Долзарб мавзу      Бош саҳифа

БУ ТАРИХИЙ УЛУҒ ИШ

Президентимиз 2700 нафар маҳкумни афв этди. Улар кимлар?

Дунёда ҳар бир инсон учун кимдир ёки нимадир қадрли: ота-она, фарзанд, ёру дўст, соғлиқ... Лекин ҳаётда билиб-билмай содир єилган жинояти учун жавоб бераётган — озодликдан маҳрум этилган кишидан бу ёруғ оламда нима қадрли деб сўрасангиз, ҳеч иккиланмай «озодлик» дея жавоб бериши аниқ.

БУ ТАРИХИЙ УЛУҒ ИШ

Дарҳақиқат, инсон баъзан хато қилади. У бундан холи эмас. Бироқ ўз қилмишининг қонунга хилофлигини тўла-тўкис англаб, тузалиш йўлига ўтганини қатъий кўрсата олган шахсга жамиятга, ўз оиласи даврасига қайтиш, ижтимоий мослашиш имкониятини бериш халқимизнинг кечиримлилик, раҳмдиллик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларига хос ва мос. Қолаверса, инсонпарварлик, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият экани Конституциямизда мустаҳкамланган.

Яқинда мамлакатимизда тарихий воқеа юз берди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ­Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигини нишонлаш арафасида 2 минг 700 нафар, шу жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисидаги Фармонни имзолади. Бундай ҳужжат Ўзбекистон тарихида биринчи марта қабул қилинди.

Маълумки, шу пайтгача мамлакатимизда ҳар йили амнистия актлари қабул қилиб келинган. Лекин таъкидлаш керакки, амнистия озодликка чиқариладиган шахсларнинг аниқ гуруҳини белгиламайди. Амнистия тўғрисидаги актда фақат жиноят турлари кўзда тутилиб, озодликка чиқариладиган шахслар амнистия тўғрисидаги ҳужжат ижросини таъминлаш жараёнида аниқланади. Шу маънода, афв амнистиядан бутунлай фарқланади.

Хўш, амнистия акти билан афв этишнинг қандай фарқли томонлари бор? Амнистия кимларга қўлланиладию, афвда кимлар озодликка чиқади?

— Биринчидан, Конституциямизга асосан, маҳкумни афв этиш ҳуқуқига фақат Президент эга, амнистия ҳужжатларини эса Президент томонидан киритилган тақдимномага асосан, Олий Мажлиснинг Сенати қабул қилади, дейди — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фурқат ТОЖИЕВ. — Иккинчидан, афв этиш шахсий (номма-ном), амнистия эса шахсларнинг муайян тоифасига (шахси кўрсатилмасдан) қўлланилади. Шунинг учун аниқ шахсларга амнистия ҳужжатларини қўллаш масалаларини жиноят ишлари бўйича судлар ҳал қилади. Учинчидан, афв этиш фақат судланган шахсларга қўлланади, амнистия эса гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчиларга ҳам татбиқ этилиши мумкин (яъни жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ёки уни тўхтатиш йўли билан). Бундан ташқари, амнистия актидан фарқли равишда, афв этиш масаласини ҳал этишдан олдин ҳар бир маҳкумнинг шахси, улар томонидан содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, содир этилиш ҳолатлари ва оқибатлари, етказилган зарарнинг қоплангани, шунингдек, жабрланган томон ва жамоатчилик муносабати ҳар томонлама ва пухта ўрганиб чиқилади.

Кўпчиликка яхши маълум, амнистия акти чиққандан кейин уни кимларга қўллаш масаласини ҳал қилиш узоққа чўзилади ва кўплаб ташкилий жараённи ўз ичига олади. Масалан, амнистия актида эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган маҳкумлар озодликка чиқарилсин, деган қоида мавжуд бўлса, унда ижро колониялари маъмурияти ана шу тоифага тушадиган маҳбусларнинг сонини аниқлайди, рўйхатини шакллантиради ва уларга амнистия актини қўллашни сўраб судларга тақдимнома киритади. Шу каби ишларни терговчи, прокурор ва судлар ҳам амалга ошириши керак.

Афвни қўллаш эса кўп вақт ва тартибни талаб этмайди. У қабул қилиниши билан дарҳол ижрога қаратилади. Бунинг учун яна алоҳида босқичлардан ўтиш шарт эмас. Президент Фармони чиқиши билан у тезда ижро этилади…

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида афв этиш ҳужжати ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди: «… Албатта, амнистия жиноят содир этган одамларни кечириш бўйича муҳим механизмлардан бири. Бироқ таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, олдиндан чуқур ўрганмасдан туриб жавобгарликдан озод қилишни белгилаш қилмишига пушаймон бўлмаган, етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахслар ҳам амнистия доирасига кириб қолишига сабаб бўлган. Бу масалада, минг афсуски, коррупция ҳолатлари ҳам бўлган деб айтсак, тўғри бўлади. Прокуратура, ички ишлар ва суд идораларида ҳам бундай номаъқул ишларга йўл қўйилган.

Бу эса амнистияга тушган кимсаларда жазони ҳис этмаслик, бизга ҳамма нарса мумкин, деган нотўғри кайфиятнинг шаклланишига олиб келган.

Энг ёмони, амнистияни қўллашда жабрланган тараф ва жамоатчилик фикри инобатга олинмаган, бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун, афсуски, амнистия бўйича озод қилинган шахслар томонидан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари ҳам учрамоқда…»

Кўриниб турибдики, амнистия акти юзасидан бир қатор салбий ҳолатлар ҳам кузатилган. Шу боис улар инобатга олиниб, бу борадаги ёндашув бошқача тарзда йўлга қўйилди. Натижада, бу қисқа фурсатда ўзининг ижобий самарасини берди.

— Одатда афвни қўллашга жиноят содир этган шахснинг илтимосномаси асос бўлади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасининг бўлим бошлиғи, капитан ­Абдуҳошим ­ЗИЁДИНОВ — Яъни, Президент номига афв этишни сўраб ёзган ёзма мурожаатига асосан амалга оширилади. Бунда шахс ўз айбини тан олиб, унга пушаймон бўлиб, кечирим сўрайди. Ўтган давр мобайнида жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар томонидан Президент девонига афв этишни сўраб ёзилган аризалар асосида давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши асосида маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш бўйича махсус комиссия, ишчи гуруҳлар тузилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат мазкур ишчи гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда жойларга чиқиб, ҳар бир маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали уларнинг шахсини ўрганиб чиқди.

Ўрганиш жараёнида маҳкум содир этган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, унинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жиноят натижасида етказилган моддий зарарнинг қоплангани ва бошқа оқибатларнинг бартараф қилингани, маҳкумнинг шахсини тавсифловчи маълумотларга, ёши, соғлиғининг ҳолати, оилавий аҳволига (қарамоғида вояга етмаган фарзандлар, меҳнатга қобилиятсиз эр (хотин) ва (ёки) кекса ёшдаги ота-онаси мавжудлигига) алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, жабрланганлар ва жамоатчиликнинг, хусусан, маҳкум яшаган маҳалла вакилларининг фикрлари ҳам атрофлича ўрганилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни, шу жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахсларни афв этиш тўғрисида Фармон қабул қилинди. Айни кунларда ушбу фармон ижроси сифатли тарзда таъминланди. Бу эса минглаб оилалар хурсандчилигига сабаб бўлди.

Ҳа, минглаб инсон ўз оиласи бағрига, жамиятга қайтди. Уларга бундан буён мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиш имконияти яратилди. Бу эса Президентимиз ташаббуси билан давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар инсонпарварлик тамойилига асосланганини кўрсатувчи яна бир ёрқин далил. Умид қиламизки, давлатимиз раҳбари кечирган ушбу 2700 нафар шахс ўзига билдирилган ишончни оқлайди. Юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшади, жамиятда ўз ўрнини топади.

Мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг шундай сатрлари бор:

Комил анга берди чу бу парвариш, 

Айлади бир афв била мунча иш.

Дарҳақиқат, комил инсоннинг афв этиш билан амалга оширган бир иши минглаб инсонларни, улар атрофидаги яна қанча оила аъзоларини ҳаётга қайтаради. Бу тарихий улуғ иш бўлди.    

 

Шаҳобиддин РАСУЛОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Қоғозда «ишга жойлашаётган»лар

Қоғозда «ишга жойлашаётган»лар

🕔10:52, 14.06.2018 ✔53

Хўжакўрсинга тузилган шартнома битирувчи талабага неча тийинлик фойда беради?

Батафсил
Гар қоғозинг бўлмаса...

Гар қоғозинг бўлмаса...

🕔14:48, 07.06.2018 ✔72

Ўн ёшда ҳам ҳужжат ололмай сарсон бўлаётганлар кимлар? Бунга ким айбдор?

Батафсил
Жорий йилда қанча намунавий уй қурилади?

Жорий йилда қанча намунавий уй қурилади?

🕔14:47, 07.06.2018 ✔68

Уйлар нархи ўтган йилгига нисбатан анча қимматлади. Бу уй-жойга мухтож аҳолининг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Қоғозда «ишга жойлашаётган»лар

    Қоғозда «ишга жойлашаётган»лар

    Хўжакўрсинга тузилган шартнома битирувчи талабага неча тийинлик фойда беради?

    ✔ 53    🕔 10:52, 14.06.2018
  • Гар қоғозинг бўлмаса...

    Гар қоғозинг бўлмаса...

    Ўн ёшда ҳам ҳужжат ололмай сарсон бўлаётганлар кимлар? Бунга ким айбдор?

    ✔ 72    🕔 14:48, 07.06.2018
  • Жорий йилда қанча намунавий уй қурилади?

    Жорий йилда қанча намунавий уй қурилади?

    Уйлар нархи ўтган йилгига нисбатан анча қимматлади. Бу уй-жойга мухтож аҳолининг эътирозига сабаб бўлмоқда.

    ✔ 68    🕔 14:47, 07.06.2018
  • Намунали уйнинг «намунали» «олтин» девори

    Намунали уйнинг «намунали» «олтин» девори

    Сифатсиз уй учун ўн йиллаб кредит тўлаётганлар дардини ким эшитади?

    ✔ 111    🕔 16:04, 31.05.2018
  • ЭГРИ ЎСГАН НИҲОЛЛАР

    ЭГРИ ЎСГАН НИҲОЛЛАР

    Унинг орзулари жуда кўп эди. Чегарачи бўлиб, она Ватанини ҳимоя қилмоқчи эди. Ерга қараганча кўз ёшларини артиб, ўз орзулари ҳақида сўзлаётган бола эндигина ўнинчи синфда ўқийди. Тенгдошларидан фарқи — унинг орзулари энди саробга айланди. Сабаби, у мудҳиш жиноятга — қотилликка қўл урди. Айни ўйнаб-куладиган, ўқиб-ўрганадиган пайтини панжара ортида ўтказишга маҳкум бўлди...

    ✔ 175    🕔 18:24, 24.05.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар