Долзарб мавзу      Бош саҳифа

МАКТАБДА ТИББИЙ ХИЗМАТ: БИЗГА ЎЗИ ШУ КЕРАКМИ?..

Мактабга қадам қўйган бола борки, шўх ва ўйинқароқ бўлади. Айниқса, бошланғич синф ўқувчилари танаффусга қўнғироқ чалиниши билан бир-бирини турткилаб, ташқарига отилади, баъзида синфдош болалар ўзаро жанжаллашади. Бу уларга хос одат. Аммо эҳтиётсизлик оқибатида ўқувчига бирор зиён-заҳмат етиши ҳеч гап эмас. Бундай пайтда болага биринчи ёрдам кўрсатиш талаб этилади.

МАКТАБДА ТИББИЙ ХИЗМАТ:  БИЗГА ЎЗИ ШУ КЕРАКМИ?..

Бугун мактабларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қандай йўлга қўйилган? Махсус хоналар борми, улар барча зарур дори-дармон билан таъминланганми? Таълим муассасаларида биринчи ёрдам кўрсатадиган ҳамширалар фаолияти қандай?

Шу каби саволларга атрофлича жавоб изладик. Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани Янгибозор даҳасидаги бир нечта мактабда бўлдик.

«Бедарак йўқолган» калит

Шу ҳудуддаги 4-умумий ўрта таълим мактабидамиз. Афсуски, унинг тиббий хизмат хонасини кўздан кечиришнинг иложи бўлмади. Ҳамширанинг айтишича, калит хўжалик мудирида экан. У эса зарур топшириқ билан чиқиб кетибди.

Очиғи, бу жуда ишончсиз баҳона бўлди. Агар калит ҳақиқатдан ҳам хўжалик мудирида бўлса, у ҳолда ҳамшира мактабда нима қилиб юрибди? Хўжакўрсинга келиб кетадими? Кимгадир ёрдам бериш учун хўжалик мудирини кутиш керак бўлса, ҳамширанинг нима кераги бор мактабга? Ахир, ҳар дақиқада ўқувчилар билан бирор нохуш ҳодиса юз бермаслигига кафолат йўқ-ку?!

Тиббиёт ходимининг яна қўшимча қилишича, мактаб маъмурияти зарур дори-дармонларни ҳам баъзан олиб бермайди. Аксарият ҳолларда туман тиббиёт бирлашмаси (гарчи бу уларнинг зиммасидаги вазифа бўлмаса-да) таъминлайди. Гоҳида эса ҳамшира ўз чўнтагидан сотиб олишига тўғри келар экан. У мактабга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан бириктирилса-да, мактаб директорининг талаби бўйича иш юритади.

Ўқувчилар «талаб кетган» дорилар

Навбатдаги манзилимиз 7-умумий ўрта таълим мактаби. Директор ўринбосари Темур ­Абдужабборовнинг сўзларига кўра, мазкур даргоҳда ўзбек ва рус гуруҳларида 1 минг 590 нафар ўқувчи таҳсил олади. Туман тиббиёт бирлашмаси бириктирган ҳамшира бу ерда тўлиқ штатда ишлайди.

Тиббий хизмат хонасига кирдик. Қоидага кўра, унда биринчи ёрдам кўрсатиш учун зарур барча дори-дармон ва тиббий воситалар бўлиши шарт.  Лекин шкафда бинт, спирт ва йод бор, холос. Ҳамширадан бошқа дори-дармонлар нега йўқлиги сабабини сўрасак, мактабда касаллар кўпайиб кетгани боис, уч-тўрт кун олдин тугаб қолганини айтиб, вазиятни ўз томонига оғдирди. Директор ўринбосари эса ўзини бу ҳолатдан бехабарликка солди. Агар билганида албатта, келтирган бўлишини айтиб, ҳамширани айблади.

Тўғрисини айтганда, бу вазиятни хаспўшлашдан ўзгаси эмас. Уларнинг ўзини тутишидан, суҳбат жараёнида бир-бирига турли юзаки имо-ишора қилишидан бу яққол билиниб қолди. Аммо кишини энг таажжублантиргани, улар соғлом болани тўғри маънода касалга чиқариб қўйгани бўлди. Ахир, қайси ота-она бемор фарзандини мактабга юборади? Ёки бутун бошли мактабда ўнлаб бола бирданига тезкор тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб қолдими?  Ишониш қийин.

Айбини бир-бирига тўнкаб…

31-умумий ўрта таълим мактаби. Ундаги ҳолат юқоридагилардан ўтиб тушди. Гап шундаки, мазкур даргоҳда на ҳамшира, на тиббий хизмат хонаси бор.

— Алоҳида тиббий хизмат хонаси азалдан мавжуд эмас, — дейди мактаб директори Дариха Батаева. — Сабаби, бунга ортиқча хона йўқ, ҳафтада бир марта туман тиббиёт бирлашмасидан ҳамшира келиб, назорат ўтказиб кетади. Агар бирон ўқувчи тўсатдан тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб қолса, имкон қадар биринчи ёрдамни ўзимиз кўрсатамиз ёки туман шифохонасига мурожаат қиламиз.

Ана, холос! Бир томондан мактаб раҳбари мавжуд камчиликни рўй-рост тан олаётгани яхши. Лекин бунинг хавфли томони ҳам борлигини инкор этиб бўлмайди. Ўша ўқувчига мустақил ёрдам кўрсатадиган ўқитувчининг тиббий малакаси қандай ўзи? Тўғри, улар орасида ҳамшираликни яхши биладигани бўлиши мумкин. Бироқ қош қўяман деб... Ҳар ҳолда, бу инсон саломатлиги билан боғлиқ ҳолат.              

Сўнгги манзилимиз 10-умумий ўрта таълим мактаби. Ундаги шароит ҳам юқоридагилардан қолишмайди. Ичкарига кириб, мактаб директоридан изоҳ сўрадик.

— Мактабимизда 570 нафардан ортиқ бола ўқийди, — дейди Мавлуда Абдураимова. — Тартибга кўра, туман тиббиёт бирлашмаси мактаблардаги болалар сонига қараб, тўлиқ ёки ярим штатга ҳамшира бириктиради. Масалан, улар тасдиқлаган ҳамширалар минг нафардан ортиқ ўқувчиси бор мактабда тўлиқ ставкада, ундан кам бола таҳсил оладиган мактабда ярим штатда ишлайди. Шунинг учун бизга бириктирилган ҳамшира учта мактабга хизмат қилади. Барчасида кун бўйи бўлишнинг иложи йўқ. Кунора келади. Шунга қарамай, тиббий хизмат хонаси зарур дори-дармон билан таъминланган.

Бу директорнинг гапи. Ҳамширани эса бошқа мактабда экани боис, топишнинг иложи бўлмади. Тиббий хизмат хонасининг калити бу гал ҳамширада экан. Очиб кўришнинг иложи бўлмади.

Ўйланиб қолдик. Ҳақиқатда калит ҳамширада бўлса, бояги «халоскор» — хўжалик мудирида қўшимча калит бор бўлиши керак эмасми?! Англаганингиздек, бу ерда ҳам кўзбўямачилик. Ичкарини очиб, мавжуд аҳволни кўрсатишдан бош тортиб, турли баҳоналар ўйлаб топилди.

Ҳамшира кўп, маблағ йўқ

Бунга мутасаддилар қандай изоҳ беради? Дастлаб Юқори Чирчиқ тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига мурожаат этдик.

— Мактаблардаги тиббий хизмат хоналарини зарур дори-дармон ва тиббий воситалар билан таъминлаш юз фоиз мактаблар зиммасидаги вазифа, — дейди бўлим бошлиғи ­Абдукамол Мамадалиев. — Аммо шу пайтгача мактаблар буни бажармаган. Сабаби, уларга бунинг учун туман молия бўлимидан маблағ ажратилмас эди. Мактабнинг смета харажатини ҳисоблаб, ўзи тасдиқлаган.

А.Мамадалиевнинг таъкидлашича, ҳозир вазият ўзгарди. Смета харажатларини ўзлари тузиб, тасдиқлаб, молия бўлимига рўйхатдан ўтказиш учун юбормоқда. Насиб этса, бу муаммо тез орада ўз ечимини топади. Тиббий хизмат хонаси йўқ мактаб ҳақида эса мутасадди аслида у бино мактаб учун қурилмаганини маълум қилди.

— Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги қирқдан ортиқ мактабга туман тиббиёт бирлашмаси ҳамширалари хизмат кўрсатади, — дейди Юқори Чирчиқ тумани кўп тармоқли марказий шифохонаси бош шифокор ўринбосари Нурия КОРЕНЧЕНКО. — Лекин аксарият мактабларда ҳамшира учун штат ажратилмаган. Биргина Янгибозор даҳасининг ўзида ўндан ортиқ мактаб бор бўлса, уларнинг кўпида ҳамшира йўқ. Мисол учун, 19-умумий ўрта таълим мактабида мингдан ортиқ ўқувчи таҳсил олса-да, унга ҳамшира бириктирилмаган. Ваҳоланки, бизда ҳамшира етарли.

Н.Коренченконинг қайд этишича, баъзи ҳолларда шифохона мактабга зарур дори-дармонларни бепул етказиб беради. Шунга қарамай, бунга ҳар доим ҳам имкон топилмайди. Шу боис у мактаб ҳамширасининг сўзларини тасдиқлади. Яъни, улар дори-дармонларни ўз ҳамёнидан сотиб олишга мажбур бўлаётганидан хабардор.

— Дарвоқе, синфхоналардаги тиббиёт қутисида дори-дармон ва тиббий воситалар сақлаш тақиқланган, — дея сўзида давом этади шифокор. — Бу кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида амалга татбиқ этилган. Аммо бунга амал қилмаётган мактаблар ҳам йўқ эмас. Бунга кузатувлар жараёнида тез-тез гувоҳ бўлиб турибмиз. Фақат истисно ҳолатларда, яъни тиббий хизмат хонаси ёки ҳамшираси йўқ мактабларда ўқувчи кўзи тушмайдиган, хавфсиз жойда эҳтиёткорлик билан сақлашга рухсат берилган.

* * *

Кўза кундамас, кунида синади, деб бежиз айтишмаган. Мактабда ўқувчилар сони қанча бўлишидан қатъи назар, барча таълим масканларида ҳамшира албатта фаолият юритиши шарт. У кунора ёки тушликкача эмас, биринчи ва охирги дарсга қўнғироқ чалингунча, мактабда бирорта бола қолмагунча шу даргоҳда бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, тиббиёт хонаси бўлиши ва уни зарур дори-дармон билан тўлиқ таъминлаш ҳам долзарб масала. Токи у чала бўлар экан, бола соғлиғини ишончли тарзда асрашнинг иложи йўқ. Зеро, ўқувчининг яхши билим олишида ҳам бу омиллар муҳим аҳамиятга эга.

 

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

ҲЕЧ КИМ ЎЗ-ЎЗИДАН ГИЁҲВАНД БЎЛИБ ҚОЛМАЙДИ

ҲЕЧ КИМ ЎЗ-ЎЗИДАН ГИЁҲВАНД БЎЛИБ ҚОЛМАЙДИ

🕔17:43, 22.06.2018 ✔34

Гиёҳвандлик балоси ёнига энди заҳарвандлик ҳам қўшилдими?

Батафсил
Сувсизликдан тинкаси қуриган одамлар

Сувсизликдан тинкаси қуриган одамлар

🕔10:21, 21.06.2018 ✔37

Ҳаққоний ҳаётдан буткул узоқлашиб кетдикми?

Батафсил
Вақтинчалик «марҳамат»

Вақтинчалик «марҳамат»

🕔10:20, 21.06.2018 ✔37

«Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак», деган тамойил кундалик ҳаётимизга татбиқ қилингач, кўп соҳаларда ижобий ўзгаришлар рўй бера бошлади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар