Инсон ўзинг      Бош саҳифа

ВОЛГА БЎЙЛАРИНИНГ ШАМОЛИ*

Светлана билан Тошкентдаги халқаро анжуман якунида танишиб қолдик. Мен уни меҳмонхона томон кузатиб қўяр эканман, танишувимиз шу онда расмий гап-сўзлар билангина тугашини асло истамасдим. Шунинг учун шаҳдам қадамлар билан кетаётган қизни бир он тўхтатиб, нима бўлса бўлар, дея уни пойтахт оқшомини бирга томоша қилишга таклиф этдим. Бунга журъат тополганимдан  хурсандман!

ВОЛГА БЎЙЛАРИНИНГ ШАМОЛИ*

Биз баҳорнинг муаттар ифоридан сипқорганча яйраб сайр этар, кўп йиллик қадрдонлардек дилкаш суҳбат қурардик. Светлана жуда қизиқувчан, қувноқ ва ақлли қиз экан. У ҳар нарсадан ҳайратланар ва бу ҳайратлар тезда менга турли-туман саволлар бўлиб ёғиларди. Унинг мулоҳазали саволларидан, ҳар нарсага ўткир нигоҳ билан боқишидан шарқона ҳаётга қизиқиши, кўп китоб ўқигани аён эди. 

Светлана Волгаград халқаро интернет сайтининг журналисти экан. Волга бўйида бобосидан қолган эски қўрғон бўлиб, ўша ерда ота-онаси билан яшар, ўз касбини ҳамда кўҳна қўрғонидаги уй музейни жуда қадрларкан.

У билан бир тамаддихонада  кабобхўрлик қилдик, най ноласини тингладик. Сўнгра доирада шўх, ўйноқи куй чалинди. Шунда Светлана қувончини ичига сиғдиролмай, рақсга тушиб кетди. У рақсга тушар экан бўйчан, тик қомати бор гўзаллигини намойиш қилар, унинг дилдан яйраётганини кўриб мен ҳам шодланардим. Сўнгра унга шу атрофда сотиладиган миллий либослар дўконидан адрас чопон ва дўппи совға қилдим. У ёш боладай хурсанд бўлиб кетди. Кўзларининг ёнишини кўрсангиз... Ўзиям, бу либослар унга бирам ярашдики, ўз-ўзимга, бундай қизга мафтун бўлмаслик хато, деб такрорладим!

Сокин кечада йўлак бўйлаб меҳмонхона томон қайтар эканмиз, бу йўл сира тугамаслигини, бу гўзал қизнинг ёнимдан сира кетмаслигини истар ва шу навбатда, ўзимнинг телбаларча хоҳишларга берилаётганимни, жилови йўқ хаёллар мени турли томонга бошлаб кетаётганини сезиб турардим. Аммо на онгим, на хаёлимни тизгинлаш қўлимдан келарди. Светлана эса мактабга илк қадам қўяётган қизча каби учиб борар, унга айниқса, адрас чопон жуда хуш ёққанини айтиб, тўлиб-тошиб ўз таассуротларини гапирарди.

— Балки бу адрасни уй-музейингизга ҳам қўярсиз? — дедим ўзимча.

Светлананинг юзидаги ёқимли табассум бирдан йўқолиб, жим бўлиб қолди. Бироз ўтиб, қандайдир бўғиқ овозда деди:

— Бизнинг музейда фақат урушдан қолган нарсалар бор, ҳамма нарса урушни эслатади. Ўша Иккинчи жаҳон урушини...

У бу сўзларни пичирлаб айтаркан, йўлак бўйидаги ўриндиқлардан бирига сокин чўкди.

— Сталинград жангини эшитгансан-а? Ўзбек йигитларидан кўпи шу жангда ҳалок бўлган... 1942 йил... Бизнинг қўрғон ўша даҳшатли жангдан бутун қолган атрофдаги ягона уй. Шундоқ, Волга ­дарёсининг бўйида. Урушдан сўнг бобом бу ерда музей ташкил қилган.

Кейин чуқур нафас олди-да:

— Ер юзида бундай музейлар кўп бўлса керак... Мен юздан ортиқ шундай музейни биламан, — деди. 

Светлананинг мойчечак гулидай нафис лабларига титроқ кирди, уммон рангидаги сирли кўзлари узоқ-узоқларга тикилиб турди-да, бироздан сўнг оҳиста гап бошлади.

— Бобом умрининг охиригача ўзини урушнинг тирик қолган аянчли қурбони, деб билди. Урушнинг қанчалик даҳшатли эканини ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимизни хоҳлар, шунинг учун ҳам музейни ташкил қилганди. Ҳали тузукроқ тилим чиқмасдан уруш ҳақидаги воқеаларни эртакка ўхшатиб айтиб берарди. Аммо бу уруш, сира эртак эмаслигини бошқа болалардан кўра, эртароқ англаганман.

Ўша пайтларда тўрт-беш ёшларда эдим. Қўрғонимиз олдида катта ўрмон бўларди. Дон лақабли қоп-қора итимиз билан ўрмонга тез-тез ўтин тергани чиқардик. Дон ҳам менга ёрдам берар, ўтинларни тишлаб ёнимга олиб келар, гоҳ нималаргадир чалғиб, йўғон панжалари билан ерни ковлаб ташларди.

Бир куни ўтин теришга бориб, Дон ковлаб чиқариб ташлаган бир қучоқ нарсани кўтариб келдим. Бобом кўриб, даҳшатдан қотиб қолди! Мен ўтин деб, одам суякларини кўтариб келибман. ­Кейин ўрмонга ҳам чиқолмай қолдим. Бу воқеадан сўнг урушнинг эртак эканига ишониш ҳақида гап-сўз ҳам бўлиши мумкин эмас...

Ундан ҳам мудҳиш ҳодиса ўн бир ёшимда содир бўлган. Бобомнинг уруш ҳақидаги хотиралари билан ўсаётган, музейдаги аскарларнинг эгасига етиб бормаган аламли мактубларини ўқиб, тасаввурим кенгайган бўлишига қарамай, шу кунгача уруш қандай даҳшат эканини тўлақонли ҳис қилмаган эканман.

Бу гапларни айта туриб, суҳбатдошим узоқ-узоқларга тикилиб қолди.

— Ўша куни Катя аммам, эри ва ширинтой жияним Юра меҳмон бўлиб келганди, — дея сўзини давом эттирди Светлана. — Бобом севинганидан, уларга ўз қўллари билан кабоб тайёрламоқчи бўлди. Катя аммамнинг эри ҳовлимизнинг бир бурчагидаги ертўладан кўмир олиб келиш учун кетди. У бироз ҳаяллагач, ўғлини кўтарганча, Катя аммам ҳам ўша томон борди. Биз бобом билан товуқ гўштини сихга тераётгандик... Бирдан атрофни даҳшатли гумбурлаш тутиб кетди. Бу овоз шунчалик даҳшатлики, ҳар сафар эслаганимда, қулоқларимга кимдир кучли зарб билан шапалоқ тушираётгандек бўлади. Бундай пайтда, нафақат қулоқларим, бутун танам зирқираб оғрийди. Ўшанда қўрққанимдан эсанкираб, ўзимни йўқотиб қўйдим. Ҳаммаёқ тутун бўлиб кетган, ҳеч нимани кўриб бўлмасди. Бобом инграганча, гумбурлаган тарафга чопиб кетди. Кейин билсак, Иккинчи жаҳон урушида кўмиб қўйилган мина шунча йилдан буён ўз қурбонларини кутиб, шайланиб ётган экан. Жангда ҳалок бўлганлар рўйхатига яқинларимиздан яна уч кишининг номини қўшиб қўйдик: Катя аммам, унинг эри ва жажжи Юра...

Негадир Светлананинг овози хириллаб қолгандай бўлди. Кўзлари эса... Кўзларини у пайт ёш тўлдирган эди...

— Ўша портлашдан сўнг касал бўлиб қолдим,  қўрққанимдан тилимни қарға чўқигандай, тутилиб-тутилиб, зўрға гапирардим. Ойим буни бобомдан кўриб, қаттиқ хафа бўлди. Шундан сўнг, ойим билан Москвадаги бувимнинг уйида яшай бошладик. Аммо мен ўша қўрғонга, ундаги мўъжаз музейга, эрта нобуд бўлган аскарларнинг армонли мактубларига шунчалик ўрганган эканманки, уларсиз аҳволим баттар бўлди. Уйга қайтдик, тилим ҳам аста-секин тикланиб, тўғри гапирадиган бўлдим, аммо руҳиятимда урушнинг ваҳимаси сақланиб қолаверди.

Кечир, мен ўзимни жуда ёмон тутяпман, бу гўзал оқшомда дилингни хира қиляпман. Аммо уруш ҳақида гапириб, ўзимни бошқача тутолмайман. Ҳаммаси қачон тугайди, тугайдими ўзи? Қачонгача катталар бошлаган урушларда бегуноҳ болалар қирилади? Мен шу каби хавотирли ва жавобсиз ўйлар ичида улғайдим. Ҳа, шунинг учун мени кўпчилик тушунмайди. Балки сен ҳам тушунмаётгандирсан, беҳуда сўзлаётгандирман, аммо...

— Света...

— Аслида, кимдир сени тушуниши шарт ҳам эмас. Гап ўзингнинг эзгу мақсадингга ишонишинг-да! Тўғри эмасми? Ахир, ҳаёт фақат телевизор кўришу ундаги кундалик об-ҳавони муҳокама қилишдан иборат эмас-ку!

— Света..?

— Ўша пайтлардан бери мен тинчлик учун курашишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Ҳеч кимнинг боласи урушда ўлмаслиги учун, тинчлик учун курашиш — яшаш учун асосли сабаб деб биламан! Тўғрими? Урушлардан озод дунё учун! Уруш туфайли оналар болам, деб йиғламаслиги керак. Мен мана шу маслак йўлида яшаяпман! Биласанми, дунёда даҳшатли уруш бўлганини, у миллионлаб одамларни қириб юборганини унутмаслигимиз керак. Тушуняпсанми, унутишга ҳаққимиз ҳам йўқ! Тошқин Волга дарёси бир пайтлар ўзининг рус, немис, ўзбек, қозоқ, қирғиз, латиш каби кўпмиллат фарзандларининг иссиқ қонларидан тўлиб, қорайиб, бўкиб оққанини, бағрига тушган минглаб  тўплардан инграганини асло-асло унутмаганидай, биз ҳам бу аламли садоларни унутишга ҳаққимиз йўқ. Юзларимга ҳар тонг Волга бўйларининг шамоли урилганда, бу шунчаки дарё шамоли эмас, балки ҳалок бўлган  минглаб ёш йигитларнинг ҳаётга ташна сўнгги нафаслари бўлиб туюлади менга!..

Бу гапларни айтаётиб, Светлананинг танаси титрагандек бўлди. Совуқда узоқ вақт чорасиз қолган одамдай  қунишиб, мункайиб қолди. Очиғи, қачонлардир бўлиб ўтган фожиали урушга нисбатан замонавий, нозиккина хилқатнинг кўксида шунчалик катта нафрат борлиги ва бу нозик жусса билан шунча юкни кўтариб юриш учун куч топгани мени лол қолдирганди.

Чарақлаб турган қуёшли осмонни бир зумда қора булут эгаллаб, ҳаммаёқни зулмат қоплаганидай, Светлананинг кўзларида ҳам оқшом аввалидаги на  қувонч, на ҳайрат, на муҳаббат учқуни қолганди. Унга раҳмим келди, лекин бу лаънати уруш ҳақида бирор нарса деб, тасалли беришга ожиз эдим. У худди шивирлаб ёғаётган ёмғирдай кўз ёш тўкиб, оҳиста пичирлади.

— Нафратланаман...

У бу сўзни менга қарата айтдими ё ўша номинг ўчгур урушгами — рости, англолмадим! Аммо ундан асло хафа эмасдим.  Фақат оқшомимиз шу тарзда тугаётганидан афсусда эдим. Ҳеч ҳам бундай хайрлашувни кутмагандим. Начора, уруш... Гарчи шунча йил ўтган бўлса-да, урушнинг қора булутлари тарқамаган қалбдан бахтиёр ҳисларни ахтариш аҳмоқликдир.

Биз меҳмонхонагача жим кетдик. 

Светлана билан меҳмонхона эшиги қошида хайрлашар эканман, у нима учундир  узр сўради ва Волгаградда мени интиқ кутишини, агар борсам, жуда хурсанд бўлишини айтди. Унинг нафис, шафтоли гулидай  майин қўллари кафтимдан сирғалиб чиқаркан, уни бутун умр унутмаслигимни, ҳатто, бошқа дийдор кўришиш насиб қилмаган тақдирда ҳам бугунги хотира шарафига, умримнинг яна бир куни мазмунсиз ўтмаганини англаб турардим...

 

Жавлон ЖОВЛИЕВ

* ҳикоя қисқартириб берилмоқда.




Ўхшаш мақолалар

Душман қадри

Душман қадри

🕔18:50, 01.11.2018 ✔48

Максим ГОРЬКИЙ

Ўн балки тўққиз ёшимда Васька Ключарев исмли душманим бор эди. Ўзимнинг тенгқурим. Муштлашишда унга тенг келадигани йўқ эди.

Батафсил
Муроса

Муроса

🕔18:50, 01.11.2018 ✔55

Раҳима опа шу кунларда ўғли ва келинининг ўзаро муомаласидан сиқилиб юрарди. Дастурхон атрофида ҳам ҳар икки гапнинг бирида ўғли келинига пўписа қилади, ҳақоратлайди.

Батафсил
Номсиз қишлоқ

Номсиз қишлоқ

🕔18:49, 01.11.2018 ✔43

Ўшанда саккиз ёшда эдим. Ота-онам кун бўйи ишда бўлгани учун дарсдан кейин бобом ва бувимнинг уйига бориб, юмушларига қарашардим. Бобомнинг менга меҳри бўлакча эди. Мактабдан келишим билан ёнига ўтқазиб, эртак, ҳикоя, ривоятлар айтиб берарди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Душман қадри

    Душман қадри

    Максим ГОРЬКИЙ

    Ўн балки тўққиз ёшимда Васька Ключарев исмли душманим бор эди. Ўзимнинг тенгқурим. Муштлашишда унга тенг келадигани йўқ эди.

    ✔ 48    🕔 18:50, 01.11.2018
  • Муроса

    Муроса

    Раҳима опа шу кунларда ўғли ва келинининг ўзаро муомаласидан сиқилиб юрарди. Дастурхон атрофида ҳам ҳар икки гапнинг бирида ўғли келинига пўписа қилади, ҳақоратлайди.

    ✔ 55    🕔 18:50, 01.11.2018
  • Номсиз қишлоқ

    Номсиз қишлоқ

    Ўшанда саккиз ёшда эдим. Ота-онам кун бўйи ишда бўлгани учун дарсдан кейин бобом ва бувимнинг уйига бориб, юмушларига қарашардим. Бобомнинг менга меҳри бўлакча эди. Мактабдан келишим билан ёнига ўтқазиб, эртак, ҳикоя, ривоятлар айтиб берарди.

    ✔ 43    🕔 18:49, 01.11.2018
  • Ростгўйлар

    Ростгўйлар

    Раҳбар деганлари бу даражада ростгўй бўлмаслиги керак-да. Эса ходимларининг ҳолига вой деяверинг.

    ✔ 223    🕔 17:38, 11.10.2018
  • Почта мудири билан суҳбатим

    Почта мудири билан суҳбатим

    Антон ЧЕХОВ

    Почтмейстердан бир сўм солинган пакетни олатуриб:

    ✔ 111    🕔 11:18, 04.10.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар