Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

АҚЛ САРМОЯСИ, БУНИ КИМ ҚАНЧА ЖАМҒАРМОҚДА?

Ақлли фарзанд тарбиялаш фақат ақлли гап билан бўлмайди

Яқинда намойиш этилган бир телекўрсатув кўпчиликнинг фикр-мулоҳазасига сабаб бўлди. Қайсидир интеллектуал ўйинда кўп хонали сонлар орасидаги мисолларни тезда ақл ва хотира кучи билан ҳал қилиб берган бола бир ёқда қолиб, рақсни қойиллатган бошқа бола ғолиб деб топилгани куюнчаклик билан мушоҳада қилинди...

АҚЛ САРМОЯСИ, БУНИ КИМ  ҚАНЧА ЖАМҒАРМОҚДА?

Аслида бу бизнинг бугунги кунимизни яққол кўрсатувчиюзимизга тутилган ойна эди.

Бутун дунёда ақл сармояси энг қиммат мол сифатида эътироф этилиб, эъзозланиб келинаётган бўлса-да, бизда аҳвол ҳамон ўша-ўшалигича қоляпти. Инсоннинг бундай имконияти эътибордан четда бўлгач, унинг ривожи ва манфаатлари ҳақида гапириш ҳам ноўриндай гўё. Аммо бизнинг бу эътиборсизлигимиз анча қимматга тушаётганини тезроқ англаб етишимиз зарур.

Тарбияга аввало   ким муҳтож?

Бола учун ўз онасидан кўра мукаммалроқ инсон йўқ. Она шўрлик боланинг ҳар бир истагини мустажоб қилишга мунтазир туради. Шундай бўлгач, фарзанд учун онадан-да улуғроқ киши бўлиши мумкинми? ­Дунёда онадан кўра яхшироқ-мукаммалроқ киши йўқ экан, бола кимга ўхшашни орзу қилиши керак?! 

Бола ўзи жондан ортиқ кўрган онасига талпиниб, интилиб, тақлид ва ҳавас қилиб яшайди. Дағалроқ тил билан айтганда, фарзанднинг биринчи «кумири» — она.

Онанинг хусусиятлари болага ҳали туғилишидан илгари ўтиб-ўрнашишини аллақачон олимлар илмий жиҳатдан исботлаб бўлишган. Туғилгач эса, бола ўз онасининг бошқа хислатларини ҳам тушуниб-тушунмай ўзлаштириб бораверади. Аёлнинг тийнати қандайлиги эса ҳаммага маълум. Табиатан юмшоқ, мулойим, назокатли, бирпасда ҳукм чиқарувчи, ўта таъсирчан, ҳиссиётга берилувчи, беқарор... Бу каби ўнлаб хислатларнинг баъзилари фарзандга ўтса, нур устига нур, аммо фақатгина аёлларга хос айрим хусусиятларни ўғил болалар ҳам ўз онасидан тўғридан-тўғри қабул қилиб олса-чи? Унда нима бўлади? 

Инсоннинг барча хатти-ҳаракатлари, хулқ-атвори, юриш-туриши, гап-сўзи, турмуш тарзининг инъикоси ўз фарзандида албатта кўринади.

Олимлардан бири «тўнғич фарзандингизни яхшилаб тарбияланг, қолганлари унга эргашиб катта бўлади», деган эди. Назаримда, тўнғич фарзанд дунёга келишидан олдин, аввало, онани тарбияламоқ жуда муҳим. Фарзанд кўриш баъзилар учун оддий биологик эҳтиёжни қондиришнинг натижаси бўлиб қолаётгани жуда ачинарли ҳолат, миллат учун эса фожиа демакдир. Фақат ҳайвонларгина шундай эҳтиёж билан яшаши мумкин. Инсон эса холис ният, буюк мақсад ва аниқ режалар билан яшайди.

«Китобингни ўқи, мен сериал кўраман»

Бизнинг менталитетимизда аёллар, асосан, уйда рўзғор юмушлари билан банд бўлиб, уй супириш, овқат қилиш, кир ювиш, болага қараш, дала-дашт, мол-ҳол каби ишларга масъул деб қаралади. Шундай бўлгач, аёл кишига билим ёки олий маълумот шартмикан, деган баҳс ҳамон давом этиб келаётир. Яқинда бир гуруҳ олимлар шу масалани муҳокама этиб, илмий хулосаларини эълон қилишибди. Хулосаларни ўқидиму шу нуқтаи назардан ўзимизнинг ҳаётимизга бир разм солиб кўрдим.

Бизда қиладиган ишларимизнинг аксарияти фақатгина моддий эҳтиёжларимизни қондиришга йўналтирилган. Ишлаш, меҳнат қилиш, уй юмушлари — буларнинг ҳаммаси қисқача айтганда қорин қайғуси учун қилинадиган ҳаракатлар. Дам олиш деганда ухлашни, маънавий ҳордиқ чиқариш деганда эса телевизор кўришни тушунамиз. Телевизордаги энг томошаталаб намойиш бу — сериал. Муккасидан кетиб сериал кўраётган онага, шубҳасизки, болалар ҳам эргашади. Қарабсизки, ҳар куни оилавий сериалхонлик авжида. Сериалларнинг мавзулари деярли бир хил. Энг ачинарлиси, уларни кўриш учун каллани ишлатиш шарт эмас. Аёлларнинг ички оламига, тўғрироғи, ҳиссиётларига таъсир қилиш учун ҳаётда умуман керак бўлмайдиган, ёлғон-яшиқ, уйдирма ва хаёлий тўқималардан иборат воқеалардан иборат, холос. Уларда ҳиссиётлар, вафосизлик, хиёнат, алдов, рашк, қасос, фирибгарлик, кўзбўямачилик, молу дунёга ҳирс қўйиш, енгил-елпи яшашга ва ҳаётга ҳам шундай қарашга ундовчи ғоялар етакчилик қилади. Мантиқий ечимлар, ақлий изчиллик, илмий асосланганлик ёки тарихий ҳаққоният кабилардан асар ҳам тополмайсиз. Дарвоқе, булар аёлларимизнинг таъбига уйғун ҳам эмас. Агар бобокалонимиз Мирзо Улуғбек осмондаги мингдан ортиқ юлдузнинг ҳар бирини қандай кашф қилгани ва юлдузлар ҳаракатининг инсон тақдирига қай даражада алоқадорлигини тўла-тўкис очиб берувчи кўп қисмли телесериал суратга олинса, аёллар унга унчалик мазахўрак бўлмаслиги аниқ. Нега шундай? Сабаби шуки, биз дунё ва инсон ҳақида аниқ ва асосли билимга деярли эга эмасмиз. Шунинг учун Мирзо Улуғбек юлдузни кашф қилиш асносида кечаси осмондан нималар излагани, Ал-Хоразмий нима учун риёзиётни тартиб бериш йўлида шунчалар риёзат чеккани, Беруний қандай қилиб хонасидан чиқмай уммон ортидаги қитъани кашф қилгани, Имом Бухорий ниманинг илинжида дунёнинг қарийб ярмини пиёда кезиб чиққани биз учун қизиқ эмас. Биз учун қизиқ бўлмагандан кейин бу гаплар фарзандимиз учун ҳам алмисоқдан қолган афсона ва асотирларга ўхшаб туюлиши, шубҳасиз. Шундай бўлгач, улардан қандай қилиб дунёга дарс бера оладиган даҳолар етишиб чиқиши мумкин?

Айблашдан олдин ўзингиздан сўранг

Аёллар ҳақида гап бошлаб нега бу гапларни айтяпмиз? Инсоният эътироф этган буюк бир ҳақиқат аёнки, она фарзанд учун энг биринчи ва энг муҳим дорилфунундир! Фарзанд таълим-тарбияни бевосита ёки билвосита онадан олишга маҳкум.

Энди инсоф билан фикр юритиб кўрайлик: оиламизда шундай дорилфунун борми? Она бўлишдан олдин аёлларга шундай буюк мартабага етишиши учун шароит яратиб бера оляпмизми? Мана, сизга оддийгина савол: уйда аёлингиз сериал кўриши учун қулайроқ шароитингиз борми ёки ҳаёт учун энг зарурий соҳаларни ўрганиши, маънавий озиқланиши, таълим-тарбия олиши учунми? Ҳеч бўлмаса, уйда ўзим, аёлим ва фарзандларим ўқийди, деган мақсадда уйга китоб кўтариб борамизми? Болалар уйда ўз устида ишлашга, меҳнат қилишга, келажагини бунёд этишга кўникма ҳосил қиляптими ёки дангасалик, ялқовлик, боқибеғамлик, мақсадсизлик каби иллатларнинг иссиқ қучоғида қолиб кетяптими? Аёлимиз ва фарзандларимизни ўзгачароқ оламларни кўриб, ақл юритиб, хулоса чиқаришга ундайдиган — музейми, театрми, зиёратгоҳми ва ё шунга ўхшаш жойларга олиб боряпмизми?

Аёлнинг ақли қаердан озиқланади? Бу ҳар бир эркак учун муҳим ва долзарб масала бўлиши шарт.

Ойнага қараса, ҳар ким ўзини кўради. Аёлни ақлсиз ва бефаросатликда айблаётган эркак аввало ўзига яхшилаб разм солиши керак.

Она ўзида борини фарзандига беради. Ўзида йўқ билим ва маълумотларга эга бўлишда унга турмуш ўртоғи кўмаклашиши зарур. Мана шу тизим (эркакдан аёлга, аёлдан эса фарзандга маърифат етказиш) ишламаса, у боланинг келажагидан кимни кутиш мумкин?!

 

«Аёл фақат емоқ-ичмоққа, кийим-кечакка, турар жойга муҳтож бўлмайди, балки у аччиқ изтиробларнинг ўрнини босадиган ширин сўзга, ҳаётнинг аёвсиз зарбалари ярасини силайдиган меҳрибон қўлга, машаққатларни эсдан чиқаришга кўмак берадиган мушфиқ қалбга ҳам муҳтождир».

Маҳбубий

Ҳақиқат шуки...

Нега айрим болалар нуфузли олийгоҳларда ўқишни, дунёга чиқишни, инсоният учун фойдали бўлган бирон оламшумул юмушнинг бошини тутишни болалигиданоқ мақсад қилмайди? Аниқки, уларда ҳатто бундай тушунчанинг ўзи йўқ. Сабаби, у тушунча уларнинг ота-онасида ҳам бўлмаган. Агар ота-онада олдиндан шундай аниқ мақсад бўлганида фарзандига аввал-бошдан ақлни пешлайдиган, фикрни ўстирадиган, мантиқий ёндашувни ўргатиб борадиган ўйинчоқлар, буюм ва воситалар олиб берган бўларди. Ваҳоланки, ҳозир бундай воситалар камёб эмас. Шундай бўлишига қарамасдан кўпчилик болалар глобусни фақат мактабга бориб, география дарси ўқитила бошлагач, кўришади. Қўпол қилиб айтганда, етти ёшга киргунича уйда етарли таълим-тарбия «олган» бола фақат мактабга боргачгина қўлидаги бармоқлари сони нечталигини билиб олади.              

Биз эртанги кунга катта умидлар билан кўз тиккан, буюк келажакни кўзлаган халқмиз. Назаримда, унга тайёргарлигимиз ҳам буюк ва катта бўлиши зарур. Акс ҳолда, келажакни бой бериб қўямиз.

 

Камолиддин ШАМС




Ўхшаш мақолалар

Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

🕔11:44, 20.09.2018 ✔17

Кексайганда уларга аслида ким ғамхўрлик қилиши керак?

Батафсил
Кўролмайдиган кимса

Кўролмайдиган кимса

🕔11:43, 20.09.2018 ✔22

Одам ўз ихтиёри билан очиқ кўрликни танлаши мумкинми?

Батафсил
Ахлоқнинг чегараси

Ахлоқнинг чегараси

🕔11:26, 13.09.2018 ✔59

Жамиятни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон нега бедор эмас?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

    Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

    Кексайганда уларга аслида ким ғамхўрлик қилиши керак?

    ✔ 17    🕔 11:44, 20.09.2018
  • Кўролмайдиган кимса

    Кўролмайдиган кимса

    Одам ўз ихтиёри билан очиқ кўрликни танлаши мумкинми?

    ✔ 22    🕔 11:43, 20.09.2018
  • Ахлоқнинг чегараси

    Ахлоқнинг чегараси

    Жамиятни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон нега бедор эмас?

    ✔ 59    🕔 11:26, 13.09.2018
  • Бу заминнинг жозибаси бор

    Бу заминнинг жозибаси бор

    Ақлимни таниганимдан Имом ­Бухорий номини эшитиб катта бўлдим. Олдин катталардан эшитган бўлсам, кейинчалик ўзим турли китобларда бу номни тез-тез учратардим. Бу буюк шахсга меҳрим, ихлосим йилдан-йилга ортиб бораверди.

    ✔ 66    🕔 11:58, 30.08.2018
  • Меҳнатни отам қилди, қадрини бугун топдик

    Меҳнатни отам қилди, қадрини бугун топдик

    Отам косиблик орқасидан рўзғор тебратганлар. Ўн уч жонни косибликнинг оғир меҳнатидан келган уч-тўрт сўм пул билан эплаб туришган.

    ✔ 73    🕔 11:57, 30.08.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар