Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

САВОБЛАРНИ КЎПАЙТИРИБ, ГУНОҲЛАРДАН ПОКЛОВЧИ РАМАЗОН

Куни кеча Президентимизнинг «Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди ҳамда бу йилги Рамазон ойининг илк куни 17 майдан бошланиши алоҳида қайд этилди. Қарорда таъкидланганидек, Рамазон халқимиз учун эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи ҳисобланади.

САВОБЛАРНИ КЎПАЙТИРИБ, ГУНОҲЛАРДАН ПОКЛОВЧИ РАМАЗОН

Бу муборак ойда ижтимоий ҳаётимизда ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш ҳамда муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, унинг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғояларига алоҳида эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир.

Ҳа, Рамазон қилинган ҳар бир эзгу иш учун савоблар кўпайтириб бериладиган, хатми Қуръонлар қилинадиган, шайтонлар занжирбанд этиладиган, дуолар мустажоб бўладиган раҳмат ва мағфират ойидир. Унинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, ой давомида имкон қадар кўпроқ яхшиликларга эришиш эса ҳар биримизнинг орзумиздир.

Хайрли ишларимиз янада кўпаяди

Бу йилги Рамазон ойини янада мазмунли ўтказиш учун мусулмонларга қандай шарт-шароит ва имкониятлар яратилади?  

Шайх Абдулазиз МАНСУР, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари:

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Бу галги Рамазон олдинги йиллардагидан, иншааллоҳ, анча фарқ қилади. Сабаби, бу йил юртимизда биринчи маротаба бутун мамлакатимиз бўйича Қуръони карим мусобақаси ўтказилди. Қуръон ўқилган жойга барака инади. Шунинг учун ҳар йилги анъанамизга мувофиқ Рамазон ойида деярли барча масжидларимизда хатми Қуръон бўлади. Бир пайтлар Рамазонда хатми Қуръон тугул, ҳатто таровиҳ намозига ҳам имкон бўлмаганини орамиздаги ёши катталар яхши билишади. Бугун бундай кунларнинг ҳар бири улуғ бир байрам десак, муболаға эмас. Минглаб зиёратчилар бу ойда умра сафарига бориб, Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилишади. Умра арконларини бажаришади. Юртимиз, юртдошларимиз ҳақига дуо қилишади. Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод этилиш бўлган фазилатли кунларида қилинган ана шу эзгу дуоларнинг қабул бўлишига умидвормиз. Дуо эса ибодатларимизнинг мағзидир.

Шунингдек, ушбу ой муносабати билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Маданият ва маърифат» телеканали Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мутахассислари билан ҳамкорликда «Қуръони карим маърифати» номли янги кўрсатув тайёрламоқда.  У бир ой давомида, ҳар куни саҳарлик ва ифторлик пайтида намойиш этилиши режалаштириляпти.

Бу қутлуғ ойнинг фазилатлари тафаккур қилиниб, уни дуо-ибодатлар билан ўтказиб, ундан унумли фойдаланиб қолмоқ зарур. 

 

Чалкашликнинг сабаби нима?

Бу йилги Рамазон тақвимида ушбу ой 16 майдан бошланиши қайд этилган. Аммо Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг маълумоти асосида Рамазон ойининг биринчи куни 17 майга тўғри келиши ҳақида қарор чиқди. Бу чалкашликка нима сабаб бўлди?

Нуримон ­АБУЛҲАСАН, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари:

— Аҳамият берилган бўлса, ўша тақвимда Рамазоннинг бошланиши ой чиқишига қараб бир кунга фарқ қилиши мумкинлиги алоҳида эслатиб ўтилган. Сабаби, ҳижрий сананинг ойлари баъзан 29, баъзан 30 кундан иборат бўлади. Шунга кўра, янги ой — ҳилолни қўриш бу масалага янада ойдинлик киритади.

Ҳижрий тақвим асосида йил ҳисобини юритувчи айрим давлатларда алоҳида Ҳилолни кўриш вазирлиги ташкил этилган. Бизда эса бу йилдан бошлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси таркибида махсус ҳайъат тузилиши режалаштириляпти. Бу эса келгусида мазкур масалага янада кўпроқ ойдинлик киритиш имконини беради. 

Янги ой чиқиши минтақаларда турлича бўлгани сабабли Рамазоннинг бошланиш ва тугаш вақтлари бошқа давлатлардан фарқланиши мумкин ва бу табиий ҳол. Маълумки, дунёнинг ҳамма жойида вақт минтақалари бир хил эмас. Шу боис ҳар бир давлат Рамазонни ўз минтақасида ойнинг кўринишига қараб алоҳида белгилайди. Шу ва шу каби диний илмларни билмаганимиз туфайли «фалон давлатда Рамазон бошланди (ёки тугади), бизда эса ундай эмас, демак, бизники хато экан-да», деган нотўғри талқинлар, тушунчалар ҳар йили баъзи одамларимиз орасида баҳсларга сабаб бўляпти. Исломий маърифат ҳамда уламоларимиз фатвосига эргашиш одоби бундай асоссиз баҳсларга чек қўяди.        

 

Қаноат кўникмаси

Рамазоннинг инсон хулқ-атворига қандай таъсири бор? Бу ойда рўза ва бошқа ибодатлар орқали қандай фазилатларга эришиш мумкин? 

Собиржон ­РУСТАМОВ, Тошкент Ислом институти ўқитувчиси:

— Рамазон, аввало, покланиш ойидир. Бошқа ойларда билиб-билмасдан қилиб юрган баъзи бир номақбул ишларимизни бу ойнинг шарофатидан  тўхтатамиз. Ўзимизни шунга ўргатамиз ва нафсимизни кўндирамиз. Рамазон тугагунча шу ҳолатда мустаҳкам туришга ҳаракат қиламиз. Ана шунда ички оламимизда ажиб бир ўзгариш бўлганини ҳис қиламиз.

Мисол учун, чақимчилик, бўҳтон, иғво, ғийбат, ёлғон, туҳмат, ҳасад, кибр,  риё каби инсонга нораво ўнлаб хислатлар борки, улар нафақат инсоннинг ўзига, балки ён-атрофидагилар, оила аҳли ва бутун жамиятга ҳам жуда катта зиён етказади. Одамлар орасига нифоқ, душманлик, фитна, бузғунчилик тушишига, оқибатда эса, эртага инсоннинг охирати барбод бўлишига ҳам сабаб бўлади. Рамазон ана шуларнинг ҳаммасидан парҳез қилиш — покланишга ўргатади. Рамазон рўзаси инсоннинг нафақат ўз вужудида кечаётган сокин ва осойишта моддий-маънавий ҳолатларни, балки ўзи каби бошқа бир биродаридаги ҳолатни ҳам ҳис қилишга, ўзгалар дардини худди ўзиники каби қабул қилишга ўргатади. Ҳадиси шарифларнинг бирида инсон ўзига раво кўрганини биродарига раво кўрмагунча комил мусулмон бўла олмаслиги таълим берилган.    

Ҳар бир инсоннинг ҳолати Рамазондан олдин ва кейин солиштирилганда албатта фарқ бўлиши керак. Акс ҳолда, бу қутлуғ ойнинг беқиёс баракасидан маҳрум қоламиз.    

 

Тақво — энг яхши озиқ

Очлик билан даволаш бугун жуда кўп тиббий муолажаларда ишлатиляпти. Рамазон рўзасининг бундан фарқи ва афзал жиҳатлари нимада?

Шуҳрат ­ҒОЙИМОВ, пойтахтимиздаги «Ҳасанбой» жоме масжиди имом хатиби:

— Рамазон Қуръони карим нозил қилинган, бир қанча ибодатлар жорий этилган, яхши амалларнинг савоби кўпайтириб бериладиган муборак ой. Шу билан бирга, бу ойнинг яна бир алоҳида жиҳати бунда рўзанинг фарз бўлишидир.

Эътибор қилсак, бу ҳақдаги ояти каримада «рўза тутишингиз ўзларингиз учун яхшидир» дейилган. Бу оят ҳикматлари ҳақида баҳс юритган олимларимиз рўза тутишда инсон учун бир қатор моддий ва маънавий фойдалар борлигини таъкидлашган. Шулардан бири — рўзанинг ҳам моддий, ҳам маънавий ҳолат эканидир.

Очлик воситасида касалликларга даво исташ инсон учун мажбурий ҳолатдир. Очлик дейилганда баъзан парҳез, яъни ейиш-ичишдан буткул тийилмай, фақатгина баъзи нарсаларни тарк қилиш, айримларини эса кам миқдорда бўлса ҳам истеъмол қилиш тушунилади. Аммо рўзада субҳдан шомгача инсон ейиш-ичишдан батамом тийилгани боис танадаги овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ барча аъзолар ором олади. Вужуддаги бу сокинлик овқат ҳазм қилиш тизимига алоқадор бўлмаган бошқа аъзоларга ҳам осойишталик ва сокинлик бахш этади. Шунинг учун ҳам рўзадор инсон бошқалар билан тортишмаслиги, хулқини айни рўза талаб қилган бир ҳолатда тутиши зарурлиги алоҳида таъкидланган. Масалан, рўзадорга кимдир қўпол муомала қиладиган бўлса, рўзадор у билан дарров баҳс-тортишувга берилиб кетмасдан, «мен рўзадорман», деб айтиши буюрилган. Бундай йўл тутиш рўзадорнинг ўзи учун ҳам, у билан тортишмоқчи бўлган инсон учун ҳам катта фойда беради. Инсон рўза воситасида меъёридан ортиқ озиқланишдан тийилиб, хулқини энг гўзал инсоний фазилатлар билан безаб, руҳий хотиржамликка эришар экан, унда моддий ва маънавий хасталикларга ўрин қолмайди. Очлик билан даволанишда инсон тортишиш, баҳслашиш, руҳий зўриқиш, сиқилиш, тажанглик, тушкунлик каби ўнлаб иллатлардан фориғ бўлиши қийин кечади.

Рўзанинг қайси бир олим ё табибнинг муолажа усулигина эмас, балки илоҳий мўъжиза экани ҳам шундадир.




Ўхшаш мақолалар

Дабдаба қилиб, дабдала бўлманг

Дабдаба қилиб, дабдала бўлманг

🕔11:41, 09.08.2018 ✔39

Шу тўй билан фарзанди ўзидан тиниб-тинчиб кетса хўп-хўп, аксинча бўлса-чи?..

Батафсил
Раҳбар такаббур бўлса

Раҳбар такаббур бўлса

🕔11:51, 26.07.2018 ✔80

Оёғи ердан узилган раҳбар кимга керак?!

Батафсил
Замонавий табрик

Замонавий табрик

🕔11:51, 26.07.2018 ✔71

Кечки сайр баҳонасида пойтахтимизнинг гўзал гўшаларидан бири — «Шаҳидлар майдони»га бордик.  Болалар сув бўйида югуриб ўйнаб юришибди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Дабдаба қилиб, дабдала бўлманг

    Дабдаба қилиб, дабдала бўлманг

    Шу тўй билан фарзанди ўзидан тиниб-тинчиб кетса хўп-хўп, аксинча бўлса-чи?..

    ✔ 39    🕔 11:41, 09.08.2018
  • Раҳбар такаббур бўлса

    Раҳбар такаббур бўлса

    Оёғи ердан узилган раҳбар кимга керак?!

    ✔ 80    🕔 11:51, 26.07.2018
  • Замонавий табрик

    Замонавий табрик

    Кечки сайр баҳонасида пойтахтимизнинг гўзал гўшаларидан бири — «Шаҳидлар майдони»га бордик.  Болалар сув бўйида югуриб ўйнаб юришибди.

    ✔ 71    🕔 11:51, 26.07.2018
  • Кўринмас тузоқ

    Кўринмас тузоқ

    Фарзандингиз умрига зомин бўлаётган иллат.

    ✔ 58    🕔 11:51, 26.07.2018
  • Қалбни ўлдирувчи хасталик

    Қалбни ўлдирувчи хасталик

    Бундайлар энг яқин кишисининг ҳам терисини шилиб олишни кўзлайди.

    ✔ 85    🕔 11:03, 19.07.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар