Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

«КИТОБХЎРЛАР ЭМАС, КИТОБХОНЛАР КЕРАК БИЗГА»

Адабиёт ва мутолаа ҳақида маърифий суҳбат

Маҳмуд Ражаб Хоразм адабий муҳитининг забардаст вакилларидан. «Дард мавсуми» (1993), «Кўзлардаги кўзгу» (1999), «Ойкокил» (2010), рус тилида «Застенчивый месяц» (2010) шеърий китоблари, «Шанғи» (2005) рисоласи, «Сарагул» (2014) ҳикоялар тўплами нашр этилган. Бугунги китобхонлик ва адабий жараёнлар хусусида Маҳмуд Ражабнинг ўзига хос қарашлари ва ёндашуви бор.

«КИТОБХЎРЛАР ЭМАС, КИТОБХОНЛАР КЕРАК БИЗГА»

— Маҳмуджон ака, бугун нега китобхонлар орасида тафаккурни чархлайдиган асарлардан кўра, қўл учида ёзилган «енгил» ижоднинг бозори чаққонроқ? Бугунги ўқувчига қандай китоб керак?

— Паҳлавон Маҳмуднинг «Ёнғоқ-ку сўзинг керакмас арчмоқ-чақмоқ, Ҳаммаси мағз унинг пўчоқ-пўст йўқтур» деган мисралари бор. Ҳозир бозорларимизда чақилган ёнғоқлар кўпаймоқда. Бу ҳолни маҳсулот кўплигидан ташқари, харидорларнинг тайёр маҳсулотларга эҳтиёжи билан ҳам изоҳлаш мумкин. Тўғри, «енгил» ҳазм бўладиган асарларнинг харидори кўп. Айбни фақат қўл учида китоб ёзаётган ва уни босиб чиқараётганларга ағдариш билан ўзимизни оқлай олмаймиз. Тафаккурни чархлайдиган китобларни ўқимаслигимизга бу сабаб бўла олмайди.

Ҳозир бемаза китобларнинг кўплиги ҳақида гапириш урф бўлган. Аммо китоб дўконлари ва китобхон дўстларимизнинг жавонларида бор бўлган нодир китобларни ўқишга негадир ҳафсаламиз йўқ. Менинг назаримда, ҳозиргача босилиб чиққан, сиз айтгандай тафаккурни чархлайдиган, қўлимиз, пулимиз, кўзимиз етадиган жойда турган китобларни ўқиб чиқаман десак, умримиз етмайди. «Енгил» асарларнинг бозори чаққонлиги масаласига келсак, бу ֫— бир томондан табиий ҳол. «Тафаккурни чархлайдиган» деган жумлани яхши топдингиз, тиғ чархланганда емирилади ва шунинг ҳисобига ўткирлашади. Азоб билан ёзилган асар азоб билан ўқилади. Азобланишдан қочган тафаккур тўмтоқлашади. 

Ўқувчига қандай китоб кераклиги унинг савиясига, даражасига, ёшига боғлиқ. Авваламбор, илм талабида бўлган ҳар бир инсонга устоз керак. Бизда «устоз» сўзини «уста» деб ишлатади. Уста қайси тиғни қандай чархга қай йўсинда тутишни билиши зарурлиги каби китоб танлаб тафаккурни чархлаш ҳам ўта нозик иш. Матназар ака айтгандек, устоз болаларни елкасига опичиб олган дорбозга ўхшайди. Сал янглишса, бутун келажак чилпарчин бўлади. Бу саволга бир сўз билан жавоб бериш қийин. Аммо ўзим янглишларимдан чиқарган айрим хулосаларимни ўртоқлашишим мумкин. Мумтоз адабиётимизни ўқишда, Шарқ тафаккурини тушунишда жуда қийналганман. Худди сочилиб кетган китобнинг қўлимга тушган варақларини ўқиганга ўхшардим. Воқеалар, ривоятлар Рабғузийга бориб тақаларди. Рабғузийни ўқиганимдан кейин кўп нарса ойдинлашди. Менга қолса, ёшларимиз китоб ўқишни Рабғузийдан бошлагани маъқул. Бу менинг шахсий фикрим. 

— Конфуцийнинг шундай гапи бор: «Агар ўқисанг-у ўйламасанг — чалкашиб қоласан. Агар ўйласанг-у ўқимасанг — шубҳа-гумонлар тагида қолиб кетасан». Хўш, китоб мутолаа қилаётганда нималарга эътибор бериш керак? Китобни қандай ўқиш керак?

— Китоб ўқиётган одамни ер сураётган деҳқонга ўхшатаман (Мен ўзи деҳқончасига фикрлайман). Омоч бўш тутилган жойда поза сурилган ўзанга тойиб кетдими, тамом. Қайтадан сурсанг ҳам ўша жойга келганда яна эски изга тойиб тушаверади. Китоб ўқиётган одамнинг хаёли қочса ёки кимдир диққатини бўлса, қайта ўқиганда ҳам ўша жойига келганда шу ҳолат такрорланаверади. Китобни қўлига ушлаган одам бошқа нарсага чалғимасдан охиригача ўқиб чиқиши лозим. Бу гапим одамнинг моддий ва жисмоний ҳолатига эмас, руҳий ҳолатига тегишли. Ер сураётган деҳқон чарчагудек бўлса, бошлаган топни охирига етказиб дам олиши мумкин, бироқ қўли толиқса ҳам дала ярмида омочни бўш тутишга ҳаққи йўқ.

Мен Берунийнинг «Осор ул боқия» асарини қўлимга олганда буни яққол ҳис қилдим. Уни бир неча бор ўқишга ҳаракат қилиб кўрдим. Охири, уни тушунишга кучим етмаслигини англадим. Унгача бир қанча салмоқли китобларни бир бошдан ўқиб чиқиш зарур экан. Бироқ юки оғир китобларни ўқишдан асло чўчимаслик керак. Баланд чўққига альпинистларнинг ҳам энг зўрлари чиқади, бизга пастроқ тепалик ҳам бўлаверади, дейиш ноўрин. Даҳолар тим-тик қоя эмас. Энг баланд чўққининг ҳам этаги ясси бўлади. Ҳар ким баланд тоғнинг қурби етган жойигача тирмашмоғи шарт.   

— Александр Дюма ўз қаҳрамонларини тирик деб ҳисоблаган. У ўз образлари ҳақида қайғурган. Улар билан суҳбатлашган, кулишган, дардлашган, деган гаплар қулоғимга чалинган. Аслида ижодкор ижод қилаётганида ўзини қандай ҳис қилиши керак? Сиз ижод қилаётганингизда ўзингизни қандай ҳис қиласиз?

— Дюманинг мухлислари тарихчилар келтирган фактларни инкор қилган. Тарихий ҳужжатларга, далилларга ишонмасдан ёзувчига ишонишган. Ўзим ҳам мутолаа пайтида Марсель шаҳрида, денгиз қирғоқларида яшагандай бўлдим.

…Бир куни Тургенев поездда врач йигит билан танишиб қолади. Иккаласи ҳаётда бор-йўғи бир марта учрашади. Йигитнинг гаплари ёзувчига шу қадар қаттиқ таъсир қиладики, кейинчалик врач йигитга айланиб кундаликлар ёзиб юради ва натижада «Оталар ва болалар» романидек буюк асар дунёга келади. Матназар ака қайсидир француз ёзувчисининг уйига одамлар тўпланиб асар якунини олдиндан кутиб тургани, охирида ҳозиргина ёзувчи хаёлида вафот этган қаҳрамонга аза очгани ҳақида гапириб берган эди.

Ижод қилаётган одам йиғи, ғазаб, қайғу ва қувонч каби ҳиссиётларини қоғозга тўкади. Ижод қилаётган одам ўта нозик бир ҳолатда юраги симобдай қалқиб туради. Унга халақит берсалар бирдан инжиқ одамга айланади. Шавкат Раҳмон: ўлмайдиган асарлар ўлим билан юзма-юз қолган пайтдагина ёзилади, деган гапни айтган. Илҳом лаҳзалари фақат шоирларга аталган неъмат эмас, кўнглида завқи бор ҳар бир инсонга тегишли. Ижоддан мақсад санъат яратиш. Деҳқончиликдан тортиб дастурхон безашгача ҳар бир ишни санъат даражасида бажарадиган нозикфаҳм инсонларнинг барча-барчасига тааллуқли. Моҳир тикувчига мижози кўйлак буюртма қилган экан, «битдими» деб сўраб борса, «қўлим тегмади» дебди. «Мана, ҳозир бекор ўтирибсан-ку, шартта тикиб ташласанг бўлмайдими?» деса, тикувчи бош чайқабди. Ишини илҳом билан бажарадиган одамлар шундай бўлади. Шеър — буюртма, буюртмачи — юрак, мижоз — ўқувчи. 

— Асарнинг баҳосини фақат адабиётшунослар бериши керакми?

— Санъат санъат учунми, халқ учунми деган саволга ўхшаб кетаркан. Аслида санъат санъатни тушунадиган халқ учун. Халқ севиб ўқийдиган асар адабиётшуносга, адабиётшунос эътироф этган асар халққа маъқул бўлмаслиги мумкин эмас. Акс ҳолда, иккисидан бири янглишаётган бўлади. Адабиётшунос — даволовчи жарроҳга ўхшаши керак. «Даволовчи» деганим ғалати туюлмасин, даволамайдиган жарроҳ ҳам бўладими деманг-у, жонзотларни тажриба учун тилкалаб ташлайдиган жарроҳга ўхшаган адабий танқидчилар ҳам йўқ эмас. Чинакам асар ёзилмайди, худди жонзотга ўхшаб — туғилади. У  нафақат тиғдан, товушдан ҳам таъсирланади.

Асарнинг ҳақиқий баҳосини адиб беради. Мен бу шахсий фикримни Толстой ҳазратларига таяниб айтяпман. Ул зот Шекспирга билдирган муносабати билан адабиётшунослар билан халқ ўртасида асрлар давомида шаклланган қолипни чилпарчин қилиб ташлади-ку. Ёки ўз даври шоирларига ким ҳам Алишер Навоийчалик баҳо бера олган? «У ҳолда адабиётшунослар нима билан шуғулланиши керак?» деган савол туғилиши табиий. Адиб — актёр, адабиётшунос — пардозчи эмас. Адабиётшунослик — тиниқ кўзгу. Ижодкор унга қараб ўзини ўзи тузаши керак. Ижод маҳсули эса кўзгуда акс этган кўзгу.

Китобни ўқиш ва уқишдан ташқари, унинг ичида яшаш зарур. Шундай кишилар борки, фикри теран, китобнинг маъносини бошдан охир симириб қўйибди. Кўп ўқийди, ҳамма нарсани билади, хоҳлаган олим билан тортиша олади, бироқ ўқиганларига ўзи амал қилмайди. Китоб ўқиган киши ижобий томонга албатта ўзгариши керак. Агар ўзгармаса, минг ўқигани билан китобхон эмас, китобхўр бўлиб қолаверади. Мен инсонларнинг китобхон бўлишларини истайман.

 

Маъруф МЕНГЛИ

суҳбатлашди.                                                 




Ўхшаш мақолалар

Китоб ўқимаган она

Китоб ўқимаган она

🕔11:41, 20.09.2018 ✔27

Катта-ю кичикка ёд бўлиб кетган бу асарни билмаслик фожиа, қолаверса, уят эмасми?

Батафсил
Стимул нима, мукофот ёки жазо?

Стимул нима, мукофот ёки жазо?

🕔11:20, 13.09.2018 ✔41

Иш унумдорлигини оширишнинг супер инновацион усули.

Батафсил
Тарих қайта тилга кирди

Тарих қайта тилга кирди

🕔11:19, 13.09.2018 ✔41

Ўзбек халқи кўчманчи ё келгинди эмаслиги илмий исботини топди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Китоб ўқимаган она

    Китоб ўқимаган она

    Катта-ю кичикка ёд бўлиб кетган бу асарни билмаслик фожиа, қолаверса, уят эмасми?

    ✔ 27    🕔 11:41, 20.09.2018
  • Стимул нима, мукофот ёки жазо?

    Стимул нима, мукофот ёки жазо?

    Иш унумдорлигини оширишнинг супер инновацион усули.

    ✔ 41    🕔 11:20, 13.09.2018
  • Тарих қайта тилга кирди

    Тарих қайта тилга кирди

    Ўзбек халқи кўчманчи ё келгинди эмаслиги илмий исботини топди.

    ✔ 41    🕔 11:19, 13.09.2018
  • Уфққа ботган тақдирлар

    Уфққа ботган тақдирлар

    Уфқни ҳеч кузатганмисиз? Унинг рангин туси ортида алам, қайғу, бардош, мардлик, садоқат, ғирромлик, қўрқоқлик, айрилиқ, висол ва ҳижрон яширин...

    ✔ 69    🕔 10:56, 24.08.2018
  • Асардан олган ибрат

    Асардан олган ибрат

    Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, бирор асарни мутолаа қилган ўқувчи, шу асар ҳақида  ўттиз фоиз маълумотга эга бўлар экан. Уни мустаҳкам тушуниши учун  эса, асарни таҳлил қилиш ва уни ўқиган инсон билан фикрлашиш катта аҳамиятга эга. Шунда асар ҳақида жуда кўп маълумот ёдда қолар экан. 

    ✔ 56    🕔 10:55, 24.08.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар