Халқ виждони      Бош саҳифа

«МИНГТА КЎЗ»НИНГ ЎРНИНИ БИТТА ИЙМОН БОСАДИ

Тўйдан кўзланган мурод — яхшилик, аммо...

Куни кеча Паркент туманидан бир онахон таҳририятимизга қўнғироқ қилди. Ўғил уйлантираётган экан. «Тўйни ихчам ва камхарж қилиб ўтказиш учун нима қилишим керак?

«МИНГТА КЎЗ»НИНГ ЎРНИНИ БИТТА ИЙМОН БОСАДИ

Қиз базми, келинсалом, чарлар каби маросимларни ўтказиш шартми? Бу борада ким менга аниқ жавоб бера олади?» деб сўраб қолди. Ҳозир кўпчиликни қийнаётган бу саволларнинг жавоби борми ўзи? Аслида бу масалага ким масъул? Бот-бот таъкидланаётган дабдабаю, ортиқча сарф-харажатларсиз ўтказиладиган тўй аслида қандай бўлиши керак?

Кейинги вақтда тўйлар, ­оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган турли маросимларни ўтказишда ўзини кўз-кўз қилиш, халқимизнинг асрий урф-одатларини менсимаслик каби салбий иллатлар яққол кўзга ташланмоқда. Тараққиётимизга катта тўсиқ бўлиб келаётган бу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам тарзда ўтказиш ўрнига, кераксиз тадбирларни ўйлаб топиш, дабдабабозлик қилиб, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳолатлари тобора кучайиб бормоқда. Бу минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига, жамиятимиздаги маънавий муҳитнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

— Қўшни давлатларда бундай ҳолатлар қонун билан чеклаб қўйилган, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви раиси Шавкат ЖАВЛОНОВ. — Ким уни бузса, жавобгарликка тортилади. Бизда эса маҳалланинг беш-олтита пули кўпроқлари асосий сабабчилар бўлиб қолмоқда. Орамизда амал-тақал қилиб, оиласини, фарзандларини боқаётганлар бор. Улар гарчи истамаса-да, ўзининг бошқалардан кам эмаслигини кўрсатиш учун қарз олиб бўлса ҳам дабдабани давом эттирмоқда. Агар шу ишни тартибга солсак, бутун халқимизнинг айни дилидаги гап бўлади. Бунга эришишда нуронийларимизнинг ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланиш зарур. Оммавий ахборот воситаларида доимий равишда мулоқотлар ташкиллаштириб, бунинг моҳиятини янада чуқурроқ очиб бериш керак.

Ҳаёт инсон учун бир марта бериладиган энг азиз неъмат. Оила даврасида, яқинлар билан ўтказган дамларимиз эса унинг энг бетакрор онларидир. Орамизда бир кун тўй қилиб, неча йиллаб қарз тўлаётган, бир кунлик дабдаба деб, бутун ҳаётини издан чиқараётганлар ҳам, афсуски, кўплаб учрамоқда. Агар масалага чуқурроқ ёндашиб таҳлил қиладиган бўлсак, уларни бу йўлга етаклаётган сабаблар жуда майда, арзимас экани дилни хира қилади. Айни фарзандларига таълим-тарбия берадиган вақтда отанинг битта тўй ташвиши билан юртма-юрт кезиб юриши нафақат бир оила, балки жамият учун ҳам зарарли таъсир кўрсатмай қолмайди.

Бегона томир иллати

— Тўй қилмоқчи бўлган киши йиллар давомида маблағ йиғади, — дейди Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси бошқаруви раиси ўринбосари Шуҳрат УСМОНОВ. — Яхши ниятлар билан дастурхон ёзади. Халқимиз топган-тутганини меҳмоннинг олдига қўйишга ўрганиб қолган. Бу йўлда табиийки, қўлида борини тўкиб-сочади, йўқ бўлса, қарз ҳавола қилиб, чўзилади, узилади. Шунинг учун ҳам Президентимиз тўй-ҳашамларда тежамкорликка, кам сарф-харажат қилишга чақирмоқда. Ҳар нарсада мўътадил, чиройли йўл тутиб, меъёрга риоя қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Бегона ўтни қанча юлган билан унинг илдизини қўпориб ташламаса, экинга зарар, ҳосилга путур етаверади. Чиройли ҳосилни кўзлаган одам, аввало, алафни томири билан узиб ташлайди. Худди шундай, бугун халқ ва давлатни ташвишга солаётган дабдабабозлик камтарона ўтадиган асл қадриятларга соя солмоқда. Улардан халос бўлиш, керак бўлса, бунинг учун ҳар бир фуқаро билан алоҳида ишлаш зарурати туғилмоқда. 

— Муаммонинг ечими оилаларни гуруҳ-гуруҳларга ажратиб, ҳар бири билан алоҳида ишлаш, — дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази жамоатчилик вакили Дилбар ­АЛИМЖОНОВА. — Айнан дабдабани кучайтираётганлар учун жуда кучли ва таъсирчан усуллар ишлаб чиқиш зарур. Тўғри, бундай кишилар вақти келса, эшигини тақиллатсанг, очмайди, лекин ҳар нарсанинг ечими бўлади-ку.

Марказимиз маҳалла ва нуронийларнинг ёнида туришга ҳамиша тайёр. Керак бўлса, шу йўналишда сўровномалар ва тадқиқотларни амалга оширамиз.

Биз нафақат ёшларимиз, аёлларимиз, балки оталаримиз билан ишлашга ҳам алоҳида урғу беришимиз керак. Ёшларнинг билим даражасини ошириш боғчаданоқ сингдирилиши зарур бўлган иш. Фарзандларимизга манманликни эмас, пухта билим олиш, ўз устида ишлашни ўргатишимиз керак.

«Минг кўзли девор»

Халқимиз азалдан андиша, орият каби фазилатлари билан ҳурматга лойиқ бўлиб келган. Одамларимиз қалбида мудроқ босган шу хусусиятларни уйғота олсаккина, ижобий натижалар сари қадам ташлаш мумкин.

— Японларда одамлар қилиши тақиқланган, уят деб ҳисобланган ишлар жуда кескин назорат остига олинган, — дейди Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўринбосари Муҳаммаджон ҚУРОНОВ. — Шунинг учун японлар ўзларини «минг кўзли девор»миз, деб атайди. Бу минг кўз ҳар қандай ножўя ишни кўргани ҳамон дарров тегишли жойга қўнғироқ қилиб айтар ёки ўзи тўхтатар экан.

Илгари халқимизда ҳам «одамлар нима дейди», деган ибора бўларди. Бу кўп номаъқул ишларга тўсиқ бўларди. Шу қарашни кучайтирсак, бундай исрофгарчиликларга чек қўйилади. Ота-боболаримиз амал қилган «уят бўлади», деган қарашни уйғотиш керак. «Исроф — гуноҳ», «Ўзингни кўрсатиш — гуноҳ» каби қисқа ибораларни ҳар хил рангда тўйхоналарнинг кўзга кўринадиган жойларига илиб қўйиш керак. Зора, одамларга таъсири бўлса. Ахир, исрофгарчилик билан ҳеч қачон бой бўлолмаймиз.

Иймон-эътиқод билан иш тутиш...

— Ёшларни моддий манфаатга қараб иш тутиши, илм-маърифатдан даражаларни юқори қилиш ўрнига, ўткинчи ҳою ҳавасга берилиши динимизда қаттиқ қораланган, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис маслаҳатчиси Абдулҳамид ­ТУРСУНОВ. — Халқимиз азалдан иймону эътиқод билан иш тутиб келган. Ота-оналарни, ёшларни иймон-эътиқод деган нарсага кўпроқ эътиборини қаратиш вақти келди. Агар ҳар бир турмуш қураётган ёш ўзининг кимлигини, аждодларини яхши билса, Ғарбга қараб кетиш, тўйларимиздаги номаъқулчиликлар, қайнона-қайнота билан келин-куёв ўртасидаги муаммолар барҳам топади. Иймон-эътиқод сусайиб боргани сари жамиятда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бузғунчиликлар вужудга келаверади. Бу ёшларимиз тўйда ўзини қандай тутишни билмаслигининг натижаси. Ҳеч бўлмаса, тўйдан бир ҳафта ёки бир ой олдин маҳаллада отахонлар ёки имом-хатибларнинг олдига бориб, мен уйланмоқчиман, нималарни билишим керак, деб бирозгина ўрганса, ўзи, келажак авлод ва жамият учун савобли иш қилган бўлади.

Меъёрнинг чегараси борми? Уни ким белгилайди?

— «Оила» маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи битта намунали тўй қилиб беришсин, — дейди «Катта Қорасув» МФЙ раиси Ноила ЖАББОРОВА. — Керак бўлса, телевизорда кўрсатайлик. Хотин-қизлар қўмитаси дўкон ва ижара дўконларини бир айланиб чиқишсин. Кўришсин-чи, бирорта миллий либос бормикан? Келинглар, қизларимизга битта Кумушхоннинг тўй кўйлагини тикиб кўрсатайлик.

Ажримларнинг кўпайиб кетишига ҳам азалий урф-одатларимизни фарзандларимизга ўргата олмаётганимиз сабаб бўлмоқда. Бу масалада маънавий бойликларимиз бўлган отахон ва онахонлар бош-қош бўлсалар нур устига нур. Қолаверса, эркакларимиз оила жиловини маҳкамроқ ушлашини истардим.

— Моддий бойликни кўз-кўз қилиш — маънанавий қашшоқлик белгиси, — дейди Чилонзор тумани «Мевазор» маҳалласида яшовчи Феруза АЗИЗОВА. — Бир тўйда таниш киши рақсга тушаётганлар устидан роса пул сочди. Қолганлар талашиб-тортишиб уни териш билан овора. Эртасига уйида катта жанжал бўлибди. Бир кун аввал ўғлига оёқ кийим олиш учун хотинига пулим йўқ, деган экан. 

Бу каби ҳолатлар пул кўплигидан эмас, одат бўлиб қолганидан давом этиб келмоқда. Қийналиб топган маблағини бир кунда кўкка совуриш қандай ақлга тўғри келади ўзи?

Насиб бўлса, келин олсам, ортиқча сарпо, идишлар, мебель, ўрин-кўрпа умуман қилдирмайман. Ҳозирдан ўғлимнинг қулоғига келиннинг барча эҳтиёжларини қондириш унинг зиммасида эканини тушунтириб боряпман. Муҳими, келиним самимий, ростгўй, маънавиятли бўлсин. Бўлажак набираларимни чиройли тарбияласин. Қолаверса, уйни ортиқча нарсалар билан тўлдиришнинг кимга кераги бор?!

Эътибор берадиган бўлсак, шаҳар марказларидан тортиб, чекка ҳудудларимизда ҳам кундан-кунга муҳташам тўйхоналар қад кўтармоқда. Бу қувонарли ҳолат. Юртда яхши кунлар бўлиши, халқнинг фаровон турмуши демакдир. Аммо улар фақатгина ортиқча дабдаба ўтадиган жойга эмас, балки фарзандларимизнинг маънавиятини оширишга хизмат қиладиган маърифат марказлари вазифасини ҳам бажарса, нақадар қувонарли ҳолат бўларди. У кошоналарда тўйдан бошқа вақтда турли кўргазмалар, китоб тақдимотлари бўлса, кимнингдир дунёқаришини бойитишга хизмат қилса, бундай муҳокамаларга ўрин ҳам қолмасди. 

 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Чевар қизнинг ғайрати

Чевар қизнинг ғайрати

🕔11:48, 28.06.2018 ✔50

У ишсиз юрган кўплаб қизларнинг бандлигини таъминлашни ният қилган.

Батафсил
Чаққон келин ҳаммасига улгуради

Чаққон келин ҳаммасига улгуради

🕔11:48, 28.06.2018 ✔55

Камини яшириб, кўпини оширадиган қайноналар шунчалик ноёбми?

Батафсил
Жиноятларга қандай барҳам берилди?

Жиноятларга қандай барҳам берилди?

🕔10:13, 21.06.2018 ✔68

Ўтган йили 9 та жиноят содир этилган маҳаллада бугун жиноятчиликка чек қўйилди. Бунга қандай эришилди?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар