Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

НЕГА НАВОИЙНИ ҚЎМСАЙМИЗ?

Сариқ чақа атрофида парвона дунё

Ўзбек қирқ ёшга етганида Навоийни қўмсаб қоларкан. Фақат ўзимга тегишли бўлганида бундай кескин хулосани матбуотга кўтариб юрмас эдим. Ишонаверинг, мен тенгиларнинг қайси биридан сўрасангиз, бу фикримни тасдиқлашади, кафолат бераман.

НЕГА НАВОИЙНИ ҚЎМСАЙМИЗ?

 

Қизиғи шундаки, уларнинг орасида Ғарб адабиётига буткул ружу қўйганлари ҳам, ўзбек адабиёти у ёқда турсин, умуман мумтоз шарқ адабиётини писанд қилмай юрганлари ҳам, Гомердан бошлаб Гонгора, Эдуард Юнггача, Кантдан тортиб Ницше, Фрейд, Фромму Карл Юнгларгача, Жойсдан Кафка-ю Беккет ва ­Камюгача сув қилиб ичганлари ҳам талайгина. Бизда том маънода эркин адабиёт бўлмаган, дея ўзини даҳо кўрсатиб келганлари ҳам сон-саноқсиз. Ғарб адабиётига тақлидан ёзганлари-ю, бу адабиёт қаҳрамонлари тахлит яшашга жаҳд этганлари, шу баҳона ўзимни топдим деганлари ҳам топилади. Аммо бугун мана шу  тоифаларнинг барчаси менинг фикримга қўшилади.

Нима учун деб сўрарсиз? Очиғи, нега шундайлигини ўзим ҳам билмайман. Бугунги адабий жараён ҳақида бир нарса ёзиб беришимни сўрашганида дафъатан хаёлимга нега Навоийни қўмсаймиз, деган савол келди. Балки бу борада бошқаларнинг фикрини билгим келгандир. Балки келгуси йилларимиз чин маънода Навоийни англаш йиллари бўлишини орзу қилганимдандир. Балки адабий жараёнгина эмас, ўзбекман дегани Навоийдан узоқлашиб бормоқда деган маҳдуд хаёл тузоғига тушгандирман. Билмадим...

Ростдан ҳам, нега Навоийни қўмсаймиз? Айниқса, қирқ ёшдан кейин. Ёки бу истак ботинида инсоннинг ўзини, миллатини, миллий адабиётини англаш изтироби пинҳонмикан? Ёки бу исмсиз изтироб сарҳадлари бундан-да кенгми, ҳудудсизми? Ё Илоҳий илҳом онлари борлиқ ва йўқлик синоатидан сўз очган улуғ Навоий ҳам қирқда бўлганмикан? Ё «Мантиқ ут-тайр»ни пичирлаб такрорлаётган бола Алишер ўша дамлардаёқ қирқинчи босқичга қадам қўйиб улгурганмиди?

Навоий ўлғай эрди бўлмаса умеди висол,

Бу қасдларки, анга ҳажрдамба-дам қиладур…

Навоий висол умиди билан тирик эди. У висол қасдида умр сургани сайин, умрнинг ҳар лаҳзаси ҳижрон жафосидан бонг уради.

Унинг бошқа бир байти:

Керак қуёш дирами танга бўлса байъона,

Чу Юсуфимни ики даҳрға баҳо қилсам…

Бу мисраларда Навоий биринчи байтида умр мазмуни атагани висолнинг баҳоси хусусида баҳс этмоқда. Айни висол (Юсуф бу ўринда висол рамзи) учун сайёралар сарвари қуёш бир сариқ чақа — бай пули бўлишга ярайди холос. Унда висолнинг асл баҳоси нимага тенг? Бу саволга иккинчи мисра жавоб беради. Навоий талқинича, улуғ висолга эришмоқ учун чин ошиқ (чин инсон) икки ­дунёни бериши лозим. Бу мазмундаги мисралар Навоийда тўлиб-тошиб ётибди. Аммо чексиз борлиқ ичра зарра янглиғ Ер сайёрасида умргузаронлик қилиб юрган Одам боласи ким бўлибдики, биргина висол учун фақат бу дунёни эмас, у дунёни ҳам беришга журъат этса? У қандайин висол? Айни висолни исташидан инсонга не суд? Кимнинг висоли у?!

Дунё дунё бўлибдики, Одам болалари бир мавзуда баҳс этади. Нега дунёга келди, яшашдан муроди не?! Мен ва менинг тенгдошларим ўқигану ўқимаган, ишонгану ишонмаган барча китоблар у ёки бу тарзда шу муаммо устида сўз очади, сўз ёпади. Адабиётга ихлос қўйишимиздан муддао ҳам шудир балки? Яна билмадим. Ҳар ҳолда Одам боласи ҳамма нарсадан манфаат исташи бор гап.

Атрофингизга бир қаранг. Одамлар ниманинг илинжида яшаяпти? Одам болалари қандай бахтни излаш билан овора? Зотан, бу сўзларнинг биров учун сариқ чақачалик қиммати, нафи борми? Ёки дунё сариқ чақа атрофида парвонами? Қуёшни сариқ чақачалик кўрмаган Навоий авлодлари-чи? Уларни Навоий нега қизиқтирмайди? Нега ҳеч кимса Навоийни ўқимайди, ўқиганда ҳам тушунмайди?  Ўзимиз-чи, ўзимиз, эй биз Навоийни қўмсаган авлод, васл рўёби учун икки дунёни бахш этишга журъат қилган Навоийни тушуна оламизми?

Умр йўлларига ақл нигоҳи билан боққан кимса учун дунёларга соҳиб бўлиш, васл тўлови дея икки оламни қўшқўллаб топшириш ечими мумкин бўлган муаммоми? Ёки инсон шу қадар улуғ хилқат-у, қудрати шунчалар чексизми? Ёхуд Навоий бу мисраларни туш ва ҳуш оралиғида ёздимикан?

Қадимгиларда бир мақол бор: тоғ Сулаймон томонга келмас экан, Сулаймон тоғ олдига боради. Боболаримиз доно бўлишган-да. Ҳойнаҳой, Навоийни ҳам бобо деймиз. Ўзбекчилик, у ҳақда ўйламай сўйлашдан ҳазир бўлишимиз керак. Нима дейсиз, бобомиз мақолга ишора қилмаётганмикан? Дунё сенга эргашмас экан, сен дунёдан воз кеч демоқчимикан, бу мисралари билан? Улуғ висол саодати ҳар қандай манфаатдан кўра устунроқ демоқчими?

Саволлар, саволлар, саволлар… Уларнинг сон-ҳисоби йўқ. Сўнгги савол яна шу: нега Навоийни қўмсаймиз?

 

 Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ,

ЎзМУ доценти




Ўхшаш мақолалар

Оқибат

Оқибат

🕔17:46, 11.10.2018 ✔28

«Бошлиқ ҳозир сиз билан боғлана олмас экан, гапингиз бўлса ўринбосарига мурожаат қилишингиз мумкин...»

Батафсил
«Телевизорни ишхонангизга опкетинг!»

«Телевизорни ишхонангизга опкетинг!»

🕔17:46, 11.10.2018 ✔25

Шом вақти. Эндигина беш ёшга тўлган Лола онаси билан ўйнагиси келиб қолди.

Батафсил
Биздан нима қолади?

Биздан нима қолади?

🕔11:33, 04.10.2018 ✔50

Кўчага ўрнатилган жўмраклар ёхуд дуога олиб келинган сув қадри.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар