Ёшлар      Бош саҳифа

УХЛАБ ЁТГАН ИСТЕЪДОДНИ УЙҒОТИШ

ҳар оиланинг, ҳар бир ота-онанинг ўз қўлида

Иқтидор генетик жиҳатдан «кодланган» бўлади, дейишади. Яъни кимнинг аждодида билимли кишилар бўлса, уларнинг авлоди ҳам, албатта, иқтидорли бўлиб етишади.

УХЛАБ ЁТГАН ИСТЕЪДОДНИ УЙҒОТИШ

Лекин бу «фақат олимлар насл-насабидан ўқимишли ёшлар чиқар экан-да», дегани эмас. Аслида қобилият — вундеркиндлик ҳар бир бола тафаккурида яширинган. Бу аввало оилага боғлиқ. Унда яратилган муҳит, катталарнинг саъй-ҳаракати ана шу қобилиятни уйғотишга ва ривожлантиришга қодир. Бу ҳақиқат ҳаётда кўп марта ўз исботини топган.

Ёш олим, Тошкент ахборот технологиялари университети доценти, фалсафа фанлари доктори Ҳабибулло Носиров ўзининг илм-фан оламига кириб келишини ҳам бунга мисол сифатида айтади. У 26 ёшидаёқ докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Ҳозир университетда ёшларга таълим бериб келмоқда. У билан суҳбатимиз ота-она фарзандини камолотга етказишда, унинг фавқулодда иқтидорини уйғотишда қандай омилларга аҳамият бериши лозимлиги хусусида кечди.

— Вундеркиндлик генга боғлиқми? Қобилият туғма бўладими ёки иқтидорни йўқдан бор қилиш ҳам мумкинми?

— Менимча оилада етарлича эътибор қаратилса, гарчи генда бўлмаса ҳам иқтидорли болани тарбиялаш мумкин. Чунки айрим ота-она ўзи ўқимаган бўлса ҳам «фарзандим ўқисин, бизнинг оиладан ҳам олим-профессорлар чиқсин», деб орзу қилади ва боласига шунга яраша шароит яратиб беради. Айрим болаларда эса ўзида кутилмаганда қандайдир соҳага қизиқиш пайдо бўлади. Масалан, техника, ахборот-технологиялари, кимё ва ҳоказо. Бунда ота-она шу соҳани тушунмаса ҳам, унинг қизиқишини совитмаслиги керак.

— Шароит бўлса ҳам, ҳафсала қилмайдиганлар бор. Мақсадга эришиш учун ёшларнинг ўзи нима қилиши керак?

—  Бунинг учун кўп китоб ўқиш, техника ва технологиялардан унумли фойдаланишни билиш лозим. Илмий китоблар мураккаб тилда ёзилган. Уларни тушуниш жуда қийин. Шу сабабли қийин мавзуларни содда тилда ёзилган китоблардан ўқиб-ўрганиш зарур. Фақат дарсликларни ўқиш билан чекланмаслик, турли энциклопедия, қизиқарли математика, кимё ва бошқа китобларни ҳам мутолаа қилиш лозим.

Интернетдан фойдаланиш ҳам айни муддао. Мен ҳам таълим олиш жараёнида бирон нарсани тушунмасам, дарҳол интернетга кириб, кенгроқ маълумот топишга ҳаракат қилардим. Ўзбек тилида маълумотлар етарли бўлмаса, рус ва инглиз тилидаги ахборотларни излардим. Шунинг учун чет тилларни яхшироқ ўрганишга интилдим. Дарсда устозлардан эшитганингиз, китоблардан ўқиганингизни тушунишга ҳаракат қилсангиз, кўпроқ маълумот тўпласангиз, шу мавзуда гапирганда ҳар бир сўзнинг моҳиятини чуқур англаб сўзлайсиз, мавзу ҳам яхши эсда қолади.

— Ҳаётда эришган ютуқлари­нгиз ҳақида гапирсангиз…

— Ўзим олти ёшдан мактабга чиққанман. Онам физика-математика соҳаси мутахассиси бўлгани, мен билан кўп шуғуллангани учун аниқ фанларни ўрганишда унчалик қийналмаганман. Мактабда 1-синфдан 3-синфга, 7-синфдан 9-синфга «сакраб» ўқидим. Бошида бироз қийналганман. Чунки ўз тенгқурларим орасида фақат аълога ўқиб юриб, бирдан ўзимдан катта ўқувчилар орасига тушиб қолганман. Мавзулар қийин бўлгани учун уларга тушуниб кетгунча баҳоларим «3» ва «4» га тушиб қолган. Лекин синфдошларимга етиб олиб, фақат аълога ўқишга бўлган ҳаракатимни асло тўхтатмадим.

15 ёшимда университет талабаси бўлдим. Ўшанда ҳали фуқаролик паспортини ҳам олмагандим. Ўқиш даврида ўз устимда кўп шуғулланиб, 2-курсда иқтидорли талабалар қаторига қўшилдим. Жуда катта илмий салоҳиятга эга инсон — Игорь Гаврилов билан танишганим ҳаётимдаги энг катта омад, деб ҳисоблайман. У мени фанга йўналтирди. Кейин илмий тадқиқотлар билан шуғулландим, бир қатор мақолалар ёздим. Газета ва журналларда чиққан материаллар, ўқишдаги ютуқларим туфайли мени «Беруний» номидаги давлат стипендияси ҳамда «ICT-Teleсom» стипендияларига лойиқ кўришди. Ушбу ютуқлар эвазига магис­тратурага имтиёз асосида қабул қилиндим.

Магистратурада Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясига сазовор бўлдим. Хуллас, оиладаги маънавий муҳит, яхши китоблар ва доно устозлар қуршовида бўлганим олдимга қўйган мақсадларга эришишда  муҳим аҳамият касб этди.

— Ўқимишли одамлар кўп, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам гений эмас. Ўқиган илмидан амалда қандай юз фоиз фойдаланса бўлади?

— Бунинг учун биринчидан, касбни тўғри танлаш керак. Яъни ишлайдиган соҳасининг келажагини олдиндан кўра билиш лозим. Бу ҳар кимнинг ўз қўлида. Масалан, қайси соҳа истиқболда ривожланади, қай бир соҳага талаб кучли бўлади? Балки маълум даражада тадбиркор бўлиш ҳам керакдир. Билимга эга бўлса-да, инсон ҳаётда ўз мақсадига эриша олмаса, айб унинг ўзида деб биламан. Яхши олим одамларга ўз ғояларининг тўғрилигини ёки амалдаги қайсидир ишнинг нотўғрилигини исботлаб бера олиши керак. Ўқимишли одам кимдир унга ҳаётини енгиллаштириб беришини кутиб ўтирмайди, ўзи излаб имкон топади. Олим ҳар томонлама олим бўлиши керак. Ана шунда билганини амалда қўллай олади.

Шу ўринда ўзим эшитган бир мантиқий ҳикояни айтиб берсам. Одамлар бир донишмандга савол беришди: болага балиқ қовуриб бериш тўғрими ёки қармоқ бериб, балиқ тутишга ўргатишми? Шунда донишманд: унга балиқ увилдириғини бериш керак. Хоҳласа қовуриб есин, истаса кўлга ташлаб балиқ етиштирсин, деб жавоб берибди.

Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак, тайёр нарсани ейиш ҳамманинг қўлидан келади. Аммо борни йўқ қилмасдан йўқдан бор қилиш, табиий ресурсларни сақлаш ва кўпайтириш фақат илмли-тадбиркор одамнинг қўлидан келиши мумкин.

— Ҳозирги тезкор замонда қандай қилиб ҳаммасига улгуриш мумкин?

— Ахборот технологияларидан иложи борича унумли фойдаланишни билиш керак. Булар телефон, интернет, планшет, компьютер ва ҳоказо. Мен бажаришим керак бўлган ишларни телефонимга ёзиб оламан. У менга қайси ишни қачон қилишни эслатиб туради. Маъруза ва тадбирларда муҳим маълумотларни телефоннинг қайд варағига ёзиб бораман. Чунки керакли маълумотлар қайд қилиб борилмаса, эсдан чиқиб қолиши мумкин.

Кўпчилик қўл телефонининг ажойиб имкониятларидан фойдаланмайди. Ҳолбуки, мобиль телефон бугун фақат мулоқот воситаси эмас! У интернет орқали янгиликларни билиш, таҳлил қилиш имконини беради. У почта, телеграф, радио, телевизор, компьютер, соат, фотоаппарат, диктофон, калькулятор, ён дафтарча, китоб, луғат, фото альбом, банк-тўлов хизматлари ҳамда бошқа кўплаб инсон ҳаётини енгиллаштирувчи имкониятларни ўзида жамлаган мўъжиза! Ундан унумли фойдалана олмаган одам ютқазади. Асосийси, қимматли вақтини иқтисод қила олмайди.

— Дам олиш, спорт билан шуғулланиш, саёҳатлар одамга нима беради?

— Ўзим айнан дам олиш учун саёҳатга чиқмаганман. Шу кунгача асосий вақтимни билим олиш, илмий изланишлар, диссертация ҳимоясига сарфладим. Энди агар шароит туғилиб, сафарга чиқишга тўғри келиб қолса, ҳордиқ билан бирга ишни ҳам битказишга ҳаракат қиламан. Яъни саёҳат ҳам мен учун фаолиятни ривожлантиришда ўзига хос имконият бўлади.

Баъзилар фақат дам олишни ўйлайди. Мен мақсадсиз ўйин-кулги, вақтихушлик қилиб юришни ҳеч ҳазм қилолмайман. Чунки болалигимдан вақтни тўғри тақсимлашни ўрганганман. Негаки, синфларни қолдириб сакраганимда бошқаларга етиб олишим учун кечаю кундуз ўқишимга тўғри келган. Лекин шундай бўлса ҳам учта секция (инглиз тили, баскетбол, каратэ)га қатнашишга вақт ажратардим. Фақат шуғулланиш эмас, спорт мусобақаларини томоша қилиш ҳам кишига яхши кайфият бағишлайди. Тенгдошларимга агар омадга эришмоқчи бўлса, китобдан, спортдан, мазмунли саёҳатдан вақтини аямасликни маслаҳат бераман.

 

Манзура БЕКЖОНОВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Кулдан ғишт қуйиш…

Кулдан ғишт қуйиш…

🕔11:02, 19.07.2018 ✔5

Иссиқлик ва шовқинни ўтказмайдиган арзон қурилиш материали.

Батафсил
Ибо ва назокат тасвири

Ибо ва назокат тасвири

🕔11:01, 19.07.2018 ✔4

Шарқ миниатюрасининг бош мезони.

Батафсил
Дунё ёшлари куни

Дунё ёшлари куни

🕔11:01, 19.07.2018 ✔4

Дунё ёшлари куни илк бор 1986 йилда нишонланган. Шу кундан бошлаб бу байрам ҳар 2 ёки 3 йилда дунёнинг турли жойида тантана қилинади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Кулдан ғишт қуйиш…

    Кулдан ғишт қуйиш…

    Иссиқлик ва шовқинни ўтказмайдиган арзон қурилиш материали.

    ✔ 5    🕔 11:02, 19.07.2018
  • Ибо ва назокат тасвири

    Ибо ва назокат тасвири

    Шарқ миниатюрасининг бош мезони.

    ✔ 4    🕔 11:01, 19.07.2018
  • Дунё ёшлари куни

    Дунё ёшлари куни

    Дунё ёшлари куни илк бор 1986 йилда нишонланган. Шу кундан бошлаб бу байрам ҳар 2 ёки 3 йилда дунёнинг турли жойида тантана қилинади.

    ✔ 4    🕔 11:01, 19.07.2018
  • Қуллик азоби тўхтатилди

    Қуллик азоби тўхтатилди

    Ҳозир кўпчилик хорижга бориб, осонгина кўп пул ишлаб топиш ҳақида ўйлайди. Ниятнинг катта бўлгани яхши, албатта. Бироқ ўзга юртда уларнинг тақдири нима бўлиши, қандай ҳаёт кечириши ҳақида ҳеч ўйлаб кўришганмикан?

    ✔ 4    🕔 11:00, 19.07.2018
  • Гиламдаги аламли 7 сония

    Гиламдаги аламли 7 сония

    Рақибни 5:4 ҳисобида ютиб турганди...

    ✔ 35    🕔 10:40, 12.07.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар