Спорт      Бош саҳифа

«ҚOР ЖАНГИ»ДА ҚИТЪАМИЗДА ТЕНГСИЗ БЎЛГАНЛАР

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси тарихда илк бор Осиё чемпиони бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат МИРЗИЁЕВ:

Агар адолат бўлса, коррупцияга йўл қўйилмаса, қандай натижага эришиш мумкинлигини мана шу футбол кўрсатди!

«ҚOР ЖАНГИ»ДА ҚИТЪАМИЗДА ТЕНГСИЗ БЎЛГАНЛАР

«Ўзбекистон буюк терма жамоа, Вьетнам ҳам ажойиб, улар катта тарих яратди. Икки терма жамоага ҳам чексиз ҳурматимизни изҳор этамиз. Ажойиб ўйин учун катта раҳмат! Жанубий Кореядан».

«Учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси тўлиқ устунлик қилди. Вьетнамликлар хафа бўлмаса ҳам бўлади…»

«Ўзбекистонни табриклайман, сизлар ғалабага муносибсиз…»

Бу — Хитойда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати финалида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси вьетнамлик тенгдошлари устидан 2:1 ҳисобидаги ғалабасидан сўнг, ижтимоий тармоқларга хорижлик мухлису мутахассислар, футболнинг ашаддий ишқибозлари қолдирган фикр-мулоҳазалардан бир парча. Футболчиларимиз шаънига айтилган бундай самимий таърифлар, илиқ гаплар ҳамон тинмаяпти.

Ҳа, ёшларимизнинг ушбу тарихий ғалабасини, ҳатто, дунё эътироф этди, халқаро жамоатчилик катта қизиқиш, ҳайрат ва олқишлар билан кутиб олди.

…27 январь санаси Ўзбекистон спортида юз берган оламшумул воқеа сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди. Ушбу юксак ғалабанинг энг эътиборли, тотли жиҳати шуки, йигитларимиз бош соврин учун кечган матчда биринчидан, ниҳоятда ноқулай об-ҳаво шароитида — оппоқ қор устида баҳс олиб борган бўлса, иккинчидан, ғалаба тўпи учрашувнинг сўнгги дақиқаларида киритилганидир. Бу эса ҳар қандай мухлис қалбида фахр, ғурур ҳиссини икки карра ошириб юборади.

Чемпионларимиз ўтирган самолёт 28 январда Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортга ярим тунда келиб қўнди. Шу куни юртимизда жуда совуқ ҳарорат ҳукм сураётганига қарамай, халқимиз ўз қаҳрамонларини муносиб кутиб олди. 

Футболчиларимизни кутиб олиш маросими тантанали тарзда ташкил этилди. Улар махсус сайёҳлик автобусларида мухлислар билан тўлган кўчалар бўйлаб ҳаракатланиб, «Ўзбекистон» меҳмонхонаси томон йўл олди. Ярим тунда Тошкент кўчаларида байрамона шукуҳ юзага келди. Карнай-сурнай садолари ёшларнинг «Ўзбекистон!» деган такрор ва такрор ҳайқириғига уланди. Уларни ҳаяжон билан ота-оналари, яқинлари, тенгдошлари қизғин табриклади. Қалблардаги чексиз ғурур ва ифтихорга йўғрилган самимий дил изҳорлар, эзгу тилаклар беихтиёр тилларга кўчди: «Ғалаба муборак, ёш чемпионлар! Сизлар бутун дунёга Ўзбекистон ёшларининг салоҳиятини намоён қилдингиз!»

…Ҳаяжонли дақиқалар. «Ўзбекистон» меҳмонхонаси олдидаги саҳналаштирилган майдонга ёш қаҳрамонларимиз кириб келди.

Ўзбекистон Давлат мадҳияси янгради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасида бўлиб ўтган футбол бўйича 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ғолиблари — Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов ўқиб эшиттирди.   

Осиё чемпионлигини қўлга киритган футболчиларимизга Президентимизнинг махсус совғаси — янги русумдаги «Malibu» автомобиллари топширилди. 26 та «Малибу» ўз эгаларига берилди. Уларнинг 22 таси футболчиларга, тўрттаси мураббийларга насиб этди.

Эсингизда бўлса, футболчиларимиз Осиё чемпионатига жўнаб кетиш олдидан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, мамлакат футбол ассоциацияси раҳбарияти улар билан учрашиб, Равшан Ҳайдаров олдига фақат чемпионлик вазифасини қўйган эди. Мураббийлар штаби ва футболчилар бу шарафли миссияни муваффақиятли адо этди. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ўз тарихида биринчи марта Осиё чемпионлигига эришди. Ярим ҳимоячимиз Одилжон Ҳамробеков эса ОФК томонидан мусобақанинг энг фойдали футболчиси, деб топилди. Унга «Тoyota» компанияси томонидан 20 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот берилди.

 Ҳа, ўзбек футболидаги туб ислоҳотлар қисқа фурсатда ўзининг мевасини бермоқда. Умид қиламизки, бу ҳали бошланиши. Насиб қилса, футболчиларимиз 2020 йилда Токиода ўтказиладиган ёзги олимпия ўйинлари, 2022 йилда Қатарда бўладиган жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этиб, халқимизга олам-олам қувонч улашади. Унга қадар эса Равшан Ҳайдаров шогирдларини шу йилнинг август ойида Индонезияда ўтадиган XVIII Осиё ўйинлари кутиб турибди.

Мураббий салоҳияти

Футболчиларимизнинг ушбу ғалабасидан сўнг, кўзга ташланган дастлабки жиҳат бу — мураббий бўлди. Равшан Ҳайдаров узоқ йиллардан бери мураббий сифатида ишлаб келади. У бир неча клубларга устозлик қилган, ўз вақтида жаҳон чемпионати саралашида қатнашган миллий терма жамоамиз таркибида ҳам мураббийлар штабида бўлган. Аммо…

Ушбу мусобақа Ҳайдаровни айнан мураббий сифатида қайтадан кашф этди, десак, муболаға бўлмайди. Унинг сабри ва тинимсиз меҳнати якунда жуда катта мукофот ҳадя этди. Лўндасини айтганда, у ўзини кучли мутахассислардан бири эканини кенг оммага исботлади. Жамоа ўйинида мураббийнинг меҳнати яққол кўзга ташланди. Айниқса, мусобақа давомида пайдо бўлган турли вазиятларда у ёшларни ҳар томонлама руҳлантира олди. Футболчиларимизнинг ўйинига ранг-баранглик олиб кирди.

Голлар турфа хилда: стандарт вазият, тезкор қарши ёки позицион ҳужумлардаги чиройли комбинациялар орқали киритилди. Хуллас, барча ўйинда бош мураббийнинг муҳим ва ўз вақтида чиқарган тўғри қарорлари мужассамлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Айниқса, финал учрашувида захирадан туширилган Андрей Сидоровнинг ғалаба тўпини киритгани бош мураббийнинг нақадар топқирлигини кўрсатди.

Миллий терма жамоа таянчи 

Кейинги масала. Йигитларимиз Осиё чемпиони бўлгач, аксарият бу болаларни миллий терма жамоага айлантириш лозимлиги хусусида кўп гапирди ва ҳамон шундай фикр билдирмоқда. Бироқ шуни унутмаслик керакки, миллий терма жамоада ҳар доим, айни ўша пайтдаги энг кучли футболчи тўп суриши лозим. Тажрибали футбол экспертларининг айтишича, бош мураббий бир неча йилдан кейинги турнирга тайёргарлик жараёни учун стратегияни ишлаб чиққанда, ўша вақтда бугунги формада бўлмайдиган баъзи катта футболчилардан воз кечиб, ўрнига ёшроғини танлаши мумкин. Аммо бу ёғи энди мураббийнинг қарорига боғлиқ. Бу ёшлар Одил Аҳмедов, Виталий Денисов каби тажрибали футболчилар билан биргаликда ўсиб бориши ҳар томонлама тўғри экани ҳақида ҳам фикрлар билдирилмоқда.

Умуман олганда, терма жамоага номзод бўлишга шу мамлакат паспортига эга бўлган 20 ёшдан 35 ёшгача, балки ундан ҳам ёшроқ ёки янада каттароқ ҳар қандай футболчи ҳақли. Уларни танлашда, қайси омилларни ишга солишни ҳам бош мураббийга қўйиб бериш энг тўғри йўлдир.

Рустамжон АШУРМАТОВ, ёшлар терма жамоаси аъзоси:

— Халқимизнинг ғалабага ташналигини кўриб, очиғи, қалбим фахр, ғурурга тўлиб кетди. Давлатимиз раҳбарининг юксак эътиборини, самимий дил сўзларини ўқиб, кўзимга ёш келди. Келгусида бундан-да улкан ғалабаларни қўлга киритишга бор куч-ғайратимизни аямаймиз. Халқаро майдонлардаги ғалабаларимиз мамлакатимизда ёшларнинг футбол билан шуғулланиши, иқтидорини намоён этиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайли, деб биламан.

Андрей СИДОРОВ, ёшлар терма жамоаси аъзоси:

— Осиё чемпионатининг финал учрашувида ҳал қилувчи голни урганимдан, халқимиз ва терма жамоамизнинг ғалабасига ҳисса қўшганимдан бахтиёрман. Бу чемпионатда биз муваффақиятли иштирок этиб, ўзбек футболчилари ҳеч кимдан кам эмаслигини исботладик. Мана, Президентимизнинг махсус совғаси — «Malibu» автомашинасини олдик. Айтинг, бундай рағбат ва эътибор дунёнинг қайси давлатида бор? Бизга кўрсатилаётган бу ғамхўрлик, бу шароит, шак-шубҳасиз, футболчиларни янада улкан ғалабаларни қўлга киритишга ундайди.

Интернет манбалари асосида

Шаҳобиддин РАСУЛОВ

тайёрлади.




Ўхшаш мақолалар

Гигантларни аямаган  Мундиаль

Гигантларни аямаган Мундиаль

🕔10:53, 19.07.2018 ✔9

Мушкетёрлар 20 йил ўтиб, тахтга қандай қайтди?

Батафсил
КАРАТЭ — КУЧНИ КЎРСАТИШ ЭМАС

КАРАТЭ — КУЧНИ КЎРСАТИШ ЭМАС

🕔16:18, 17.05.2018 ✔122

Мағлубиятни ҳис этмасдан ғалаба қилиб бўлмайди

Татами устида туриб, рақибига дўстона таъзим билан бошланувчи каратэ рақибларнинг бир-бирига ўзаро ҳурматда бўлиши билан бошқа спорт турларидан ажралиб туради.

Батафсил
СУЗИШ: КИМГА ФОЙДА, КИМГА ЗАРАР

СУЗИШ: КИМГА ФОЙДА, КИМГА ЗАРАР

🕔14:49, 19.04.2018 ✔202

Сузиш — инсонга завқ бағишлаши билан бирга, саломатликка фойдаси бемисл бўлган машғулот ва спорт туридир. Бироқ у билан шуғулланишнинг ўзига яраша қоидалари ҳам бор.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Гигантларни аямаган  Мундиаль

    Гигантларни аямаган Мундиаль

    Мушкетёрлар 20 йил ўтиб, тахтга қандай қайтди?

    ✔ 9    🕔 10:53, 19.07.2018
  • КАРАТЭ — КУЧНИ КЎРСАТИШ ЭМАС

    КАРАТЭ — КУЧНИ КЎРСАТИШ ЭМАС

    Мағлубиятни ҳис этмасдан ғалаба қилиб бўлмайди

    Татами устида туриб, рақибига дўстона таъзим билан бошланувчи каратэ рақибларнинг бир-бирига ўзаро ҳурматда бўлиши билан бошқа спорт турларидан ажралиб туради.

    ✔ 122    🕔 16:18, 17.05.2018
  • СУЗИШ: КИМГА ФОЙДА, КИМГА ЗАРАР

    СУЗИШ: КИМГА ФОЙДА, КИМГА ЗАРАР

    Сузиш — инсонга завқ бағишлаши билан бирга, саломатликка фойдаси бемисл бўлган машғулот ва спорт туридир. Бироқ у билан шуғулланишнинг ўзига яраша қоидалари ҳам бор.

    ✔ 202    🕔 14:49, 19.04.2018
  • ОИЛАВИЙ МУСОБАҚА: ШАРТЛАРИ ҚИЗИҚ

    ОИЛАВИЙ МУСОБАҚА: ШАРТЛАРИ ҚИЗИҚ

    Муҳташам спорт залидаги мусобақани кузатиб, аввалига ҳайрон бўлдик. Сабаби, мусобақалашаётганлар орасида қирқ ёшли эркак ва аёлдан тортиб, етти ёшли болаларгача бор. Энг қизиғи, уларнинг биронтаси спортчига ўхшамайди. Лекин бир-бирини қўллаб-қувватламоқда, ғалаба сари ишонч билан бирга ҳаракат қилмоқда.

    ✔ 281    🕔 17:17, 15.03.2018
  • Магнус КАРЛСЕН:  «МЕН ҲЕЧ КИМГА ТАН БЕРМАГАНМАН»

    Магнус КАРЛСЕН:  «МЕН ҲЕЧ КИМГА ТАН БЕРМАГАНМАН»

    Шахмат бўйича ўн олтинчи, ушбу ўйин тарихида эса учта йўналиш (классик, рапид ва блиц)да биринчи жаҳон чемпиони ҳисобланган норвегиялик 27 ёшли Магнус Карлсен мана, тўрт йилдирки, ақл муҳорабасида ўзига тенг келадиган рақиб йўқлигини исботлаб келмоқда.

    ✔ 361    🕔 17:46, 01.03.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар