Ёшлар      Бош саҳифа

ХАТОНИ ТЎҒРИЛАШГА ИМКОНИЯТ БЕРАМИЗ

18 нафар ёш кафиллик билан оғир жазодан озод этилди

Ёшлик шўхлигими ёки ота-онанинг беэътиборлиги сабабми Хуршид ўғриликка қўл урди. Бу номақул ишга ўзи тенги дўстларини ҳам жалб қилди...

ХАТОНИ ТЎҒРИЛАШГА ИМКОНИЯТ БЕРАМИЗ

Бойлик ва ҳашамга қизиққан, ҳали ҳаётни нима эканини англаб етмаган йигитчалар бир хонадонни шип-шийдон қилиб кетишди. Етмаганига, уй деразаларини, қўлга илинган идишларни синдиришди. Бироқ ҳеч қанча фурсат ўтмай қинғир ишнинг қийиғи чиқди. Хуршид ва унинг ҳамтовоқлари қўлга олинди. Қилган жиноятлари учун қатъий белгиланган жазони ўташлари керак эди. Бироқ Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Мирзо Улуғбек тумани кенгаши кафиллиги сабаб Хуршид ва унинг шериклари жазоси енгиллашди. Хуршидга бир йил, шерикларига эса олти ой озодликдан чеклаш жазоси белгиланди. Кафиллик сабаб ёшлар қамоқхонадан асраб қолинди.

Ҳа, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган ёшларга жазо тайинлашда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг кафолат хатига асосан, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турини тайинлаш механизми жорий этилаётгани Хуршид каби ёшларга хатосини тўғрилаши, жамият учун фойдали инсонга айланиши учун катта имкониятга айланди. Шу мақсадда муҳим ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум ҳам имзоланди. 

— Айни ноябрь ойида қўлимга ижтимоий тармоқ орқали тақиқланган видеони тарқатганлик айблови билан айбланган йигитнинг иши келиб тушди, — дейди Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси ­Зафар НУРМАТОВ. — Ишни ўрганиб чиқиш жараёнида йигитнинг ҳалол меҳнат билан оила боқиши, фаолияти билан жамиятга фойдаси тегаётгани, тақиқланган видеони эътиборсизлик қилиб ўртоғига юборгани аниқланди. Асли бу жиноят учун қонунда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Жиноят содир этилган, судья қонундан четга чиқа олмайди. Аммо 15 ноябрда Президентимизнинг маърузасини эшитгач, Ёшлар иттифоқига шу йигит учун кафолат хати сўраб, мурожаат этдик. Бу ёшларнинг келажагини асраб қолиш учун қўйилган биринчи қадам эди. Ёшлар иттифоқи йигитнинг фаолияти ва оиласи билан яқиндан танишгач, унга кафолат хати берди. Хуллас, бир йигитга хатосини тўғрилаш учун имконият яратилди.

Албатта, бу адашган ёшларга берилган катта имкониятдир. Чунки бугун ахборот замонида озгина эътиборсизлик қилган инсон борки, ёт ғояларга билиб-билмай эргашиб кетиши ҳеч гап эмас. Айниқса, қонунда белгиланган ўз ҳуқуқ ва бурчларини билмаслик, тушунмаслик, ҳуқуқий билимнинг шаклланмагани ёшларни ўзи билмаган ҳолда ҳуқуқбузар ёки жиноятчига айланишига сабаб бўляпти. Адашган ёшларни эса Ёшлар иттифоқи яна ўз ҳимоясига оляпти.

— Ўзбекистон Республикаси Олий Суди ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида ёшлар масалалари ҳамда ёшлар кафолатини бериш бўйича жорий йилнинг 5 декабрь куни ўзаро англашув меморандуми имзоланди, — дейди Ёшлар иттиқофи Марказий кенгаши бош мутахассиси Шарофиддин ХОНИМОВ. — Мазкур меморандумга асосан, ҳозирги кунда ишчи гуруҳ томонидан иши судларда кўриладиган ёшларнинг шахсини, оилавий шароитини, маънавий муҳитини ўрганиб чиқиш ҳамда ушбу шахсга кафолат хати бериш тартибини белгиловчи қоидалар ҳамда кафолат хатининг намунавий матни ишлаб чиқилмоқда. Ҳозирда жамоат ташкилотлари кафиллиги асосида судланувчиларга, айниқса, ёшларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари тайинланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида шу кунгача 18 нафар ёшга нисбатан жазо тайинлашда жамоатчилик кафиллиги эътиборга олинди.

Бунда Ёшлар иттифоқи томонидан кафилликка олинган ёшларнинг келажаги қандай бўлади, деган савол туғилиши табиий. Бу ҳам юқоридаги ҳужжат — меморандумда атрофлича белгиланган. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, жумладан, муддатидан илгари шартли озод этилган ҳамда суд залидан озод этилган ёшлар, шунингдек, ёшлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар бўйича ўзаро маълумотлар алмашиш орқали ёшларни тўғри йўлга қайтариш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш масалаларига эътибор қаратилган. Бу эса албатта, ёшларнинг хатосини тўғрилашга берилган имкониятдан унумли фойдаланишга, меъёрий ижобий кундалик ҳаётга қайтишига кўмак беради.

  Гўзал МАТЁҚУБОВА




Ўхшаш мақолалар

Хорижда муаммога учраган ёшлар қаерга мурожаат қилади?

Хорижда муаммога учраган ёшлар қаерга мурожаат қилади?

🕔10:44, 14.06.2018 ✔26

Қозон шаҳрида қўлга олинган ўзбек йигитларига кафолат хати берилди. Улар озод қилинадими?

Батафсил
Бу клиплардан ким манфаатдор?

Бу клиплардан ким манфаатдор?

🕔10:43, 14.06.2018 ✔18 Батафсил
Икки ой маҳорат дарси,  учинчи ойдан топшириқ жиддий

Икки ой маҳорат дарси, учинчи ойдан топшириқ жиддий

🕔14:39, 07.06.2018 ✔34

— Эшитишимча, ёш истеъдодларни топиш, уларнинг малакали киноижодкорлардан бепул таълим олиши ва илк ўз ижодий асарини ишлаб чиқишига имкон яратадиган «Art house» лойиҳаси бошланибди. Бундан мақсад нима?

Алишер ТЎРАХОНОВ,

Гулистон шаҳри

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар