Долзарб мавзу      Бош саҳифа

КЎЧИБ ЎТГАН, АММО «ЯШАМАЁТГАН»ЛАР

Сергелида қурилган арзон уй-жойлар эгаларини қийнаётган муаммолар қайси ҳокимга тегишли?   

Ҳамма ҳам ўз уй-жойи, бошпанаси бўлишини хоҳлайди. Айниқса, серфарзанд оилаларда уй-жойга эҳтиёж катта. Лекин беш қўл баробар эмас, деганидек, ҳаммада ҳам бунинг учун моддий жиҳатдан имконият йўқ. Шу боис айрим оилалар кичкина хонадонда кўпчилик бўлиб яшайди ёки йиллаб ижарада туради

КЎЧИБ ЎТГАН, АММО «ЯШАМАЁТГАН»ЛАР

Бугун ана шундай оилаларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида давлатимиз томонидан аҳолига қатор қулайлик ва имтиёзлар яратилган. Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва тегишли қарорлари билан республикамиз барча ҳудудларида арзон уй-жойлар қурилаётгани аҳолининг уй-жойга муҳтож, аммо кам таъминланган, ижтимоий ҳимояталаб қатламининг мушкулини осон қилмоқда. Юзлаб оилалар неча йиллик орзуси ушалиб, уйли бўляпти. 

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2021 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, пойтахтимизнинг ҳар бир туманида 20 тадан, жами 200 дан ортиқ 7 ва 9 қаватли, кўп хонадонли уй-жойлар қурилмоқда. Бу мавзелар барча ижтимоий объектлар билан таъминланиб, муҳандислик тармоқларига уланиши, уйлар атрофи ободонлаштирилиши белгиланган.

Бу эзгу ишлар натижасида Сергели  туманида қисқа вақтда янги массив пайдо бўлди. Айни пайтда бу ерда кўплаб уй қуриб битказилди ва ўз эгаларига топширилди. 1, 2 ва 3 хонали мазкур уйлар аҳолига имтиёзли кредит асосида берилди ва ҳамон топширилмоқда. Уйлар атрофида 240 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 630 ўринли умумтаълим мактаби, оилавий поликлиника, велотрассалар барпо этилди. Албатта, бундай имкониятлардан шу ерда истиқомат қилаётганлар хурсандчилигининг чеки йўқ. Давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрликдан боши осмонга етган. Аммо...

Пули тўланган, нархи номаълум...

Бир неча кун олдин таҳририятимизга шу массивдан квартира сотиб олган фуқаро Жаҳонгир Бадалов мурожаат қилди. У Сергелида қурилган янги арзон уй-жойларга аҳолининг биронтаси ҳали-ҳануз пропискага қўйилмагани, буни мутасаддилар турли сабаблар билан пайсалга солиб келаётганини айтди. Бундан ташқари, квартирага эгалик қилиш ҳуқуқи тўғрисида бирор кишига ҳужжат ҳам берилмагани, хуллас, бир талай муаммолар борлигини маълум қилди. Уларни яқиндан ўрганиш мақсадида Сергели тумани 6-А массивига йўл олдик. 

Янги массивда у қадар муаммо ва камчиликлар бўлмаса керак, деган хаёл билан манзилга етиб келдик. Афсуски, манзара бутунлай бошқа экан. Ҳудуддаги вазият биз ўйлаган ва эшитгандан ҳам анча абгор бўлиб чиқди. Гап шундаки, юқорида Жаҳонгир ака баён қилган масалалардан ташқари, бошқа жиддий камчиликлар ҳам йўқ эмас экан...

— Сергели тумани 6-А массивидаги янги қурилган уйлардан уч хонали квартира харид қилганмиз, — дейди 9-уй 5-хонадон соҳиби Жаҳонгир Бадалов. — Ўтган йилнинг ноябрь ойида кўчиб ўтдик. Лекин орадан деярли беш ой ўтди ҳамки, ҳали-ҳануз ўз хонадонимизга пропискага қўя олмаймиз. Шунча вақтдан бери Сергели туман ҳокимлиги, Олмазор туман ҳокимлиги (кўчиб келган жойи), «Ипотека банк»га мурожаат қилдик. Бироқ минг афсуски, улардан бир хил — «Уйларнинг нархи ҳали тўлиқ шакллантирилмаган, нарх-навоси аниқ бўлгач, рўйхатга қўйиш учун рухсат берилади», деган жавоб оламиз. 

Қизиқ, бу ҳолатни қандай тушуниш керак? Ахир, мазкур уйлар шахсан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан арзон нархларда бунёд этилган-ку! Қолаверса, бу квартиралар уй-жойга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ёки ногиронлиги бор, хуллас, аҳолининг камхаржроқ қатламига мўлжалланган. Бу уйларнинг нархи улар ҳали битмасданоқ, керак бўлса,  қурилиш бошланмасдан ҳаммага маълум қилинган. Барчанинг хабари бор. Шундай экан, «шакллантирилмаган» яна қандай нарх ҳақида гап бўлиши мумкин?

Жаҳонгир Бадалов уч хонали квартира олиш учун бошланғич бадал сифатида 56 миллион 142 минг сўм маблағни Олмазор туманидаги «Ипотека банк» филиалига тўлаган экан. Ўша пайтда банк ходимлари квартиранинг бир квадрат метрини 2 миллион 685 минг 400 сўмдан ҳисоблаган. Лекин ҳозир улар уйнинг таннархи ўзгаришини айтмоқда. Ваҳоланки, дастлабки тўлов амалга оширилганда уйнинг нархи сезиларли даражада ўзгармаслиги айтилган, ваъда қилинган.

— Бу масалада бир неча маротаба банкка мурожаат қилдим, — дейди Жаҳонгир ака. — Лекин ҳар сафар фойдасиз. Топиб олган гапи битта — «уйларнинг нархи ҳали шакллантирилмаган». Шундан кейин Сергели туман ҳокимлигидан ёрдам сўрадим. Афсуски, туман ҳокими бу масалада ёрдам бера олмаслигини, олдин яшаган ҳудудим — Олмазор туман ҳокимлигига мурожаат қилишим кераклигини айтди. Унинг айтишича, уйни менга шу туман ҳокими берган. Шунинг учун прописка масаласини ҳам у ҳал этиши лозим эмиш. Олмазорга борганимда эса туман ҳокимлигидагилар бу ердан кўчиб кетганим боис яшаётган туманимдаги ҳокимликка мурожаат қилишим зарурлигини таъкидлади.

Хуллас, отангга бор, онангга бор қабилидаги ишлардан чарчадик. Шу муаммо деб наинки мен, бутун массив аҳолиси ҳали-ҳануз ўз уйига эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ордер ололмаяпти. Ордер бўлмагач эса уйни Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Сергели филиалида рўйхатдан ўтказишнинг имкони йўқ.

Пасти бошқа, юқориси бошқа

 — Аламлиси, мазкур уйларнинг сифати ҳам ҳар хил, — дейди 9-уй 37-хонадон соҳиби Сирожиддин Жамолов. — Чунки уларни турли пудрат ташкилот қурувчилари қурган. Масалан, 9-уй билан 13-уй орасида ер билан осмонча фарқ бор. 13-уйнинг барча жиҳозлари сифатли, бизники эса анча паст. Ваҳоланки, уларнинг ҳаммаси бир хил тип ва нархда. Бундан ташқари, 9-уйнинг ташқи деворларидаги бўёқлар ҳали бир йил бўлмасдан тўкилишни бошлаган. Шахсан ўзим яшаётган хонадондаги иситиш қурилмасидан сув томиб ётибди. Қурилиш фирмасининг иш бошқарувчисига айтсам, у «уйни қўл қўйиб қабул қилиб олгансиз, кам-кўстини ўзингиз қилиб олаверинг», деди. Ҳолбуки, «биронта кам-кўсти бўлса, албатта, тўғрилаб берамиз», дея ваъда беришган эди.

Сирожиддин аканинг сўзларига кўра, энг ачинарлиси, бир хил уйлардаги биринчи билан олтинчи қаватдаги уч хонали хонадоннинг квадрат метрида ҳам яхшигина фарқ бор экан. Масалан, 10-уйнинг олтинчи қаватидаги хонадон ваннаси биринчи қаватдагидан анча кичкина.

Бунга ишонч ҳосил қилиш мақсадида мазкур уйларни бориб кўрдик. Ҳақиқатан ҳам 9-уй билан 13-уй орасида сезиларли даражада фарқ бор экан. Биргина, 13-уйдаги хонадонларга қўйилган темир эшикларнинг кўриниши айтиб турибди: сифати яхшигина. Бироқ 9-уйдаги ҳолат бунинг тескариси. Эшик ёпилса очилмайди, очилса ёпилмайди. Ҳатто, баъзи хонадон эгалари қулфни алмаштиришга ҳам мажбур бўлган. Мазкур уйдагиларнинг айтишича, кўпчилик хонадонидаги камчиликларни ўзлари чўнтагидан ортиқча пул сарфлаб, тўғрилаяпти.

Сирожиддин аканинг хонадонига кирдик. Хонанинг шифтидан чакка ўтган шекилли, бўёғи кўчиб кетган. Иссиқлик тизимидан чакиллаб сув томиб ётибди. Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш учун 9-уйни қурган пудратчи ташкилот иш бошқарувчисидан изоҳ сўрадик. Унинг айтишича, улар уйни эгаларига топшираётган вақтда ҳаммаси рисоладагидек бўлган. Қолганидан уларнинг хабари йўқ. Бошқа масалалар юзасидан барча саволга пудратчи ташкилот раҳбариятидан жавоб олиш мумкинлигини айтиб, гапни қисқа қилди.

Дори дардидаги дардмандлар

Энди Сергели 6-А массивидаги бошқа муаммолар хусусида. Ҳудудда беш ойдан бери истиқомат қилаётган аҳолининг сўзларига қараганда, бу ерда ҳали-ҳануз на маҳалла фуқаролар йиғини, на маҳалла раиси бор. Бунинг оқибатида ногиронлиги бор шахслар давлат томонидан бепул бериладиган дори-дармонларни ҳам ололмаяпти. Чунки кўчиб келган туманидаги шифохона у ердан рўйхатдан чиқарганини айтган.

Бу ердаги оилавий поликлиника шифокорлари эса ҳали рўйхат шакллантирилмагани, уларга ҳеч қандай махсус таблеткалар келмаганини важ қилишдан нарига ўтмайди. Икки ўртада муҳтож ногиронлар азият чекмоқда. Шу боис массивдан уй олганлар қанчалар аламли ва оғир бўлмасин, хонадонларнинг кам-кўстига ҳам рози. Улар фақат тезроқ ўз хонадонига эгалик қилиш ҳуқуқи берилишини интиқлик билан кутмоқда. Энг катта дарди шу…

Вақтинча ишлаган мактаб

Мақоламиз аввалида айтилгандек, мазкур янги массивда 630 ўринли 55-умумтаълим мактаби қурилган. Эслатиб ўтамиз, Сергели туманидаги янги ҳудуд фойдаланишга топширилгач, шахсан давлатимиз раҳбари бу ерга ташриф буюриб, аҳолига яратилган шароит ва қулайликлар билан яқиндан танишган эди. Ҳудуддаги 55-сонли умумтаълим мактаби ҳам шулар жумласидан. Бу хушхабар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Маҳаллий телеканалларимизда эфирга узатилган тасвирларда айнан шу мактабнинг ишга туширилгани, шу ҳудуддаги болалар ўқитилаётгани ҳақида лавҳалар берилди. Аммо... Бу ерда истиқомат қилаётганларнинг айтишича, 55-сонли мактаб бор-йўғи икки ой, номигагина ишлабди, холос. Орадан икки ой ўтиб, бу маскан ҳеч қандай сабабсиз ёпиб қўйилган ва ўқувчилар аввал таҳсил олаётган мактабларига қайтарилган. Бундан ҳайратланган Жаҳонгир Бадалов 2018 йил 13 февралда Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилган. Орадан бироз вақт ўтиб, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи А.Мамаджонов имзоси билан қуйидагича жавоб хати келган: «Сергели туманида янги ташкил этилаётган 55-сонли умумтаълим мактабини Давлат комиссияси томонидан қабул қилиш жараёни якунланмагани муносабати билан мактаб ҳозирда иш фаолиятини бошламаганини маълум қиламиз. Шунингдек, Бош бошқарма сизга фарзандларингизни мактабга жойлаштириш масаласида яшаш ҳудудингизга яқин бўлган мактаб маъмуриятига ҳамда мурожаатингизда кўрсатилган яшаб турган уйингиздаги муаммолар юзасидан Сергели туман ҳокимиятига мурожаат қилишингизни тавсия этади».

Массивдаги мазкур 55-сонли мактабга кирдик. Ҳаммаси рисоладагидек. Ҳудуддаги болаларни ўқитиш учун барча замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Фақат ўқувчилар йўқлиги боис чанг босиб, файзсиз масканга айланиб қолган.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Хўп, янги мактабни давлат комиссияси қабул қилиб олмаган экан, бошқа мактабдаги ўқувчиларни икки ой давомида сарсон қилиб, бу ерда судраб юришдан нима маъно? Ёки бу кимнидир алдаш, кўзбўямачилик қилишми? Ахир шу мактабда икки ой бўлса-да, таҳсил олган ўқувчилардан келажакда мамлакатга нафи тегадиган кадрлар етишиб чиқади-ку! Улар ҳозирдан бундай сохталикни кўриб улғайса, эртага улар ҳам худди шу йўлни тутмайдими?

Иш бор жойда камчилик бўлади, албатта. Бироқ, янги массивдаги бундай камчиликларга, сарсонгарчиликка шунчаки қараб бўлмайди. Чунки бу ерга кўчиб келганларнинг аксарияти уй-жой муаммосидан тоқати тоқ бўлган, йиллар давомида дардини ҳеч ким эшитмаган кишилардир. Улар Президентимиз таъкидлаганидек эрта ёки узоқ келажакда эмас, бугундан яхши яшашни истайди ва бунга тўла ҳақли.

Умид қиламизки, тез орада мазкур массивдан хонадон олган аҳолининг прописка, маҳалла, мактаб каби муаммолари ўз ечимини топади. Ҳар бир хонадон соҳиби квартира олиш учун бошланғич бадални амалга ошираётган вақтда кўрсатилган нарх сақланиб қолади. Ишқилиб шундай бўлсин...

 

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

МИЛЛИАРДЛАБ ҚАРЗДОРЛИК

МИЛЛИАРДЛАБ ҚАРЗДОРЛИК

🕔15:42, 19.04.2018 ✔7

Бу қандай ҳосил бўлган, буни бартараф этиш учун ишни нимадан бошлаш зарур?

Батафсил
СЕРГЕЛИДАГИ МУАММОЛАР  ЕЧИЛМОҚДА

СЕРГЕЛИДАГИ МУАММОЛАР  ЕЧИЛМОҚДА

🕔15:41, 19.04.2018 ✔6

«Оила даврасида» кўтариб чиққанидан сўнг...

Газетамизнинг 2018 йил 5 апрелдаги 14-(303) сонида, «Кўчиб ўтган, аммо «яшамаётган»лар» сарлавҳали мақола чоп этилиб, унда Тошкент шаҳар Сергели тумани 6-А массивида қурилган кўпқаватли арзон уй-жойлардан квартира сотиб олган фуқароларнинг мурожаатига биноан, уларни ўйлантираётган ва қийнаётган муаммолар атрофлича таҳлил қилинган эди.

Батафсил
ҚОИДАЛАР ПИЁДАЛАРГА ТЕГИШЛИ ЭМАС...МИ?

ҚОИДАЛАР ПИЁДАЛАРГА ТЕГИШЛИ ЭМАС...МИ?

🕔14:07, 13.04.2018 ✔36

Йўлларда пиёдалар иштирокидаги фалокатлар нега кўпаймоқда?

Статистика маълумотларига єараганда, йўл-транспорт ҳодисаларининг ҳар иккитадан биттаси бевосита пиёда иштирокида содир бўлмоєда. Биргина 2017 йилда 563 та пиёда билан йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Шундан 516 та ҳолатда улар бевосита айбдор, деб топилган.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • МИЛЛИАРДЛАБ ҚАРЗДОРЛИК

    МИЛЛИАРДЛАБ ҚАРЗДОРЛИК

    Бу қандай ҳосил бўлган, буни бартараф этиш учун ишни нимадан бошлаш зарур?

    ✔ 7    🕔 15:42, 19.04.2018
  • СЕРГЕЛИДАГИ МУАММОЛАР  ЕЧИЛМОҚДА

    СЕРГЕЛИДАГИ МУАММОЛАР  ЕЧИЛМОҚДА

    «Оила даврасида» кўтариб чиққанидан сўнг...

    Газетамизнинг 2018 йил 5 апрелдаги 14-(303) сонида, «Кўчиб ўтган, аммо «яшамаётган»лар» сарлавҳали мақола чоп этилиб, унда Тошкент шаҳар Сергели тумани 6-А массивида қурилган кўпқаватли арзон уй-жойлардан квартира сотиб олган фуқароларнинг мурожаатига биноан, уларни ўйлантираётган ва қийнаётган муаммолар атрофлича таҳлил қилинган эди.

    ✔ 6    🕔 15:41, 19.04.2018
  • ҚОИДАЛАР ПИЁДАЛАРГА ТЕГИШЛИ ЭМАС...МИ?

    ҚОИДАЛАР ПИЁДАЛАРГА ТЕГИШЛИ ЭМАС...МИ?

    Йўлларда пиёдалар иштирокидаги фалокатлар нега кўпаймоқда?

    Статистика маълумотларига єараганда, йўл-транспорт ҳодисаларининг ҳар иккитадан биттаси бевосита пиёда иштирокида содир бўлмоєда. Биргина 2017 йилда 563 та пиёда билан йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Шундан 516 та ҳолатда улар бевосита айбдор, деб топилган.

    ✔ 36    🕔 14:07, 13.04.2018
  • Битта  «оқ»идан,  иккита  «қизил»идан берворгин,  болакай!

    Битта  «оқ»идан,  иккита  «қизил»идан берворгин,  болакай!

    Бозор-ўчар қилиб юргандим, кўзим беихтиёр спиртли ичимликлар сотиладиган дўконга тушди. Қарасам, сотувчи аёл киши экан. Бироз ғалати туюлди бу менга. Ахир, ароқ савдоси билан аёл шуғулланса…

    ✔ 65    🕔 14:07, 13.04.2018
  • КЎЧИБ ЎТГАН, АММО «ЯШАМАЁТГАН»ЛАР

    КЎЧИБ ЎТГАН, АММО «ЯШАМАЁТГАН»ЛАР

    Сергелида қурилган арзон уй-жойлар эгаларини қийнаётган муаммолар қайси ҳокимга тегишли?   

    Ҳамма ҳам ўз уй-жойи, бошпанаси бўлишини хоҳлайди. Айниқса, серфарзанд оилаларда уй-жойга эҳтиёж катта. Лекин беш қўл баробар эмас, деганидек, ҳаммада ҳам бунинг учун моддий жиҳатдан имконият йўқ. Шу боис айрим оилалар кичкина хонадонда кўпчилик бўлиб яшайди ёки йиллаб ижарада туради

    ✔ 215    🕔 18:28, 05.04.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар