Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИНИНГ МАРД ЎҒЛОНЛАРИ

Оилада ўғил фарзанд туғилса, «Ҳимоячи дунёга келди», дея бошқача хурсанд бўламиз. Ўғил бола нафақат оиласининг, балки юртининг ҳимоячиси, Ватанининг мустаҳкам қўрғони бўлиб вояга етади. Бутун ҳаётини шу шарафли ишга бағишлаганлар эса ҳар қандай юксак эътирофга лойиқдир.

ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИНИНГ МАРД ЎҒЛОНЛАРИ

Интернетда бир маълумотни ўқиб қолдим: globalfirepower.com эълон қилган дунёнинг энг қудратли армиясига эга 100 та давлатлар рейтингида Ўзбекистон 2017 йилда 48-ўринни эгаллабди. Таққослайдиган бўлсак, 2015 йилда мамлакатимиз 54-ўринни банд этган. Қуролли Кучларимизнинг бор-йўғи икки йил ичида яна олти поғонага юқорилагани шу заминда яшайдиган ҳар бир инсон қалбида фахрланиш, ғурурланиш туйғуларини уйғотиши табиий.

Ҳа, мамлакатимизда ҳарбий йўналишда ҳам барқарор ривожланиш тенденцияси кузатилмоқда. Бунинг замирида нима мужассам? Саволга жавоб оддий: мустақиллик йилларида замонавий, ихчам ва ҳаракатчан, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир миллий армия шакллантирилди. Ҳарбийлик касбининг нуфузини оширишга эришилди, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада, тарихан қисқа даврда бугунги замон талабларига жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга миллий армиямиз вужудга келди.

Албатта, кучли армия учун биринчи навбатда, ҳар томонлама профессионал кадрлар зарур. Улар нафақат жисмонан, балки маънавий жиҳатдан интеллектуал бўлиши талаб этилади. Ҳарбий соҳага ихтисослаштирилган мактаблар эса миллий армиямиз учун мустаҳкам таянч вазифасини ўтамоқда. 

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармонига асосан, буюк давлат арбоби ва саркарда Соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олган ҳолда, мамлакатимиздаги барча ҳарбий академик лицейлар «Темурбеклар мактаби»га айлантирилди. Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Урганч ҳарбий академик лицейлари Темурбеклар мактаби номини олди. Бу эса мард ва жасур ҳарбийларни вояга етказиш борасида улкан қадам бўлди. Биз пойтахтимиздаги ана шу мактаб фаолияти билан яқиндан танишдик. 

Бугунги кунда Тошкент Темурбеклар мактабида 456 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўқув даргоҳидаги тартиб, интизом, кучли ҳарбий руҳни бу ерга келган ҳар бир одам сезиши аниқ. Ҳақиқий армиянинг ўзи. Ҳамма юмуш қатъий белгиланган вақтда бажарилади.

— Темурбеклар мактабини буюк давлат арбоби, Соҳибқирон Амир Темурнинг муносиб авлодларини вояга етказишга хизмат қиладиган, чинакам ватанпарвар, мард ва фидойи ёшларни тарбиялайдиган маскан дейиш мумкин, — дейди Тошкент Темурбеклар мактаби директорининг ўринбосари, подполковник Қамбарали АЗИЗОВ. — Президентимиз томонидан ҳарбий академик лицейларга Темурбеклар мактаби номининг берилиши бу, аввало, бизга билдирилган ишонч, зиммамизга юклатилган улкан масъулиятдир. Темурбеклар мактаби Миллий гвардия тасарруфига ўтказилди. Бу бежиз эмас, албатта. Бунинг замирида ўқувчиларнинг ҳарбий тайёргарлигини замонавий ёндашув асосида янги босқичга кўтариш мужассам.

Ҳарбий билим даргоҳида таҳсил олаётган ёшлар ҳам қачонлардир кўчада чопқиллаб ўйнаган, қаддини ғоз тутиб, аскарларга ўхшаб юришни тақлид қилган болалар. Мана энди улар чинакам юрт ҳимоячиси. Ватани, халқи учун жон фидо қилишга тайёр, ҳар бир қарич ерни ҳимоялаб, мамлакат тақдирига муносиб ҳисса қўшадиган бўлиб камол топмоқда. Уларнинг ҳар бири Ватан олдидаги шарафли бурчини адо этиш истагидаги мард ўғлонлардир.

 — Болалигимдан ҳарбийликни орзу қиламан, — дейди Темурбеклар мактаби ўқувчиси Шоҳжаҳон ­РАҲМОНАЛИЕВ. — Телевизорда ҳарбийларни кўрсам, «Мен ҳам улардек бўламан, ҳарбий кийим кийиб, чегарамизни қўриқлайдиган посбонга айланаман», дея ният қилардим. Бу истак мактабни битирар чоғим янада кучайди.  Шу боис Темурбеклар мактабига имтиҳон топширдим ва ўқишга қабул қилиндим. Ушбу ҳарбий билим юртида ўтаётган ҳар бир кун менга чинакам жасоратни ўргатмоқда. Темур бобомиздек мард бўлишга, муносиб авлод эканимизни намоён этишга сидқидилдан ҳаракат қиляпман.

— Дадам ҳарбий бўлгани учун шу соҳага қизиқишим катта, — дейди яна бир ўқувчи Жаҳонгир ЖУМАБОЕВ. — У кишига ўхшагим келар, ўзимни ҳарбий либосда тасаввур қилардим. Улғайиб, ниятимни амалга ошириш мақсадида Темурбеклар мактабига ўқишга кирдим. Бу оддий мактаб ёки лицей эмас, ҳарбий ҳаётга ­тайёрловчи чинакам маскан экан. Бу ерда биз Ватанга муҳаббат ва садоқатни ўрганяпмиз. Ҳар қандай душман олдида бошни баланд тутиб, юртга кўкси билан қалқон бўлиш иродасини ҳис этяпмиз. Келгусида танлаган йўлимда давом этиб, она юртимизга юксак шараф билан хизмат қилишни мақсад қилганман.

Темурбеклар мактабига қабул қилишнинг ҳам ўз тартиби, мезони бор. Бу ерга ҳар йили умумтаълим мактабининг 9-синфини битирган, соғлом, дастлабки ҳарбий-касбий танлов ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган ўғил болаларнинг 150 нафари ўқишга қабул қилинади.

— Ҳарбий академик лицейимизнинг асосий мақсади — ўқувчиларнинг интеллектуал ривожланишини таъминлаш, уларга чуқур таълим бериб, олий ҳарбий ҳамда бошқа олий ўқув юртига киришга тайёрлашдан иборат, — дейди Тошкент Темурбеклар мактаби маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ўринбой ­БОБОЁРОВ. — Бунинг учун билим даргоҳимизда зарур адабиёт дейсизми, малакали ўқитувчи-мураббийми — барча шароит етарли. Дарслар Қуролли Кучларимиз қудратини акс эттирувчи кўргазмали воситалар, компьютер ва электрон дарсликлар, видеороликлар билан тўлиқ жиҳозланган махсус хоналарда олиб борилади. Фақат ўқувчи қунт билан ўқиса, бас.

Ҳа, кўзи ёниб турган ўғлонларга боқар экансиз, юртимиз эртаси ишончли қўлларда эканига амин бўласиз. Эртанги кунга катта иштиёқ, завқ ва умид билан қадам ташлайсиз. Сизнинг ортингизда ҳимоячи, тинч-хотиржам ҳаётимизнинг кафолати бўлиб сергак турадиган ана шу йигитлар бор. 

 

Ноилахон АҲАДОВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

🕔11:44, 20.09.2018 ✔11

Кексайганда уларга аслида ким ғамхўрлик қилиши керак?

Батафсил
Кўролмайдиган кимса

Кўролмайдиган кимса

🕔11:43, 20.09.2018 ✔12

Одам ўз ихтиёри билан очиқ кўрликни танлаши мумкинми?

Батафсил
Ахлоқнинг чегараси

Ахлоқнинг чегараси

🕔11:26, 13.09.2018 ✔49

Жамиятни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон нега бедор эмас?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

    Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

    Кексайганда уларга аслида ким ғамхўрлик қилиши керак?

    ✔ 11    🕔 11:44, 20.09.2018
  • Кўролмайдиган кимса

    Кўролмайдиган кимса

    Одам ўз ихтиёри билан очиқ кўрликни танлаши мумкинми?

    ✔ 12    🕔 11:43, 20.09.2018
  • Ахлоқнинг чегараси

    Ахлоқнинг чегараси

    Жамиятни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон нега бедор эмас?

    ✔ 49    🕔 11:26, 13.09.2018
  • Бу заминнинг жозибаси бор

    Бу заминнинг жозибаси бор

    Ақлимни таниганимдан Имом ­Бухорий номини эшитиб катта бўлдим. Олдин катталардан эшитган бўлсам, кейинчалик ўзим турли китобларда бу номни тез-тез учратардим. Бу буюк шахсга меҳрим, ихлосим йилдан-йилга ортиб бораверди.

    ✔ 60    🕔 11:58, 30.08.2018
  • Меҳнатни отам қилди, қадрини бугун топдик

    Меҳнатни отам қилди, қадрини бугун топдик

    Отам косиблик орқасидан рўзғор тебратганлар. Ўн уч жонни косибликнинг оғир меҳнатидан келган уч-тўрт сўм пул билан эплаб туришган.

    ✔ 64    🕔 11:57, 30.08.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар