Халқ виждони      Бош саҳифа

МУАММОЛАР  ИЛДИЗИ  БИТТА: ИШСИЗЛИК

Кредит олиб бизнесни бошлашга энди маҳалла кафиллик беради

Эндигина катта ҳаёт остонасига қадам қўйган ўсмирнинг билиб-билмай жиноят йўлига кириб қолиши оиланинг энг катта фожиаси. Ёхуд не-не орзу-умидлар билан турмуш қурган икки ёшнинг арзимас сабаблар туфайли ажрашиб кетиши киши дилини хира қиладиган ҳолат.

Тўғри, бу каби муаммолар фақатгина айрим кишилар, айрим оилалар ҳаётига тааллуқлидек туюлиши мумкин. Аммо биргина инсон қалбини ўртаётган ташвиш секин-аста жамиятга ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди. Шундай экан, уларнинг олдини олиш, сабабларини чуқур ўрганиш, ўз вақтида ечим топиш жуда муҳим масала. Юртнинг равнақи, одамларнинг фаровон турмуш кечириши учун бу борада маҳалла  зиммасига катта масъулият юкланган. Ишни тизимли ташкил этиш, аниқ натижаларни кўрсатиш учун эса кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани рост.

Шу кунга қадар маҳалла фуқаролар йиғини қошида жамоатчилик асосида саккизта комиссия фаолият юритаётган эди. Уларнинг иш фаолияти, натижалари кўпчиликда турли саволлар туғдираётгани ҳам сир эмас. Энди бу каби тушунмовчиликларга барҳам бериш ва аниқ самарага эришиш мақсадида комиссияларга ўз йўналишидан келиб чиққан ҳолда  айнан масъул йўналишидаги вазирлик ва ташкилотлар бириктирилди. Бу ташкилотларнинг туман ва вилоят тузилмалари маҳалладаги жараёнларда бевосита иштирок этишади.

Куннинг долзарб мавзуларидан яна бири ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишдир. Содир этилган жиноятлар аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилиниши ва сайёр судларда кўриб чиқилиши уларга жойида ижобий ечим топишга туртки бермоқда. Қолаверса, профилактика инспекторлари ҳамда маҳалла раислари аҳоли олдида ҳафталик ва ойлик амалга оширилган ишлар сарҳисобини бермоқда. Шунингдек, маҳалла профилактика инспектори бирор жиноий иш содир этилганда, маҳалла раисига бу ҳақда тўлиқ маълумот беради. Бу масала бўйича маҳалла аҳли олдида муҳокама тайинланиши сўралади. Жиноятнинг оғир ёки енгиллиги ва сабабларига қараб кенг омма олдида муҳокама ўтказилади. Бу жиноятга жазо муқаррарлигини тушунтириш имконини беради.

Жиноятга қўл ураётганларнинг кўпчилигини ёшлар ва ишсиз юрган аҳоли қатлами ташкил этаётгани бот-бот таъкидланмоқда. Демак, сабабдан келиб чиқиб масалага ечим топиш зарурати туғилмоқда.

— Ёшлар масаласида бугунги кунда ички ишлар органлари, ҳокимликлар,  Ёшлар иттифоқи ҳамда маҳалланинг ҳамкорликдаги фаолияти йўлга қўйилган, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раиси ўринбосари Азим ­МИРЗАЖОНОВ. — Жумладан, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг давомати, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини самарали ташкил этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда маҳалла ва оилаларда ижтимоий маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни ҳал этиш учун жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизми жорий этилди. Мақсадли ва манзилли тарзда ҳар битта тарбияси оғир ва вояга етмаган ёшлар билан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар келишиб олинган.

Ёшларнинг шижоати ва интилиши катта. Улардаги бу жўшқинликни тўғри йўналтирмаслик салбий оқибатларга олиб келиши турган гап. Айниқса, бугунги кенг ахборотлар майдонида улар ўз йўли ва мақсадини йўқотиб қўймаслигида маҳалланинг ҳам ҳиссаси бор.

— Таълим муассасаларида ички рўйхатда турган ёшлар билан мақсадли ишларни ташкил этишга алоҳида ­эътибор қаратганмиз, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар Кенгаши ­раисининг ёшлар  масалалари бўйича ўринбосари Исломбек ЖАҲОНГИРОВ. — Уларни қизиққан тўгаракларига жалб қилиш борасида Тошкент шаҳридаги 505 та маҳаллада ёшлар масалалари бўйича йўл хариталари ишлаб чиқилган. Хусусан, ёшлар вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида муқаддас қадамжолар, тарихий обидаларга саёҳатлар ташкиллаштирилмоқда.

2018 йилда Тошкент шаҳрида содир этилган жиноятлар таҳлил қилиниб, вазият оғир бўлган маҳаллалар аниқлаб олинди. «Маҳалламизда жиноятчиликка йўл қўймаймиз!» шиори остида ҳар бир маҳаллада тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда. Жиноят содир этилган маҳаллаларда бу каби салбий ҳолатларга чек қўйиш чора-тадбирлари олиб борилмоқда.

Маҳалла зиммасидаги масъулиятли вазифалардан яна бири оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва хотин-қизларни қийнаётган муаммоларга ечим топишда кўмаклашиш. Бу жамият ҳаётидаги энг оғриқли нуқта.

— Ҳозирда диний-маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими тугатилиб, унинг ўрнига хотин-қизлар билан ишлаш, оила қадриятларини аҳолига сингдириш вазифасини бажарувчи мутахассислик жорий этилди, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви бўлим бошлиғи Саодат БОЙМИРЗАЕВА. — Шу кунга қадар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг маҳаллалар билан боғлайдиган, оилаларга кириб борадиган вакили йўқ эди. Бундан буён улар хотин-қизлар қўмитасининг маҳалладаги вакили ҳисобланади.

Оилавий ажримларнинг давлат даражасига кўтарилиши ҳали қилинадиган ишлар кўплигидан далолат. Бундан буён ҳамкорлар ва ижтимоий шериклар билан оилаларга кириб бориб, ота-оналарга фарзанд тарбиясида жавобгарлик ҳиссини чуқурроқ сингдиришга ҳаракат қиламиз.

Юқорида таҳлил қилинган муаммоларга оқилона ечим топишнинг энг самарали йўли аҳоли бандлигини таъминлаш экани бот-бот таъкидланди. Бунинг учун эса тадбиркорликка кенг йўл очиб берилмоқда. Аммо банкдан кредит олиш, ишни йўлга қўйиш чакана иш эмас. Мана шу тизимни янада соддалаштириш ва бирор янгилик яратиш, меҳнат қилиш иштиёқи бор фуқароларга енгиллик бериш мақсадида ҳозирда Адлия вазирлигининг йўриқномаси ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра энди фуқаролар маҳалла кафиллиги билан ҳеч қандай гаровсиз энг кам иш ҳақининг 100 баробаригача кредит олиш имконига эга бўлади. Ортиқча ҳужжатларга ҳожат ҳам қолмайди. Бу тадбиркорликни янада ривожлантиришга катта туртки бўлиши аниқ.

 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Қоғозда «бўлди-бўлди», амалда…

Қоғозда «бўлди-бўлди», амалда…

🕔11:15, 31.01.2019 ✔113

Бу мавзу маҳалла мутасаддисини қизиқтирадими ёки фақат юқори ташкилотларнинг ташвишими?

Батафсил
Тўйдан қолмас, жанозага бормас оқсоқоллар

Тўйдан қолмас, жанозага бормас оқсоқоллар

🕔17:36, 24.01.2019 ✔140

Вақти-соати келиб, яқин кишимиз ёки маҳалладошимиз бандаликни бажо келтирса, ич-ичимиздан қайғурамиз. Марҳумнинг оила аъзоларига  ҳамдардлик билдириб, уни сўнгги манзилига иззат-икром билан кузатиб борамиз. Сўнг, давраларда эл-юрт равнақи учун қилган эзгу амалларини ҳурмат ила ёд этиб, ёшларимизга хотиралар сўзлаймиз. Хайрли ишларини давом эттиришга даъват этамиз.

Батафсил
Дунёдаги учинчи энг бузрук маскан шу ерда

Дунёдаги учинчи энг бузрук маскан шу ерда

🕔17:16, 27.12.2018 ✔192

Самарқанд шаҳридаги Шарқ маҳалласи ўтмиш ва келажакни акс эттираётган кўзгуга ўхшайди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Қоғозда «бўлди-бўлди», амалда…

    Қоғозда «бўлди-бўлди», амалда…

    Бу мавзу маҳалла мутасаддисини қизиқтирадими ёки фақат юқори ташкилотларнинг ташвишими?

    ✔ 113    🕔 11:15, 31.01.2019
  • Тўйдан қолмас, жанозага бормас оқсоқоллар

    Тўйдан қолмас, жанозага бормас оқсоқоллар

    Вақти-соати келиб, яқин кишимиз ёки маҳалладошимиз бандаликни бажо келтирса, ич-ичимиздан қайғурамиз. Марҳумнинг оила аъзоларига  ҳамдардлик билдириб, уни сўнгги манзилига иззат-икром билан кузатиб борамиз. Сўнг, давраларда эл-юрт равнақи учун қилган эзгу амалларини ҳурмат ила ёд этиб, ёшларимизга хотиралар сўзлаймиз. Хайрли ишларини давом эттиришга даъват этамиз.

    ✔ 140    🕔 17:36, 24.01.2019
  • Дунёдаги учинчи энг бузрук маскан шу ерда

    Дунёдаги учинчи энг бузрук маскан шу ерда

    Самарқанд шаҳридаги Шарқ маҳалласи ўтмиш ва келажакни акс эттираётган кўзгуга ўхшайди.

    ✔ 192    🕔 17:16, 27.12.2018
  • Юртободни обод қилаётганлар

    Юртободни обод қилаётганлар

    Маҳалланинг равнақ топиши раиснинг билими ва тажрибасига боғлиқ.

    ✔ 191    🕔 17:32, 13.12.2018
  • Аслида кимлар кўмакка муҳтож?

    Аслида кимлар кўмакка муҳтож?

    Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди, энг муҳими, у инсонлар қалбида қувонч уйғотсин.

    ✔ 334    🕔 16:58, 18.10.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар