Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

КЕЧИРИМ — КУЧЛИЛАРГА ХОС ФАЗИЛАТ

Йиқилганнинг қўлидан тутиш чинакам инсонпарварликдир

«Ўйламай қўйилган бир нобоп қадам умрни издан чиқариб юбориши мумкинлигини мен ўз ҳаётим, бошдан кечирганларим асосида тушуниб етдим...»

КЕЧИРИМ — КУЧЛИЛАРГА ХОС ФАЗИЛАТ

Шу йил давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибор ва ғамхўрликлари билан бир пайтлар турли бузғунчи гуруҳларга, диний оқимларга дахлдорлиги аниқланган, ҳозирда ўз қилмишидан астойдил тавба қилиб, ҳамма қатори тўғри йўлни танлаган минглаб фуқаролар афв этилиб, «қора» рўйхатдан чиқарилди. Улар орасида Ургут туманида истиқомат қилаётган Б.Умарали ҳам бор.

У бир пайтлар эл-юртнинг хурсандчилик кунига шерик бўлиб, тўй-тантаналарда ўз санъати билан халққа хизмат қилиб юрарди. Эл орасида озми-кўпми обрўга эга эди. Бир куни қўшни қишлоқдаги ҳамкасби билан суҳбатлашиб, гурунги бир-бирига маъқул келиб, дўстлашиб ҳам олади. Гоҳи-гоҳида кўришиб, суҳбатлашиб турадиган, ҳатто тўйларга ҳам бирга борадиган бўлишди. Кейинчалик эт билан тирноқдай ошна-оғайнига айланишди.

Умарали қишлоқнинг оддий, содда, ишонувчан кишиси. Кўнглида оласи йўқ. Шундан бошқаларни ҳам шундай деб ўйлайди. Ким нима деса, чиппа-чин ишонади-қўяди. Оғайнисининг гапларига ишонмасликни ўзига эп кўрмади. Қолаверса, бу гапларни инкор қилишга, тўғриси, унда бирон-бир маълумот ё билим йўқ эди.

Ошнаси унга дин билан боғлиқ гапларни топиб келиб, ваъз-насиҳат қилишларини Умарали истиқлолнинг шарофати, замоннинг зайли, демак, шундай бўлиши керак экан, деб оддийгина қабул қилди. Билиб-билмай дўстига эргашиб, у нима деса, шуни ҳақиқат билиб, нима қилса, шунга эргашиб бажариб юрди. Ўзининг тўғри йўлдан озгани етмагандай бошқаларни ҳам охири хатарли кўчага бошлаган кимсаларнинг иши бу дунёда шаҳидлик, у дунёда жаннат ваъдаси эмас, аслида қалбдаги соф ва соғлом эътиқоднинг бузилиши, фитна ва тарафкашликка сабаб бўлувчи, ўзгалар тинчлигига рахна солувчи жиноят эканини Умарали анча кеч тушуниб етган эди.

Унинг нокас кимсаларга ишониб, билимсизлиги туфайли алданиб қолгани, мавжуд тузумга таҳдид солувчи амалий ҳаракатлар содир этмаганини инобатга олиб ҳамда қарамоғида турмуш ўртоғи ва фарзандлари бўлган оила раҳбари эканидан келиб чиқиб, қилмишлари 1999 йилда афв этилган эди. Шундан бери унинг юриш-туриши, бошқалар билан муомала ва муносабатлари маҳалла-кўй, қўни-қўшни ва жамоатчиликнинг эътиборида бўлиб келаётган эди. Шахсан мен шу ҳудуд учун масъул имом-хатиб сифатида у билан турли мавзуда савол-жавоблар қилиб, суҳбатлашиб турдим. Суҳбатлар чоғида бир нарса аён бўлдики, ўтган ўн саккиз йил ичида у ҳақиқатда чин тавба қилган. Шу муддат орасида унинг бирон номаъқул ҳаракат қилганини биров кўрмаган ва эшитмаган. Қўшнилари, маҳалладошлари у ҳақда ижобий фикрда. Дунёқарашида дин ҳақидаги нотўғри тушунчаларга  муккасидан кетиб, мутаассиблик қилиш ҳолатлари кузатилмаган.

Иккинчи томондан унинг оиласи, бўйи етган фарзандлари бор. «Қора» рўйхатда турадиган одам билан қуда-андачилик қилишни ҳеч ким хушламаслиги табиий. Отанинг ўтмишидаги бу хато бутун бир оила, аҳли аёл, фарзандлар келажаги учун хатарли қора доғ бўлиб турган эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир пайтлар ўйламай қилган қилмишлари учун диний-экстремистик оқимга алоқадор сифатида назоратда турганларни афв этиб, уларни «қора» рўйхатдан чиқариш, шу йўл билан элга қўшиш, маҳалла-кўй бағридан жой бериш ҳақида гапирганларида балки ана шу жиҳатларни назарда тутган бўлса, ажаб эмас. Адашган бир кимсага тўғри йўл, меҳр-мурувват кўрсатиш ўрнига уни бегона санаб, ўзимиздан узоқлаштирсак, алал-оқибатда у қаерга бориб, кимдан мурувват кутади? Унинг фарзандлари тақдири келажакда қандай бўлади?

Бу жиддий, ўз навбатида, мураккаб саволлар. Лекин биз унга жавоб ва ечим топишимиз шарт. Шундай мулоҳазалар билан бир нечта масъуллар кенгашиб, унинг афв этилиши ҳамда махсус рўйхатдан чиқарилишини сўраб, ҳужжат тайёрладик...

Яқинда уни учратиб қолдим. Юз-кўзида миннатдорлик ва розилик ифодаси барқ уриб турарди.

«Кўча-кўйда мени кўриб қолганлар ортимдан қўлини бигиз қилиб пичирлашаётганини сезиб, жуда ноқулай аҳволда қолардим. Энди эса, шукрки, бундай тавқи лаънатдан қутилдим. Бунинг учун Президентимиздан чин дилдан миннатдорман...»

Ҳа, ёнимиздаги яна бир инсон жамиятимизнинг инсонпарварлик ва меҳр-мурувват тамойилларини ўзида ҳис қилиб, бағримизга қайтди. Бундай инсонлар келгусидаги ҳаётида яна қандайдир ножўя ишларга қўл урмаслиги, эл-юртга нафи тегадиган инсон бўлиб яшаши учун ҳар биримиз қўлимиздан келган ёрдамимизни аямаслигимиз зарур.     

Жамиятимизнинг барча қатламларида келажакда яна шундай ҳолатлар қайтарилмаслиги учун, ёшларимизнинг эътиқод, имон масалаларида чалғимасликлари учун биз имом-хатиблар ҳам ўз масъулиятимиздан келиб чиқиб, кундалик мулоқотлар, панд-насиҳатларимиз доирасида бу ҳолатга кўпроқ эътибор беришимиз зарур. Инсоннинг маънавий-руҳий тарбияси унинг жисмоний тарбияси билан ўзаро мутаносиб бўлишига эришиш учун онгли равишда, холислик билан ҳаракат қилиниши даркор. Шунда икки дунёда саодат аҳлидан бўлади.

Абдусами АЗИЗОВ,

Ургут туманидаги «Ғиштли» жоме масжиди имом-хатиби




Ўхшаш мақолалар

Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

🕔11:44, 20.09.2018 ✔23

Кексайганда уларга аслида ким ғамхўрлик қилиши керак?

Батафсил
Кўролмайдиган кимса

Кўролмайдиган кимса

🕔11:43, 20.09.2018 ✔27

Одам ўз ихтиёри билан очиқ кўрликни танлаши мумкинми?

Батафсил
Ахлоқнинг чегараси

Ахлоқнинг чегараси

🕔11:26, 13.09.2018 ✔67

Жамиятни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон нега бедор эмас?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

    Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

    Кексайганда уларга аслида ким ғамхўрлик қилиши керак?

    ✔ 23    🕔 11:44, 20.09.2018
  • Кўролмайдиган кимса

    Кўролмайдиган кимса

    Одам ўз ихтиёри билан очиқ кўрликни танлаши мумкинми?

    ✔ 27    🕔 11:43, 20.09.2018
  • Ахлоқнинг чегараси

    Ахлоқнинг чегараси

    Жамиятни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон нега бедор эмас?

    ✔ 67    🕔 11:26, 13.09.2018
  • Бу заминнинг жозибаси бор

    Бу заминнинг жозибаси бор

    Ақлимни таниганимдан Имом ­Бухорий номини эшитиб катта бўлдим. Олдин катталардан эшитган бўлсам, кейинчалик ўзим турли китобларда бу номни тез-тез учратардим. Бу буюк шахсга меҳрим, ихлосим йилдан-йилга ортиб бораверди.

    ✔ 69    🕔 11:58, 30.08.2018
  • Меҳнатни отам қилди, қадрини бугун топдик

    Меҳнатни отам қилди, қадрини бугун топдик

    Отам косиблик орқасидан рўзғор тебратганлар. Ўн уч жонни косибликнинг оғир меҳнатидан келган уч-тўрт сўм пул билан эплаб туришган.

    ✔ 77    🕔 11:57, 30.08.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар