Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

КИМ КЎПРОҚ МАСЪУЛ: ОТАМИ ЁКИ ОНА?

ёхуд қимматга тушаётган сансалорлик

Гоҳида айрим болалар гапларини эшитиб, гўё катта одам билан гаплашаётгандек бўласиз. Мурғак қалб соҳибининг сўзларига қулоқ тутсангиз, ҳар гапида катталарнинг ўгити ва насиҳатлари сезилиб туради. Унинг тарбиясида бобо-бувиларининг хизмати борлигини ҳис қиласиз. Айрим ота-оналар фарзандлари тарбиясини бобо-бувиларга бутунлай ташлаб қўяди. 

КИМ КЎПРОҚ МАСЪУЛ: ОТАМИ ЁКИ ОНА?

Оилада бобо-бувиси бор болалар мулоҳаза ва мушоҳадали бўлишади. Инжиқликларини тўғри йўлга солиб, панд-насиҳатлари орқали болага ўз хатосини англашга ёрдам беришади. Аксарият ота-оналар эса боладаги камчиликларни юзига солиб, дарров жазо қўллашга ўтишади. Фарзанд эса қаерда хатога йўл қўйганини англаб ҳам етмасдан ота-онасидан ранжийди ва тобора жиззакилашиб бораверади.

Фарзанд тарбиясида ҳеч қачон шошма-шошарлик кетмайди. Уларга озгина вақт ажратишимиз, фикрлари, гап-сўзлари билан ҳисоблашиб кўришимиз, ўзимиз эмас, фарзандимиз қизиққан йўналишдаги тўгаракларга жалб этишимиз лозим. Тўгарак машғулотларига дахлдор китобларни олиб бериш орқали боладаги истеъдод ва иқтидорни юзага чиқаришда кўмаклашган бўламиз. Ана шундагина бола ўзи қизиққан соҳани ўрганиши, ўз устида ишлаши, янги ихтиролар, кашфиётлар яратиши мумкин бўлади. Бола рағбатлантирилсагина ўзи устида кўпроқ ишлашга, ўзлаштиришга интилади.

Шу тариқа фарзандингиз болалигидан китоб ўқишга бўлган эҳтиёжни ҳис қилади. Китобларга бўлган эҳтиёжи сезила бошлайди. Айрим болалар катталардан эртак ва ҳикояларни эшитиб улғаяди. Лекин ўзлари китобда ўқиб, фикр юритишни, хулоса чиқаришни, мулоҳаза ва мушоҳада қилишни ўрганишлари керак. Ҳар бир бола боғча давриданоқ турли эртак ва шеърларни қизиқиш билан ёд олади ва сўзлаб беришга интилади. Ўқишни ўргангач эса бу жараён анча сустлашади. Улар ҳатто дарсларга ҳам ўз вақтида тайёрланмай, уй вазифаларини бажармасликка одатланишади. Бу ўринда ота-она ва педагогнинг ҳамкорлиги  жуда муҳим. Маҳоратли педагог болани қизиқтира олиши, ота-она эса боласига вақт ажратиб унинг дарсларга тайёргарлигини назорат қилиб бориши керак. Ўрни келганида унга кўмаклашмоғи зарур. Дейлик, фарзандингиз катта бир матнни ўқиб тушунмаслиги, уни гапириб беролмаслиги мумкин. Оналарнинг вазифаси фарзандига бу борада ёрдам бериш, уни оз-оздан ўқитиб, сўнг ўқиган матнни гапиртириш орқали хулоса чиқаришига, матннинг мазмун-моҳиятини тушуниб олишига кўмаклашишдир.

Боланинг уйдаги таълим-тарбиясига она кўмаклашувчи бўлса, оталар унинг фикр-мулоҳазасини тинглаб, ўз ўрнида назорат қилиб борса, фарзанд тарбиясида ота-она тенг хизмат қилган бўлади. Тарбияда ота-она бирдек масъул эканини унутмаслигимиз керак. Зеро, ҳар қандай бола тарбиясидаги ютуқ ва хато-камчиликларга ота-она бирдек жавоб беради.

Гоҳида айрим ота-оналар ўз бурч ва мажбуриятларини унутиб қўйишаётгани сир эмас. Гўёки боласи мактабга бориб келса, шунинг ўзи етарлидек. Мактабдан сўнг эса болаларни назоратсиз қолдиришади. Назоратсиз бола кўча-кўйда ҳар ким билан дўстлашади, керак-нокерак жойларга боради. Вақтини кўчада ўтказишга ўргангандан сўнг эса мактаб дарсларини ўз вақтида тайёрламай қўяди. Бора-бора ўқишдан узоқлашиб, тенгдошларидан ортда қолиб кетиш бошланади. Бу эса уни ўтилаётган фанга бўлган қизиқиши йўқолишга олиб келади. Фанларга ўз вақтида тайёрланиб келмаган ўқувчи дарсларга кирмасликка, бора-бора мактабга бормасликка одатланади. Бу болада бир кун келиб безорилик, тамагирлик, ўғрилик каби иллатлар пайдо бўлиши ҳеч гап эмас. Албатта, бундай ҳолатлар аксарият тўлиқсиз оила фарзандларидан чиқиши мумкин. Лекин афсуски, тўлақонли оила фарзандлари ўртасида бундай ҳолатларнинг юз беришида кимни айблашни ҳам билмайсан киши. Ота айбни онага тўнкаса, она эса отага ташлайди. Бу ҳолатни қандай баҳолаш мумкин? Сиз нима деб ўйлайсиз, фарзанд келажаги билан ким кўпроқ шуғулланиши керак?

Фарзандларимиз мустақил фикрлай олсин, ўз устида ишласин, десак, уларни кўпроқ китобга ошно қилайлик. Зеро, боланинг бўш вақти бесамар ўтмасин. Ҳар бир бола илм олиши, етук инсон сифатида жамиятга қўшилиши учун ота ҳам, она ҳам баравар масъул эканини унутмасак бас. Шунда жамиятимизда вояга етмаган ёшлар орасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик каби иллатлар содир этилмаган, уларнинг онги заҳарланмаган бўлармиди...

 

Гулистон ҚОДИРҚУЛОВА




Ўхшаш мақолалар

Дабдаба қилиб, дабдала бўлманг

Дабдаба қилиб, дабдала бўлманг

🕔11:41, 09.08.2018 ✔37

Шу тўй билан фарзанди ўзидан тиниб-тинчиб кетса хўп-хўп, аксинча бўлса-чи?..

Батафсил
Раҳбар такаббур бўлса

Раҳбар такаббур бўлса

🕔11:51, 26.07.2018 ✔79

Оёғи ердан узилган раҳбар кимга керак?!

Батафсил
Замонавий табрик

Замонавий табрик

🕔11:51, 26.07.2018 ✔65

Кечки сайр баҳонасида пойтахтимизнинг гўзал гўшаларидан бири — «Шаҳидлар майдони»га бордик.  Болалар сув бўйида югуриб ўйнаб юришибди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Дабдаба қилиб, дабдала бўлманг

    Дабдаба қилиб, дабдала бўлманг

    Шу тўй билан фарзанди ўзидан тиниб-тинчиб кетса хўп-хўп, аксинча бўлса-чи?..

    ✔ 37    🕔 11:41, 09.08.2018
  • Раҳбар такаббур бўлса

    Раҳбар такаббур бўлса

    Оёғи ердан узилган раҳбар кимга керак?!

    ✔ 79    🕔 11:51, 26.07.2018
  • Замонавий табрик

    Замонавий табрик

    Кечки сайр баҳонасида пойтахтимизнинг гўзал гўшаларидан бири — «Шаҳидлар майдони»га бордик.  Болалар сув бўйида югуриб ўйнаб юришибди.

    ✔ 65    🕔 11:51, 26.07.2018
  • Кўринмас тузоқ

    Кўринмас тузоқ

    Фарзандингиз умрига зомин бўлаётган иллат.

    ✔ 55    🕔 11:51, 26.07.2018
  • Қалбни ўлдирувчи хасталик

    Қалбни ўлдирувчи хасталик

    Бундайлар энг яқин кишисининг ҳам терисини шилиб олишни кўзлайди.

    ✔ 83    🕔 11:03, 19.07.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар