Ўзлик      Бош саҳифа

«ЎҒУЛСИЗЛИҚ ИЧРА КЎНГУЛСИЗЛИҚИМ»

Огаҳий уй-музейидан репортаж

«ЎҒУЛСИЗЛИҚ ИЧРА КЎНГУЛСИЗЛИҚИМ»

Қадимий Хивага борсангиз, Ичан қалъадан тахминан беш-олти чақирим нари Қиёт қишлоғига йўлингиз тушса, албатта, кириб ўтинг, сўлим бир маскан бор. Қишлоқнинг баҳаволиги, гўзал манзараси ўзига хос. Айниқса, бу элнинг одамлари жуда ширинсухан, сўзамол. Меҳмонни обдон сийлашади. Сўнг улуғ ўзбек шоири Муҳаммадризо Огаҳийнинг кошонасига етаклашади.

Мана, Огаҳийнинг боғ-музейи. Яшиллик кўзга урилади. Кенг, тароватли боғ. Ўртасида катта уй. Қаршисида улуғ шоирнинг ҳайкали: нигоҳлари тийрак, ўйчан. Дарвозадан киришимиз билан, катта тут дарахтига кўзимиз тушади.

— Огаҳий тути, — дейди музей ходими Ҳамробек ­Абдуллаев. — Уни шоирнинг ўзи эккан.

Кекса тутдан сал нарида яна бошқа ниҳоллар ўтқазилган. Эрта баҳор бўлишига қарамай, барглари мўртаклашга улгурган.

Уларга тикилиб турганимни кўриб музей ходими изоҳ берди:

— Тут ниҳолларини шу боғ-музейни барпо этишга бош бўлган шоир Эркин Самандар эккан.

Хаёлимга драматург Эркин Самандар билан музей тарихи ҳақидаги суҳбат келди.

Мустақилликдан олдинги йиллар Эркин Самандар вилоят газетасида бош муҳаррир вазифасида ишларди. Ҳукумат топшириғи билан пахта экиладиган майдонларни бориб кўрар, иш ривожини кузатар эди. Шундай топшириқ билан Хивага, Қиёт қишлоғига келди. Огаҳий сиймосини бағоят қадрлаган шоир кекса тутни кўрди-ю, унга маҳлиё бўлиб қолди. Маҳаллий аҳоли бу дарахтни Огаҳий ўз қўллари билан ўтқазгани, қатор тутлардан омон қолгани шу эканини айтганда, қувончини яширолмади. Қишлоқдаги энг кекса киши унга болалигида Огаҳийни кўрганини гапириб берди: «Икки ёб (ариқ) ораси «Мироблар ўрами» деб аталарди, бу ерда фақат мироблар сулоласи — Огаҳийнинг қариндош-уруғлари яшарди, тутнинг ёнгинасида эса Огаҳийнинг уйи бўлган». Суҳбат сўнггида қария: «Огаҳий пастроқ бўйли, аммо чайир, оқсоқланиб юрадиган киши эди. Вафотидан кейин уни ўзининг васияти бўйича Муниснинг қабри ёнига қўйишган. Олдин обод жой эди, ҳозир харобазор бўлиб қолди», дейди ўксиниб.

Эркин Самандар бутунлай пахтазорга айлантирилган «Мироблар ўрами»ни кўздан кечирди. Қариядан уйнинг қайси ерда жойлашганини аниқлаб олди-ю, бу ерни Огаҳийнинг «ўзига қайтаришга» бел боғлади. Бу ташаббусни қўллаб-қувватлаганлар кўп бўлди. Уларнинг ёрдами билан шоир «Мироблар ўрами»ни пахтазордан ажратиб, катта боққа айлантирди. Огаҳийга оид барча ашёни йиғди. Рассомлар, уста-меъморлар қариянинг хотиралари асосида Огаҳий уй-музейини барпо этишди. Огаҳий мангу қўним топган жой обод масканга айланди.

— Музей бир неча хонадан иборат, — деди музей ходими. — Бу биринчи хона — Огаҳийнинг асарлари лавҳаларидан намуналар олиб чизилган суратлар билан безатилган. Иккинчи хонамиз Огаҳийнинг ёшлиги ҳақида...

Музей ходими шоирнинг 190 йиллигини нишонлаш ҳақидаги қарор, музейни яратишга ҳисса қўшган инсонлар, Огаҳий яшаган уй, ёшлиги, шажараси ҳақида гапирар, менинг эса хаёлим аллақачон ўтмишда сайр қилиб юрарди.

...Муҳаммадризо отасининг бағоят суюкли фарзанди эди. У кенг боғда сайр қилишни ёқтирар, оламнинг гўзаллиги уни шодлантирарди. Аммо кутилмаганда бошига оғир савдо тушди: отаси мироб Эрниёзбек вафот этди. Шундан сўнг уни амакиси Шермуҳаммад Мунис ўз тарбиясига олди. Амакиси хоннинг бош мироби бўлишдан ташқари тарихчи олим, ажойиб хаттот ва шоир ҳам эди. Муҳаммадризони ўз ўғлидек суяр, билим берар, аждодларига муносиб эр йигит бўлиши учун ҳаракат қилар эди. Огаҳий кейинчалик «Таъвиз ул-ошиқин» девонида ўзи ҳақида шундай ёзганди: «фақир абан анжад Хоразм мамлакати султонларининг давлатхоҳ умароси зубдаларидин ва ўзбекия тавоифидин юз дудамони умдаларидин мироблиғ мансаби олийсиға мансуб ва садрнишинлик мартабаи мубталосиға мансубдурман». Яъни шоирнинг аждодлари амирлар (хонлар) сулоласидан ва ўзбекнинг юзлар уруғидан, мироблиғ мансаби олийсиға мансуб ва улуғ мансабдорлик мартабасиға боғлиқ, деганидир.

Мунис унга қанча меҳр кўргизса, шунча билимли ва илмли қилмоққа ҳам уринди. Ва унинг меҳнатлари зое кетмади. Огаҳий худди Мунис истаганидек, буюк шоир бўлиб етишди. Устози вафот этгач, хон бош мироблик вазифасини Огаҳийга юклади. Огаҳий тун-кун коризлар бошидан кетмас, одиллик билан халққа сув улашарди. Хоразм тупроғи шўр бўлгани сабаб кеч куздан эрта баҳоргача тўрт-беш марта ернинг шўрини ювишга тўғри келар, ариқ охиридаги оилалар ерига сув бормай қолишидан қийналишарди. Ҳатто совчиликка борганда ҳам биринчи бўлиб ҳовлиси ариққа яқинми ё узоқ — шу сўралар, ариққа узоқ оилаларга қиз берилмасди. Бу жиҳатдан айрим хонадонлар қийин аҳволга тушиб қолганди. Огаҳий эса ариққа узоқ, ерига сув бормайдиган оилаларни сув бўйига кўчирилиш ислоҳотини ўтказди. Оддий халққа нисбатан унинг бу одиллиги тилларда овоза бўлди...

Музейнинг навбатдаги хонасида Огаҳий даврига хос бўлган юксак дид билан ишланган рўзғор буюмларига кўзимиз тушади. Девор бўйлаб улуғ шоирнинг асарларига ишланган картиналар жой олган. Уларга боқиб Огаҳий нафақат шоир, балки билимдон сиёсатчи, тарихчи эканига ҳам амин бўлдик. Бу ерда унинг «Риёз уд-давла», «Зубдат ут-таворих», «Жоме ул-воқеоти Султоний», «Гулшани давлат», «Шоҳиди иқбол» каби тарихий асарларига суратлар ишланган бўлиб, бу асарларда Хива хонлари Оллоқулихон, Раҳимқулихон, Муҳаммад Аминхон II, Саййид Муҳаммадхон, Муҳаммад Раҳимхон Феруз давридаги воқеалар баён қилинган.

«Огаҳий, дилсўз назмингни эшитса аҳли ишқ,

Бўйнига таъвиздек айларлар ашъорингни банд», —

деб ёзади Огаҳий «Таъвиз ул ошиқин» асарида. Картинага боқиб туриб, асарнинг бутун моҳиятини англагандек бўласиз, дилингизда эса шу асарни топиб ўқиш истаги пайдо бўлади. Яна тасвирларда ариқ, канал йўлларини кенгайтираётган халқ, дарё бўйида юрган отлиқни ҳам кўрамиз. Беихтиёр кўз олдимизга қазув пайтида отдан йиқилиб шакарланг бўлиб қолган шоир келади. У шу сабаб мироблик мансабидан кетиб, бутун ҳаётини ижодга бағишлайди...

Кейинги хонага ўтар эканмиз, шоирнинг кундалик турмуш тарзи ҳақида маълумот оламиз. Бу ерда ўша даврга хос гилам, ўчоқ-қозонлар, рўзғор буюмлари, уст-бош кийимлар, дутор, Огаҳий мутолаа қилишни ёқтирган китоблар, лавҳ, унинг устида Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си – барчаси шоир истагандек жойлаштирилган, гўё. Қулоғимизга ажиб бир наво эшитилгандек бўлади. Назаримда, шоир мусиқани севгани сабаб, булбуллар бу ҳовли атрофида доим чарх уришади. Яна ичкариларканмиз, Хива ва Огаҳийни чин дилдан севганларнинг улар ҳақидаги китобларига кўзимиз тушади. Дид билан терилган бу китобларнинг барчаси шу сиймо ва шу элни суйган кишиларнинг асарлари эди.

Бу ерда шоир Матназар Абдулҳакимнинг Огаҳий ғазаллари таҳлилига бағишланган «Мангулик жамоли» китобидан то Эркин Самандарнинг шоир ҳаётига бағишланган «Қуюн излари ёхуд Огаҳий» асаригача, Азиз Қаюмовнинг «Назм ва тафаккур қуёши» китоби-ю Отабек Исмоиловнинг «Сўз мартабаси» асаригача топилади.

Уй-музейнинг ажойиботга тўла хонаси энг ичкарида экан. Хона деворига бутун бўйича чизилган суратлар сизни худди Огаҳий замонига элтиб қўяди. Боғда, хаёлга чўмиб марсия ёзаётг ан шоирнинг ҳолати беихтиёр сизга ҳам юқади:

«Билинтурмас эрди ўғулсизлиқим,

Ўғулсизлиқ ичра кўнгулсизлиқим»

деб ёзади шоир.

У бу марсияни суюкли шогирди Муҳаммад Яқубхожа вафоти муносабати билан ёзар, айни пайтда ўғли йўқлиги, уни ўғлидек кўргани, энди эса ундан ҳам ажраб қолганидан куюнарди. Огаҳий ёнида унинг қаламидан тўкилаётган байтларга тикилиб ўтирар экансиз, қўшни боғдан қайнонасига гўдагини тутқизганча ёш келинчак юргизаётган қўл тегирмони овозини эшитасиз. Сўнг эса катта йўлдан от чоптириб ўтаётган суворийнинг ҳайқириғи, сал наридаги боғдан келаётган сурнай навоси, «Лазги»га рақс тушаётган раққосаларнинг қўлидаги қайроқ овози, тўйга бораётган мўйсафидларнинг гангур-гунгур гурунглари қулоғингиз остида жаранглайди...

Музейдан чиқар эканмиз, бино олдидаги шоир ҳайкалига нигоҳимиз урилади. Энди у қўлидаги китобдан кўзини узиб, биз томонга қарайди. Нигоҳларда эса шундай маъно уқамиз: «Кўрдингми, эшитдингми, энди ўқи».

Гўзалой МАТЁҚУБОВА,

«Оила даврасида» мухбири

Тошкент – Хива – Тошкент




Ўхшаш мақолалар

МОЗИЙ  ҚАТИДАГИ ҲАҚИҚАТ

МОЗИЙ  ҚАТИДАГИ ҲАҚИҚАТ

🕔11:01, 08.09.2016 ✔684

«Авесто» музейидан репортаж

Хоразм — сир-синоат ўлкаси. Айнан шу воҳага борганда мозийнинг инсон тафаккури етмаган қатлари очила бошлайди. «Авесто» музейи эса айнан, ана шу сирлар, мингйиллик қаъридаги тарихдан сўзлайди.

Батафсил
«ЎҒУЛСИЗЛИҚ ИЧРА КЎНГУЛСИЗЛИҚИМ»

«ЎҒУЛСИЗЛИҚ ИЧРА КЎНГУЛСИЗЛИҚИМ»

🕔16:08, 15.07.2016 ✔815

Огаҳий уй-музейидан репортаж

Батафсил
ЯПОНЛАРНИНГ ЎЗБЕК ҚИЗИ

ЯПОНЛАРНИНГ ЎЗБЕК ҚИЗИ

🕔14:16, 14.07.2016 ✔958

Бир мухлисимиз таҳририятга қўнғироқ қилиб, «Тановор»га қойилмақом рақс тушадиган япон қизи ҳақида мақола тайёрлашимизни сўради.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • МОЗИЙ  ҚАТИДАГИ ҲАҚИҚАТ

    МОЗИЙ  ҚАТИДАГИ ҲАҚИҚАТ

    «Авесто» музейидан репортаж

    Хоразм — сир-синоат ўлкаси. Айнан шу воҳага борганда мозийнинг инсон тафаккури етмаган қатлари очила бошлайди. «Авесто» музейи эса айнан, ана шу сирлар, мингйиллик қаъридаги тарихдан сўзлайди.

    ✔ 684    🕔 11:01, 08.09.2016
  • «ЎҒУЛСИЗЛИҚ ИЧРА КЎНГУЛСИЗЛИҚИМ»

    «ЎҒУЛСИЗЛИҚ ИЧРА КЎНГУЛСИЗЛИҚИМ»

    Огаҳий уй-музейидан репортаж

    ✔ 815    🕔 16:08, 15.07.2016
  • ЯПОНЛАРНИНГ ЎЗБЕК ҚИЗИ

    ЯПОНЛАРНИНГ ЎЗБЕК ҚИЗИ

    Бир мухлисимиз таҳририятга қўнғироқ қилиб, «Тановор»га қойилмақом рақс тушадиган япон қизи ҳақида мақола тайёрлашимизни сўради.

    ✔ 958    🕔 14:16, 14.07.2016
Ҳаммасини кўриш 

Галерия

Фойдали манбаалар