Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Митти ҳикоялар

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

Ҳошиядан ташқарида

Йигит ўғрилик билан қамалди. Буни эшитган биринчи ўқитувчиси маҳбусни кўргани келди.

— Нега ундай қилдинг?..

— Билмадим... — кўзини ерга тикди йигит. — Мактаб даври эсингиздами? Дафтар ҳошиясидан ёзувим четга чиқиб кетса, «бўлиб туради», дердингиз. Ўшанда қўлимга бир урмаган экансиз. Шунда қонун доирасидан чиқмаган ва бу ерда ўтирмаган бўлармидим?..

 

Меҳрибонлик уйида

— Ойим бугун келадими? — доимий саволини берди бола тарбиячи опасига.

— Бугун ойингнинг тоби бўлмай қолибди. Тузалса, албатта келади, асалим.

— Менинг дадам-чи? Қачон келаркан? — суҳбатга қўшилди бир қизча.

— Даданг ишхонасидан рухсат ололмаяпти. Ишларини якунласа, келади, асал қизим.

Тарбиячи эртага болаларнинг саволига нима деб жавоб беришни ўйларди...

 

Кечикиш

— Ҳеч гул бермайсиз, — маъюс кулди аёли.

— Тўйимизда берганман-ку! — ҳазилга олди эркак.

— Шунгаям ўн йил бўлибди-я...

— Ҳали сенга кўп гул бераман. Ҳаётимиз олдинда...

Аммо ҳар куни гулбозордан ўтаркан, эркак ўйларди: «Бирор кун албатта гул оламан!»

...Ваъдасини бажариб ниҳоят гулдаста олди. Уни аёлининг қабрига қўйди.

 

Ватан ва севги

Улар интернетда танишишди. Уч йиллик ёзишмалардан сўнг бир-бирисиз туролмасликларини тушунишди. Аммо, бир «лекин»и бор эди. Йигит бошқа миллат, қиз ўзга эллик эди.

— Мен ватанимни, уйимни ташлаб кетолмайман, — деди қиз. — Бирга бўлишимизни истасангиз, ўзингиз келинг! Шу ерда, менинг диёримда бир умр бахтли-саодатли яшаймиз...

Йигит кўп ўйланмади: дарров рози бўлди. Кўп ўтмай қизнинг қаршисида пайдо бўлди.

— Сизга турмушга чиқолмайман, — деди қиз пойига чўккан йигитга қараб. — Ватанидан, оиласидан бир зумда кечган инсон мендан қанча вақтда кечиб кетаркин? Ортингизга қайтинг, сизни оқ ювиб, оқ тараган тупроғингиздан айрилманг.

 

Ижодкор

— Мен катта ёзувчи бўлмоқчиман! — деди у хотинига, фарзандларига. —Ижод қилаётганимда ҳалал берманглар!

У туну-кун ижод қилди. Унга кўзларини мўлтиратиб тиккан қизини ҳам, юрак ютиб бўйнига осилолмаган ўғлини ҳам кўрмади. Жуфтига бағишлолмаган изҳорларини китобига битди. Фарзандларига айта олмаган ширин сўзларини китобига ёзди. Оиласига кўрсатолмаган ғамхўрликни китобда исботлади!

У танилди. Унинг шоҳ асарлари минглаб нусхаларда чоп этилди. У шон-шуҳратга бурканди.

— Энди етар, — деди бир кун қўлидаги қаламни қўйиб. — Кексайибман...

Шундай дея атрофига қаради: ҳеч ким йўқ эди. У бир уюм китоблари ичра ёлғиз қолганди.

 

Омилик

У китобни турфа кўйга солди.

Тандирни ёқиш учун тутантириқ қилди. Писта сотаётганда варақларини йиртди. Асабига тегаётган пашшаларга қарата қурол қилди. Ўғилларига «самолёт» ясаб берди. Эшик очиқ турсин учун тиркагич қилди. Дераза ойналарини артди. Ҳатто хожатхонада ҳам фойдаланди...

Аммо бирор марта ўқиб кўрмади.

Йиллар ўтиб, нурсиз қалбига недир етишмай қолди... Китобни қўлига олди. Ўқий деганда эса кўзлари аллақачон нурдан қолган, қўллари эса тинимсиз қалтирарди...

 

Оғриқли учрашув

Мен уни ўн етти ёшимда учратдим. Автобусда. Онам дам унга, дам менга қарарди. Ниҳоят, кўзларини дераза ортидаги манзарага тикди-да:

 — Шу эди... менга доялик қилган аёл, — деб шивирлади.

Вужудим кўзга айланди. Шарпадек аёл сари одимладим.

— Қўлингиздан ўзим тушиб кетганмидим?..

Овозим шунчалик паст чиқдики, у мени эшитмади. Автобус тўхтади ва у бекатда тушиб қолди. Оқсоқланмасликка тиришиб жойимга қайтдим...

 

«Ортиқча»

— Келинингизга «болани олдир», деб айтдим. Тўрттаси етади ўзи. Шундоғам рўзғорга етказолмай юрибман... — ҳасрат қилди ўғил онасига.

— Шундай дегин... Отанг ҳам бир вақтлар сени — бешинчи фарзандимни «олдир» демаган экан-да? Шунда бойиб кетармидик? Сенсиз...

Ўғилни ток ургандек бўлди.

 

«Обрў»

— Обрўимга путур етказадиган бирор иш қилмаларинг! —– ота ўғилларига дўқ урганча, кеча мастликда ариққа йиқилиб лой теккан шимини қоқа-қоқа нари кетди.

 

«Қимматли» маслаҳат

— Севиб қолдим, дўстим... Сендан маслаҳат олиш учун келдим. Афсуски, у оилали аёл. Бошим қотди!

— Аёл ҳам сени деса, бирга бўлинглар. Умр бир марта берилади, ахир! — дедим дангал.

— Энг ёмони шундаки, унинг эри...

— Э, эри вақти келиб тушунади. Севмаган одаминг билан яшашдан нима наф? — қўл силтадим. — Маслаҳатим, уни бахтли қил!

Дўстим билан бўлган бу суҳбатдан кўп ўтмай хотиним мени ташлаб кетди...

 

Ҳамдардлар

Отаси вафот этди. Онаси йиғлаб-йиғлаб бошқага турмушга чиқди. Бола янги дадасидан хавфсиради. «Ўгай дадалар ёмон бўлади», дейишганди ўртоқлари. Уни бағрига тортмоқчи бўлган амакини силтаб қочиб қолди. Ертўлага кириб олиб ўз дадасини эслаб кўз ёш тўкди.

— Нега йиғлаяпсан? — уни яширинган жойидан топиб олди янги дадаси.

— Дадамни соғиндим...

— Мен ҳам жуда соғиндим, — унинг елкасини силади янги дада. — Отам ўлганида роса йиғлаганман. Ҳалиям қумсайман.

— Сизнинг ҳам дадангиз йўқми? — унга ҳайрон бўлиб боқди бола.

— Ҳа... сен каби ёлғизман, болам. Дўст бўласанми мен билан? — кўзлари намланди янги даданинг.

— Бўламан... — у узатган қўлларни тутди бола.

Ҳамдардлар ҳар куни ачомлашиб бирга ухлайдиган бўлишди.

 

Она

— «Онажоним» номли шеърингиз шундай юксак мукофотга лойиқ кўрилибди! Табриклаймиз, — деди мухбир шоирга.

— Ташаккур! — мағрурланди ижодкор.

Буни телевизордан томоша қилаётган онанинг шодликдан кўзларига ёш келди. Ўғли машҳур шоир бўлибди!

Сўнг Қариялар уйидаги чироқлар ўчирилди. Она ўрнига чўзилди.

 

Фолбин

Эшигида одамлар турнақатор бўлиб тизилиб олишган. Бири бахт сўраб келган, бири эса тахт. Кимнингдир соғлиғи йўқ, яна кимнингдир бойлиги. Фарзанд илинжида илҳақ, узук йўқотган ҳуркак нигоҳлар... Барчаси мана шу аёлдан нажот истаб келишган.

Не ажабки, фолбин аёлнинг на бахти бор, на қувончи. Эри кетиб қолган, фарзанди яримжон. Кароматгўйлиги ўзига кор қилмаса, ўзгаларга қандай наф келтиришини эса биров ўйлаб кўрмасди.




Ўхшаш мақолалар

Ростгўйлар

Ростгўйлар

🕔17:38, 11.10.2018 ✔131

Раҳбар деганлари бу даражада ростгўй бўлмаслиги керак-да. Эса ходимларининг ҳолига вой деяверинг.

Батафсил
Почта мудири билан суҳбатим

Почта мудири билан суҳбатим

🕔11:18, 04.10.2018 ✔48

Антон ЧЕХОВ

Почтмейстердан бир сўм солинган пакетни олатуриб:

Батафсил
Бир бурда нон

Бир бурда нон

🕔11:17, 04.10.2018 ✔46

Умрининг сўнгги куни қазоси кўзига қир бўлиб кўринган дам кекса генерал ўғлини ёнига чақирди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ростгўйлар

    Ростгўйлар

    Раҳбар деганлари бу даражада ростгўй бўлмаслиги керак-да. Эса ходимларининг ҳолига вой деяверинг.

    ✔ 131    🕔 17:38, 11.10.2018
  • Почта мудири билан суҳбатим

    Почта мудири билан суҳбатим

    Антон ЧЕХОВ

    Почтмейстердан бир сўм солинган пакетни олатуриб:

    ✔ 48    🕔 11:18, 04.10.2018
  • Бир бурда нон

    Бир бурда нон

    Умрининг сўнгги куни қазоси кўзига қир бўлиб кўринган дам кекса генерал ўғлини ёнига чақирди.

    ✔ 46    🕔 11:17, 04.10.2018
  • Олча гуллаган кун

    Олча гуллаган кун

    Қобил ота бомдод намозини ўқиб бўлгач, аёлининг ҳаққига узоқ дуо қилди. Жойнамоздан оҳиста қўзғалар экан, деразадан ҳовлига мўралади.

    ✔ 72    🕔 11:38, 20.09.2018
  • Ҳаёт бу — саёҳат

    Ҳаёт бу — саёҳат

    «Кутиш хонасида ўтирганимда шифокорнинг онамга секин пичирлаётганини кўрдим. Тахминимча, у қон таҳлилимнинг натижалари ҳақида сўзлаётган эди. Бир ҳафта ичида бу ерга учинчи марта келишим эди ва мен ҳам асабийлашар, ҳам қўрқардим. Мен ўйлаган нарса содир бўлгандек эди...»

    ✔ 70    🕔 11:37, 20.09.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар