Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ЎЗ ИЛДИЗИГА БОЛТА УРАЁТГАНЛАР

ёхуд алимент тўлашдан бош тортаётганларнинг «асосли» сабаблари

Икки ёш қонуний никоҳдан ўтиб, оила қураётганда уларнинг ҳар иккиси зиммасига ушбу қўрғоннинг нақадар муқаддаслиги, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш вазифаси, айниқса, туғилажак фарзандлар келажаги учун катта масъулият юкланади. Шунга қарамай, турли сабабларга кўра, айрим оилалар бузилмоқда.

ЎЗ ИЛДИЗИГА БОЛТА УРАЁТГАНЛАР

Лекин бу уларни ушбу оила билан боғлиқ ҳамма масъулиятдан ҳам халос этмайди.

...Яқинда бир танишимни учратиб қолдим. Анча суҳбатлашдик. Айтишича, турмуш ўртоғи билан ажрашиб, бой хонадоннинг қизига уйланибди. Ҳозир ишлари юришиб кетган. Аммо биринчи никоҳидан бўлган тўрт яшар қизчасига алимент тўламаётган экан. Олдинги рафиқасини «агар алимент талаб қилсанг, болани тортиб оламан», деб қўрқитибди. Аёл эса қизчасини бир умр кўрсатмаслик шарти билан алиментдан воз кечибди. Йигитга бу маъқул келиб, ўз пушти камаридан бўлган фарзандини бир умр кўрмасликка бажонидил кўнибди.

Ҳа, орамизда ана шундай тубан кимсалар ҳам афсуски, бор. Арзимаган сабаб билан ажрашиб, ўз пушти камаридан бўлган норасидани тирик етимга айлантирётганлар оз эмас. Кимдир моддий имконияти йўқлиги сабабли алимент тўлашнинг уддасидан чиқа олмаётган бўлса, яна биров моддий жиҳатдан ўзига тўқ бўла туриб, очиқчасига бўйин товлайди. Нега?

Оталикка мажбурланган қарздорлар

— Ўтган 2017 йилда алимент бўйича 276 мингдан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди, — дейди Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш бошқармаси катта инспектори Фазлиддин ­ҲАМДАМОВ. — Шундан, 86 мингдан ортиғи ўрганилиб, ижобий ҳал этилган. Вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаган 300 нафардан ортиқ отага нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда 363 та қарздор қидириб топилди ва тегишли тартибда чора кўрилди. Бундан ташқари, Бюро органларига келишдан бўйин товлаб юрган 2 минг 612 та қарздорнинг мажбурий келтирилиши таъминланиб, улардан жами 1 миллиарддан ортиқ алимент пули ундирилган.

МИБ вакилининг айтишича, мазкур ҳолатларда энг салбий жиҳатлардан бири шуки, алимент ундириш мақсадида жойларга чиқиб тўловчиларнинг шароити ўрганилганда, уларнинг аксарияти нафақа пулини тўлашга қодир бўла туриб, бундан бош тортади. Алимент тўламаслик учун турли баҳоналар ўйлаб топишади. Натижада иш судга оширилади. Шунда отанинг мол-мулки мусодара қилиниб, фарзандига алимент пули ундирилади.

Энг ачинарлиси кимдир ўз фарзандини тан олмай, алимент тўлашдан бош тортса, яна бирови бошқа сабабларга кўра, фарзандини моддий қўллаб-қувватламайди. Тўғри, улар орасида ҳақиқатан ҳам алимент тўлашга имконияти йўқ оталар бор. Сабаби, улар ишсиз. Шу боис ўрганишлар давомида ўтган йилда жойлардаги бандликка кўмаклашиш марказлари билан ўзаро ҳамкорликда жами тўрт мингга яқин ишсиз қарздор вақтинчалик ва бир марталик иш жойлари билан таъминланди.

Хўш, нима учун айрим оталар ўз фарзандига алимент тўлашдан бош тортяпти? Бунга уларни нима мажбур қилмоқда? Келинг, буни уларнинг ўзидан эшитсак.

Фарзандга ишлатилмаган алимент

— Ўзаро келишмовчилик сабабли, аёлим билан ажрашишга тўғри келди, — дейди Тошкент шаҳридан фуқаро Аброр Хўжаев. — Оқибатда бир қизим отасиз ўсяпти. Олий маълумотлиман. Тўғриси, моддий имкониятим яхши. Қизимга ҳар қанча моддий ёрдам бўлса, бераман. Фақат бир шарт билан: агар мен берган маблағ ҳақиқатан ҳам фарзандимга ишлатилса. Лекин аёлим мендан ундирган пулни ҳеч қачон боламга сарфламаган. Бир неча марта қизимни кўришга борганимда, унинг аянчли аҳволидан буни сездим. Шу боис алимент тўлашдан бош тортдим. 

Бу отанинг сўзларига кўра, у аслида аёли билан ажрашмасликка кўп ҳаракат қилган. Лекин турмуш ўртоғининг эрка ва тантилиги, қўлидан иш келмаслиги, қайнонаси ҳам уларнинг ҳаётига кўп аралашиши оқибатида оиласи барбод бўлган.

Энди эса алимент пулини тўламагани боис собиқ турмуш ўртоғи уни яна судга берибди. Мажбурий ижро бюроси ходимлари мол-мулкини мусодара қилгачгина алимент тўлашга мажбур бўлди. Энди фарзандини ўз қарамоғига олиш учун ҳаракат қилмоқда.

«Напитка» олиб беролмаган «эр»

— Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабасиман, — дейди исми сир қолишини истаган ота. — Ёшим 28 да. Контракт асосида таҳсил оламан. Уйланганимга ҳали кўп бўлмади. Оиладаги майда-чуйда, икир-чикирларга аҳамият бермай, ўз соҳамнинг етук мутахассиси бўлиш учун тинимсиз изландим, ўқишимни давом эттирдим. Лекин чучварани хом санабман. Арзимаган гап-сўз, кўз илғамайдиган ишларни ҳам катта фожиа қилиб онасига етказиб турган хотинимнинг ҳатти-ҳаракатлари охир-оқибат оиламиз бузилишига сабаб бўлди.

Турмушим бир дона газли ичимлик орқасидан дарз кетди. Аниқроқ айтадиган бўлсам, хотинимнинг «ҳомиладор вақтимда битта «Дюшес» олиб беролмаган...», деган сўзларини эшитгач, ҳамма мени айбдор қилишга шошилди. Аслида эса, биргина шу ичимликни деб, қорнидаги етти ойлик боласи билан ота уйига аразлаб кетиб қолган. Ўша ерда кўзи ёриган, бундан, ҳатто, мени хабардор қилмаган.

Ҳозир фарзандим бир ёшда. Лекин ҳали бирон марта кўрмаганман. Ўзингиз ўйлаб кўринг, фарзандини бир марта бағрига босмаган одамда оталик ҳисси уйғониши мумкинми? Ота бўлсаму буни мендан яширса? Ўз фарзандимни менга кўрсатишни истамаса-да, алимент талаб қилса? Буни қандай изоҳлаш мумкин? Яна камига «алимент тўламаяпти», деб судга берса, алам қилмайдими? 

Ҳозир мажбурлигимдан стипендия пулимдан алимент тўлаяпман. Аммо бу пулларнинг бир сўми ҳам боламга ишлатилмайди. Мен-ку ҳали фарзандимни бирон марта ҳам қўлимга кўтариб кўрмаганман. Лекин ўзининг туққан онасидан етарлича меҳр кўрмаётган боламнинг аҳволини тасаввур қилиб кўринг!

Куни кеча аёлим мени тўрт ойлик алимент пулини тўламаганим боис судга берибди. Мажбурий ижро ходимларига вазиятимни тушунтирдим. Улар менга ўз соҳам бўйича иш топишимда ёрдам беришини айтишди. Ҳозирча, улар ёрдамида вақтинчалик ишларни бажариб, алиментни тўлашга ҳаракат қиляпман. Энг ачинарлиси, бирон жойга ишга кираман деб борсам,  шахсий варақага «ажрашганман» деб ёзсам, кечагина кулиб ишга олмоқчи бўлган одамнинг чеҳраси тўмтайиб қолади.

Кафил бўлолмаган ота

— Эрим билан ажрашганимга икки йил бўлди, — дейди Муниса Камолова. — Бир қизим бор. Ўзим туман шифохонасида ишлайман. Ота-онамнинг қистови билан биринчи аёлидан ажрашган йигитга турмушга чиқдим. Орадан бир йил ўтиб, қиз фарзандли бўлдик. Турмуш ўртоғим олдинги аёлидан фарзанд кўрмаган. Лекин уни яхши кўради. Охир-оқибат у биринчи турмуши билан ярашиб, мени ҳайдаб солди. Қизим билан ота уйимга қайтиб келдим. Турмуш ўртоғимнинг моддий имконияти яхши. Лекин ҳар доим ҳам фарзандига алимент тўламайди. Устига-устак, боламдан ҳеч қачон хабар олмайди.

Яқинда бу аёл туман ҳокимлигига арзон уй-жой беришни сўраб, мурожаат қилди. Банк шартига кўра, кредит расмийлаштириш учун кафил одам топиш керак. Шунда бола ҳақи-ҳурмати турмуш ўртоғидан гарчи қонуний ажрашган бўлса-да, ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Афсуски, у ёрдам бермади. Ахир, шу норасида томирида унинг қони оқяпти-ку?! Аслида арзимаган алимент пулини тўлашдан бош тортаётган, суд мажбур қилгачгина ноилож тўлашга мажбур бўлаётган эркакдан бундан ортиқ яна нимани кутиш мумкин?

* * *

Ҳа, бу борада муаммолар бисёр. Аслида қарс икки қўлдан чиқади. Ҳар не бўлганда ҳам, ота-онанинг касрига бола бахтсиз бўлиб қолмаслиги, ночор қийналмаслиги керак. Бегуноҳ болаларнинг ҳақига хиёнат қилишга, уларни бахтсиз, умидсиз руҳда улғайишига мажбур қилишга ҳеч кимнинг ҳуқуқи йўқ. Аслида айрим эр-хотинларнинг арзимаган сабаблар билан ажрашиб кетиши оддий ҳолга айлангани — энг катта фожиа. Ота алимент тўлашдан бош тортиб, бу йўлда ҳар нарсага тайёр турса, аёл ундан ҳам қолишмай, фарзандларини қаровсиз қолдириб, дарров бошқага турмушга чиқиб кетяпти. Ўртада қолган тирик етимларнинг тақдири билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ.

Ахир, ҳар не бўлган тақдирда ҳам, ота-она фарзандини камолга етказишга, уларни вояга етгунга қадар модди й таъминлашга мажбур. Бу қонунда белгилаб қўйилган. Ота-онанинг ўзаро келишмовчилиги оқибатида ўртада болалар сарсон-саргардон! Наҳотки, айрим ота-она ўз илдизига болта ураётганини англамаса?

 

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

🕔18:05, 06.12.2018 ✔20

Мардикорлар дардини ҳам кимдир тинглайдими?

Батафсил
«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

🕔17:43, 06.12.2018 ✔19

«Ўзбектелеком» интернет нархи ва тезлиги борасидаги ваъдасини бажардими?

Батафсил
Аризачи қўлида «қилич»,  директорда «қалқон»,  ўртада сарсон  ўқитувчилар...

Аризачи қўлида «қилич», директорда «қалқон», ўртада сарсон ўқитувчилар...

🕔16:17, 29.11.2018 ✔55

Бир фуқаронинг таҳририятимизга кетма-кет мурожаати, қолаверса, вазиятни жойига бориб ўрганишни сўраб қилган илтимоси билан Самарқанд вилояти Нуробод тумани «Оқсой» МФЙ Товоқбулоқ қишлоғида бўлиб, 51-умумтаълим мактабида журналистик текширув ўтказдик.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар