Инсон ўзинг      Бош саҳифа

ПОЙАБЗАЛ ТОЗАЛОВЧИ

Басаваража КАТТИМАНИ

— Ботинка тозалаймиз! Ботинка тозалаймиз! 

ПОЙАБЗАЛ ТОЗАЛОВЧИ

Вокзал ёнида, автобус бекати ёнида, кинотеатр ёки қиммат ресторан ёнида бу қичқириқни минг марталаб эшитган бўлсангиз керак. Ўлгудек жонингизга теккандир. Нима қилаётганингизнинг менга фарқи йўқ: хотинингиз билан ширин гапларни гаплашяпсизми, поездни кутиб газета варақлаяпсизми ёки қорни­нгизни тўйдиришга шошяпсизми — менинг ниятим доим битта: пойабзалингизни тозалаш. Мақсадим ҳам битта: озгина пул ишлаш.

Сиз овозимни эшитишингиз биланоқ тескари ўгириласиз, қошларингизни чимирасиз, юзингизда жиддий ифода пайдо бўлади. Лекин бу мени чўчитмайди, сиз «Керакмас... керакмас...» десангиз ҳам, чўккалаб ўтириб, сандалингиз ёки туфлингизга қўлимни чўзаман. Енгилгина, бармоқларимни салгина теккизиб, ҳурмат билан «Атиги бир ана, жаноб. Ойнадай ялтиратиб бераман» дея, пойабзалингизни ечишга ва тўлиқ ихтиёримга киритишга уринаман. Елкамдан кичкина сумкани олиб, ичидан чўтка ва кремли банкачаларни чиқараман. Бундай чаққонликни кўриб, ҳар ким: «Балки, чиндан ҳам тозалатиш керакдир? Атиги бир ана экан» деб ўйлайди ва сандални олишимга йўл қўйиб беради.

Шунда ишга киришаман. Биринчи навбатда, сандалнинг чангини артаман. Кейин крем сураман. Ва ниҳоят, ўнг қўлимга чўткани олиб, чап қўлимда сандални ушлаган ҳолда, ишқалайман, ишқалайман ва яна ишқалайман. Сизга ишимни кузатиб туриш фақат завқ бағишлайди. Чўтка сандалда учаётгандек бўлади! Одам бундай маҳоратга ўз-ўзидан эга бўлиб қолмайди. Кўп йил ишлаш керак. Ҳунар сирларини билиш керак.

Илтимос, «Сенда тажриба қаердан бўлсин? Ахир, ҳали ёш боласан-ку!» деманг. Беш ёшимдан бери (ҳозир эса ёшим ўнда!) ягона машғулотим — пойабзал тозалаш. Бу ишга шунчалик ўрганиб кетдимки, усиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман.

Ажабланяпсизми? Бекор қиласиз. Бу дунёда мен бутунлай ёлғизман. Отам ва онамни бирон марта кўрмаганман. Ҳатто уларнинг кимлигини ҳам билмайман. Мени ўн-ўн беш нафар ўзимга ўхшаган етим билан қашшоқ чол катта қилган. Шаҳар ташқарисидаги эски ташландиқ уйда яшардик ва ҳаммамиз битта иш — пойабзал тозалаш билан шуғулланардик. Эрталабдан кечгача ишлардик, топган пулимизни чолга берардик. У эса (исмини эслолмайман) бизни боқарди. У оғир касал эди, деярли доим ётарди. Лекин кечга бориб, барибир ўрнидан турар, тошлардан тахланган ўчоққа ўт ёқиб, бизга овқат пиширарди. У бизга ўз болаларидек муомала қиларди. Биз уни бува деб атардик. Кейин чол вафот этди ва биз иккинчи марта етим бўлиб қолдик. Катта оиламиз тарқалиб кетди. Ҳар кимнинг мустақил яшашига тўғри келди.

Бир куни, бува ҳали тириклигида, — ўша кунни ҳозир ҳам яхши эслайман, — мазам бўлмади.

— Бугун ишга борма, ўғлим, — деди бува, — уйда қол.

Мен чипта қоп устига ётиб, худди шундай қопни устимга ёпиб, кўзларимни юмдим. Чол ёнимга ўтирди. Пешонамни меҳр билан силаб, гапирди:

— Мана, сен касал бўлиб, бу ерда ётибсан. Онанг эса, ҳойнаҳой, қаердадир беғам яшаб юрибди.

Менинг онам!

Тўғри, менинг ҳам ҳаммага ўхшаб онам бўлиши кераклигини билардим. Лекин у туғилганимда ўлган деб ўйлардим, отамни ҳам ўлган деб юрардим. Бундан чиқди, онам ўлмаган, у беташвиш ва бахтли яшаяпти! Юрагим тез-тез уриб кетди: ойим, менинг ойим! У билан кўришишим, тиззасига бош қўйишим керак...

— Онам қаерда, бува? — деб сўрадим.

Чол пешонамни боягидек оҳиста силаганча, тинчлантирувчи оҳангда жавоб берди:

— Ким билсин? Шунчаки мен уни тирик деб ўйлайман.

— Уни бирон марта кўрганмисиз?

— Йўқ. Агар кўрганимда, сен учун бирон нима қилган бўлардим. Бу капада ётишингга ҳожат қолмасди.

Чол яна нимадир деди, лекин мен ҳаммасини тушунмадим. Онамни, ҳали қиз болалигида кимдир бадном қилган экан, шекилли. Шундай қилиб мен туғилганман. Онам одамларнинг айблашидан қўрқиб, мени Хануман ибодатхонасига ташлаб кетган. Бува мени ўша ердан топган. Ўша пайтда у билан бирга қашшоқ эр-хотин яшаган. Улар менга ўз ўғлидек қараган. Меҳрибон аёл мени боққан. Кейин вафот этган. 

— Бува, онам мени нега ташлаб кетган?

— Сен буни тушунмайсан, ўғлим. Бойларнинг одати шундай. Ҳа майли, ухла...

— У, онам ҳали ҳам тирикми?

— Тирик бўлса керак. Турмушга чиқиб, беғам яшаётгандир.

— Мени эслармикин, бува?

— Эслайди, албатта. Она қалби ўз фарзанди учун дард чекмаслиги мумкинми ахир? У ҳозир ҳам сени эслаб, кўз ёш тўкаётган бўлса керак.

Бу сўзлардан юрагим сиқилиб, ҳўнграб йиғлаб юбордим.

— Ойи! Менинг ойим!.. Бува, ойимни кўргим келяпти. Уни менга топиб беринг, бува, топинг! — деб ёлвордим йиғлаб. Бува индамасдан бошимни силарди, холос.

Ўша кундан бир ёки икки йил ғалати бўлиб юрдим. Қаерда ишламай, сарини кўришим билан сабрсизланиб унинг эгасига қарардим. Вокзалда қўлида бола кўтарган аёлни кўрганимда, юрагим шувиллаб кетарди. Унга умид билан узоқ қараб қолардим: балки, бу аёл менинг онамдир? Ҳар гал кинотеатрга кираверишда яхши кийинган аёлларни кўрганимда, ҳаяжонга тушардим: балки, уларнинг биронтаси менинг онамдир? Бир куни, драма театри олдида турганимда, кираверишга машинада ўрта ёшлардаги жуфтлик келиб тўхтади. Уларнинг бой одамлар экани аён эди. Мен машинадан тушган аёлга ғамгин умид билан қараб турардим. У ҳам менга тикилиб қаради. Унинг мағрур юзида қанча меҳр бор эди! Катта, чиройли кўзлари оналик меҳри билан қандай порларди! Фақат онагина ўз фарзандига шундай қараши мумкин... Қувончдан титраб кетдим. Ниҳоят у топилди, менинг онам! Тангри менга раҳм қилиб, уни менга қайтарди. Ойи, сизни жуда узоқ кутдим. Тиззангизга чиқиб, бошимни кўксингизга қўйишни қанчалик истагандим...

Бир зум ҳамма нарсани унутдим: жулдур кийимдалигимни ҳам, озғин ва ифлослигимни ҳам. Мен энди ночор пойабзал тозаловчи эмас, бошқа кимдир эдим. Қўлларимни олдинга чўзиб, севинганча аёл томон отилдим.

Аёл бир муддат қизиқиш ва меҳр билан мени кузатиб турди, кейин сумкасидан бир рупий чиқариб, қўлимга тутқазди. «Спектакль бошланай деб қолди», — деб шоширди уни эри. Аёл охирги марта менга меҳр билан қараб, хўрсинди-да, эшик ортида ғойиб бўлди.

Мен гуноҳга ботган ерга қайтдим. Тақдир яна устимдан беаёв кулди, аввал бу аёл менинг онам эканига ишонишга йўл қўйиб берди, кейин эса мендан уни тортиб олди. Ҳаёт кўзларимга хунук кўринди. Ўша аёл қўлимга тутқазган рупийни зовурга улоқтириб, ерга йиқилдим-да, узоқ ва ҳасрат билан йиғладим. Кейин спектакль тугагандан сўнг аёл, балки, менинг қиёфамда ўз ўғлини танир, деб ўйлардим. Театр олдида тунги учгача турдим. Аммо сабр билан кутиб, ниҳоят уни кўрганимда, мен томонга ҳатто қарамади ҳам. Эри билан нима ҳақдадир гаплашиб, машина ёнига борди-да, ўтириб, жўнаб кетди.

Тун бўйи тонггача кўз ёш тўкиб, кўчаларда бемақсад изғидим.

Ҳалигача бу аҳмоқлик хаёлимдан кетгани йўқ. Ҳозир ҳам, ўрта ёшлардаги аёлни кўрганимда, балки бу менинг онамдир, деб ўйлайман. Балки, мен кўрган минглаб аёллар орасида мени туққан аёл ҳам бўлгандир, аммо мен уни қандай таний олардим! У ҳам тополмайди, ҳатто кўрганда ҳам, танимайди.

Менинг бу дунёда ҳеч кимим йўқ. Ҳатто исмим ҳам. Кимгадир керак бўлганимда, шунчаки: «Ҳой, тозаловчи!»ман. Қолаверса, бошпанасизга қандай аташларининг нима фарқи бор? Бу ­дунёда ҳамманинг бошпанаси бор, фақат менгина ҳамма нарсадан маҳрумман: отам ҳам, онам ҳам мендан воз кечган. Отам тан олишни истамаса керак, онам эса тан ололмайди. Бизлар — менга ўхшаган бошпанасизлар қанча, нима учун яшаймиз — билмайман. Аммо нима бўлганда ҳам, яшаяпмизми, демак, бир амаллаб яшаш керак. Менинг ягона тирикчилик манбаим — пойабзал тозалаш.

— Ботинка тозалайман! Ботинка тозалайман! Арзон, атиги бир ана!..

 

Комила НОСИРОВА

таржимаси 




Ўхшаш мақолалар

Олча гуллаган кун

Олча гуллаган кун

🕔11:38, 20.09.2018 ✔23

Қобил ота бомдод намозини ўқиб бўлгач, аёлининг ҳаққига узоқ дуо қилди. Жойнамоздан оҳиста қўзғалар экан, деразадан ҳовлига мўралади.

Батафсил
Ҳаёт бу — саёҳат

Ҳаёт бу — саёҳат

🕔11:37, 20.09.2018 ✔25

«Кутиш хонасида ўтирганимда шифокорнинг онамга секин пичирлаётганини кўрдим. Тахминимча, у қон таҳлилимнинг натижалари ҳақида сўзлаётган эди. Бир ҳафта ичида бу ерга учинчи марта келишим эди ва мен ҳам асабийлашар, ҳам қўрқардим. Мен ўйлаган нарса содир бўлгандек эди...»

Батафсил
Данак

Данак

🕔11:14, 13.09.2018 ✔43

Саҳар — узоқдан азон овози эшитилмоқда. Аҳён-аҳёнда уйдаги хўрозлар ҳам шукрона билдиргандай қичқиради.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Олча гуллаган кун

    Олча гуллаган кун

    Қобил ота бомдод намозини ўқиб бўлгач, аёлининг ҳаққига узоқ дуо қилди. Жойнамоздан оҳиста қўзғалар экан, деразадан ҳовлига мўралади.

    ✔ 23    🕔 11:38, 20.09.2018
  • Ҳаёт бу — саёҳат

    Ҳаёт бу — саёҳат

    «Кутиш хонасида ўтирганимда шифокорнинг онамга секин пичирлаётганини кўрдим. Тахминимча, у қон таҳлилимнинг натижалари ҳақида сўзлаётган эди. Бир ҳафта ичида бу ерга учинчи марта келишим эди ва мен ҳам асабийлашар, ҳам қўрқардим. Мен ўйлаган нарса содир бўлгандек эди...»

    ✔ 25    🕔 11:37, 20.09.2018
  • Данак

    Данак

    Саҳар — узоқдан азон овози эшитилмоқда. Аҳён-аҳёнда уйдаги хўрозлар ҳам шукрона билдиргандай қичқиради.

    ✔ 43    🕔 11:14, 13.09.2018
  • Шапалоқ

    Шапалоқ

    — Қўйинг домла, ўзим юваман. Йўқ-йўқ... Майли. Сизга хизмат бўлади-да энди. Қўлларим қорамойга булғанмаганда ўзим ювардим. Сал оздан қуйинг домла.

    ✔ 35    🕔 11:14, 13.09.2018
  • Манзилсиз йўловчи

    Манзилсиз йўловчи

    «Онанинг кўнгли — болада, боланинг кўнгли — далада, деб шуни айтса керак-да. Йўқ, боласи тушмагур меҳрсиз эмас, ҳар ҳафтада бир марта бўлса-да мени йўқлаб туради.

    ✔ 65    🕔 10:53, 24.08.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар