги биттаю-битта китоб дўконида у ниҳоятда қиммат экан. Ёлғиз набираси билан ўртамиёна кун кечираётган онахон учун набираси айтган китобни бироз арзонга харид қилиш ҳарна-да!..

    ✔ 63    🕔 11:58, 16.11.2017
  • «У ОЛДИН ТЎЛА ДЕЙДИ, МЕН ЭСА АВВАЛ ТАЪМИРЛА ДЕЙМАН...»

    «У ОЛДИН ТЎЛА ДЕЙДИ, МЕН ЭСА АВВАЛ ТАЪМИРЛА ДЕЙМАН...»

    Уй-жой мулкдорлари ширкатининг самарали ишлаши кимга боғлиқ?

    Кўп қаватли уйда яшайдиган киши борки, баъзан «дом»да чироқ ўчиб қолиши, сув қувури ёрилиши ёки ундан сув томиши, ёғин-сочинли кунларда эса томдан чакка ўтиши сингари муаммоларга дуч келади. Айниқса, салқин кунлар яқинлашгани сари ширкатга мурожаат этувчилар кўпаяди. Шунда масалага вақтида ечим топилса-ку (аслида куз-қиш мавсумига тай­ёргарлик анча олдиндан бўлиши лозим) яхши, аммо ҳеч қандай натижа бўлмаса-чи?

    ✔ 104    🕔 16:28, 09.11.2017
  • ИҚТИДОР КЎП — МАКТАБ КАМ

    ИҚТИДОР КЎП — МАКТАБ КАМ

    Ёшларни мусиқа ва санъатдан нима йироқлаштирмоқда?

    «Фарзандим ашула айтишга қизиқади, ширали овози бор. Бироқ мусиқа ва санъат мактаби уйимиздан анча олисда. Шу боис уни ўша мактабга юбора олмадик. Туманимизда эса мусиқа ва санъатга ихтисослашган бошқа мактаб йўқ. Бу биргина мени эмас, кўпчилик ота-онани қийнамоқда. Биз ҳам фарзандимиз ўзи хоҳлаган машғулот билан шуғулланиб, келажакда улкан ютуқларга эришишини истаймиз...»

    ✔ 118    🕔 18:00, 02.11.2017
  • ОҚИБАТИ ОҒИР, САБАБИ ЯНАДА АЯНЧЛИ

    ОҚИБАТИ ОҒИР, САБАБИ ЯНАДА АЯНЧЛИ

    Бир-бирининг жонига суиқасд қилиш жинояти нега кўпаймоқда?

    Кристина эндигина тўққиз ёшга тўлганига қарамай, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб улгурди. Отаси ташлаб кетгани етмаганидай, ичкиликка ружу қўйган бағритош онаси ҳам бор бисотини еб-ичиб тугатди. Охир-оқибат, икки норасида, вояга етмаган фарзандини ташлаб, қўшни давлатга чиқиб кетди.

    ✔ 131    🕔 12:40, 26.10.2017
Ҳаммасини кўриш 

Галерия

Фойдали манбаалар