Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

ЎҚИШДАН МАҚСАД — ХУЛОСА ЧИҚАРИШ

«Адабиёт — ҳаётни ўргатадиган мактаб. Бу мактабни билмай, китоб ўқимай туриб бахтли яшаб бўлмайди».

Бугунги саҳифамизда китоб ва мутолаа маданияти ҳақида адабиётшунос-танқидчи, филология фанлари доктори, профессор Наим КАРИМОВнинг фикрларига қулоқ тутдик.

ЎҚИШДАН МАҚСАД — ХУЛОСА ЧИҚАРИШ

— Домла, бугун китобхонлик маданияти ҳақида бот-бот гапириляпти. Сизнингча, мутолаа маданиятини шакллантириш учун аввало, ишни нимадан бошлаш керак?

— Китобхонлик, аввало, оиладан бошланади. Ўзимнинг болалигимни ўйлаганимда отамнинг катта кутубхонаси кўз олдимга келади. Уйимизга жуда кўп одамлар китоб ўқиш учун келарди. Физика, математика, биология ва шунга ўхшаган мутахассислик китобларидан ташқари, Қодирий, Авлоний, Чўлпон каби атоқли ёзувчиларнинг китоблари талай эди. Отамнинг ўзи ҳам кўп ўқир, ўзимизникилардан ташқари, нафақат Москва, балки Озарбайжондан ҳам уйимизга газета-журналлар келарди. Аммамнинг ўғли адабиётшунос эди. Уларникида жуда кўп адабиётшунослар, зиёлилар, адиблар, адабиёт ихлосмандлари йиғиларди. Соатлаб адабиёт ҳақида суҳбат қуришарди. Ўша суҳбатларга қулоқ солишни ёқтирардим. Ана шулар китобга ёшлигимдан муҳаббат пайдо қилган.

— Одамлар нима сабабдан китобдан узоқлашган, деб ўйлайсиз? 

— Одамларнинг китобдан узоқлашишига бир неча сабаблар бор. Қатағон йилларида кимнинг уйидан китоб чиқса, қамалган, отилган. Ким китоб ўқиганини эшитишса ёки миш-миш тарқалса, у ҳам қамалган. Одамлар китоб ўқишдан қўрқиб қолган. Тинч бўлай, деб китобдан узоқлашишган, китоби борлар ёққан, кўмган, сувга оқизган.

Вақт ўтиб яна китоблар ёзила бошланган, бироқ бу энди телевизорда, радиода расмий гап гапирилганга ўхшаш романлар эди. Улар бир пайтларидагидек «Қутлуғ қон»ни эрталаб ўқишни бошлаганда кечгача ўқиб тугатиб қўядиган эмас, зерикарли, «кейинроқ ўқирман», қабилидаги китоблар бўлди. Яна бир сабаби эса мустақилликнинг илк йилларида кутубхоналар бўшаб қолди. Натижада, китобхон ўқишга китоб тополмай, китобсизликка кўникди. Кутубхоначилар китоб тополмаганидан кимлиги ҳам номаълум одамларнинг китобларини кутубхонага олиб киришга мажбур бўлди.

Эсимда, бир туманга бордик. Катта кутубхона, бироқ ҳеч ким танимайдиган бир шоирнинг элликтача китоби турибди. «Нима қиласиз, бу китобларни?», десам, «Домла, бошқа китоб бўлмаса, нима қўяй», деди. Мана шу нарса на шоир, на ёзувчи бўлган одамларнинг тайини йўқ китобларини кутубхоналаримизга олиб кирди.

Китобга ташна китобхон китоб ўқимоқчи бўлиб кўрди, бироқ арзимаслигини билиб, қўлини ювиб, қўлтиғига урди.

Энди китобхонни китобга қайтариш учун янги-янги тарғибот йўлларини ўйлаб топиш, татбиқ этиш керак.

— Сизнингча, тарғиботни нимадан бошлаган маъқул?

— Бунинг учун энг яхши китобни танлаб олиш, у ҳақида кўпроқ гапириш, керак бўлса, унга давлат мукофоти бериш. Бугун сохта, дидни ўтмаслаштирадиган романлар ҳам зўрма-зўраки оммалаштирилмоқда. Бу китобхоннинг ишончини сўндиряпти. Чунки китобхон ҳақиқий дард билан, бутун қалб, кўнгил, ғам-алам, тўлғоқ билан ёзилган асарни жуда теран фарқлайди. Бугун аксарият китоблар узундан узоқ тафсилотлар, ўйлаб топилган, ишонарсиз воқеалар билан тўла. Бугунги бола бунақа китоб ўқиёлмайди. Чунки унинг вақти жуда чегараланган. Телевизор қаршисида ўтирдими, тамом. Ўша жойдан силжитиб бўлмайди. Телевизорда нима берса, яхшими-ёмонми кўраверади. Шу сабаб бугунги ёзувчининг олдида турган вазифа китобхоннинг эътиборини тортадиган, болани телевизордан ажратиб олишга қодир қизиқарли, шу билан бирга, маънавий озиқ берадиган сюжетни топа олиш керак.

— Сизнингча, асл китоб қандай бўлади?

— «Сўлиган гул каби», деб ёзади Пушкин. Қарангки, шоир китобларининг саҳифасига гул қўйиб ўқиркан. Асли бизда ҳам илгари китоб ўқиганда бирор нарсага чалғийдиган бўлса, ўша бетига кексалар райҳон қўйиб ўқишарди. Ёки ўзига ёққан жойларига гул қўйиб кетишарди. Айнан шу жойларида қизиқ воқеа, юракнинг тубига етиб борадиган жумлалар бўлган. Худди шундай варақларига гул қўйиладиган китоблар яратиш керак.

Миртемир домла бир эсдалигида «Техникумимизга «Ўткан кунлар»нинг иккита нусхаси келди. Мен бу китобни ўқиш учун навбатга йигирма тўққизинчи  бўлиб ёзилдим», деб ёзган эди. Чунки бу китоб шу қадар ўқишлики, ҳақиқий мутолаа маданияти ривожланган инсон ўқимасдан иложи йўқ эди. Ана шундай китоблар мутолаа маданиятининг ўсишига туртки берган.

«Қутлуғ қон» романи ҳақида Туроб Тўла бир воқеани айтиб берган. «Ойбекни барча шоир деб биларди. Бир куни унинг роман ёзгани, бу нашриётда босилаётганини эшитиб қолдик. Бир гуруҳ ижодкор дўстлар билан нашриётга бориб, ҳали тайёр бўлмаган китоб гранкаларини бўлишиб ўқиб чиққанмиз. Биз жуда ҳайратга тушдик. Чунки бу «Ўткан кунлар»га ҳам ўхшаган, ҳам ўхшамаган ажойиб роман эди».

«Ўткан кунлар»да Ҳасанали исмли қаҳрамон бор. Кўплар бунга эътибор беришмайди. Фикримча, ўқитувчилар ана шундай иккинчи, аммо муҳим бўлган қаҳрамонлар ҳақида кўпроқ маълумотни ўқувчиларга бериши керак. Масалан, бирор идора раҳбарига ходими келиб «касалман, кетсам бўладими» деса, раҳбар «қаерга кетасан, олдин мана буни бажар, кейин кетавер», дейди. Отабекни қарангки, Ҳасанали хизматкор бўлса ҳам ҳар бир ҳаракатида, ҳар бир сўзида уни ҳурматлайди. Ана шу раҳбар ва ходим ўртасидаги муносабат маданиятига асос бўлиши керак. Раҳбарлар шу асарни ўқимагани учун ходимга муносабатда оқсоқланишади. Ўқувчи ёшлигида шу асарни ўқиса, у улғаяди, келажакда раҳбар бўлса инсонлар билан муносабатида асқатади. Адабиёт — ҳаётни ўргатадиган мактаб. Ўқишдан мақсад — хулоса чиқариш. Хулоса чиқаришга арзийдиган эзгу ғоялар, яхши қаҳрамонлар асарларда келтирилса, ана шунда адабиёт ўз вазифасини бажаради.

— Бугун китобхонликни кучайтириш учун ҳаракатлар бўляпти. Сиз китоб тарғиботини қай усулда олиб бориш керак, деб ҳисоблайсиз?

— Келгуси йилда Чўлпоннинг 120 йиллигини нишонлаймиз. Аммо бирон жойда бу ҳақда хабар йўқ, албатта, бир-иккита адабий газеталарни айтмаганда. Шаҳар бўйлаб турли ичимликларнинг рекламалари ёпиштирилган автобуслар юради. Ўша реклама ўрнига Чўлпоннинг расми билан «120 йиллигини келгуси йилда нишонлаймиз», деган ёзув бўлса ярашмайдими? Ёки автобусларда ўрнатилган, телевизорларда Қодирий сингари маънавиятимизга ҳисса қўшган адиблар, уларнинг асарлари, китоблари ҳақида роликлар, ҳужжатли фильмлар қўйилса, бу китобхоннинг эътиборини албатта тортади. Ёзувчи аслида кимлигини, китоб нималигини тушуна бошлайди. Газеталарда энг яхши романларнинг энг қизиқарли жойидан парча берилса-ю, «агар романни ўқишни истасангиз, фалон дўкондан ёки фалон нашриётдан топишингиз мумкин», деб ёзилса, ишончим комил, ўқувчи ўша китобни албатта топиб ўқийди. Китоб тарғиботи фақат гапда қолиб кетмаслиги керак.

— «Болалар китоб ўқимаяпти», деб фақат уларни айблашга ўрганиб қолгандекмиз. Нима деб ўйлайсиз, балки адабиёт ўқитувчиларига болаларни китобхонликка ўргатиш санъати етишмаётгандир?

— Бу ҳам бир сабаб бўлиши мумкин. Аммо асосийси, ота-она китобхон бўлиши керак. Олдинлари оналар алла айтарди. Бугун алла айтадиган аёлни учратиш қийин. Олдинлари аёллар эртаклар айтишган. Улар асосан, оғиздан оғизга кўчиб юрган эртаклар бўлган. Уларда фақат эзгулик, яхшилик, муҳаббат, ростгўйлик бор. Бу бола қалбини соғлом улғайтирадиган муҳим омил. Бугун рўй берган оддий воқеалардан эртаклар тўқишяпти. Аслида эртакларнинг асили оғиздан оғизга ўтиб келган, бувижонлар айтган эртаклардир. Уларга халқнинг руҳияти сингган. Болалар ана шу эртакларни эшитиб улғайса, китобга ўз-ўзидан муҳаббат қўяди.

— Сиз адабиётшунос сифатида қайси ёзувчиларнинг китобини китобхонга тавсия қилган бўлардингиз?

— Шуҳрат ажойиб, Асқад Мухтор жуда ақлли эди. Уларнинг асарларини ўқиш керак. Шукрулло яхши шоир, бироқ «Кафансиз кўмилганлар»ни меъёрига етказмаган. Бор ҳақиқатни ёзмаган. Бу ҳақда сўраганимда Шукрулло ака «юрагим дош бермади», деб жавоб берди. Аммо бу асарни ўқиш керак.

Шукур Холмирзаев, Зоҳир Аълам, Неъмат Аминовнинг барча асарларини ўқиш керак. Эркин Аъзам жуда яхши ёзувчи. Аммо назаримда, ­Эркин бундан ҳам яхши асарлар яратишга қодир, бироқ ҳали бу кучидан борича фойдаланмаяпти. Улуғбек Ҳамдамнинг асарларини тавсия қиламан. Айримлар жуда тез ёзишади. Менимча, ёзувчи жуда тез ёзмаслиги керак. Агар тез ёзса, ўзини такрорлаб қўйиши мумкин. Чунки биринчи романига барча куч сарфланади, шу сабаб кейингилар унинг  даражасида бўлиши жуда қийин. Иккинчисини ёзишдан аввал куч йиғиш керак.

— Ёзувчиларни адабиётшунослар тарғиб қилмаётгани учун уларни ҳеч ким танимайди, деган фикрлар бўлади.  Бунга қандай қарайсиз?

— Адабиётшуноснинг вазифаси чиндан яхши асарни таҳлил қилиб, унинг муаллифининг ҳаёти ва ижодини тарғиб қилиш. Адабиётшунос ҳамма нарсага ҳам аралашавермайди. Ортиқча мақтов ёшларни нотўғри йўлга кетиб қолишига олиб келиши мумкин. Бугун буни санъат соҳасида кўриб, билиб турибмиз. Чунки ҳали шаклланиши керак бўлган ёш истеъдодларни ҳаддан ортиқ кўкларга кўтариш, унвонлар бериш оқибатида улар меҳнатни унутиб, шуҳратпарастликка берилиб кетяпти.

 

Гўзалой МАТЁҚУБОВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Шифо ва раҳмат манбаи

Шифо ва раҳмат манбаи

🕔15:46, 31.05.2018 ✔85

Қуръонни неча ёшдан бошлаб ёдлаган маъқул? Бу китобнинг шифо бўлиши ҳақида биласизми?

Батафсил
«ОББО, ЖУДА БЎРТТИРИБДИ-КУ» ДЕМАСИН...

«ОББО, ЖУДА БЎРТТИРИБДИ-КУ» ДЕМАСИН...

🕔18:05, 24.05.2018 ✔214

Шундай инсонлар борки, улар билан исталган мавзуда ҳар қанча суҳбатлашманг, мушоҳадали фикрлари билан беихтиёр кўнглингиз тўригача кириб боради. У билан янада кўпроқ мулоқот қуришга эҳтиёж сезасиз ўзингизда.

Батафсил
Шуҳрат ДАРЁ:  «БУ, АЛБАТТА,  СОДИР БЎЛАДИ!»

Шуҳрат ДАРЁ:  «БУ, АЛБАТТА, СОДИР БЎЛАДИ!»

🕔19:20, 10.05.2018 ✔94

Кўпчилигимиз жонли ижродаги концерт дастурлари йўқолиб кетаётганидан нолиймиз. Аммо жонли ижрода уюштирилаётган концертларга ёлчитиб бормаймиз. Енгил-елпи, маза-бемаза фонограмма концертларни мириқиб томоша қилишга ўрганиб ҳам бўлдик...

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Шифо ва раҳмат манбаи

    Шифо ва раҳмат манбаи

    Қуръонни неча ёшдан бошлаб ёдлаган маъқул? Бу китобнинг шифо бўлиши ҳақида биласизми?

    ✔ 85    🕔 15:46, 31.05.2018
  • «ОББО, ЖУДА БЎРТТИРИБДИ-КУ» ДЕМАСИН...

    «ОББО, ЖУДА БЎРТТИРИБДИ-КУ» ДЕМАСИН...

    Шундай инсонлар борки, улар билан исталган мавзуда ҳар қанча суҳбатлашманг, мушоҳадали фикрлари билан беихтиёр кўнглингиз тўригача кириб боради. У билан янада кўпроқ мулоқот қуришга эҳтиёж сезасиз ўзингизда.

    ✔ 214    🕔 18:05, 24.05.2018
  • Шуҳрат ДАРЁ:  «БУ, АЛБАТТА,  СОДИР БЎЛАДИ!»

    Шуҳрат ДАРЁ:  «БУ, АЛБАТТА, СОДИР БЎЛАДИ!»

    Кўпчилигимиз жонли ижродаги концерт дастурлари йўқолиб кетаётганидан нолиймиз. Аммо жонли ижрода уюштирилаётган концертларга ёлчитиб бормаймиз. Енгил-елпи, маза-бемаза фонограмма концертларни мириқиб томоша қилишга ўрганиб ҳам бўлдик...

    ✔ 94    🕔 19:20, 10.05.2018
  • «ЯЛМОҒИЗНИ ҲАМ  КИМДИР ЎЙНАШИ КЕРАК»

    «ЯЛМОҒИЗНИ ҲАМ  КИМДИР ЎЙНАШИ КЕРАК»

    Нигора Каримбоева сирларини кимга айтади?

    Маҳоратли ва серқирра ижодкор Нигора Каримбоевани юртдошларимиз «Сардор», «Ўзи уйланмаган совчи», «Чашма», «Дада», «Тоға» сингари кўплаб кинофильм ҳамда сериаллардаги бетакрор роллари орқали яхши танийди.

    ✔ 247    🕔 15:07, 03.05.2018
  • ОДДИЙ  ҲАҚИҚАТ

    ОДДИЙ  ҲАҚИҚАТ

    Ушбу суҳбат одатдагидай бирон машҳур инсон билан эмас, ўша инсоннинг доимий ҳамроҳи — умр йўлдоши билан қилинган. Шу орқали шоир қиёфасининг кўпчиликка номаълум қирралари очиб берилган. Бугун марҳум шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Матназар Абдулҳаким таваллудининг етмиш йиллиги арафасида бундан ўн йил муқаддам, шоир ҳаётлигида қилинган ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.   

    ✔ 172    🕔 13:54, 13.04.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар