Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

УМРИМНИНГ БЕШ КУНИ...

(Таҳририятга мактуб)

Одатда, бир оиланинг барбод бўлиши ҳақида мулоҳаза юритганимизда кўпроқ шу эр-хотиннинг кейинги тақдири, моддий таъминоти — бошпанаси-ю нафақаси ҳақида кўпроқ қайғурамиз. Аммо ота ё она меҳрини тотмай, сағирлик кўчасида қолиб кетган ўксик кўнгилнинг бир умрлик туганмас ҳасратига нима даво бўла олади?

УМРИМНИНГ  БЕШ КУНИ...

Чорак асрдан бери ота меҳрига ташна инсоннинг таҳририятимизга йўллаган мактубини ўқиб, бир оиланинг ажрашиши қанчалик катта мусибатларга сабаб бўлишига яна бир бор иқрор бўлдик.

«Бир куни кўчада икки боланинг суҳбатига беихтиёр гувоҳ бўлиб қолдим.

Бири иккинчисидан сўради:

— Бугун Содиқ мактабга бормадими?

— Бугун унинг онаси келган. У онаси келган кунлари мактабга бормайди.

Тушунаман. Турмушга чиқиб, бошқа оила қуриб кетган онасининг келиши Содиқ учун чинакам байрам! Балки байрамдан ҳам каттароқ қувончи бордир.

У биздан сал нарироқдаги уйда туради. Бу йил тўртинчига кўчган. Ота-онаси ажрашгандан кейин Содиқ онаси билан бувисиникида туришарди. Икки йил бўлди, онаси бошқа турмуш қилиб кетди. У эса бува-бувисининг қарамоғида қолган.

Икки боланинг суҳбати сизга унчалик таъсир қилмагандир, аммо мени чинакамига ларзага солди. Эҳтимол, кичкинтой Содиқ билан тақдиримизда ўхшашликлар бўлгани учундир... Сабаби, инсонлар ўзлари билан бир хил қийинчиликка учраган ёки бир хил дард билан оғриган инсонларни кўпроқ тушунишади ва ҳис қилишади. Энди нима учун шунчалик таъсирланганим боисини айтиб берай...

Биринчи кун

Ота-онам уч ойлик чақалоқлигимда ота томондан бувимизнинг хоҳишлари билан ажрашишган экан. Нима сабаб бўлгани менга қоронғи. Ушбу қарор, мана, чорак асрки, ҳаётимни ўзининг сўнгсиз саволлари-ю топилмас жавоблари билан қийнаб келади. Аслида отам йўқ, деб нолишга ҳақлиманмикан, деб ҳам ўйлаб қоламан. Ахир, отасини ароқхўрлиги, сабабсиз калтакларидан безор бўлган ё тоқат қилиб бўлмас даражада бефарқлигидан азоб чекаётган фарзандлар қанча?!.

Онам менга ҳали мактабга бормасимдан ёзиш ва ўқишни ўргатдилар. Бир куни тунда отамга хат ёздик. Аниқ мазмуни ёдимда бўлмаса-да, ўшанда отамнинг катта машинаси борлиги ва унда узоқ жойларга мевалар олиб боришини билиб олгандим.

Иккинчи кун

Ота меҳрини билмай, ҳис қилмай ўсаётган қизни бир куни онасидан ҳам жудо қилдилар. Мен эса буви ва бувам билан қолдим. Ёнимда бўлганида қадрига етмаганим онажонимни дафтарим муқовасига ёзиб берган ёзувларини бағримга босиб йиғлаганларим ҳамон эсимда. Қорним тўқ, эгним бут. Фақат... она меҳри етишмасди.

Бугун ўша кунларни эслаб, атрофимда ўйнаб юрган жужуғимни кўриб бир ҳақиқатни англаб етдим: онанинг фарзанди учун қилган ҳар бир ишидан оналик меҳрининг иси келиб тураркан.

Учинчи кун

Доим қалбимни ўртаган нарса — эслаганимда кўзимни ёш билан намлатувчи ота меҳрини билмай, оний лаҳза бўлса-да, ҳис қилмай ўсганимдир. Ёшликда билмаган, тўғрироғи, ҳис қилмаган туйғуларим ўсмирлик ёшига етганимда ўзини кўрсата бошлади. Синфдошларим орасида отаси ҳақида гапирганларни ёмон кўрадиган, бирор ёши улуғ одамга дуч келиб қолсам, «кимнинг қизисан?» деган савол бермасин, деб ичимда такрор айтадиган ва одамлардан ўзимни олиб қочадиган бўлдим. Лекин қалбимда шу каби ҳислар билан баробар равишда ота деб аталмиш инсон қандай бўлиши, фарзандлар ҳаётида қанчалик аҳамиятлилиги ҳақида саволлар ҳам кўпая борди. Тўғри, ёнимда, атрофимда фарзандларига доим меҳрибонлик қилувчи, ҳамиша уларни деб куюнувчи оталарни кўп кўрганман, аммо... Кўриш бошқа, ҳис қилиш умуман бошқа нарса экан. Оний лаҳзага бўлса-да, ота меҳрини туйишни истаган пайтларим жуда кўп бўлган. Шундай пайтлар бўладики, баланд бино устига чиқиб, бор овозим билан ҳайқиргим, ичимдаги жами армонларимни шу билан чиқаргим келади. Баъзан эса, уларнинг ёнига бориб, шунча йиллардан буён йиғилиб қолган гапларимни ўзига айтиб йиғлагим келади.

«Учрашиш имкони бўла туриб нимага учрашмагансиз?», дея сўраманг. Кўча-кўйда кўриб туриб, ёнимдан индамай ўтиб кетган инсондан нимани кутишни, очиғи, билмайман ҳам. Тушунмайман, ўз зурриёдига нисбатан ҳам шундай муносабатда бўлиши мумкинми инсон?! Агар отамнинг бошқа фарзандлари бўлганида эди, ўшалар билан овуниб, мен эсига келмаётгандирман-да, дердим. Аслида таажжубимга сабаб бўлгани ҳам отамнинг ягона зурриёди эканлигим. 

Тўртинчи кун

Инсон яшаб ўтган ҳаёти, умри давомида жуда кўп нарсага кўникар экан. Қачондир сизни ғазаби­нгиз ё нафрати­нгизга сабаб бўлган ҳолат ёки вазият орадан йиллар ўтиб, оддий кундалик воқеа сифатида кўрилар экан. Бу дийданинг қотиши, бағирнинг тошга айланишими... Бу пайтга келиб мен ҳам отасиз ўсдим деб ўкинмайдиган, ўзимни ҳар хил саволлар исканжасидан қутқаришга ҳаракат қиладиган, отам ҳақида бирор гап эшитсам, худди менга аҳамияти йўқдай тутадиган бўлдим.

Бир куни онам: «отанг қаттиқ касал бўлибди, бориб кўриб кел», деб қолдилар. Ўшанда у инсонга нисбатан юрагимда ҳеч бир ачиниш ҳис қилмаганимдан ўзим ҳам ҳайрон қолган эдим.

Бешинчи кун

Мана, бугун ўзим ҳам онаман. Шукрки, фарзандим икки кўзи билан улғаймоқда. Ҳали кичкина бўлса-да, отасига бўлган муносабатидан, қиладиган эркаликлари-ю болаларча муҳаббатидан ҳайратга тушаман. Ота-она ўзига етган неъматдан кўра боласига етган неъматга кўпроқ хурсанд бўларкан. Фарзандимнинг кўзидаги кулги орзуларимнинг ушалгани, армонларимнинг аригани.

Отамга ҳеч қачон ишим тушмайди, деб ўйлардим. Лекин... ота меҳрига бўлган эҳтиёж қалбимни ҳамиша кемтик қилиб туришини доимо ҳис қиламан...  

 

Зиннура   ... қизи»

Эр-хотин ажрашгач, ҳар ким ўз йўлига кетади. Балки улар янги турмуш қуриб, янги бир бахтли ҳаётни бошлашар. Лекин умр бўйи етимлик ғуссасини кўтариб юришга маҳкум гўдакларнинг айби нима? Нега улар катталарнинг ҳой-ҳаваси учун умр бўйи елкасини қисганча товон тўлашлари керак?

Бу ҳақда сиз нима дейсиз? 

 

Абдукарим АВАЗБЕКОВ




Ўхшаш мақолалар

Эртанги бахтга аниқ ишонасизми?

Эртанги бахтга аниқ ишонасизми?

🕔12:06, 02.08.2018 ✔45

Ёлғон гап умрбод бошпана бўлолмайди.

Батафсил
Ўн саккиз йиллик сабр

Ўн саккиз йиллик сабр

🕔12:05, 02.08.2018 ✔45

Cинглим шунча йил фарзанд кутди ва...

Батафсил
Ориятни ҳимояга олган маликалар

Ориятни ҳимояга олган маликалар

🕔11:00, 19.07.2018 ✔77

Ушбу спортчилар хонадонининг ўзгача бир анъанаси бор: муҳокама қатъий, жазо тайин...

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Эртанги бахтга аниқ ишонасизми?

    Эртанги бахтга аниқ ишонасизми?

    Ёлғон гап умрбод бошпана бўлолмайди.

    ✔ 45    🕔 12:06, 02.08.2018
  • Ўн саккиз йиллик сабр

    Ўн саккиз йиллик сабр

    Cинглим шунча йил фарзанд кутди ва...

    ✔ 45    🕔 12:05, 02.08.2018
  • Ориятни ҳимояга олган маликалар

    Ориятни ҳимояга олган маликалар

    Ушбу спортчилар хонадонининг ўзгача бир анъанаси бор: муҳокама қатъий, жазо тайин...

    ✔ 77    🕔 11:00, 19.07.2018
  • Ҳар бир оила давлат ҳимоясида

    Ҳар бир оила давлат ҳимоясида

    Жамиятимизнинг муҳим бўғинини кафолатлайдиган концепция қабул қилинди.

    ✔ 111    🕔 10:38, 12.07.2018
  • Ошни  сополда еймиз...

    Ошни сополда еймиз...

    Келин бўлиб тушганимга эндигина уч-тўрт кун бўлганди. Қайнонам: қизим масаллиқларни тай­ёрланг, ош қиламиз, деб қолди. Хайриятки, онамдан ош қилишни анча ўрганиб олгандим. Бемалол ўз уйимдагидек ошхона бекасига айландим.

    ✔ 110    🕔 11:47, 28.06.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар