Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

БИР НЕЧТА ТИЛ БИЛИШ

битта қулфга тушадиган ҳар хил калитга эга бўлишдир

Бозор айланиб юргандим, етти-саккиз ёшли боланинг онасига айтаётган гапи эътиборимни тортди:

— Мама, карандаш олиб беринг. Рас­краска қилгим келяпти.

БИР НЕЧТА ТИЛ БИЛИШ

Фарзандининг гаплари онада ҳеч қандай таажжуб уйғотмади. Демак, бу у учун одатий ҳол.

Дарҳақиқат, бугун икки тилни бир-бирига қориштириб гапираётганлар орамизда, афсуски, кўп. Бу муносабат эса, нафақат ўзбек, балки бошқа миллат тилига нисбатан ҳам ҳурматсизликдан ўзгаси эмас. Энг ёмони, болаларнинг шундай хатосига беписандларча қараш вақт ўтиб муаммони янада жиддийроқ тус олишига сабаб бўлиши мумкин…

Яқинда Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган «Тил ва таълим: муаммолар, истиқболдаги вазифалар» мавзуидаги филология фанлари ўқитувчиларининг Республика форумида қатнашдим. Унда она тилимиздаги долзарб муаммолар, ўқувчиларнинг нутқий саводхонлиги каби масалалар атрофлича таҳлил этилгани ҳаммамизни мамнун қилди.

Томир илдизидан узилмасин

— Тилни фақат алоқа воситаси сифатида ўрганиш хато, — дейди Ўзбекистон Фанлар академияси ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Низомиддин  МАҲМУДОВ. — Бу унинг энг охирги вазифаси. Тил миллат, халқ ва қавмни бирлаштирадиган катта куч, авлод билан аждодни боғлайдиган мустаҳкам восита демакдир. Тил маънавиятнинг асосий устуни, дунёни идрок этиш воситаси эканини бир он бўлса-да, унутмаслик керак. Бу масалада бироз зийракроқ, ҳассосроқ бўлиш талаб этилади.

Турли тилларни ўрганиш битта қулфга тушадиган бир нечта калитга эга бўлиш билан баробар. Лекин ҳар бир инсон, энг аввало, ўз она тилини мукаммал билиши зарур. Хорижий тилни ўрганаётган ўқувчи ўз илдизидан узилиб кетмаслиги керак. Аксинча, она тили бошқа тилни ўрганишда асосий восита бўлсин.

Ҳақиқатан ҳам, нутқий саводхонликни ўстиришда тилнинг нечоғли қудратли восита эканини англаб етиш жуда муҳим. Бу вазифа эса, ўз-ўзидан ота-она ва ўқитувчилар зиммасига катта масъулият юклайди. Хўш, бу соҳада бизнинг камчиликларимиз нимада? Уларни бартараф этишда кўпроқ қайси жиҳатларга ­эътибор қаратишимиз зарур?

— Инсон барча билимни ўз она тили орқали эгаллайди — дейди Халқ таълими вазири Улуғбек ИНОЯТОВ. — У ўзини, иқтидорини намоён этишда энг катта қурол. Шу боис умумтаълим мактабларида она тилини ўқитишга алоҳида эътибор беришимиз зарур. Боланинг ўз она тилида нафақат оғзаки ва ёзма кўникмага эга бўлиши, балки  уни ривожлантириб, амалда қўллай билиши жуда муҳим. Ўқувчининг ўз она тилида мукаммал билимга эга бўлиши бошқа фанларни пухта ўзлаштириши ва ҳаётда муносиб ўрнини топишига ҳам катта таъсир кўрсатади.

Ёшларнинг ўз соф тилида гапирмасдан, ажнабий сўзларни аралаштириб, янги тилларни «кашф этаётгани» йиллар давомида шаклланган бой маънавиятимизга путур етказади.

Бор-йўғи 300 та сўз ишлатади 

Ўқитувчилар учун ташкиллаштирилган мазкур маҳорат дарсларида филологлар кўп маълумотга эга бўлди. Жумладан, тажрибали ўқитувчиларнинг айтишича, нутқ саводсизлигини келтириб чиқараётган асосий камчиликлардан бири — ўқувчиларнинг келишик қўшимчаларини нотўғри ишлатиши, дарсларда соф адабий тилда гапирмаслиги, шевадан фойдаланишидир. Маълумотларга кўра, мактаб ўқувчиси ўзбек тилининг 120 мингдан ортиқ бой сўз захирасидан атиги 200-300 тасини ишлатади. Бу ота-она ва ўқитувчиларнинг ўқувчи тарбиясида камчиликка йўл қўяётганидан дарак беради. Қолаверса, матнда асосий фикрни баён қила олмаслик, сўз танлашдаги хатоликлар, ёндош гапларда бир сўзнинг ўринсиз такрорланиши, гап бўлаклари ўрнини чалкаштириш каби масалалар ҳам йўқ эмас.

Форум иштирокчиларининг таъкидлашича, ушбу камчиликлар оғзаки ва ёзма нутқни рангсиз ва ғализ қилиб қўймоқда. Уларни бартараф этиш учун болада бошланғич синфданоқ чиройли сўзлашиш кўникмасини шакллантириш, ўқитувчининг луғат билан кўпроқ ишлаши кераклигини тақозо этади. Шундай йўл тутилса, ўқувчи она тилида тўлиқ ва равон сўзлашишига эришиш мумкин.

Ечим фақат ўқитувчида эмас

— Тил ўргатишга, биринчи навбатда, ота-она масъул, — дейди Филология фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси Саида МАЖИДОВА. — Болага гўдаклигидан тўлиқ гапириш ўргатилмаса, саволига жавоб берилмаса, муаммо чуқурлашиб бораверади. Шунингдек, ҳар бир фан ўқитувчиси ўқувчи нутқига эътибор қаратиши зарур. Битта она тили ўқитувчиси тўртта китоб ўқитиб, миллий тилни ҳурмат қилишни ўргата олмайди. Ёшларнинг нутқида сўз бойлигини ошириши, дарсликда берилган сўзларнинг маъносини тушунтириб бериши лозим.

Дарслик ўқитувчи учун жуда қулай: қоида бор, машқ бор, баҳолаш осон. Қоидани айтиб бер, тагига чиз, топ. Бунга кўпчилигимиз ўрганиб қолганмиз, лекин анъанавий усулда ишлаш ўқувчи учун ноқулай ва зерикарли. Ўқитувчи ўз устида ишлаб дарсга кирса, янги усуллардан фойдаланса, натижа бутунлай бошқача бўлади. Айниқса, 9-10 синфларга дарс ўтганда мусобақа усулидан фойдаланиш яхши самара беради. Бу даврда бола эътирофни хоҳлайди. Уни рағбатлантириб, кўпроқ билим бериш мумкин.

* * *

Форум давомида билдирилган фикрлар ва кузатувлардан шунга амин бўлдикки, тил ва тарбия бир-бири билан узвий боғлиқ. Иккисини ҳам болага тўғри сингдира олиш ота-она ва ўқитувчининг энг муҳим вазифаларидан бири. Қолаверса, ҳар бир инсон ўз виждоний бурчидан келиб чиққан ҳолда бу борада йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишга муносиб ҳиссасини қўша олиши зарур.    

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Закот ва фитрни кимларга берасиз?

Закот ва фитрни кимларга берасиз?

🕔10:47, 14.06.2018 ✔24

Шу пайтгача закот, фитр, фидя, вақф ва бошқа эҳсону хайрияларни йиғиш билан бирон ташкилот шуғулланмаган.

Батафсил
Юртдошларимиз умра сафарида

Юртдошларимиз умра сафарида

🕔10:44, 14.06.2018 ✔23

Мамлакатимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мўмин-мусулмонларнинг барча ибодатларини бекаму кўст адо этишлари учун имкониятларни кенгайтирмоқда.

Батафсил
Бу аёллар энди тўхтамайди

Бу аёллар энди тўхтамайди

🕔14:40, 07.06.2018 ✔41

Фарзанднинг илғор фикрлайдиган янги ғоялардан чўчимайдиган бўлиши оналарга боғлиқ.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар