Долзарб мавзу      Бош саҳифа

УШЛАЙДИ, ЖАРИМА УНДИРАДИ, ҚЎЙИБ ЮБОРАДИ

ёхуд мардикор бозоридаги ишсизларни ким ҳимоя қилади?

…Пойтахтимизнинг Қўйлиқ мавзеси яқинидаги мардикор бозори расмий номи — Вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюроси, Махсус ажратилган жойда мардикорлар (аксарияти ёш йигитлар) ҳар бир машинага, йўловчига олазарак боқиб, иш илинжида турибди.

УШЛАЙДИ, ЖАРИМА УНДИРАДИ, ҚЎЙИБ ЮБОРАДИ

Секин улар сафига қўшилдим. Беш-олтита бўлиб, ўзаро гаплашиб турган эдик ҳамки, бирдан ҳамма ҳар томонга қоча бошлади.  

Йўл четига келиб тўхтаган автобусдан тушган ички ишлар ходимларини кўргач, нима бўлаётганини англагандек бўлдим. Қочган қочиб қутилди. Қолган мардикорлар автобусга чиқарилди. Тутилганлар орасида камина ҳам бор. Автобусда ўтирганлар «ҳужжатинг қани, прописканг борми?» қабилида сўроққа тутилди. Навбат менга етиб келганда...

Воқеанинг нима билан якун топганига ҳали қайтамиз. Унга қадар мардикор бозорида бугун гувоҳи бўлаётганимиз айрим масалалар ҳақида сўз юритсак.

Авваламбор, мардикор деганда, айримлар кўз олдига ўқимаган, осон пул топишга ишқибоз, дангаса одам келади. Устига-устак, ҳозирги кунда айрим мардикорларнинг арзимаган пул ёки буюм туфайли жиноятга қўл ураётгани ҳақида бот-бот эшитиб турибмиз. Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, улар орасида шундайлари ҳам йўқ эмас.

Лекин бу билан уларни ёппасига ёмонотлиққа чиқариш адолатсизлик. Уларнинг аксарияти, рўзғор тебратиш, кун бўйи топган уч-тўрт сўмини бола-чақасига ҳалол едириш мақсадида кўчага чиққан. Уларнинг орасида илм-ҳунарли, касб-корли, ҳатто, олий маълумотлисини ҳам учратдик. Шунга қарамай, улар тирикчилик йўлида бир қанча қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу қандай муаммолар дейсизми? Келинг, яхшиси, бир бошдан таҳлил қилайлик.

«Худдики жиноятчимиз»

— Ёшим 55 да, қўлимда касбим бор, — дейди Косон туманидан иш излаб келган Собир Қўлдошев. — Йигирма йилча ўз ҳудудимда ҳайдовчилик қилдим. Икки қизимни турмушга берганман. Кенжа ўғлим шартнома асосида шифокорликка ўқияпти. Бу йил битиради. Қўйлиқ бозори яқинида кунига беш минг сўмдан тўлаб тунаймиз. Гоҳида иш бор, баъзида бўлмайди. Қолаверса, ёшим катталиги боис, мени ҳар ким ҳам ишга олиб кетавермайди.

Бизнинг энг катта муаммомиз — прописка. Тошкентда ҳеч ким бегонани прописка қилмайди. Буни ҳамма яхши билади. Шу боис Яшнобод тумани ички ишлар бўлими ходимлари кунда-кунора идорага олиб боришади-да, худди жиноятчи билан гаплашгандек муомала қилишади. Шахсимни аниқлаб, жарима солиб, икки-уч соатдан сўнг қўйиб юборишади. Бу ҳолат тез-тез содир бўлиб туради. Сира тушунмайман, ахир бу ерга ишлаш учун келганмиз, жиноят қилиш учун эмас-ку!

Ҳимоясиз «ҳимояланган»лар

— Яшнобод тумани Вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюросидан 2017 йил 22 ноябрь куни бир ойлик рухсатнома олдим, — дейди яна бир пропискасиз фуқаро Тоштемир Сувонов. — Бу дегани шунча муддат пойтахтда эмин-эркин юришим ва ишлашим мумкин. Афсуски, ички ишлар ходимлари қўлимда шу ҳужжат борлигига қарамасдан, мени ушлаб олиб кетди ва 86 минг сўм жарима солди. Энди ўйланг: ўзи ҳар доим иш бўлавермайди. Бунақада биз рўзғорни тебратамизми ёки жарима учун ишлаймизми? Ўз яшаш жойимизда иш бўлмаса, қаерга борайлик? Ёки бошқаларга ўхшаб, чет элга кетайликми?

— Яшнобод туманидаги Вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюросидан рўйхатдан ўтганман, — дейди оққўрғонлик Аҳмадали Ҳотамов. — 2017 йил сентябрь-октябрь ойларида Пскент туманидаги бир хонадоннинг етти минг квадрат метр уйини сувоқ қилдим. Афсуски, уйнинг эгаси иш ҳақимни тўлалигича бермади. Кимга мурожаат қилсанг қилавер, деб ҳайдаб солди. Мен ўша жойнинг маҳалла инспектори ва оқсоқолига мурожаат қилдим. Улар пулингизни ундириб берамиз дейишди-ю, аммо ваъдасини бажармади. Шундан сўнг, бюрога арзимни айтдим. Лекин фойдасиз. Мана, орадан уч ой ўтяпти ҳамки, менга ҳеч ким ёрдам бермаяпти. Агар бюро бизни ҳимоя қила олмаса, пулимизни ундириб бермаса, рўйхатдан ўтказишини нима кераги бор?

— Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг учинчи босқич талабасиман, — дейди ўзини Даврон Комилов, деб таништирган йигит. — Дарсдан бўш вақтларимда ота-онамга оғирлик қилмасин, деб ишлашга чиқаман. Яшнобод тумани вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюросидан бир марталик рухсатнома олсак-да, улар бирор марта бизни ҳимоя қилганини эслай олмайман. Қанчадан-қанча мардикор ишлаган ҳақини ололмай, сарсон-саргардон юрибди. Икки ўртада алданганимиз қолади, холос.

Аслида улар ҳақ-ҳуқуқимизни ҳимоя қилиши керак эмасми? Нега бундай вазиятларда меҳнат вазирлиги ёки ички ишлар ходимлари бизни ҳимоя қилмайди? Аксинча, осонгина жарима солади. Аввало, меҳнат бозорида барча шароитларни яратиб, кейин биздан қонуний ишлашни талаб қилишлари керак эмасми?

Фақат буйруқни бажариш замоними?

Кўриб турганингиздек, муаммо кўп. Ҳар куни эрталаб Яшнобод тумани ички ишлар ходимлари автобусда келади-да, тўғри келган мардикорни ушлаб олиб кетади. Ушбу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида мардикор бозорига «ўз вазифасини бажариш» учун келган ички ишлар ходимларига мурожаат қилдик. Афсуски, ҳолат юзасидан жўяли жавоб берадиган ходимни тополмадик. Улар «Биз буйруқни бажар­япмиз, раҳбариятга мурожаат қилинг», дейишдан нарига ўтмади. Мазкур жойга бириктирилган ички ишлар бўлимига бориб, юқоридаги ҳолатлар бўйича изоҳ сўраганимизда, ўша жойнинг раҳбари Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси бўйича иш кўрилаётгани, батафсил тушунтириш олишимиз учун юқори ташкилотлардан рухсат олиб келишимизни айтди. Хўш, бу ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин?

Сир эмаски, чекка ҳудудлардан пойтахтга ишлаш ёки яшаш учун келган фуқаро борки, прописка муаммосига дуч келади. Аслида шу заминнинг фуқароси бўла туриб, ўз юртида эмин-эркин юра олмаслик қай даражада тўғри? Назаримизда, чекка-чекка ҳудудлардан пойтахтга бир марталик иш излаб келаётганлар ҳақида ҳам қайғурадиган вақт келди. 

Йиллар давомида тузилмаган шартнома

Мардикорларнинг бюро фаолияти юзасидан билдирган ҳақли эътирозларини инобатга олган ҳолда, Яшнобод тумани Вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюросига мурожаат қилдик. Мазкур бюро раҳбари Саидраҳим Нурматовнинг айтишича, улар рўйхатдан ўтган ва ишга кетаётган вақтда ишга ёллаган шахс билан шартнома тузган фуқаронигина ҳимоя қила олар экан. Агар мардикор ишга ёлловчи билан ўзаро оғзаки келишса, бундай вазиятда бюро унинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш ваколатига эга эмас эмиш. Шунинг учун ҳар бир мардикор бир ойлик рухсатнома олиши ва қаерга ишга боришидан қатъи назар, иш берувчи билан шартнома имзолаши шарт қилиб белгиланган. Агар шундай йўл тутилса, ҳеч қандай муаммо вужудга келмаслигини таъкидлади.

Майли, қоида шуни талаб этади ҳам дейлик. Аммо мутасаддидан «мардикорлар орасида шартнома тузиб кетганлари борми?», деб сўраганимизда у бизга беш-олти йил давомида тузилган биронта ҳам ҳужжат топиб бера олмади. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Демак, мазкур тартиб бўйича иш юритиш ё мардикорга, ёки бюрога малол келади. Ёхуд бу номигагина ишлаб чиқилган тартиб, холос.   

Аслини олганда бюро вилоятдан келиб, вақтинчалик, бир марталик ишларни бажарувчи фуқароларнинг меҳнат фаолиятини тартибга солиши, улар учун зарур барча шарт-шароитни яратиши, бир марталик ишлар билан таъминлашга кўмаклашиш каби вазифаларни бажариши керак. Бироқ амалда бирор ишни кўрмадик. Савол туғилади: ўз функциясини бажармаётган экан, бундай ташкилотни тузишдан мақсад нима?

Қоғоздаги гаплар...

Маълумотларга қараганда, мамлакатимизда содир этилаётган жиноятларнинг аксарияти айнан ишсизлик оқибатида келиб чиқмоқда. Демак, ҳар қандай жиноятнинг олдини олиш учун, аввало, ҳар бир туман мутасаддилари, маҳалла фаоллари ўз ҳудудидаги фуқароларнинг чин маънода ҳол-аҳволини ўрганиб, уларга ҳар томонлама кўмак бериши лозим. Бу борада давлатимиз томонидан бир қанча ҳужжатлар ҳам қабул қилинган.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори айнан ҳудудлардаги ишсизларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган. Қарорда ҳудудлар кесимида аҳолининг ишсиз қатламини аниқлаб, уларни вақтинчалик ва бир марталик жамоат ишларига жалб этиш ва муносиб ҳақ тўлаш кўзда тутилган.

Унда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Низомовнинг айтишича, ўтган йил давомида 11 минг 631 нафар ишсиз фуқаро иш билан таъминланди. Улар барча ҳудудларда ташвиқот ишларини ташкил этиб, аҳолини хабардор этаётганини алоҳида таъкидлади. Пойтахтимиздаги мардикор бозорларига ҳам борилаётгани, шу орқали улар иш билан таъминлаётгани ҳақида гапирди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида ташкилот раҳбари олти ой мобайнида самарали ишлагани, чекка-чекка ҳудудларда учрашувлар ўтказгани, натижада тўрт ярим мингдан ортиқ ишсиз фуқаро иш билан таъминлангани, бу ишлар келгусида ҳам давом эттирилиб, аҳолининг чекка-чекка ҳудудларида доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли қатлами, айниқса, ёшлар қамраб олиниши йўлида бир қатор режалар тузилгани ҳақида гапирди.

Лекин мардикор бозорида иш топиш илинжида турган фуқароларнинг айтишича, шу вақтга қадар улар билан на вазирлик, на Ёшлар иттифоқи мутасаддилари учрашган. Лоақал, улар билан бирорта маҳалла раиси ҳам шуғулланмаган. Қисқаси, бу муаммога панжа ортидан қараб, «отангга бор, онангга бор» қабилида иш юритиб, фақат баландпарвоз гаплар, рақамлар билан аравани қуруқ олиб қочаётганга ўхшаймиз. Энг ачинарлиси, бу ҳолат ҳали-ҳануз давом этмоқда...

Бугун Президентимиз каттаю кичик раҳбарлардан баландпарвоз гаплар, нореал рақамларни эмас, аниқ амалий ишни, ҳеч бўлмаса, бир кишининг муаммосини амалда ҳал этиб, уни рози қилишни талаб қилмоқда. Оддий одамлар ичига кириш, уларни тинглаш борасида давлат раҳбарининг ўзи ўрнак бўлмоқда.

Демак, тегишли вазирликлар раҳбарлари, туман ҳокимликлари биз кўтарган масалани атрофлича ўрганиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чорасини кўради, деган умиддамиз.

...Мақоламиз аввалидаги воқеага қайтсак: ички ишлар ходими журналист эканим, мардикор бозоридаги асл вазиятга гувоҳ бўлиб, кўрганларим ҳақида мақола тайёрламоқчилигимни билгач, автобусдаги мардикорларнинг фуқаролик паспортини дарҳол қайтариб берди. Улар билан худди қадрдонлардек суҳбатлашиб, меҳрибонларча кузатиб қўйди. Вақтинча ишларни ташкил этиш жойидан узоқлашар эканман, мардикорлар «ака, тез-тез келиб, биз ҳақимизда мақола ёзиб туринг», деб қолишди...

 

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«Оила даврасида» мухбири

PS: Мақоламиз саҳифаланаётган пайтда бутун Ўзбекистон аҳлини хушнуд этган воқеа юз берди. 22 январь куни Президентимиз Фармони билан қабул қилинган «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурига мувофиқ, вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга олишга оид тақиқ бекор қилиниши белгиланди. Энди фуқароларимиз мамлакатимизнинг исталган ҳудудида, айниқса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишга жойлашишда ҳеч қандай чекловларсиз ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконига эга бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистонда мавсумий ишларга (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда) жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизими соддалаштирилади, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш битимини тузиш талаби бекор қилинади. Давлатимиз раҳбари халқимизга яратиб берган йилнинг энг яхши мазкур янгиликларидан бири, шак-шубҳасиз, юқорида қандай муаммоларга йўлиқаётганини бизга сўзлаб берган юртдошларимизнинг мушкулини осон қилишига, пировардида, уларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолар барҳам топишига ишониб қоламиз.




Ўхшаш мақолалар

ЭНДИ ТАЪЛИМДА СОХТАЛИК БЎЛМАЙДИ

ЭНДИ ТАЪЛИМДА СОХТАЛИК БЎЛМАЙДИ

🕔15:21, 16.02.2018 ✔20

Касб-ҳунар коллежларида ўқитиш инновацион босқичга ўтмоқда

Шу кунларда одамлар орасида «Коллежлар бутунлай ёпилармиш» деган миш-мишлар юрибди. Касб-ҳунар коллежлари фаолияти ҳақида яна турли гап-сўзлар қулоққа чалинмоқда. Хўш, бунга мутасаддилар нима дейди?  

Батафсил
ҲАЙДАЛГАН ТАЛАБАГА КРЕДИТ КЕРАКМИ?

ҲАЙДАЛГАН ТАЛАБАГА КРЕДИТ КЕРАКМИ?

🕔15:20, 16.02.2018 ✔17

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан жавоб келди

Батафсил
ТОЗАЛИККА РИОЯДА ТЕСКАРИ АКСИОМА

ТОЗАЛИККА РИОЯДА ТЕСКАРИ АКСИОМА

🕔11:03, 09.02.2018 ✔52

Атроф-муҳитни озода сақлаш халқимизга хос азалий қадрият. Яшаётган уйимиз, ишлаётган жойимиз, маҳалламиз, қишлоғимизни қанча озода тутсак, қут-барака ҳам шунга яраша бўлади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ЭНДИ ТАЪЛИМДА СОХТАЛИК БЎЛМАЙДИ

    ЭНДИ ТАЪЛИМДА СОХТАЛИК БЎЛМАЙДИ

    Касб-ҳунар коллежларида ўқитиш инновацион босқичга ўтмоқда

    Шу кунларда одамлар орасида «Коллежлар бутунлай ёпилармиш» деган миш-мишлар юрибди. Касб-ҳунар коллежлари фаолияти ҳақида яна турли гап-сўзлар қулоққа чалинмоқда. Хўш, бунга мутасаддилар нима дейди?  

    ✔ 20    🕔 15:21, 16.02.2018
  • ҲАЙДАЛГАН ТАЛАБАГА КРЕДИТ КЕРАКМИ?

    ҲАЙДАЛГАН ТАЛАБАГА КРЕДИТ КЕРАКМИ?

    Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан жавоб келди

    ✔ 17    🕔 15:20, 16.02.2018
  • ТОЗАЛИККА РИОЯДА ТЕСКАРИ АКСИОМА

    ТОЗАЛИККА РИОЯДА ТЕСКАРИ АКСИОМА

    Атроф-муҳитни озода сақлаш халқимизга хос азалий қадрият. Яшаётган уйимиз, ишлаётган жойимиз, маҳалламиз, қишлоғимизни қанча озода тутсак, қут-барака ҳам шунга яраша бўлади.

    ✔ 52    🕔 11:03, 09.02.2018
  • ТАЛАБАНИ ЎҚИШДАН «ЙИҚИТАЁТГАН» КИМ?

    ТАЛАБАНИ ЎҚИШДАН «ЙИҚИТАЁТГАН» КИМ?

    600 нафар йигит-қиз талабаликдан кетди. Сабаб... 

    Маҳалламиздаги бир йигит (исмини ёзишимизни истамади) олийгоҳга кириш учун йиллар давомида репетиторга қатнади.

    ✔ 511    🕔 14:44, 01.02.2018
  • ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ЯНГИЛИГИ!

    ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ЯНГИЛИГИ!

    Давлат дастури менга, оиламга, халқимга жуда катта имкониятларни ваъда қилмоқда

    Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

    ✔ 128    🕔 11:22, 26.01.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар