Долзарб мавзу      Бош саҳифа

«НАРХИНИ БИЛАМАН, ЛЕКИН ФАҚАТ ҚОҒОЗДА»

Байрамолди бозор айландик, нархлар сизни қизиқтиряптими?

«Ўтган ҳафта бозордан картошкани уч минг сўмдан олгандим, бугун эса яна қарийб беш юз сўмга қимматлабди. Ҳайронман, нега бундай? Ахир, сабзавот мўл бўлиб, ҳаммаси ўзимизда етиштирилса, буни қандай тушуниш мумкин?..»

«НАРХИНИ БИЛАМАН, ЛЕКИН ФАҚАТ ҚОҒОЗДА»

Шу кунларда деҳқон бозорларга тушсангиз, харидорларнинг ана шундай мазмундаги гаплари қулоққа тез-тез чалинади. Ҳолбуки, улар ҳақ. Ҳамма ёқда тўкин-сочинлик. Сархил мева-сабзавотларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Деярли барчаси она заминимизда етиштирилган. Йилнинг тўрт фаслида, ҳатто, аёзли қишда ҳам мўл-кўлчилик.

Лекин шунга қарамай, баъзи деҳқончилик маҳсулотлари, озиқ-овқатлар нарх-навосида мўътадиллик йўқ. Бирор маҳсулотни арзонроққа харид қилсангиз, эртага қимматлаб кетмасдан кўпроқ сотиб олиш керак, деган ўй билан яшайсиз. Нима учун? Шу саволга жавоб излаб, бозор ораладик. Харидорларнинг бу ҳақдаги фикри билан қизиқдик.

Ҳавода ҳаволанаётган нархлар

— Ростини айтсам, нархларнинг «ўйнаши» кишини кўп хавотирга соляпти, — дейди пойтахтимизнинг «Эски жўва» деҳқон бозоридаги харидор Дилобар Тожиева. — Айниқса, кундалик эҳтиёждаги маҳсулотларнинг нархи бир куннинг ўзида икки мартагача ўзгараётганини сира тушунолмай қолдик. Бундан икки ҳафта олдин сара картошканинг бир килограммини 2600 сўмдан харид қилгандик. Бугун махсус расталарда энг сара картошка 3600 сўмдан, ўртача катталикдаги рўзғорбопи эса 3200 сўмдан сотилмоқда. Ҳозирдан нархлар шунча ошса, Янги йил байрами арафасида, қишнинг қоқ чилласида қанча бўлади-а? Байрамолди озиқ-овқат янада қимматлашишидан ҳамма ташвишда.

— Бозордаги махсус растада асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ўрнатилган энг юқори чекланган нархи ҳақида хабарим бор, — дейди яна бир истеъмолчи. — Унда берилган маълумотга кўра, махсус растада қўй гўшти 25 минг сўм. Тўғри, уни шу нархда олиш мумкин, лекин бир килограмм гўштнинг деярли 400 грамми суякдан иборат. У шўрвага ярайди, холос. Шу боис табдиркор растасидан бозор қилишга мажбурмиз. Бундай растада айни пайтда лаҳм гўштнинг бир килограмми 42 минг сўм.

«Хўжакўрсин» учун савдо нуқталари

— Бозорларимизда «Элга хизмат» расталари фаолият юритиши харидорларга жуда катта қулайлик яратмоқда ва ёрдам бермоқда, — дейди меҳнат фахрийси Тожибобо Сайфиев. — Шулар туфайли аҳоли арзон маҳсулотлар билан таъминланмоқда. Бироқ очиғини айтсак, кўпгина шундай махсус расталарда асосий турдаги озиқ-овқатларнинг сифати ҳаминқадар. Кўча-кўйда маҳсулотини тоғорага ёйиб сотадиган сотувчиларники ҳам баъзан улардан яхшироқ ва сифатлироқ бўлади. Ахир, «Элга хизмат» расталаридаги тадбиркорларга бир қанча солиқ имтиёзлари берилган-ку! Демак, улар муайян тўловлардан озод этилган.

Савол туғилади: нега улардаги маҳсулотлар сифати ҳар доим ҳам талабга жавоб бермайди? Сифатсиз бўлгандан кейин харидор ҳам нисбатан қимматига бўлса-да, бошқа растадан бозор-ўчар қилади-да. Айтмоқчиманки, бундай расталар «хўжакўрсин»га бўлиши керак эмас. Аҳоли ҳар доим ундан мақбул нархда, сифатли маҳсулотни харид қила олсин. Йўқса, улар шунчаки ортиқча жойни банд этадиган кераксиз растага айланиб қолиши мумкин.

Бозорда «қишлаётган» қиш

Харидорлар ҳақ, гапларида жон бор. Хўш, бунга сотувчилар нима дейди? Афсуски, улар билан гаплашиб, жўяли жавоб олмадик. Махсус раста сотувчиларидан бири «Нархлар қарорга биноан туширилди. Илгари картошка 3500 эди, ҳозир 3000 га тушди, пиёз 2000 га сотиляпти. Олдин қимматроқ эди», дея ҳозир ҳам анча арзон сотилаётганини бот-бот таъкидлади. Ваҳоланки, ўтган ойда ҳам нархларни кузатганимизда айни пайтдаги ҳолат иккиси ўртасида сезиларли тафовут борлиги, нархлар ошгани маълум бўлди.

Лекин ҳеч бир сотувчи буни изоҳлаб бера олмади. Дарвоқе, улар нархлар ошишининг бир «оригинал» сабабини айтишди: «Бу ёғи энди қиш, кунлар совиб кетди. Байрам яқинлашяпти…»

Ана, холос! Бу ҳақиқатда «оригинал» жавоб эди. Айни пайтда бу сотувчиларнинг, тўғрироғи, «сезон» вақтида отни қамчилаб оладиган «учарлар»нинг ҳақиқий қиёфасини кўрсатиб берди. Наҳотки, давлатимиз, ҳукуматимиз одамлар оила даврасида байрамни кўтаринки руҳда нишонлаши учун ҳар бир байрам арафасида барча зарур чора-тадбирлар кўришини юқоридаги каби кайфиятдаги сотувчилар билмаса? Нархларнинг асоссиз ўсиб кетишининг олдини олиш, аҳолига сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини вақтида етказиб беришга қанча куч ва имконият сафарбар этилаётганидан бехабар бўлса? Бизнингча, бундай эмас. Ҳар бир бозор маъмуриятидан тортиб сотувчисигача бу ишга масъул ва камарбаста этиб белгиланади ҳужжатларда. Амалда қандай бўлиши эса, албатта, ҳар кимнинг виждонига ҳавола.     

Бир ҳақиқат аён: бугун бозорларимиз тўлиб-тошган. Савдогар маҳсулотини яхши, сифатли сақлаши учун барча шароит яратилган. Рақобат бор. Фақатгина совуқ кунлар баҳонасида нарх-навони ўйнатаётган, байрам муносабати билан одамлар чўнтагини шилишга ҳаракат қилаётган кимсалар устидан назорат адолатлироқ ўрнатилса — олам гулистон.  

Махсус растами ё супермаркет?

Юқорида истеъмолчилардан бири асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг энг юқори чекланган нархи ҳақида сўзлади. Келинг, шу ҳақда батафсил тўхталсак. Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг юқори чекланган нархлари ҳар ой ўрнатиб келинади. Бу аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилади. Нархларни кўриб чиқиш муддатига мавсумий омиллар, талаб ва у ёки бу маҳсулот захиралари таъсир кўрсатади. Мазкур амалиёт йўлга қўйилгани яхши, албатта. Аммо...

Муайян нарх белгиланган бўлишига қарамай, улардаги хилма-хиллик ҳали-ҳанузгача сақланиб келмоқда. Бу эса, табиийки, кишини ташвишга солмай қўймайди.

Мисол учун, бундан атиги ўн кун олдин пойтахтимиздаги «Эски жўва» ҳамда «Чилонзор» деҳқон бозорларидаги махсус расталарда картошка 2800-3100, пиёз 1500-1800, сабзи 1500-2000, тухум 600-700, гуруч 4500-6000 (аланга), лазер эса 7500-8000 сўмдан (ҳозир ҳам шундай деб бемалол айтиш мумкин) сотилаётган эди. Бугун нархлар нисбатан ошганига гувоҳ бўлдик. Картошка 3200-3600, пиёз 2000 сўмдан сотилмоқда.

Энди таққослаб кўринг. Жорий йил ноябрь ойида пойтахтимиздаги деҳқон бозорларидаги махсус растада картошканинг энг юқори чекланган нархи 2800, пиёз 1600, сабзи 1500, гуруч 3600 (аланга) ва 6500 (лазер), тухум 400 сўм этиб белгиланган эди. Кўриниб турибдики, тафовут анчани ташкил этади. Қайсидир сотувчи ёки тадбиркор маҳсулотни ўзи истаган нархда сотиб юрган. Натижада юқори чекланган нархлар фақат қоғозда қолиб кетган.

Бу биргина пойтахтдаги ҳолат. Бу ерда шундай бўлса, вилоятларда аҳвол қандай?

Узоққа бормаймиз. Тошкент вилояти Бекобод туманида картошка 3500-5000, пиёз 1500-2500, тухум 700-800 сўмдан савдога чиқарилган. Юртимизнинг чекка ҳудудларидан бири — Хоразм вилоятини олайлик. Ҳазорасп туманида картошка 4000 сўм. Энг ёмони, гўшт маҳсулотларининг нархи ҳар икки вилоятда ҳам анчагина қиммат. Мол гўшти 35 минг, қўй гўшти 40 минг сўмдан сотилаётгани кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Рўйхат амалга кўчсагина…

Мақоламиз якунида яна Тошкентга қайтсак. Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг декабрь ойи учун энг юқори чекланган нархлари ҳам олдинги ойдан у қадар катта фарқ қилмаса керак, деган тахминдамиз. Негаки, бу ёғи байрам яқинлашмоқда. Аҳолининг бозор-ўчарга бўлган талаби ошади. Бозорлар ҳар қачонгидан гавжумлаша бошлайди. Демак, одамларни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш масаласи кўндаланг турибди.

Янги нархларга қанчалик риоя этилади? Асосийси шу.

«Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси берган маълумотга кўра, қиш ойларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳcулотлари нархи барқарорлигини таъминлаш режали амалга оширилади. Жорий йил якунига қадар уюшма маҳсулотларни захирага тўплаб боради. Сўнг 2018 йилдан бошлаб май ойига қадар арзонлаштирилган нархларда деҳқон бозорларига сотувга чиқаради.

Шунингдек, яқин кунларда республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам энг юқори чекланган нархдаги асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари сотувини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу амалга ошса, барча вилоятлардаги деҳқон бозорларида нарх-наво барқарор бўлишига умид қиламиз. Энг муҳими, қоғоздаги нарх амалда ҳам ўз ифодасини топсагина, одамлар розилик кайфияти билан яшайди.  

 

   Ноилахон АҲАДОВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Нон нархи ошди. Буни мутасаддилар қандай изоҳлайди?

Нон нархи ошди. Буни мутасаддилар қандай изоҳлайди?

🕔11:49, 20.09.2018 ✔31

Нон нархи нега бирданига салкам икки баробарга қимматлашиб кетди? Бунинг асл сабаби нимада? Xs.uz онлайн нашри бу саволларга  мутасаддиларнинг фикрини ўрганди.

Батафсил
«Ечим рапорти» ёки муаммо қолиб журналистдан кир ахтариш тўғрими?

«Ечим рапорти» ёки муаммо қолиб журналистдан кир ахтариш тўғрими?

🕔11:48, 20.09.2018 ✔23

Мақоладан сўнг ёрдамга муҳтож оила тақдирида ўзгариш бўлдими?

Батафсил
Танқиддан сўнг Сирдарёда нима ўзгармоқда?

Танқиддан сўнг Сирдарёда нима ўзгармоқда?

🕔11:48, 20.09.2018 ✔29

Газетамизнинг 2018 йил 12 июлдаги 28-сонида чоп этилган «Шифокорга муҳтож поликлиникалар» сарлавҳали мақолада Сирдарё вилоятидаги оилавий поликлиникалар хусусида сўз юритилган эди. Ушбу мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар