Спорт      Бош саҳифа

Магнус КАРЛСЕН:  «МЕН ҲЕЧ КИМГА ТАН БЕРМАГАНМАН»

Шахмат бўйича ўн олтинчи, ушбу ўйин тарихида эса учта йўналиш (классик, рапид ва блиц)да биринчи жаҳон чемпиони ҳисобланган норвегиялик 27 ёшли Магнус Карлсен мана, тўрт йилдирки, ақл муҳорабасида ўзига тенг келадиган рақиб йўқлигини исботлаб келмоқда.

Магнус КАРЛСЕН:  «МЕН ҲЕЧ КИМГА ТАН БЕРМАГАНМАН»

Айни пайтда ФИДЕ халєаро рейтингида энг юқори кўрсаткич (2843) соҳиби. Ўтган йили ҳам жаҳон шахмат тожини муваффақиятли тарзда ҳимоя қилди.

Яқинда дунёнинг етакчи спорт нашрлари замонамизнинг энг ёрқин шахматчисидан интервью олди. У билан танишар экансиз, Магнус Карлсен эришган бундай улкан муваффақиялари замирида нафақат ўзининг ажойиб ўйини ва фавқулодда истеъдоди, балки шахматга, ҳаётга бўлган ўзгача муносабати, қарашлари ҳам мужассам экани аёнлашади.

Қуйида эътиборингизга ана шу интервьюни ҳавола этмоқчимиз.

— Магнус, шахмат доналари ҳар хил — оқ-қора, эман дарахтидан қилинган қизил, ҳаттоки, тилладан ясалган, хуллас, турли шакл ва ҳажмда бўлади. Сиз уйингизда қай биридан фойдаланасиз?

— Мен оддийсини хуш кўраман. Машғулот учун шахмат доналари оғир ва қўпол бўлмаслиги керак. Чунки блиц партияда уларни тез ҳаракатлантириш лозим. Ахир, юришни амалга ошириш учун кетадиган сониялар ҳам ўта муҳим. Шахсан мен ўйин вақтида костюмимни ҳам ечиб қўяман, кўйлак енгини шимариб оламан. Шундай қилсам, ортиқча «юк»дан қутулиб, бутун диққатим ўйинда бўлади.                        

Бундан ташқари, фигуралар шакли тушуниш учун қийин бўлмаслиги зарур. Унинг комплект нархи энг кам харжли оила ҳам сотиб олишга қурби етадиган даражада бўлиши даркор. Негаки, бу ўйинни ҳамма бола ўйнаши шарт, деб ҳисоблайман. Ўзимнинг шахмат доскам қалин, пишиқ қоғоздан ишланган. У олиб юришга қулай.

— Сиз учун шахмат нима? У ҳаётингизда қандай аҳамиятга эга?

— Мен — профессионал шахматчиман. Шундай экан, ўз салоҳиятимни тўла рўёбга чиқариш учун барча имкониятларимни ишга соламан. Менга ғолиб бўлиш ёқади, доимо максимал натижага интиламан. Хуллас, ўйиндан завқ оламан. Айтишим мумкинки, мусобақа вақтида партиянинг натижаси ҳақида умуман ўйламайман. Бутун диққатим доскада бўлади.

— «Ақл чархи»га қанча вақт ажратасиз?

— Буни ҳисоблашим қийин. Турнир вақтида у бор вақтимни олади. Уйда эса деярли шуғулланмайман.

— Ростданми?

— Ҳа.  

— У ҳолда қандай қилиб «спорт форма»нгизни сақлайсиз?

— Агар истасам, мени қизиқтирган бирор нарсани томоша қиламан. Ёки «қайноқ» партияни интернетдан юклаб оламан. Аниқ мақсадга йўналтирилган машқлар ҳақида бир нима дейишим қийин. Бу ғалати туюлиши мумкин, лекин менга партияларни кўриб бориш ҳам катта фойда келтиради. Шундан янги фикр уйғонади.            

— Наҳотки, шу гапларни дунё рейтингининг етакчиси айтаётган бўлса?!

— Ҳамманинг ўз ёндашуви бор. Ахир, ҳеч ким бошқа шахматчи, дейлик, Виши Ананд, Владимир Крамник кабилар бўш вақтини қандай сарфлашини билмайди-ку!..

— Сизда шахматда ўзига хос истеъдод бор, деб ўйлайсизми?

— Билмадим. Ҳар бир инсонда қобилият мавжуд. Мен фақат камина ҳақида бошқалар нималар деганига қараб хулоса чиқараман. 12-13 ёшимда кўпчилик менда салоҳият борлигини ва мендан буюк чемпион етишиб чиқишини айтган. Аммо ўша кезларда мен шунчаки, дона сурардим ва бундан бахтиёр эдим.

Аслида кимда кўпроқ ёки камроқ иқтидор жо бўлганини аниқлаш мушкул. У ёки бу инсондан катта шахматчи ёки ҳеч ким чиқмаслигини олдиндан белгилаб бўлмайди.

— Компьютер шахматдаги ривожингизга қай даражада таъсир ўтказган, деб ҳисоблайсиз?

— Бу ҳақда ҳеч қачон ўйламаганман. Бироқ назаримда, шахсан ўйинимга бирор принципиал таъсир кўрсатмаган. Шукрки, хотирам яхши, доскада нима кўрганимни яхши эслай оламан. Тўғри, позиция ҳақида техниканинг фикри қандайлиги менга баъзан қизиқ. Лекин мен шу заҳотиёқ ҳаммасини компьютерга «тикиш»га шошилмайман.                     

— Сиз компьютернинг баҳосига ишонасизми?

— Барчаси позицияга боғлиқ. Шундай ҳолатлар бўладики, машинадан ҳеч қандай наф йўқ. Фақат вақт озлигида унинг хулосалари, юришларига ишонишга тўғри келади. Бироқ мен компьютерга боғланиб қолмасликка интиламан.

— Сиз «тан берган» шахматчи ким?

— Бундай киши йўқ. Мен буюк ўйинчиларнинг минглаб партиясини кўрганман. Ҳар биридан ўзимга нимадир олганман. Шу боис аниқ бир шахматчини айтолмайман. Балки кейинчалик танларман…

— Ҳар бир партияда доскада кескинлик юзага келтиришга интиласизми?

— Шунга ҳаракат қиламан.

— Айрим гроссмейстерлар наздида, сиз рақибларга таъсир ўтказар экансиз. Шу ростми?

— Бу нотўғри фикр. Ғалабаларимда хилма-хиллик кўп. Мен шахмат доскасида ютишим учун гипноз қўллашим шарт эмас! Бу қўлимдан ҳам келмайди.

— У ҳолда ҳатто, номдор шахматчиларнинг хатога йўл қўйишини қандай изоҳлаш мумкин?

— Ўйин вақтида рақибга катта юклама берсангиз, у истайсизми-йўқми, нотўғри юришни амалга оширади. Мен билан дона сураётиб, шахматчи қанчалар тез хатога йўл қўйишини баҳолай олмайман. Ҳар бир партияда бор кучимни бераман. Ўйиндан сўнг, «қила олишим мумкин бўлган нарсани бажармадим» деган ўй ўтишини хоҳламайман. Менимча, рақибларимга жанговар кайфиятим таъсир ўтказади. Унутмангки, хатолар бу — ўйиндаги кескинлик, танглик маҳсули. Шу боис ҳозир шахмат санъатдан курашга айланган.

— Сизнинг бу даражага эришишингизда буюк шахматчи Гарри Каспаровнинг ўрни ҳам бор, албатта. У бир неча йил сизга устозлик қилган. Бу инсондан нималар олдингиз?

— Гарри туфайли мен бутун позицияларни яхши тушуна бошладим. Чуқур ва тезкор таҳлилни ўргандим. Бу инсон мен учун амалиёт сифатида катта тажриба мактабини яратди. Унда дунёнинг энг кучли шахматчиларига нисбатан ўзига хос қараш бор.

— Позиция борасида бир-бири­нгизнинг фикрингизда қандай фарқ бўлган?

— Жуда катта. Каспаров — тадқиқотчи. У ҳар бир позицияга исботлаш керак бўлган теорема сифатида қарайди. Мен эса прагматикман: томонларнинг имкониятини қай тарзда янада яхшироқ ишлатиш йўлларини қидираман.

— Сизни буюклар билан қиёслаганда кўнглингиздан нималар кечади?

— Аслида бир неча йилдан бери шундай бўляпти. Аммо бунга заррача эътибор бермайман. Бу юзаки деб ҳисоблайман. Боиси ҳар бир инсонда бу борада ўз фикри, нуқтаи назари бор.

— Дунё рейтингига боқиб-чи?

— Биринчи ўринда эканим менга ёқади. Бу узоқроқ давом этишини истайман. Аммо бир кун келиб у, албатта, қулайди. Ўрнимни бошқаси эгаллайди. Ҳақиқат битта: ҳеч ким мангу етакчилик қилолмайди. Бу фурсат етиб келгунга қадар эса, шахматнинг сеҳрли оламидан завқ олавераман.   

 

Шаҳобиддин РАСУЛОВ

тайёрлади.




Ўхшаш мақолалар

Мағлубият ва муваффақият ораси

Мағлубият ва муваффақият ораси

🕔16:28, 08.11.2018 ✔25

Баъзан турли ташвишлардан чарчаб, ўзингизни чалғитиш мақсадида ойнаи жаҳон қаршисига михланасиз. Шу тобда спорт телеканалларининг бирортасида албатта қайсидир евроматч эфирга узатилаётган бўлади. Уни шунчаки кузатасиз аввалига. Бироқ...

Батафсил
Орзулар рўёби сари йўл

Орзулар рўёби сари йўл

🕔16:28, 08.11.2018 ✔24

Биргина инсон сабаб жамиятда кўпчиликнинг ҳаёти ўзгариб кетиши мумкин. Айниқса, катта ютуқларни қўлга киритаётган, ўз муваффақиятлари билан юрт байроғини халқаро майдонларда юқори кўтараётган иқтидор ва маҳорат эгаларининг ёшларга кўрсатадиган таъсири жуда катта.

Батафсил
Терма жамоамиз йиғинни қаерда ўтказади?

Терма жамоамиз йиғинни қаерда ўтказади?

🕔16:28, 08.11.2018 ✔29

Эктор Купер бошчилигидаги футбол бўйича ­Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубогига тайёргарликни давом эттирмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Мағлубият ва муваффақият ораси

    Мағлубият ва муваффақият ораси

    Баъзан турли ташвишлардан чарчаб, ўзингизни чалғитиш мақсадида ойнаи жаҳон қаршисига михланасиз. Шу тобда спорт телеканалларининг бирортасида албатта қайсидир евроматч эфирга узатилаётган бўлади. Уни шунчаки кузатасиз аввалига. Бироқ...

    ✔ 25    🕔 16:28, 08.11.2018
  • Орзулар рўёби сари йўл

    Орзулар рўёби сари йўл

    Биргина инсон сабаб жамиятда кўпчиликнинг ҳаёти ўзгариб кетиши мумкин. Айниқса, катта ютуқларни қўлга киритаётган, ўз муваффақиятлари билан юрт байроғини халқаро майдонларда юқори кўтараётган иқтидор ва маҳорат эгаларининг ёшларга кўрсатадиган таъсири жуда катта.

    ✔ 24    🕔 16:28, 08.11.2018
  • Терма жамоамиз йиғинни қаерда ўтказади?

    Терма жамоамиз йиғинни қаерда ўтказади?

    Эктор Купер бошчилигидаги футбол бўйича ­Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубогига тайёргарликни давом эттирмоқда.

    ✔ 29    🕔 16:28, 08.11.2018
  • Каратэчиларимизга омад!

    Каратэчиларимизга омад!

    Испания пойтахти Мадрид шаҳрида каратэ бўйича 24-жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда.

    ✔ 30    🕔 16:27, 08.11.2018
  • Мейвезер аралаш жангда!

    Мейвезер аралаш жангда!

    Америкалик бокс афсонаси Флойд Мейвезер шу йил 31 декабрь куни аралаш жанг санъатлари қоидалари (ММА) да дебют қилади.

    ✔ 17    🕔 16:27, 08.11.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар