Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ЎҚУВЧИНИ НАЗОРАТ ҚИЛАДИГАН «МАШИНА»

Ҳуқуқбузарлик, безорилик ва шу каби салбий иллатларнинг илдиз отиши ота-онанинг фарзандига тўғри тарбия бермагани, вақтида назорат қилмаслиги оқибатида келиб чиқиши кундек равшан. Бу ишда мактаб ҳам четда турмайди, албатта.

ЎҚУВЧИНИ НАЗОРАТ ҚИЛАДИГАН «МАШИНА»

Ота-онанинг фарзанди айни пайтда ҳақиқатан ҳам мактабда эканини аниқ билиши, мактаб эса ўқувчиси дарсга келмаганини ота-онага вақтида билдириши кўплаб муаммоларнинг олдини олиш дебочасидир. Бунда тараққий этган ахборот технологиялари имкониятларидан ҳам унумли фойдаланиш мумкин.

Мана шундай имкониятлардан бири — турникет. Охирги йилларда умумтаълим мактабларига ўрнатилаётган турникет икки мақсад учун хизмат қилмоқда: биринчидан, ўқувчининг хавфсизлигини таъминласа, иккинчидан ота-онанинг назоратини янада кучайтиради. Фарзандингиз мактаб эшигидаги турникетдан ўтиши заҳоти телефонингизга хабар келади. Демак, ҳаммаси жойида. Аммо танганинг икки томони бўлгани каби бу масаланинг ҳам кўпчиликни ўйлантирган жиҳатлари мавжуд. Буни таҳририятимизга келган кўплаб мурожаатлардан билиш мумкин.

— Мана, уч йилдирки, ўқув йилининг бошида мактаб турникет учун 25-30 мингдан пул йиғади, — дейди фарзанди Юнусобод туманидаги 5-умумтаълим мактабида ўқийдиган оналардан бири. — SMS хабар учун эса, ойига 10 минг сўмдан тўлаймиз. Лекин айрим кунлари хабар кечқурун келган вақтлар ҳам бўлган. Мени бир савол ўйлантиради: биз берган 30 минг сўм айнан қандай мақсадга йўналтирилади? 10 минг сўм бир кунда икки марта келадиган SMS хабар учун кўплик қилмайдими?..

Кўриниб турибдики, ота-она ҳақли саволни ўртага қўймоқда. Фарзанд тарбияси, сифатли таълимни ўйлаб қилинган бу хайрли иш кимларнингдир сердаромад бизнесига айланиб қолмаяптими, деб ҳам ўйлаб қолдик. 

Ўзаро келишув асосида

Бу масалага мутасадди ташкилотларнинг ёндашуви қандай? Улар қандай тавсия ва кўрсатмалар беришади? Шу мақсадда Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилдик.  

— Таълим муассасасида ўқувчиларнинг ўқиши, машғулотларда қатнашиши ва ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилаётган ҳар бир янгилик муассаса маъмурияти томонидан васийлик кенгаши ва ота-оналар билан келишилган ҳолда амалга оширилади, — дейди халқ таълими вазири ўринбосари Алишер САЪДУЛЛАЕВ жавоб хатида. — Шу жумладан, таълим муассасаларида кузатув камералари ва турникетларни ўрнатиш масаласи ҳам мактаб маъмурияти томонидан васийлик кенгаши билан келишилган ҳолда ихтиёрий равишда ўрнатилиши мумкин.

Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармасига йўллаган мактубимизга ҳам шунга яқин жавоб олдик.

— Бугунги кунда умумий ўрта таълим мактабларида турникет ўрнатилиши юзасидан Халқ таълими вазирлиги тизимида бирон-бир меъёрий ҳужжат мавжуд эмас, — дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилфуза ИСЛОМОВА. — Шунингдек, таълим муассасаларига турникет ўрнатилиши учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан харажатлар амалга оширилиши кўзда тутилмаган.

Баъзи мактабларга ўрнатилган турникетлар мазкур мактаблар қошидаги васийлик кенгашлари билан ҳомийлар (юридик ва жисмоний шахслар) ўртасидаги келишувларга мувофиқ амалга оширилган.

Ҳар икки жавобдан ҳам бир хулоса келиб чиқади: турникет ўрнатиш ёки ўрнатмаслик мактаб ва ота-оналарнинг ихтиёридан келиб чиқадиган масала.  Аниқ бир меъёрий ҳужжат йўқлиги эса, ундан фақатгина қўшимча восита сифатида фойдаланиш мумкинлигини яна бир карра тасдиқлаб турибди.

Саволларга барҳам беради

Фуқаро юборган мурожаат ва мутасаддиларнинг жавобларига  аниқлик киритиш мақсадида Юнусобод туманидаги 5-умумтаълим мактабига бориб, мавжуд вазият билан танишдик. 

— Турникет ўрнатишдан аввал ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказиб, уларнинг фикрини ўргандик, — дейди Юнусобод туманидаги 5-умумтаълим мактаби директори Нодира ­ЙЎЛДОШЕВА. — Мактабга яқин турадиган ва фарзандини ўзи олиб келадиган айрим ота-оналар қаршилик билдиришди. Лекин ўқувчиларимиз орасида қўшни туманлардан қатнайдиганлар кўпчиликни ташкил этгани боис турникет ўрнатишни таклиф қилганлар анчагина бўлди.

Ўтган йили ҳамкорлик қилган фирманинг хизматлари бизни қониқтирмади. SMS хабарнома вақтидан кечикиб келиши, техник носозликлар сабаб, улар билан шартномани бекор қилдик. Янги ўқув йилидан бошлаб «Standart IT-Sector» масъулияти чекланган жамияти билан шартнома имзоладик. Аввалги ҳолат такрорланмаслигига умид қиламиз.

Мактаб директорининг айтишича, фирманинг махсус ходими ота-оналарнинг мурожаатлари билан ишлаб, тўловларни қабул қилар экан. Пул йиғимларида мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилар мутлақо иштирок этмайди. Бу хизматдан фойдаланиш эса ихтиёрий. 

Мактаб янги имкониятдан фойдаланишни мақсад қилган экан, бу ҳақда ота-оналарга батафсил маълумот бериши лозим. Уларда бу масалага доир бирор саволга ўрин қолдирмаслиги керак. Қолаверса, ота-онанинг ўз навбатида, таълим муассасаси билан мустаҳкам алоқа ўрнатмагани ҳам шундай тушунмовчиликларга сабаб бўлаётгани рост.

Айтайлик, оилада икки фарзанд мактабга боради. Табиийки, ҳар ўқув йили бошида уларга мактаб формаси, ўқув қуроллари харид қилиш керак. Кунлар совий бошлагач, қалинроқ уст-бошга эҳтиёж туғилади. Орада ташкиллаштириладиган байрам ва турли тадбирлар ҳам сарф-харажатсиз бўлмаслиги аниқ. Бунинг барчаси ота-онанинг ҳамёнига келиб тақаляпти. Агар фақат ота ишласа ёки эр-хотин мавсумий меҳнат билан оила тебратса, бундай харажатларга пул топиб бера оладими? Шундай вақтда мактабдаги турникет учун бошида 30 минг, кейинчалик ҳар ойда 10 минг сўмдан тўлов қилиш малол келиши аниқ. Тўғри, бу масала ота-онанинг ихтиёри билан амалга оширилади, дедик. Аммо бутун синф бир тараф бўлганда ота-она фарзандининг ажралиб қолишини истамайди. Уни «шу шартмикан?» деган савол қийнаса-да, ноилож чўнтак кавлашга мажбур этади. 

Шу ўринда яна бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим: бу хизматни таклиф қилаётганлар орасида шоли баҳона сув ичишни кўзлаган курмаклар ҳам учраб туриши аён бўлди. Бунинг жабрдийдаси эса, ота-оналар бўлиб қолаётгани ачинарли.

Юқорида мактаб директори аввалги ҳамкорининг ишидан қониқиш ҳосил қилмагани боис янги фирма билан шартнома имзолаганини таъкидлади. Хўш, ота-онанинг олдинги ўқув йилида тўлаган 30 минг сўми ҳавога учиб кетдими энди? Унинг ўрнини ким қоплайди? Бу масалага кимдир ҳуқуқий жавоб бериши керак эмасми? Ишга беписандларча ёндашув бир эмас, бир нечта ­оиланинг моддий аҳволига салбий таъсир кўрсатишини чуқурроқ мулоҳаза қилиш зарур бизнингча.  

 Кунлик хабар  — 230 сўм!

Таълим муассасаси ва ота-оналар ўртасидаги тушунмовчиликка сабаб бўлаётган тўловлар борасидаги саволларга аниқлик киритиш мақсадида турникет ўрнатган фирмага мурожаат қилдик.

— Бир марталик 30 минг сўм ID карта олиш ва тизимга уланиш учун тўланади, —  дейди «Standart IT-Sector» МЧЖ директори Азалия ­МАМАДЖАНОВА. — Ўқувчи мактабни битиргунча битта картадан фойдаланиши мумкин. Икки фарзандли оилаларга 50 фоиз, уч фарзандли оилаларга янада кўпроқ чегирмалар мавжуд. Ҳамма ускуналар ташкилот ҳисобидан қуриб берилади. Икки хил, яъни кунига 230 сўм, бир ойда 7 минг сўмлик ва кунига 397 сўм, ойига 10 минг сўмлик тариф режаларимиз бор. Биринчи тарифда кунлик SMS хабар, тадбирлар, ота-оналар мажлиси ҳақидаги маълумотга эга бўлиш мумкин. 10 минг сўмлик тарифда эса, қўшимча имкониятлар ҳам берилади. Бу тўловлар дастурий таъминот, техник хизмат кўрсатиш, SMS хабар ва тизимнинг бошқа имкониятларидан фойдаланиш учун тўланади. SMS олти сонияда етиб боради.

Ўз хизматини таклиф этаётган фирма директорининг маълумотларидан қабул қилинаётган тўловларнинг ўз ўрни ва мақсади бордек. Аммо чуқурроқ мулоҳаза юритиб кўрайлик. Демак, битта мактабнинг 1500 нафар ўқувчиси бор. Улардан йиғиладиган бошланғич 30 минг сўмнинг оддий арифметик йиғиндиси 45 миллионни ташкил этади. Назаримизда, бу турникет ўрнатиш, ўқувчиларни махсус карта билан таъминлаш каби харажатларни қоплашга етади. Қолаверса, 10 минг сўм бир ойда 15 миллион дегани. Мактабга бириктирилган ходим ва SMS хабарлар учун бу кўплик қилмайдими? Бирор мобиль алоқа компаниясини оладиган бўлсак, 10 минг сўм тўлов эвазига бир неча соат бепул сўзлашув ва юзлаб SMSлардан фойдаланиш имконини беради.

Демакки, ҳар бир ишга холис ва виждонан ёшдашиш энг тўғри йўл. Муҳими, ҳеч кимнинг кўнглида норозилик ва шубҳа уйғонишига имкон қолдирмаслик. Ўқувчиларнинг чўнтаги ҳеч ким учун даромад манбаи бўлиши керак эмас.        

Назорат кимнинг қўлида?

Баъзан юқори синф ўқувчиларининг тизимга ўз телефон рақамини улаб қўйган ҳолатлари ҳам учраб туради. Бунинг боиси ота-онанинг бехабарлиги боис ўқувчи ўз рақамини бериб юборишидир. Кўриниб турибдики, ҳар қандай тараққий этган тизимда ҳам бола назоратдан чиқиб кетишга имкон қидиради. Эркин ҳаракатланиш учун ўзига йўл очади.

Тошкент шаҳридаги турникет ўрнатилган айрим мактабларда бўлганимизда, баъзи ўқувчилар махсус картага эга бўлишига қарамай, турникетнинг тагидан ўтаётганига гувоҳ бўлдик. Бизнинг ҳайратимизни англаган эшик оғаси ўқувчилар ота-онасидан ортиқча дашном эшитмаслик учун дўконга ёки овқатланиш учун баъзан шу тарзда кўчага чиқиб келишади, деб изоҳ берди.

Ҳеч нарса болага оилада берилган тарбияга тенглаша олмайди. Фарзандимизнинг хавфсизлиги йўлида янги имкониятлардан фойдаланишимиз керакдир балки, аммо бу унга берадиган таълим-тарбия ва интизомнинг ўрнини боса олмаслигини унутмаслигимиз лозим. Болани ҳаддан зиёд назорат қилиш ҳам унга акс таъсир этиши  исботини топган ҳақиқат. Шундай экан, ҳар бир масалада, айниқса, тарбияда тўғри ёндашувни топа олиш энг муҳимидир.

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

УЯЛИШ АЙБМИ?

УЯЛИШ АЙБМИ?

🕔15:11, 16.02.2018 ✔31

Ёки кичкинтойлар «танса»си

Етти ёшли Жавлон столнинг тагига кираётиб, синглисига тайинлади:

— Анави, кўйлаги йиртиқ қизнинг рақси тугагандан сўнг мени чақир.

Батафсил
«ҲАМ ҲУНАР ОЛ, ҚАДРЛА УНИ»

«ҲАМ ҲУНАР ОЛ, ҚАДРЛА УНИ»

🕔15:10, 16.02.2018 ✔20

Қариндошимнинг тўйига янги кўйлак тиктириш илинжида газмолни қўлтиқлаб Гули чеварникига йўл олдим.

Батафсил
АВТОБУСДАГИ  ТЕЛЕВИЗОР НАМОЙИШ  ЭТАДИ...

АВТОБУСДАГИ  ТЕЛЕВИЗОР НАМОЙИШ  ЭТАДИ...

🕔15:09, 16.02.2018 ✔28

Ҳозир пойтахтимиз бўйлаб қатнайдиган автобусларнинг кўпига телевизор ўрнатилган. Манзилга етгунча истасак-истамасак, кўзимиз экранга тушади. Хўш, унда нималар намойиш этилмоқда?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • УЯЛИШ АЙБМИ?

    УЯЛИШ АЙБМИ?

    Ёки кичкинтойлар «танса»си

    Етти ёшли Жавлон столнинг тагига кираётиб, синглисига тайинлади:

    — Анави, кўйлаги йиртиқ қизнинг рақси тугагандан сўнг мени чақир.

    ✔ 31    🕔 15:11, 16.02.2018
  • «ҲАМ ҲУНАР ОЛ, ҚАДРЛА УНИ»

    «ҲАМ ҲУНАР ОЛ, ҚАДРЛА УНИ»

    Қариндошимнинг тўйига янги кўйлак тиктириш илинжида газмолни қўлтиқлаб Гули чеварникига йўл олдим.

    ✔ 20    🕔 15:10, 16.02.2018
  • АВТОБУСДАГИ  ТЕЛЕВИЗОР НАМОЙИШ  ЭТАДИ...

    АВТОБУСДАГИ  ТЕЛЕВИЗОР НАМОЙИШ  ЭТАДИ...

    Ҳозир пойтахтимиз бўйлаб қатнайдиган автобусларнинг кўпига телевизор ўрнатилган. Манзилга етгунча истасак-истамасак, кўзимиз экранга тушади. Хўш, унда нималар намойиш этилмоқда?

    ✔ 28    🕔 15:09, 16.02.2018
  • НЕГА НАВОИЙНИ ҚЎМСАЙМИЗ?

    НЕГА НАВОИЙНИ ҚЎМСАЙМИЗ?

    Сариқ чақа атрофида парвона дунё

    Ўзбек қирқ ёшга етганида Навоийни қўмсаб қоларкан. Фақат ўзимга тегишли бўлганида бундай кескин хулосани матбуотга кўтариб юрмас эдим. Ишонаверинг, мен тенгиларнинг қайси биридан сўрасангиз, бу фикримни тасдиқлашади, кафолат бераман.

    ✔ 48    🕔 11:00, 09.02.2018
  • БИЛМАСДАН ИНКОР ЭТИБ ЮРМА

    БИЛМАСДАН ИНКОР ЭТИБ ЮРМА

    ёхуд Навоийни қачон тушунамиз?

    Ҳазрат Навоийни тушуниш учун муборак динимиз таълимотларидан, жумладан, тасаввуф илмидан ҳам теран хабардор бўлиш талаб этилади.

    ✔ 39    🕔 10:56, 09.02.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар