Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Ёзувчига айланган қашшоқ болакай

Чарльз ДИККЕНС

XIX аср бошларида Лондонда бир ёш йигит келажакда ёзувчи бўлиш иштиёқи билан ёниб яшарди. Тақдири ва атрофдаги барча нарсалар орзусига эришишда тўсиқ бўлиши уни ташвишга соларди.  Бунинг яна бир сабаби отаси қарзларини тўлай олмагани туфайли қамоққа маҳкум қилинган эди.

Ёзувчига айланган қашшоқ болакай

У тўрт йилгина мактабга қатнаб, тўлиқ савод чиқармаган бўлса-да, ҳаёт қийинчиликлари ва қашшоқлик машаққатларини жуда яхши биларди. Кўп саргардонликлардан сўнг ниҳоят, ишга жойлашади. У каламушлар макон қилган омборхонада, ўзига ўхшаган икки фақир дўсти билан қадоқланган ичимлик сувга ёрлиқ ёпиштирар, тунлари чарчоқнинг зўридан дуч келган жойда ухлаб қоларди. Бир неча йиллар ҳаёти ҳеч қандай ўзгаришсиз шу тарзда давом этди. Шунга қарамасдан, у сонияларни ҳам бекор сарф қилмади. Бироз бўш бўлган вақтда қоғоз-қалам олиб нималарнидир қоралаб қўярди. Бироқ ўзида ёзувчилик қобилияти борлигига ишонмасди ва қўлёзмаларини таҳририятга бермасди. Одамлар уларни ўқиб, кулишларидан чўчирди. Ниҳоят, у бир ҳикоясини таҳририятга юборишга жазм қилди. Афсуски, таҳририятдан салбий жавоб олди. Бу ҳолат яна бир неча марта такрорланса ҳам, у тўхтамай, ёзишда давом этаверди.

Бир неча зое кетган уринишлардан сўнг унинг омади чопди. Қўлёзмаларидан бири қабул қилинди. Бунинг учун унга ҳеч қандай ҳақ берилмади, лекин бош муҳаррир уни мақтаб, самимий тилаклар билдирди. Чўнтагида бир мири бўлмаса-да, ҳаяжон, севинч ёшлари билан у еттинчи осмонда саёҳат қиларди. Уни оз бўлса-да, шаънига айтилган ёқимли сўзлар янада қаттиқ ишлашга ундарди. Қилган меҳнатлари сароб бўлмагани қувонтирарди. Ана шу ҳикоя унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Балки муҳаррир қилган меҳнатини яхши баҳоламаганида бу йигитча умрини шиша идишларга ёрлиқ ёпиштириб ўтказармиди?

Бугун эса дунё ўша ночор бола — Чарльз Диккенснинг фақирликда ёзган китобларини севиб мутолаа қилади.  Унинг «Рождество қўшиғи», «Жорж Эдмунснинг қўшиғи», «Кичик Неллснинг дафн маросими» каби китоблари нашриётларга миллионлаб фойда келтирган.

Инглиз тилидан

Беҳзод ҲАМИДХЎЖАЕВ

таржимаси

 

Қуйида Чарльз Диккенснинг машҳур ҳикояларидан бирини ҳавола қиламиз.

 

САЁҲАТЧИНИНГ ЭРТАГИ

Қадим-қадим замонларда бир саёҳатчи бўлган экан. У бир куни ўзича ғаройиб кечади, деб тахмин қилган саёҳатга отланибди. У йўлга чиқиш олдидан сафар олис бўлади, деб ўйлаганди. Бироқ ярим йўлни босиб ўтгач, йўл унга жуда қисқа кўрина бошлади.

У дастлаб, ажойиб бир болакайни учратди.

— Нима қиляпсан? — сўради у болакайдан.

— Ўйнаб ўтирибман. Мен билан ўйнанг!

Болакай билан тонгдан тунгача ўйнади, бу жуда қизиқарли эди. Мовий осмон, ёрқин қуёш, яшил барглар, гўзал гуллар, сайроқи қушлар, кўплаб капалаклар бор эдики, бундан ортиғини тасаввур этиб бўлмасди. Ҳаво ҳам жуда ёқимли эди. Ёмғир томчилаганда унинг мусаффо иси атрофни тутиб кетарди. Шамол эсганда эса уни тинглашар ва у ўз уйидан туриб нима деяётганини тушунишга уринишар, у ғувиллаганча ўзидан қора булутларни ортда қолдириб, дарахтларни оғдириб, қувурларни тарақлатиб, уйларни чайқатиб, денгизларни тўлқинлантириб кетарди. Ҳаммасидан ҳам яхшиси, қор ёққанда бўларди. Сабаби, пағалаб ёғаётган қор парчаларини кузатиш ёқимли эди, момиқ қор зарралари миллионлаб оппоқ қушларнинг устига ёғиларди. Қор уюмлари шундай юмшоқ ва тиниқ эдики, бундай сукунатда йўлдаги ғарч-ғурч қадам товушлари ёқимли эшитиларди.    

Болакайда дунёдаги энг ғаройиб ўйинчоқлар ва суратли китоблар бор эди. Айниқса, «Қилич ва салла», «Пошнасиз этик», «Дев ва пакана», «Жин ва кўк соқол», «Ловия пояси», «Хазиналар ороли», Валентин ва Орсон ҳақдаги эртаклар энг ғаройиблари эди. Умуман, барчаси янги ва ҳақиқат эди.

Аммо бир куни болакай йўқолиб қолди. Саёҳатчи уни такрор-такрор чорлади, бироқ жавоб бўлмади. У чорасиз қолгач, йўлида давом этди, анчагача ҳеч кимни учратмади.  Ниҳоят, кўркамгина ўсмир болага дуч келди.

— Бу ерда нима қиляпсан?  — сўради боладан.

— Ўқияпман. Кел, мен билан ўқи.

У ўсмир билан бирга ўқишга киришди — Юпитердан Юнона сайёрасигача, греклардан то римликларгача, хуллас, унга ўрганилган барча нарсаларни ўргатди. Шу билан бирга, ўрганганларининг ярми эсидан ҳам чиқиб кетди. Улар фақатгина ўқиш билан банд бўлишмасди. Тез-тез қизиқарли машғулотлар билан шуғулланишарди. Ёзда дарёда эшкак эшишар, қишда музда коньки учишар, пиёда сайр қилишар, сакрашар, крикет, футбол ёки регби, «Қуёнлар» ва «Менга тақлид қил» каби ўйинларни ўйнашарди. Баъзан пирог ейишар, тунгача рақс байрамларида иштирок этишар, театрга боришар, бу ерда ҳақиқий саройлар, тиллаю кумушлар, дунёнинг барча мўъжизаларига гувоҳ бўлишарди. Уларнинг дўстлари-чи — бирам меҳрибон ва кўп эдики, санаб адо қилиб бўлмасди. Бари тенгдош ва кўркам эдилар, умрларининг охиригача дўст бўлиб қолишга қасам ичишганди.

Бир кун саёҳатчи бир гала болалар орасида ўсмирни йўқотиб қўйди. Худди биринчи марта кўрган болакайни йўқотгани сингари, ночор қолгач,  яна йўлида давом этди. У анча юрди, ҳеч ким билан юзлашмади, охири бир ёш йигитга рўпара бўлди.

— Бу ерда нима қиляпсан? — сўради йигитдан.

— Севиб қолдим. Кел, сен ҳам сев.

Йигит энг яхши қизни топди. У худди Фаннига ўхшарди. Кўзлари, сочлари, кулгичлари ҳам. У жилмайганида Фанни каби яноқлари қизарарди. Йигит уни севиб қолди — бир кўришдаёқ. Йигитни севиб қолгани учун масхара ҳам қилишди. Ҳатто, Фаннига ўхшаш қиз ҳам устидан кулди. Улар тортишиб қолишди, кейин эса ярашишди ва қоронғиликда ўтириб, ҳар куни бир-бирига мактублар ёзишди. Ҳеч ким уларчалик бахтли эмасди. Янги йил арафасида улар унаштирилди, яқин орада тўй ҳам қилишмоқчи эди — ҳаммаси жойида эди. Бироқ бир куни саёҳатчи уларни йўқотиб қўйди. Ортга қайтишлари учун уларни чақирди — ҳеч ким қайтмади — у йўлида давом этишга мажбур бўлди. Анча-мунча йўл юрди, ҳеч ким йўлида учрамади, фақат ўрта ёшли бир эркакни айтмаганда.

— Бу ерда нима қиляпсан? — сўради эркакдан.

— Ишларим билан бандман, кел, сенам мен билан ишла!

Ўшандан кейин эркак билан ишлаб, банд одамга айланди, улар ўрмонни кесиб ўтишди. Унинг бутун саёҳати ўрмонда кечди, аввалига ўрмон сийрак ва ям-яшил эди, худди баҳор сингари. Мана, энди қоронғи ва қуюқ, худди ёзга ўхшайди. Ниҳоллар аллақачон бўй чўзиб, катта дарахтга айланган. Эркак ёлғиз эмасди, унинг ёнида ўзига тенгдош аёл бор — хотини. Уларнинг болалари ҳам бор эди. Улар биргаликда ўрмонни кесиб ўтишар, буталарни синдириб, ўзларига йўл очишар ва бу жараён ғоят машаққатли эди.

Баъзида улар узун яшил йўлакда пайдо бўлишар, йўллар эса янада қуюқ бутазорларга айланиб кетарди. Улар узоққа кетиб қолгач, ортларидан овоз эшитилди: «Дада! Дада! Мен ҳам болангизман. Кутиб туринг!» Шу пайт бир гўдак пайдо бўлди ва уларга қўшилиб, хаёлларини чалғитди. Гўдак уларга яқинлашгач, улар янги меҳмонни ўраб олишди, саломлашишди, сўнг опичлаб ўзлари билан олиб кетишди.

Бир пайт улар бир неча йўлларга бўлиниб кетган чорраҳага етиб келишди. Болалардан бири «Дада, мен денгизга кетаман», иккинчиси эса «Дада, мен Ҳиндистонга кетаман», учинчиси «Дада, мен бахтимни излаб кетаман», тўртинчиси бўлса «Дада, мен осмонга кетаман!» дейишди. Мана, кўз ёшлар артилди, улар ўз йўлларини танлаб эркакни тарк этишди. Тўртинчи болакай эса айтганидек осмонга учиб, ўзидан тилларанг из қолдирди ва кўздан ғойиб бўлди.

Ҳар сафар бундай айрилиқлар пайтида саёҳатчи эркакка қарар ва унинг дарахтларга, осмонга, қуёш ботар тарафга ўйчан тикилиб қолганига гувоҳ бўларди. Яна шуни сездики, унинг сочлари оқара бошлабди. У йўл бўйи дам олмай юрди, ахир, саёҳатни тўхтатиб бўлмасди, иш билан банд эди.

Охир-оқибат айрилиқлар шунчалик кўп бўлдики, уларнинг ёнида ҳеч ким қолмади, фақат — саёҳатчи ва эр-хотин. Энди ўрмон сариқ тусда эди. Сўнгра бўрон кўтарилди, дарахтлар баргини тўкди, ҳатто, шохлари ҳам синди.

Мана, улар ўрмоннинг қоронғи қисмига етиб келишди, ҳеч қаерга қарамай шошишарди, аммо бир пайт аёл тўхтаб қолди.

— Эргинам, — деди у. — Мени чорлашяпти.

Аёл ортга қараганида товушларни эшитарди: «Ойи, ойи!»

Бу осмонга кетган болакайнинг овози эди. Ота уни тўхтатди:

— Шошма, вақти эмас, қуёш ҳали ботгани йўқ. Вақтимиз бор!

Аммо овоз чорлашдан тўхтамади: «Ойи, ойи!» Эрининг ёнида қолишни қанчалар истамасин, овоз томон талпинди. Она ортга чекиниб, зимистонга сингиб кетиш олдидан эрини қаттиқ қучди, юзидан ўпди ва деди:

— Азизим, мени чорлашяпти, кетишим керак!

У кетди. Саёҳатчи ва эркак ёлғизланиб қолишди.

Йўлда давом этдилар. Ўрмон ҳам тугай деб қолганди, ҳатто, шафақ кўринарди, дарахтлар ёниб қизил тусга кирганди. Аммо бутазорлар ичида саёҳатчи эркакни йўқотиб қўйди. Уни чақирди-чақирди, жавоб бўлмади. Ўрмондан чиқиб, ботаётган қуёшни кузатди, унинг қаршисида эса бир қария ўтирарди. Саёҳатчи:

— Бу ерда нима қиляпсиз?

— Барчасини эслаяпман! Кел, сен ҳам ўтган кунларни хотирла!

Саёҳатчи қариянинг ёнига чўкиб, шафақ томонга боқаркан, ўтган йўл давомида унга ҳамроҳ бўлган инсонларни бирма-бир эслади. Бир пайт уларнинг бари йиғилиб, унинг атрофини қуршаб олишди. Чиройли болакай, ўсмир бола, оташқалб йигитча, болалари бор эр-хотин. Уларнинг барчаси шу ерда эди, ҳеч қайсиси кетиб қолмапти. Саёҳатчи уларга қараб қувонар, улар ҳам саёҳатчига ўз ҳурматларини билдиришарди.

Ўйлашимча, бу саёҳатчи сизга ҳам бегона эмас, азиз болажоним, сабаби, сиз бизларга меҳрибонсиз, шу сабабдан барчамиз сизни ҳурматлаймиз, эъзозлаймиз.  

Рус  тилидан

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

таржимаси




Ўхшаш мақолалар

Олча гуллаган кун

Олча гуллаган кун

🕔11:38, 20.09.2018 ✔14

Қобил ота бомдод намозини ўқиб бўлгач, аёлининг ҳаққига узоқ дуо қилди. Жойнамоздан оҳиста қўзғалар экан, деразадан ҳовлига мўралади.

Батафсил
Ҳаёт бу — саёҳат

Ҳаёт бу — саёҳат

🕔11:37, 20.09.2018 ✔18

«Кутиш хонасида ўтирганимда шифокорнинг онамга секин пичирлаётганини кўрдим. Тахминимча, у қон таҳлилимнинг натижалари ҳақида сўзлаётган эди. Бир ҳафта ичида бу ерга учинчи марта келишим эди ва мен ҳам асабийлашар, ҳам қўрқардим. Мен ўйлаган нарса содир бўлгандек эди...»

Батафсил
Данак

Данак

🕔11:14, 13.09.2018 ✔43

Саҳар — узоқдан азон овози эшитилмоқда. Аҳён-аҳёнда уйдаги хўрозлар ҳам шукрона билдиргандай қичқиради.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Олча гуллаган кун

    Олча гуллаган кун

    Қобил ота бомдод намозини ўқиб бўлгач, аёлининг ҳаққига узоқ дуо қилди. Жойнамоздан оҳиста қўзғалар экан, деразадан ҳовлига мўралади.

    ✔ 14    🕔 11:38, 20.09.2018
  • Ҳаёт бу — саёҳат

    Ҳаёт бу — саёҳат

    «Кутиш хонасида ўтирганимда шифокорнинг онамга секин пичирлаётганини кўрдим. Тахминимча, у қон таҳлилимнинг натижалари ҳақида сўзлаётган эди. Бир ҳафта ичида бу ерга учинчи марта келишим эди ва мен ҳам асабийлашар, ҳам қўрқардим. Мен ўйлаган нарса содир бўлгандек эди...»

    ✔ 18    🕔 11:37, 20.09.2018
  • Данак

    Данак

    Саҳар — узоқдан азон овози эшитилмоқда. Аҳён-аҳёнда уйдаги хўрозлар ҳам шукрона билдиргандай қичқиради.

    ✔ 43    🕔 11:14, 13.09.2018
  • Шапалоқ

    Шапалоқ

    — Қўйинг домла, ўзим юваман. Йўқ-йўқ... Майли. Сизга хизмат бўлади-да энди. Қўлларим қорамойга булғанмаганда ўзим ювардим. Сал оздан қуйинг домла.

    ✔ 35    🕔 11:14, 13.09.2018
  • Манзилсиз йўловчи

    Манзилсиз йўловчи

    «Онанинг кўнгли — болада, боланинг кўнгли — далада, деб шуни айтса керак-да. Йўқ, боласи тушмагур меҳрсиз эмас, ҳар ҳафтада бир марта бўлса-да мени йўқлаб туради.

    ✔ 62    🕔 10:53, 24.08.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар