Долзарб мавзу      Бош саҳифа

БАХТИЁР МАКТАБГА ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

аммо бошқа муаммо ечими борасида мутасаддилар ҳамон бефарқ

Ким биландир маълум вақтда учрашиш ёки бирор масала юзасидан келишиб олиш мақсадида ўз вақтингизни шунга қараб белгиласангиз-у, аммо иккинчи томон берган ваъдасида турмаса, беҳуда кетган вақти­нгизга ачинасиз. Бундай пайтда ўша кимсанинг бепарволигини қандай изоҳлашни ҳам билмай қоласиз...

БАХТИЁР МАКТАБГА ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Газетамизнинг 2018 йил 3 май 18(312)-сонида «Кўчада қолган бола мактаб, маҳалла ва мутасаддилар эътиборидан четда кун кечирмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Тошкент вилояти Зангиота туманида туғилган, ҳозирги кунда уй-жойсиз кўчада кун кечираётган аёл ва унинг 9 ёшли ўғли тақдири хусусида сўз борган.

Таҳририятимизга мақола юзасидан қўнғироқлар ҳамон тинмаяпти. Улар орасида ­Меҳринисо Омоновага холис ёрдам бериш истагида бўлганлари ҳам бор. Аксарияти аёлга қўлидан келганча ёрдам беришга ҳам улгурди. Лекин гап бу ҳақда эмас.

Тошкент вилояти Зангиота тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Шодия Умархўжаева       11 май куни соат 9:30 да Занги­ота тумани «Сортепа» маҳалла фуқаролар йиғинида мақолада келтирилган аёлнинг тақдири юзасидан муҳокама ўтказилиши, унда ўзи бошчилигида туман прокурори, туман ички ишлар бўлими бошлиғи, маҳалла оқсоқоли, маҳалла фаоллари ҳамда Меҳринисо Омонова ва унинг акаси қатнашишини маълум қилиб, мазкур мажлисда қатнашишимизни сўради.

Биз кўтарган масала мутасаддилар иштирокида муҳокама этилишини эшитиб, бажонидил розилик бердик. Ҳартугул ёрдамга муҳтож бир аёлнинг мушкули осон бўладиган бўлди, деган умидда белгиланган вақтда, кўрсатилган манзилга етиб бордик. Аммо...

«Сортепа» маҳалла фуқаролар йиғинида юқорида айтилган мутасаддиларнинг биронтаси йўқ. Маҳалла раисининг ёрдамчисига келишдан муддаомизни тушунтирдик. Ёрдамчи дарҳол маҳалла оқсоқолига қўнғироқ қилди.

Маҳалла раиси Раҳимжон Юсуфхўжаевнинг айтишича, ҳақиқатан ҳам ўша куни маҳалла фаоллари иштирокида аёлнинг муаммоси муҳокама қилиниши белгиланган экан. Лекин мазкур йиғинда қатнашиши белгиланган мутасаддиларнинг биронтаси келмаган. Мазкур йиғилиш ташкилотчиси бўлган туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Шодия Умархўжаевадан ҳам дарак бўлмаган.

Маҳалла оқсоқолининг билдиришича, маҳалла мутасаддилари ­Меҳринисо Омонованинг акаси билан гаплашган. Лекин ака синглисини ҳар қандай вазиятда ҳам уйга киритмаслигини, меросда унинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи йўқлигини, қонун ўзи тарафдалигини рўкач қилиб, муросага кўнмаган. Меросни ўз номига ўтказаётган вақтида синглисига катта миқдорда пул берганини ҳам қайта-қайта таъкидлаган. Аёлнинг айтишича, у акасидан ҳеч қандай пул олмаган.

Муҳокаманинг қолдирилиши сабабини билиш мақсадида туман хотин-қизлар қўмитаси раисига бир неча маротаба қўнғироқ қилдик. Аммо гўшакни ҳеч ким кўтармади...

Орадан чамаси уч соатлар вақт ўтиб, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Шодия ­Умархўжаева биз билан боғланди. Оворагарчилик учун узр сўраб, кутилмаганда мажлисга чақирилиб қолганини, лекин бугунги мажлис бўлиши кераклигини, унга ёрдамчисини жўнатганини айтди. Мажлисга келиши керак бўлган бошқа мутасаддилар ҳам зарурат юзасидан келолмаганини қўшимча қилди. Гарчи бу савобли иш амалга ошмаган бўлса-да, Меҳринисо Омонова масаласи тез кунларда ижобий ҳал этилишини бот-бот такрорлади.

Дарвоқе, айни пайтда, мақола қаҳрамони — Бахтиёр Омонов туман хотин-қизлар қўмитаси раисининг ёрдами билан тумандаги 33-мактабнинг 2-синфида таҳсил олишни бошлаган. Мактаб директори Сағдулла Алиакбаровнинг айтишича, Бахтиёр Омонов ўқув қуроллари билан таъминланган.

Бугун Меҳринисо Омонованинг оз бўлса-да, муаммоси ижобий ечим топмоқда. Фақат уй-жой борасида амалий ёрдам кўрсатилса, унинг яна бир асосий муаммоси ҳал этилади. Аёл ўз уйида ҳалол меҳнат қилиб, фарзандини тарбиялаб, вояга етказишни жуда-жуда истамоқда.




Ўхшаш мақолалар

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

🕔18:05, 06.12.2018 ✔24

Мардикорлар дардини ҳам кимдир тинглайдими?

Батафсил
«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

🕔17:43, 06.12.2018 ✔21

«Ўзбектелеком» интернет нархи ва тезлиги борасидаги ваъдасини бажардими?

Батафсил
Аризачи қўлида «қилич»,  директорда «қалқон»,  ўртада сарсон  ўқитувчилар...

Аризачи қўлида «қилич», директорда «қалқон», ўртада сарсон ўқитувчилар...

🕔16:17, 29.11.2018 ✔64

Бир фуқаронинг таҳририятимизга кетма-кет мурожаати, қолаверса, вазиятни жойига бориб ўрганишни сўраб қилган илтимоси билан Самарқанд вилояти Нуробод тумани «Оқсой» МФЙ Товоқбулоқ қишлоғида бўлиб, 51-умумтаълим мактабида журналистик текширув ўтказдик.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар