Долзарб мавзу      Бош саҳифа

БОЛАНГИЗ ҚАНДАЙ КИТОБ ЎҚИЯПТИ?

Эртаклар болаларимизни ва бизни қай томонга етакламоқда?..

Болалигида эртак ўқимаган, ундаги қаҳрамонлардан ўрнак олмаган киши бўлмаса керак. Айнан эртаклар орқали боланинг тасаввури бойийди, хаёллар уммонида сузади.

БОЛАНГИЗ ҚАНДАЙ КИТОБ ЎҚИЯПТИ?

Зумраддек меҳнаткаш, Тўғривой каби ҳалол, Муқбил Тошотардек баҳодир, Кенжа ботирдек мард бўлишни орзу қилади. Эртак ана шундай қудратга эга. Айнан у боланинг инсоний фазилатларини, маънавиятини шакллантиришга хизмат қилади.

Китоб дўконини айланиб юриб, бир аёлга кўзим тушди. У ҳали мактаб ёшига ҳам етмаган фарзанди билан китобларни томоша қиляпти. Улар бир-биридан ранго-ранг китобларни варақлаб, нималарнидир муҳокама қилишяпти, бирга китоб танлашяпти. Кўрган одамнинг ҳаваси келади...

Ҳа, бугун кўп ота-оналар фарзандларини китобга ошно қилишмоқда. Уларни китоб дўконлари, китоб кўргазмаларига, кутубхоналарга етаклаб боришмоқда. Боласига эртак ўқиб беришни энг муҳим кундалик юмушлари қаторига қўшаётганлари ҳам қувонарли.

«Яланғоч қолган гўзал…»

Болалар адабиётига талаб ошгани сари, шунга яраша китоб расталарида ҳам бир-биридан яхши, хилма-хил китоблар кўпайиб бораётгани кўзни қувонтиради. Улар орасида шеър, топишмоқ, мақоллардан тортиб, табиат ҳақида, тарихга доир, ақлни ўстирувчи, тафаккурни бойитувчи китобларни топишингиз мумкин. Айниқса, бири-биридан ранг-баранг эртак китоблардан болалар хурсанд. Бироқ...

Ҳар қандай китоб бола учун йўлбошчи вазифасини ўташи керак. Ахир китоб маънавий озиқа манбаи, дунёқарашни шакллантирувчи энг ишончли манба ҳисобланади. Болалар китобларга сидқидилдан ишонишади, ахир. Аммо бугун ҳамма китоблар ҳам шу талабга жавоб беряптими? Дўконлардаги барча китоблар болаларни эзгулик томон етаклаяптими?

Тасаввур қилиб кўринг. Ухлашдан олдин болангизга эртак ўқиб беряпсиз:

«— О, менинг парирўйим, сизнинг ёнингизда бўлиб, бугун менинг балоғат ёшим эканлигини унутибман.

— Майли, шаҳзодам, борақолинг. Фақат янги ой чиққунча биз кўриша олмаймиз.

— Азизим, мен айрилиққа бардош беролмайман! Ҳар доим ёнимда бўлишингизни истайман. Тундаги сирдошим эмас, (!) сиз менинг умр йўлдошим бўлиши­нгизни хоҳлайман.

— Сиз айтгандай менга муҳаббатингиз кучли бўлса, айтинг-чи, рафиқангиз бўлсам, менга содиқ бўла оласизми, фақат мени сева (!) оласизми? Агар хиёнат қилсангиз, (!) бегона гўзалга меҳр берсангиз (!)... »

Ногаҳон, кўзчаларини катта-катта қилиб сизга ҳайрон боқиб турган болангизга қарайсизу хаёлингизни йиғиштириб олиб, бошқа бетни очишга чоғланасиз:

«...Муҳими, мен сизни кўриб қолдим-ку! — дебди Шаҳриёр ва қўлини чўзиб, жимжилоғи билан парининг сочларини силабди...»

Энди ўйлаб кўринг. Бу нима ўзи? Шуни болаларга ўқиб берса ёки қўлига тутқазиб қўйса, бўладими? Бу эртак болаларга нима беради?

Халқимизда азал-азалдан ҳаё-ибо деган тушунчаларга маҳкам турилган. Айниқса, болалар олдида ота-оналар ҳам ўзаро муносабатда ниҳоятда эҳтиёт бўлишади. Боланинг беғубор дунёсини лойқалаб қўйишдан чўчишади. Шундай экан, юқоридаги каби шаҳзода ва парининг пинҳона учрашувларини, «маъно»га бой дил изҳорларини болалар эртагига киритиш қанчалик тўғри? Юқорида парчалар келтирилган «Пари қиз» («ART FLEX» нашриёти — 2017) каби эртаклар айни пайтда китоб расталарини тўлдириб турибди ва арзон нархда сотилмоқда.

Ушбу парча «Na’matak malika» эртагидан олинган:

« — Ey, sohibjamol, buncha go‘zallikni qaydan olgansan?! Sendan ortiq malika topmasligim ravshan! — shoh hissiyotini ya­shirolmabdi.(!) Lolaqizg‘aldoqning qo‘llaridan tutmoqchi (!) bo‘lgan paytda shamol turib, uning gullarini uchirib ketibdi. Yalang‘och qolgan go‘zal (!) nafis barglari ila yuzlarini to‘sibdi».

Яна бир мисол:

«Камолот кутубхонаси» деган белги қўйилган (!) «Уч оғайни ботирлар» ўзбек халқ эртаклари тўпламидан жой олган «Маликайи Гулизор» эртагида бойнинг ёлғиз қизи бор экан. У қиз остона ҳатлаб кўчага чиқмаган экан. Қиз ўн еттига тўлганда отаси ҳовли ичидан кўчага қаратиб дераза қуриб берибди. Бир куни бой уйида йўқлигида қиз деразадан кўчага қараб турган экан, бир йигитни кўриб қолибди. Унга қарата: «Ҳой, йигит, кел, мен билан ўйна», — дебди зерикканидан. (Ўн етти ёшли қиз йигит билан қандай ўйин ўйнаши мумкинлигини тушунмадик) Йигит қизнинг ҳусн-жамолини кўриб беҳуш бўлиб йиқилибди. Эртасига қиз ундан-да хушсурат  йигитни кўриб қолибди. У йигит ҳам қизни кўриб ақлу ҳушидан бегона бўлди. Бу ҳолат эртасига бошқа йигит билан такрорланди. Сўнг уч йигит ҳам қизга ошиқ бўлдилар. Қиз эса уларга қарата шундай деди:

«— Учовингиз ҳам яхши йигитсиз. Лекин мен уч йигитнинг эмас, бир йигитнинг хотини бўлишим мумкин. Шунинг учун талашманглар-да, менга ўйлашга вақт беринглар».

Ана, холос! Қиз боланинг ўзи эр танлаши, кўчадан ўтган йигитга гап отиши, устига-устак, отаси йўқлигида кўчадан бегона йигитни уйига чақириши... Болаларга нимани ўргатмоқчимиз ўзи?    

Ушбу китобдаги «Ҳасан ва Ҳурлиқо» эртагини ўқисангиз, худди қўрқинчли кино ёки даҳшатли туш кўраётгандек юраги­нгизни ваҳима босади. Айниқса, онанинг ўз боласини ўлдириши, аканинг ўз синглисининг қўлини кесиб, кўчага ҳайдаши, янганинг қайинсинглисига қилганлари... Тўғри, эртакларда салбий образлар ҳам келтирилиши, охир-оқибат, улар хатоларини тушуниб етишлари керак. Лекин бу очиқ-ойдин зўравонлик билан тасвирланиши тўғримикан?..

Кириш қисмида       30 дан ортиқ хато

Мактаб чоғларимда телеканаллардан бирида болалар учун кўрсатув бўларди. Унда бирон предмет ё шахс ҳақида топишмоқ бериларди. Кўрсатув эфирга кетаётганда ўша предметнинг номи экранда ёзиларди. Бир галги кўрсатувда экранга «masharaboz» деган ёзув беришди. Мен уни шундай ҳолда эслаб қолдим, албатта. Кейинги йил фан олимпиадасининг вилоят босқичига чиқдим. Мен бу босқичда «masxaraboz» сўзини «masharaboz» деб ёзганим учун паст баҳо олдим...

Боланинг зеҳни ниҳоятда ўткир бўлади. У кўрган, ўқиган нарсаларини дарров онгига муҳрлайди ва худди шундай такрорлайди. Бола, айниқса, китобларга қаттиқ ишонади. Китобдан ўрганади, сабоқ олади. Унинг кўз хотираси маълумотни бор бўйича эслаб қолади.

Лекин ўша китобнинг ўзи саводсизларча ёзилган бўлса-чи? Ичида на маънога, на имлога эътибор қилинмасдан нашр қилинган бўлса-чи? «Йўғ-э, унчалик эмасдир. Бўлса бир-иккита хато бўлар. Техник жиҳатдан ўтказиб юборилгандир. Шунга-шунчами», дерсиз? Лекин саводсизларча ёзилган китобларни топиш учун кўп вақт сарфлашнинг зарурати йўқ.

«Адабиёт учқунлари» нашриётида 2017 йилда чоп этилган «Oymomо ertaklari» номли бир эмас, нақд тўртта китоб дўкон растасига чиройли қилиб териб қўйилган. Бу китобларнинг ҳаммасида махсус ҳарфлар тепасига қўйиладиган «‘» белгисининг ўрнига тутуқ белгиси «’» қўйилган. Китоблардан бирини (2-китобни) қўлимизга олдик. Муқаддимасиданоқ тепа сочимиз тикка бўлди. Айнан келтирилмоқда:

«Salom jajji do’stlarim, bilimdon, quvonchlarim! Sog’- salomat ekansiz, sizni ko’rib juda ham quvondim. Bugun siz bilan ko’rishib turganimdan bag’oyat hursandman. Sizni baxt degan oliy nemat tark etmasligini tilagan holda oyihamizning bugungi sonini e’tiboringizga havola etamiz.

...Kitob mutoala qilayotgan odam avvalo mutoala uchun qulay joy tanlashi zarur. ...Davomli, tartibli o’qing va har kun bir hil vaqtlarda o’qishni odat qilib oling...»

Хуллас, санаб чиқсак, бир ярим бетлик кириш сўзнинг ўзида 30 дан ортиқ хато бор экан!

Кейинги бетларни варақлаб ҳам уларнинг хатосиз эмаслигини кўрасиз. Ҳатто эртакларнинг сарлавҳаларида хато бор. «Kenja o’g’il», «Qizg’anchiq it» «Quyonning acchiq ko’z yoshlari» ва ҳоказо.

«Sichqon va chumchuq» эртаги шундай бошланган: «ir bor ekan, bir yo’q ekan». Нима у «ir»? Ўзбек тилида шундай сўз борми ўзи? Ушбу эртак «Udmert xalq ertagi» экани ёзилибди. Интернетдан излаб ҳам бундай халқни тополмадик. «Саводхон» муҳаррирлар удмурт халқини шу тақлид ёзишган кўринади.

Ушбу китобдаги шеърлар ва шеърий топишмоқларни ўқиб бир латифа эсимга тушди:

Таҳририятга бир шоир шеър олиб келибди. Муҳаррир шеърларини ўқиб, маъқул келмаганини айтиб, қайтарибди. Шоир муҳаррирдан шеърларининг нимаси ёқмаганини сўрабди.

— Ҳеч замонда тандир билан Ҳиндистон қофиядош бўлиши мумкинми? — сўрабди муҳаррир.

— Нега бўлмас экан? — дебди ҳалиги шоир. — Ахир икковиям иссиқ-ку!..

Энди эса сиз ушбу шеърларнинг қофия ва маъносига эътибор қилинг:

«Vaqtimizni behuda,

Isrof qilmaylik, keling.

Bir varoqni varoqlab,

Sahifamizga kiring».

 * * *

«Izlab o’ziga merosxo’r,

To֦’rt o’g’lini jam etdi.

Suhbatda so’rab qudrat,

O’g’illarini sinadi».

 * * *

«Kumush va javohirlar,

Qadalmish kamariga.

Davlatmand bilib o’zin,

Egaman der merosga».

Яна ушбу нашриёт томонидан 2016 йилда «Эртаклар водийси» номи билан чоп этилган бешта китоб растани безаб турибди. Улардан бирини (5-китоб) очиб кўрдик.

«Qahramon meshkobchi qush» эртаги шундай бошланади:

«O’rmonda qish juda qattiq bo’lar edi. Shu kunga qadar ko’rilishi lozim bo’lgan juda qattiq so’vuq bor emish». Гапдан маъно топишга ҳаракат қилиб кўринг-чи!

«… Burgut, «Ichimzdan birimiz tashqariga chiqib, quyoshdan issiqlik so’rashi lozim» (12 бет). «Meshkobchi qushning gahramonligi tahsinga sazovor, albatta» (14-бет).

«Эртаклар водийси»нинг 4-китобидан:

«…Chinor daraxti, chinor daraxtida yashayotgan barchani huzur-halovati yo’qolibdi. Yoshi ulug’ chinor esa makkor suvsarning hiylasini tushunib yetibdi. Suvsarni yaqin o’rtada ko’rinmay turganidan foydalanib, bir kun burgutni, zag’zg’onni va ko’r sichqonni chaqiribdi va ularga shunday debdi: «Makkor suvar sizlarni bir-biringiz bilan urushib, xafa bo’lib bu yerni tark etishingizni istayapti» (21-бет: «Ayyor suvsar» эртагидан).

Китоблардаги хатоларни уларни варақлаб ўтирмасдан ҳам топиш мумкин:

«Kapalak», «Bahor elchisi», «Yaxshilik izlagan bola» китобларининг муқовасида «Bolalar kutubhonasi» деган ёзувга кўзимиз тушди...

Ўзимиз тарғиб қилсак...

Бола намуна олишга, тақлид қилишга уста бўлади. Аниқроғи, уларнинг дунёқараши шу орқали шаклланади. Глобаллашувнинг бугунги ҳолати, ахборот кўламининг кенгайгани, турли ёт ғояларнинг ёшлар онгига таъсиридан ҳимоя қилишимиз зарурлиги ҳақида бот-бот гапиряпмиз. Лекин тафаккури эндигина ўсиб келаётган болага юқоридаги каби китобларни ўзимиз чоп этиб тутқазсак...

Халқ учун, айниқса, болалар учун тақдим этилаётган китобларнинг бизнесга айланмаслигини назоратга олиш вақти келгандир, балки. Ахир, болага берилган озгина бўлса-да, ножоиз тарбия, нотўғри ахборот келажакда катта хатоларга асос бўлиши мумкин...

 

Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Нон нархи ошди. Буни мутасаддилар қандай изоҳлайди?

Нон нархи ошди. Буни мутасаддилар қандай изоҳлайди?

🕔11:49, 20.09.2018 ✔31

Нон нархи нега бирданига салкам икки баробарга қимматлашиб кетди? Бунинг асл сабаби нимада? Xs.uz онлайн нашри бу саволларга  мутасаддиларнинг фикрини ўрганди.

Батафсил
«Ечим рапорти» ёки муаммо қолиб журналистдан кир ахтариш тўғрими?

«Ечим рапорти» ёки муаммо қолиб журналистдан кир ахтариш тўғрими?

🕔11:48, 20.09.2018 ✔23

Мақоладан сўнг ёрдамга муҳтож оила тақдирида ўзгариш бўлдими?

Батафсил
Танқиддан сўнг Сирдарёда нима ўзгармоқда?

Танқиддан сўнг Сирдарёда нима ўзгармоқда?

🕔11:48, 20.09.2018 ✔29

Газетамизнинг 2018 йил 12 июлдаги 28-сонида чоп этилган «Шифокорга муҳтож поликлиникалар» сарлавҳали мақолада Сирдарё вилоятидаги оилавий поликлиникалар хусусида сўз юритилган эди. Ушбу мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар