Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ЁШЛАРНИ ЖИНОЯТГА ЕТАКЛАЁТГАН «ҚЎЛ»

Бунга ким қарши туриши керак: ота-онами, мактабми ёки маҳалла?

Орзуларимиз ижобатини ҳар доим фарзандимиз тимсолида кўрамиз. Уни вояга етказиб, кун келиб яхши касб эгаси, мартабаси улуғ, жамиятга фойдаси тегадиган етук шахс бўлиб камол топишини истаймиз. Бу йўлда бутун ҳаётимизни, боримизни, кучимизни, моддий ва маънавий имкониятларимизни ишга соламиз. Бироқ…

ЁШЛАРНИ ЖИНОЯТГА ЕТАКЛАЁТГАН «ҚЎЛ»

Ҳаётда ҳамма нарса биз истагандек амалга ошмайди. Кимдир билиб-билмай хато қилади, қоқилади, тўғри йўлдан адашади. Тағин, бундай ҳолатга ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган бола тушса, бундан ёмони йўқ.

Маълумотларга кўра, 2017 йилда мамлакатимиз бўйича 23 мингга яқин ёшлар жиноятга қўл урган. Энг ачинарлиси, шундан 759 таси ёки 3 фоизи касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари, 273 таси ёки 1,1 фоизи талабалар, 8935 таси ёки 36 фоизи ишсиз, жамиятда фаол бўлмаган ёшлар томонидан содир этилган.

Кўриниб турибдики, рақамлар оз эмас. Савол туғилади: ёшларни жиноят кўчасига нима етакламоқда? Унинг омилларини нимадан ёки қаердан излаш керак? Бу борадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун қандай чора-тадбирларни кўриш лозим?     

Яқинда Зангиота туманидаги Вояга етмаганлар тарбия колониясига бориб, бу ердаги айрим тарбияланувчилар билан суҳбатлашдик. 

Қаровсиз қолиб…

О.Н. Тошкент вилояти Янгийўл тумани, 17 ёш:

— Оилада беш киши эдик. Ота-онам пул топиш мақсадида чет элга ишлагани кетди. Шу билан синглим иккимиз кекса бувимнинг қўлида қолдик.  2-синф ўқувчиси бўлган пайтимдаёқ уйимиз яқинидаги автоустахона ёнида турли нарсалар сота бошладим. Устахонадагилар билан ҳам яхши чиқишиб олгандим. Уч-тўрт йилдан кейин улар мени ишга олди. Дарсдан сўнг ишлаб, бироз даромад қилиб турардим.

Лекин топган пулим оиламизга етмасди. Ота-онам юборган пуллар эса фақат дори-дармон, уй-рўзғорга кетарди. Шунинг учун пул топишнинг осон йўли ҳақида ўйлаб қолдим. Кунларнинг бирида уч нафар ўртоғим билан бир ҳовлига ўғриликка тушдик. Ўғирланган буюмларни сотдик. Бироқ оқибатини ўйлаб кўрмаган эканмиз. Қинғир ишнинг қийиғи бир ҳафтадаёқ ошкор бўлди. Мана, жазосини оляпман.

Тенгдошларим кунини бахтиёр ўтказиб, ўқиб, катта мақсадлар сари интилётган бир пайтда, мен озодликдан маҳрум ҳолда яқинларимдан йироқда, афсус билан жазо муддатини ўтаяпман. Эҳтимол, ота-онам ёнимда бўлганида, нопок йўлга кирмаган, жиноят қилмаган бўлармидим, дейман баъзан ўзимга ўзим. Номим ёмонга чиқмасмиди?!

«Нега бу ишни қилдим?», деган саволни ўз-ўзимдан кўп марта сўрайман. Арзимас нарсани деб, шу жиноятга қўл урдим. Хатоимни жуда кеч англадим. Балки эртароқ тушунганимда ҳозир бошқа болалар сингари коллежда ўқиётган бўлармидим? Катта мақсадларга интилиб, шод-хуррам юрармидим? Нима бўлганда ҳам, озодликка чиқсам, тўғри йўлни танлайман.

Кичик жанжалдан катта фожиа

А.Б. Тошкент шаҳар Яшнобод тумани, 18 ёш:

— Оилада уч нафар фарзандмиз. Отам бизни ташлаб кетгани боис ёлғиз онам бизга ғамхўрлик қилган. Мактабда ўқитувчи бўлиб ишларди. Ҳар бир қадамимизни ўйлаб босиш кераклигини доим уқтирарди. Бироқ мен нодон баъзан волидамнинг сўзига қулоқ солмасдим…

Ўша мудҳиш тун ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Онамнинг «ҳай-ҳай»ига қарамасдан, тунги соат ўн иккиларда ўртоғимнинг ёнига кетдим. У бир йигит билан тортишиб қолган экан. Ўртага тушиб, дастлаб уларни ажратишга ҳаракат қилдим, аммо... Муштумзўрлигим бир йигитнинг ҳаётдан эрта кўз юмишига, муштипар онанинг фарзандсиз қолишига олиб келди. Оқибатда бугун қилган жиноятим жазосини оляпман.

Онам шўрлик юраги дарду ситамга тўлиб кетди. Мен нодон уларнинг насиҳатига вақтида амал қилмадим, оқибатда эл олдида юзини қаро қилдим. Ишончини оқлай олмадим. Энди меҳрибонимнинг қадрига етяпман. Озодликнинг нечоғли ширин неъматлигини тушундим.

Онам доим бизни ўқимишли бўлишимизни истарди. Шундан бўлса керак, етти ёшимдаёқ инглиз тилини ўрганишимга шароит яратиб берди. Хорижий тилни ўрганиб, чет элдаги нуфузли олий ўқув юртида таҳсил олишни орзу қилардим.

Жиноят кўчасига адашиб кириб қолаётган тенгдошларим, ўсмирларга «бу йўлдан қайтинг, яқинларингизни ардоқланг», деб айтгим келади. Уруш-жанжалдан ҳеч кимга фойда йўқ. Айтилаётган ҳар бир номаъқул гап ҳам жиноятга сабаб бўлиши мумкин. Ота-она бағрида, катталар насиҳатига амал қилиб, ўқиб, бир ҳунар эгаси бўлишдан ортиқ бахт йўқ экан, аслида.

Тўқликка шўхлик оқибати

И.М. Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри, 17 ёш:

— Оиламизда тўрт фарзанднинг тўнғичиман. Гулистондаги академик-лицейда ўқирдим. Гуруҳимиздагиларнинг кўпчилиги синфдош, маҳалладош дўстларим бўлгани боис, доим бирга ўқишга борардик. Баҳоларим, лицейдаги интизомим ҳам ёмон эмасди. Бу ерда бирор муаммо чиқарсак, ота-онамизга дарҳол хабар қилинишидан ҳайиқардик. Бироқ кўчада...

Очиғи, ўртоқларим билан кўча-кўйда мутлақо бошқа инсонга айланардик. Хоҳлаган ишимизни қилиб, уйга кеч қайтардик. Яқинларим «қаерда эдинг, нима қилдинг шу пайтгача?» деган саволлар билан сўроққа тутганда, курсдошлар билан бироз айланганимни баҳона қилардим. Шунда улар «чарчагандирсан, майли, кириб ухла», деб қўярди.

Бу йўлга нима ундаганини билмайман, аммо дўстларим билан спиртли ичимликлар ича бошладик. Бир-икки марта ичиб келдим, аммо уйдагиларга буни сездирмасликка ҳаракат қилдим. Ҳеч ким билмади. Ана шундай кунларнинг бирида ўртоғимнинг туғилган кунини нишонладик. Ичиб маст бўлиб қолибмиз. Хуллас, нимадандир жанжал чиқди, шиша идишлар синди, пўписа қилиш, таҳдидлар бошланиб кетди. Охири, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходимлари келиб ушлашди...

Ота-онамнинг кўп вақти ишда ўтади. Онам шифокор, отам эса Тошкентда темирйўл соҳасида ишлайди. Улар яратиб берган шароитга кўпчиликнинг ҳаваси келади. Бировдан кам бўлмаслигимиз учун нима айтсак, муҳайё қиларди.

Уч ойдан буён ушбу колонияда тарбияланмоқдаман. Шу муддат ичида ўтказилган турли тадбирлар, тарбиявий дарслардан шуни тушундимки, бу йўлга кириб умримни хазон қилибман. Дўст танлашда адашибман. Ота-онамнинг юзини шувут қилиб, келажагимга ўзим болта урган эканман. Соғинч нималигини энди англадим. Яқинлар дийдори, озодлик қадрини тушундим. Бу ердан чиққач, албатта, ўқийман. Қилган гуноҳимни ювиш учун халқимга хизмат қиламан. Пушаймонлик ҳисси ич-ичимда, юрагим тубида янграйди.

Айбдор ким?

Кўриниб турибди, қилган жинояти жазосини олаётган шу уч нафар боланинг оиласи, тарбия кўрган муҳити уч хил. Бироқ қисмати ўхшаш. Улар содир этган қинғир ишнинг келиб чиқиш сабаблари, туб моҳиятига назар солсак, улар бу йўлга ўз-ўзидан кириб қолмагани аёнлашади. Бири мажбур бўлган, иккинчиси ёшлик қилиб қўйган, яна бирови тўқликка шўхлик оқибати.

Келинг, вазиятни чуқурроқ таҳлил қилиб кўрайлик. Ҳали катта ҳаётга қадам қўйишга улгурмай, жиноят кўчасига кириб қолган бу ёшлар нега ота-она назорати, мактаб ёки маҳалла-кўй эътиборидан четда қолган? Бири кекса ва хаста бувиси қарамоғида, бошқаси эса ота тарбиясидан мосуво бўлган. Яна бировининг ота-онаси фақат моддий таъминотни ўйлагану маънавий-ахлоқий тарбия масаласида сусткашликка йўл қўйган. Гапнинг сирасини айтганда, оилавий муҳит сабабли, вояга етмаган болалар ҳаёт сўқмоқларида адашган. 

Ҳа, оила жамиятнинг муҳим бўғини деймиз. Шу боис ҳам тарбия, аввало, ­оилада шаклланади. Агар оилада носоғлом муҳит ҳукмрон бўлса, қандай қилиб маънан баркамол болани тарбиялаш мумкин? Бу — масаланинг бир томони… 

Ўтган йили ноябрь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айни шу масала кўндаланг қўйилган эди. Давлатимиз раҳбари йиғилишда ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятчилик масаласини батафсил муҳокама қилар экан, ушбу иллатнинг олдини олиш учун, энг аввало, ишсизликни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, ушбу муаммони бартараф этмай туриб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича кўзланган натижаларга эришиб бўлмайди. Бунинг нечоғли долзарб масала эканини янада теран англаш учун эса биргина рақам кифоя: 2017 йилнинг 10 ойи давомида жиноят содир этганларнинг 16 мингдан зиёди ёки ҳар тўрттадан биттаси ­ишсизлик оқибатида келиб чиққан.

Шу боис маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик институтлари билан биргаликда кенг қамровли профилактик тадбирлар олиб бориш йўлга қўйилмоқда. Натижада 2017 йилда 1765 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.

Бундан ташқари, соҳага ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда. Жамоат жойларида ўрнатилган 114 мингдан ортиқ видеокузатув мосламаларидан фойдаланган ҳолда Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида қарийб 10 мингга яқин жиноятлар фош этилди.

Бироқ нега шу билан муаммо барҳам топмаяпти?

Таҳлиллар айрим ҳудудларда ишлар хўжакўрсинга, фақат қоғоз учун бажарилаётгани, оқибатда вазият ижобий томонга ўзгармаётгани ҳам видеоселектор йиғилишида кўрсатиб ўтилганди. Лўндасини айтганда, ҳамма жойда ҳам профилактик тадбирлар самарадорлиги етарли даражада таъминланаётгани йўқ.

Бу соҳада ҳали-ҳануз назорат ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар фаолияти ягона мақсадга йўналтирилмаган. Бола учун мактабда — мактаб, уйда — ота-она, маҳаллада — фаоллар жавобгар, деган эскича қараш йўқолмаган. Аксарият ҳудудларда уюшмаган ёшлар билан ишлаш ҳам раҳбарлар назоратидан четда қолиб кетгани туфайли, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Жиззах, Наманган, Андижон, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида уюшмаган ёшлар томонидан жиноят содир этиш кўрсаткичлари юқорилигича қолмоқда…

Маънавий қашшоқлик…

Хўш, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш учун нималар қилиш керак? Энг аввало, жиноят  содир этишга ундайдиган сабаб ва ҳолатларни аниқлаб, уларни бартараф этиш йўлларини кўриш зарур. Биринчидан, ёшларнинг қаровсиз, назоратсиз қолмаслиги, бу борада ота-оналар масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиш шарт. Бунга масъулиятсизлик, бепарволик билан қараш нақадар хунук, аянчли оқибатларга олиб келишини юқорида уч нафар тарбияланувчининг пушаймонлик сўзларидан билиш мушкул эмас.

Бундан ташқари, ҳар бир маҳалла профилактика инспектори кунлик хизмат фаолиятини маҳалла раислари билан ҳамкорликда таълим муассасаларида ўқувчилар давоматини ўрганишдан бошлаши зарур. Ўқувчиларнинг сабабсиз дарс машғулотларига келмаслик ёки мунтазам равишда қатнашмаслик ҳолатлари қатъий назоратга олинса, нур устига нур. Таъкидлаш жоизки, бундай тадбирлар ўтган йилдан бошлаб йўлга қўйилди ва у қисқа вақт ичида ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бераётган маълумотлардан шу нарса англашиладики, ҳозирги ёшлар қўл ураётган жиноятларнинг кўпини ўғрилик, талончилик, босқинчилик ташкил этади. Бу эса уларнинг туб замирида мулкий манфаатдорлик ётишини кўрсатяпти. Бировга тан жароҳати етказиш орқали моддиятни ҳал этишга уриниш эса инсоннинг маънавий қашшоқлигини англатади.

Демак, маънавий қашшоқликнинг ўрнини тўлдириш учун катта куч сафарбар этилиши талаб этилади. Айтиш керакки, бунга улкан қадам ташлаб бўлинди. Хусусан, ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш масаласига Ҳаракатлар стратегиясида жиддий эътибор қаратилган. Унда нималар қамраб олинган? Албатта, китоб ўқишни тарғиб қилиш, санъатни ривожлантириш, ёшлар иқтидорини намоён этиши учун имкониятлар яратиш, спортни ривожлантириш, улар ўртасида ҳар хил танловлар, мусобақалар ўтказиш каби масалаларни ўз ичига олади. 

Бугунги ёшлар меҳнат қилишни истайди, улар келажакка умид билан боқмоқда. Давлатимиз амалга ошираётган сиёсат эса айнан шу мақсадга йўналтирилган. Жумладан, арзон уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, янги иш ўринларини кўпайтириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, тадбиркорликка кенг йўл очиб, бунинг учун кредитлар ажратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Зеро, айни шу омиллар ёшлар қалбида ҳар қандай жиноятдан йироқ бўлиш иммунитетини шакллантиради.

Бир бола тақдири

— Маҳалламизда 800 дан ортиқ вояга етмаган ёшлар бор. Шукрки, етти йилдан буён бирор марта ҳам жиноят содир этилмаган, — дейди Сергели туманидаги «Обод» маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифий ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Мунира Тошхўжаева. — Бунга қандай қилиб эришдик? Энг аввало, болалар доим бирор юмуш билан банд бўлиши таъминланди. Спорт, санъат каби турли тўгараклар ташкил этилиб, уларнинг бўш вақти унумли ўтишига эришилди. Йиғинимиздаги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси бу борада жонкуяр. Агар бирор боланинг тарбиясида ўзгариш сезса, дарҳол чора кўради. Уни тўғри йўлга қайтаришга ҳаракат қилади.

Бундан икки йил олдин шундай ҳолат кузатилган. Маҳалламиздаги бир бола мактабга бориш ўрнига, кўчада юрар, таълим муассасасига қатнаса ҳам, устозлари гапига қулоқ солмасди. Ҳатто, ота-онасининг ҳам гапига кирмай қўйди. Хуллас, қанча тушунтиришга уринмайлик, тарбияси, муомаласида бирор ўзгариш сезилмади. Шунда маҳалла фуқаролар йиғини, боланинг ота-онаси ҳамда ўқитувчилари ўзаро маслаҳатлашиб, уни Сирдарё вилоятидаги тарбияси оғир болалар мактаб-интернатига юборишга қарор қилдик.

Мана, ўша бола ўтган йилнинг охирида интернатдан қайтди. Ҳунар ўрганиб, бир касбнинг бошини тутди. Ҳозир мебель ишлаб чиқариладиган цехда ишлаяпти. Тарбияси, катталарга бўлган ҳурмати, муомала маданиятида ўзгариш бор. Ота-онаси ҳам бундан хурсанд.

Тўғри йўл учун ечим

— Бу ерда болаларни турли йўналишлар бўйича тарбиялашга эътибор қаратилади, — дейди Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси Жазони ижро этиш бошқармаси тарбия колониясининг Тарбиявий ишлар бўйича инспектор-психологи ­Муаттархон ­МукарРамова. — Ҳар бир йўналиш ҳафта кунларига қараб ажратилган. Масалан, душанба аҳлоқий, сешанба ҳуқуқий йўналиш, шанба меҳнат орқали тарбия куни сифатида ўтказилади. Шу тариқа, белгиланган йўналиш бўйича тарбияланувчилар билан суҳбатлар уюштирилади. Шу билан бирга, тарбиянинг бир қанча усуллари ҳам бор. Улар болага ўз хатосини англаши, тўғри хулоса чиқаришида кўмак беради. Булар: якка тартибдаги, гуруҳ кўринишида ва оммавий тарзда олиб бориладиган тарбия шаклларини ўз ичига олади.

Ҳар бир тарбияланувчи билан бир ойда камида икки марта якка тартибда суҳбат ўтказиб турилиши керак. Якка тартибдаги тарбия боланинг ички дунёсини ўрганишга ва яқин инсонлардек муносабат ўрната олишда муҳим.

Колониямизда тез-тез маданий тадбирлар, ижодий учрашувлар ҳам ўтказилади. Бундан кўзланган мақсад битта — билиб-билмай жиноятга қўл урган бола эртага оиласи, яқинлари бағрига қайтганда бу хатони қайта такрорламаслиги, келгусида яхши инсон бўлиб, ҳаётда ўз йўлини топишига кўмаклашишдир. 

Шаҳобиддин РАСУЛОВ,

Ноилахон АҲАДОВА,

«Оила даврасида» мухбирлари




Ўхшаш мақолалар

ЭНДИ ТАЪЛИМДА СОХТАЛИК БЎЛМАЙДИ

ЭНДИ ТАЪЛИМДА СОХТАЛИК БЎЛМАЙДИ

🕔15:21, 16.02.2018 ✔20

Касб-ҳунар коллежларида ўқитиш инновацион босқичга ўтмоқда

Шу кунларда одамлар орасида «Коллежлар бутунлай ёпилармиш» деган миш-мишлар юрибди. Касб-ҳунар коллежлари фаолияти ҳақида яна турли гап-сўзлар қулоққа чалинмоқда. Хўш, бунга мутасаддилар нима дейди?  

Батафсил
ҲАЙДАЛГАН ТАЛАБАГА КРЕДИТ КЕРАКМИ?

ҲАЙДАЛГАН ТАЛАБАГА КРЕДИТ КЕРАКМИ?

🕔15:20, 16.02.2018 ✔17

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан жавоб келди

Батафсил
ТОЗАЛИККА РИОЯДА ТЕСКАРИ АКСИОМА

ТОЗАЛИККА РИОЯДА ТЕСКАРИ АКСИОМА

🕔11:03, 09.02.2018 ✔53

Атроф-муҳитни озода сақлаш халқимизга хос азалий қадрият. Яшаётган уйимиз, ишлаётган жойимиз, маҳалламиз, қишлоғимизни қанча озода тутсак, қут-барака ҳам шунга яраша бўлади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ЭНДИ ТАЪЛИМДА СОХТАЛИК БЎЛМАЙДИ

    ЭНДИ ТАЪЛИМДА СОХТАЛИК БЎЛМАЙДИ

    Касб-ҳунар коллежларида ўқитиш инновацион босқичга ўтмоқда

    Шу кунларда одамлар орасида «Коллежлар бутунлай ёпилармиш» деган миш-мишлар юрибди. Касб-ҳунар коллежлари фаолияти ҳақида яна турли гап-сўзлар қулоққа чалинмоқда. Хўш, бунга мутасаддилар нима дейди?  

    ✔ 20    🕔 15:21, 16.02.2018
  • ҲАЙДАЛГАН ТАЛАБАГА КРЕДИТ КЕРАКМИ?

    ҲАЙДАЛГАН ТАЛАБАГА КРЕДИТ КЕРАКМИ?

    Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан жавоб келди

    ✔ 17    🕔 15:20, 16.02.2018
  • ТОЗАЛИККА РИОЯДА ТЕСКАРИ АКСИОМА

    ТОЗАЛИККА РИОЯДА ТЕСКАРИ АКСИОМА

    Атроф-муҳитни озода сақлаш халқимизга хос азалий қадрият. Яшаётган уйимиз, ишлаётган жойимиз, маҳалламиз, қишлоғимизни қанча озода тутсак, қут-барака ҳам шунга яраша бўлади.

    ✔ 53    🕔 11:03, 09.02.2018
  • ТАЛАБАНИ ЎҚИШДАН «ЙИҚИТАЁТГАН» КИМ?

    ТАЛАБАНИ ЎҚИШДАН «ЙИҚИТАЁТГАН» КИМ?

    600 нафар йигит-қиз талабаликдан кетди. Сабаб... 

    Маҳалламиздаги бир йигит (исмини ёзишимизни истамади) олийгоҳга кириш учун йиллар давомида репетиторга қатнади.

    ✔ 512    🕔 14:44, 01.02.2018
  • ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ЯНГИЛИГИ!

    ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ЯНГИЛИГИ!

    Давлат дастури менга, оиламга, халқимга жуда катта имкониятларни ваъда қилмоқда

    Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

    ✔ 129    🕔 11:22, 26.01.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар