Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ЯГОНА МАКТАБ ФОРМАСИ

Қачондан жорий этилади?

Юртимиздаги мактабларда ўқувчилар формаси ранги ва бичимининг турлича бўлиши кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётгани бор гап.

ЯГОНА МАКТАБ ФОРМАСИ

Бошқа мактабга ўтишда яна янги кийим харид қилиш зарурлиги ёки ҳар йили ҳар хил фасонда танланадиган кийим нархининг ҳамёнбоп эмаслиги ота-оналарни ташвишга солиши табиий. Бу оилавий бюджетга яхшигина ортиқча чиқим ҳисобланади. Қолаверса, мактабда ўқувчиларнинг бор диққат-эътибори билим олишга қаратилиши ва ижтимоий тенгсизлик юзага келмаслиги учун бир хил форма зарурати бор.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 16 август куни таълим тизимида олиб борилаётган ишлар юзасидан масъулларнинг ҳисоботларини тинглаш мақсадида ўтказган мажлисида, айнан, ўқувчиларнинг мактаб формаси масаласига ҳам тўхталиб, ўқувчилар бир хил формада бўлиши лозимлигини таъкидлаган эди. «Ўзбек менталитетини инобатга олиб, мактабда, коллежда ўқувчиларнинг формаси бўлиши керак. Чет элларда, мисол учун, Туркия, Англияда ўқувчилар 100 фоиз формада... Ота-она барибир шу формани олади, лекин сифатсиз формани оляпти, пули кетяпти. Мана шу нарсалар мени мутлақо қониқтирмайди. Форма кийган боланинг маънавияти ўзгаради, маърифати ўзгаради. Масъулият ва жавобгарлиги ҳам ўзгаради... Иккинчидан, жамиятимиздаги энг катта масала — бой билан камбағал орасидаги муносабат. Оддий оиланинг оддий кийинган боласи яхши кийинган боладан ғаши келади», дея давлатимиз раҳбари мактабларда бир хил форма жорий этишнинг нозик жиҳатларига алоҳида тўхталган эди.

Хўш, мактабларимизда умумий форма қачондан жорий этилади? Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу каби саволлар кўпчилик ота-оналарни ҳам, ўқувчиларни ҳам ўйлантириб келмоқда.

Мактаб формалари танлови

Бугун қобилиятли ёшларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда енгил саноат ва мода саноати учун муносиб кадрларни тайёрлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида фаолият бошлаган «Ёш дизайнерлар» нодавлат нотижорат ташкилоти кенгаши ёш ва иқтидорли дизайнерларга имконият эшикларини очган.

2017 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши, Халқ таълими вазирлиги ҳамда «Ёш дизайнерлар» кенгаши ҳамкорликда «Имидж» номли ёш дизайнерлар танловини эълон қилган эди.

 — Танлов икки йўналишда: мактаб формалари моделини яратиш, «Ёшлар иттифоқи» логотипи ҳамда эркин кийим ва аксессуарлар дизайнини яратиш бўйича ташкил этилди, — дейди «Ёш дизайнерлар» кенгаши раиси Дилноза ­УМРЗОҚОВА. — Танловга бўлган қизиқиш шу қадар кўп бўлдики, мутахассислардан иборат ҳайъат аъзоларига 983 нафар иштирокчидан 20 нафарини танлаб олиш осон кечмади. Сараланган иштирокчилар мутахассислар билан биргаликда замонавий мактаб формалари моделини яратиш устида иш олиб борди. Ҳозирда иштирокчилар яратган мактаб формалари суратлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг расмий сайтига жойлаштирилди. Бундан мақсад: халқимизга манзур бўладиган бичимдаги мактаб формасини танлаш. Эндиликда ота-оналар, ўқувчилар, исталган киши сайтга кириб, мактаб формаси моделларини кўради ва маъқул келган дизайнер ишига овоз беради. Энг кўп овоз олган иш соҳиби танлов ғолибига айланади. Асосийси, у яратган форма барча талабларга жавоб берса, келгусида ишлаб чиқаришга жорий этилиши мумкин.

Тажриба эмас, ғоя муҳим

Берилган овозлар ҳамда комиссия фикри орқали аниқланадиган танлов ғолибига ўн миллион сўм миқдорида муаллифлик гонорари берилиши маълум қилинди. Шунингдек, бошқа имтиёзлар ҳам кўриб чиқилмоқда. Дизайнернинг тажрибаси, ёши эмас, аксинча, бера оладиган ғояси муҳим. Илгари бу каби лойиҳаларда, асосан, мутахассислар фикрига қулоқ тутиларди. Бу гал барчанинг фикри, танлови инобатга олинмоқда.

— Ўзим яратган мактаб формаси коллекциясини Ёшлар иттифоқи сайтига жойлаб, ҳозирга қадар 768 та овоз тўпладим, — дейди Камолиддин Беҳзод номидаги Ўзбекистон миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси Моҳинур ТУРАБОВА. — Коллекциямни яратишда замон талаби, ўқувчиларнинг психологик хусусиятларига алоҳида эътибор қаратдим. Ўқувчилар билан суҳбатларда уларнинг қора рангни унча хушламаслиги, ўзгача кўриниш ва рангдаги форма кийишни исташини айтишди. Шу боис яратган либосларимда асосан, тўқ кўк, кулранг ҳамда тўқ қизил рангдан фойдаландим.

Танловда тўртта мезонга таянган ҳолда мактаб формалари яратишга эътибор қаратилган. Аввало, ғояга аҳамият берилган. Миллий мактаб формаси бошқа давлатларникига ўхшамаслиги, болалар учун қулай бичимда бўлиши лозим. Шунингдек, кийимнинг ранги, унинг бола психологиясига таъсири инобатга олинган бўлиши керак. Яна бир муҳим томони — мато танлаш. Мактаб формасини яратишда экологик табиий матолардан фойдаланишга алоҳида аҳамият берилган.

Мато қалин ва 100 фоиз пахтадан

Албатта, ўқувчилар учун ягона мактаб формасини татбиқ этиш тезда ҳал бўладиган иш эмас. Бунда юртимизнинг барча вилоятлари, чекка ҳудудлардаги иқлим, об-ҳаво шароити ҳам эътиборга олиниши лозим. Айниқса, қишнинг совуқ кунларида болаларни иссиқ тутадиган, соғлиғи учун зарарли бўлмаган, қулай кийим жуда муҳим. Кўпчиликда «Иссиқ ва совуқ кунлар учун алоҳида-алоҳида форма олиш керак», деган савол пайдо бўлиши ҳам мумкин. Аммо икки мавсум учун бошқа-бошқа кийим харид қилишга ҳамманинг ҳам имконияти етадими?

— Ўқувчиларнинг таълим олиш даврининг асосий қисми салқин ва совуқ ойларга тўғри келгани сабабли, форманинг матоси қандай бўлиши кўпчиликни қизиқтиради, — дейди «Шарқ либослари» дизайн маркази вакили Шаҳноза НУРМАТОВА. — Биз мато яратиш ва танлаш жараёнида, айнан, салқинроқ об-ҳаво шароитини ҳамда кийимни ўқувчилар кийишини инобатга олдик. Таркиби 100 фоиз пахта бўлган, иссиқ ва қулай газлама танланди. Биз ҳам танловда ўз коллекциямизни тақдим этганмиз ва асосий этиборни қулайликка қаратдик.

Муҳокамалар давом этмоқда

— «Ёш дизайнерлар» кенгаши энг яхши деб топилган мактаб формаси моделини бизга тақдим этади, — дейди Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер ­САЪДУЛЛАЕВ. — Танловда ғолиб бўлган модель 2018-2019 ўқув йилидан мактабларда жорий қилиниши мумкин. Айниқса, нарх масаласи жуда долзарб. Шунингдек, юртимизнинг барча ҳудудларига маҳсулотни етказиб бериш ҳам осон эмас. Маҳсулот халқ талабига тўлиқ жавоб бериши, муҳими, ҳамёнбоп бўлиши керак.

«Ёш дизайнерлар» кенгаши Халқ таълими вазирлиги билан бунинг тизимини пухта ишлаб чиқиши лозим. Шу боис ягона мактаб формасининг жорий этилиши ёки этилмаслиги масаласида аниқ тўхтамга келинмаган. Муҳокамалар ҳали давом этмоқда. Шуни айтиш керакки, миллий маҳсулотни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш айнан, ёш дизайнерларимиз қўлида. 

Танловга ҳавола этилган мактаб формалари моделлари орасида ғолиб битта бўлмаслиги ҳам мумкин. Бунда барча эскизлардаги ўзига хослик, мато ва ранг, бичим, энг муҳими, қулайлик уйғунлаштирилиб, ягона тўхтамга келинади.

 

Ноилахон АҲАДОВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

🕔18:05, 06.12.2018 ✔22

Мардикорлар дардини ҳам кимдир тинглайдими?

Батафсил
«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

🕔17:43, 06.12.2018 ✔21

«Ўзбектелеком» интернет нархи ва тезлиги борасидаги ваъдасини бажардими?

Батафсил
Аризачи қўлида «қилич»,  директорда «қалқон»,  ўртада сарсон  ўқитувчилар...

Аризачи қўлида «қилич», директорда «қалқон», ўртада сарсон ўқитувчилар...

🕔16:17, 29.11.2018 ✔62

Бир фуқаронинг таҳририятимизга кетма-кет мурожаати, қолаверса, вазиятни жойига бориб ўрганишни сўраб қилган илтимоси билан Самарқанд вилояти Нуробод тумани «Оқсой» МФЙ Товоқбулоқ қишлоғида бўлиб, 51-умумтаълим мактабида журналистик текширув ўтказдик.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар