Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

«ТУРОН»ДА ГУЛЛАР ЭНДИ ДОИМ ЯШНАЙДИ

Газетамизда мақола эълон қилингандан сўнг «Турон» ахборот-кутубхона марказида улкан ўзгаришлар бошланди

«Оила даврасида» газетасининг жорий йил 17 майдаги 20-сонида «Бир асрлик кутубхона ўқувчиларни ва эътиборни кутмоқда» сарлавҳали мақола чоп этилган эди.

«ТУРОН»ДА ГУЛЛАР ЭНДИ ДОИМ ЯШНАЙДИ

Унда улкан маънавий бойликка эга зиё масканига масъул мутасаддилар, зиёлилар ва кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш, ёшларнинг бу бебаҳо меросдан янада кенгроқ фойдаланиш имкониятини яратиш борасида сўз борган эди.

Бугунги кунда Президентимиз ташаббуси билан юртимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини янада ошириш, хусусан, ёшларнинг мутолаага бўлган қизиқишини кучайтиришга давлат сиёсати даражасида улкан эътибор қаратилмоқда. Буни мақола эълон қилингандан сўнг тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тезкор муносабат билдирилиб, бир асрлик кутубхона тақдири ҳеч кимнинг эътиборидан четда қолмаслигида ҳам кўриш мумкин.

Мутасаддилар ташриф буюришди

Жорий йилнинг 22 май куни «Турон» ахборот-кутубхона марказига Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Республика ахборот-кутубхона маркази мутасаддилари ташриф буюришди.

— «Турон» ахборот-кутубхона маркази юртимиздаги энг узоқ тарихга эга зиё масканларимиздан бири ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Собир ШУКУРОВ. — Ўқувчиларга унинг бой ресурсидан унумли фойдаланиши учун етарли даражада қулайлик ва шарт-шароит ташкил этиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим масала бўлиб турибди. Сабаби, бу кутубхонада катта ададдаги нодир манбалар сақланади. Ҳозирда кутубхонада фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишни янада кенгайтириш, масофадан туриб кутубхонадан фойдаланишни ташкил этиш чоралари кўриляпти. Энг муҳими, «Турон» ахборот-кутубхона маркази ўзининг қадимий салоҳиятини сақлаб қолган ҳолда замонавий хизмат кўрсатади.

Куни кеча Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан миллий ва жаҳон адабиёти, илмий-оммабоп нашрлардан иборат 1000 дан ортиқ адабиётлар жамланмаси ушбу кутубхона фондига тақдим этилди. Кутубхонага келаётган даврий нашрлар янада кўпайтирилиб, китобхонлар «Халқ сўзи», «Правда Востока», «Овози тожик», «Нурлы жол», «Қишлоқ ҳаёти», «Жамият», «Маърифат», «Ҳуррият», «Ёшлар овози», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Оила даврасида» каби газеталар, «Жаҳон адабиёти», «Тафаккур», «Ёшлик» журналлари билан доимий танишиб боришлари учун шароитлар яратилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан китобхонларга қулайлик яратиш мақсадида зарур тезликдаги интернет билан таъминланди. Кутубхонада Wi-Fi ҳудуди ташкил этилиб, барча китобхонлар ундан бемалол фойдалана олади.

Бўлаётган ишлардан оддий китобхон қаторида кўп қувондик. Зеро, доим ҳам матбуот бонгига нисбатан барча соҳада бундай эътибор бўлавермайди. Бундан мақолада кўтарилган яна бир масала: яқин келажакда кутубхонанинг узоқ туман ва қишлоқларга зиё етказувчи библиобусларга эга бўлишига ҳам амин бўлдик.

Жорий йилнинг февраль ойида Президентнинг тегишли фармони билан республикадаги барча ахборот-кутубхона марказлари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси таркибига ўтказилиши ҳам соҳада катта ўзгаришлар кутилаётганидан даракдир. Буни биргина жорий йилда ушбу кутубхонага янги китоблар сотиб олиш учун ажратиладиган маблағ ўтган йилларга нисбатан сезиларли миқдорда кўпайганида ҳам кўриш мумкин.

Китобхонга ноёб қулайлик

— Узоқ тарихга эга кутубхонамизнинг бошқаларга намуна бўладиган жиҳатлари кўп, — дейди марказ раҳбари Дилдора АБДУАЗИЗОВА. — Масалан, бундан бир неча йил олдин тарихда ўзбек хотин-қизларининг ўрни мавзусида илмий изланиш олиб бораётган америкалик тадқиқотчиси мазкур кутубхонага келган эди. Табиийки, унга аниқ тарихий манбалар, у ердаги маълумот ва фикрлар зарур. Республикамизда биринчилар қатори тўпланган тажриба асосида кутубхона ходимлари томонидан тадқиқотчига библиографик кўрсаткич тайёрлаб берилди. Яъни, унга зарур бўлган мавзу нашрлар кесимида, нашр чоп этилган йил, унинг сони ва мақола сарлавҳасигача аниқ берилган библиографик маълумотнома тайёрланди. Ундаги тарихий манбаларнинг араб ёки лотин имлосида экани эътиборга олинса, ишнинг кўламини тасаввур қилиш қийин эмас. Олим кутубхона ходимлари фидойилигидан ҳайратда қолди: у бу маълумотларни топишга камида бир йил вақти кетишини яхши биларди. Ҳа, АҚШдан келган тадқиқотчи Ўзбекистон кутубхоначилигида бундай тизимли ишни кутмаганди.

— Кутубхонада библио­график маълумотлар базаси, библиографик кўрсаткич тузиш фаолияти йўлга қўйилган, — дейди Ахборот-кутубхона маркази директори ўринбосари Наргиза КУЗИБАЕВА. — 2010 йилда республикамизнинг етакчи газеталаридан бўлган «Иштирокиюн», «Қизил байроқ» ва «Туркистон» газеталарининг 1918 — 1924 йиллардаги сонларида эълон қилинган мақола ва хабарларнинг изоҳли библиографиясини ўз ичига олган «Миллий матбуот фиҳристи» номли библиографик кўрсаткич тайёрланиб чоп этилди. Ушбу нашр республикамиздаги кўпгина кутубхоналарга тарқатилди.

Бу тажриба давом эттирилиб, «Турон» кутубхонаси тарих саҳифаларида» номли библио­­график кўрсаткич, «Шарқ ҳақиқати» газетасида 1928 — 1930 йилларда эълон қилинган мақолалар библиографияси, «Маориф ва ўқутғучи» журналида 1925 — 1930 йилларда чоп этилган мақолалар библиографияси каби қатор рисолалар чоп этилиб, ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинди.

«Турон» — маҳаллангизда

Тан олиш керак, кутубхона шаҳар марказидан анча четда. Қолаверса, у ерга борадиган жамоат транспорти ҳам кам. Шуни инобатга олиб, кутубхонанинг ўз ўқувчиларини тўплаш, китобхонликни тарғиб қилишдаги ташаббусларини республика бўйича ёйиш ўринли эканига амин бўлдик.

— Имкониятдан келиб чиқиб, пойтахтимиздаги Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида, Чилонзор тумани ИИБ,  Яшнобод туманидаги «Мумтоз», «Уйсозлар» МФЙда, 23-умумтаълим мактабида, бир неча мактабгача таълим муассасасида ва бошқа ташкилотларда кўчма кутубхоналар ташкил этилди, — дейди «Турон» ахборот-кутубхона маркази Ҳужжатларга ишлов бериш бўлими мудири Озода НАРЗУЛЛАЕВА. — Ҳозир уларнинг сони ўнтага етган. Кўчма кутубхоналарга ўқувчиларнинг қизиқишларини эътиборга олган ҳолда, фондимиздан ҳар бирига бир неча юзтадан бир неча мингтагача китоб ажратганмиз. Ушбу китоблар ўқиб бўлингач, қайтарилиб, ўрнига яна янги китоблар етказиб берилади. Бу ташаббус ўзининг катта самарасини бермоқда. Тасаввур қилинг, маҳаллангизда бевосита «Турон» кутубхонаси бўлса: китоблар оилавий — отадан ўғилга, онадан қизнинг қўлига ўтиб ўқилади. Хусусан, жорий йил биринчи чорагининг ўзида ушбу 10 кўчма кутубхонада 6500 тадан зиёд китоб ўқувчилар томонидан олинган.

Кутубхонамизда ёши улуғ ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам шароит яратилган. Уларнинг эҳтиёжига кўра, китобларни ўзимиз сўралган манзилга етказиб беришни таъминлаймиз.

Газетамизнинг ўтган сонида ноёб ва бой манбаларга эга мазкур кутубхона фаолиятини ёритишдан мақсадимиз бировни танқид қилиш ёки айблаш эмас, унга мутасаддилар ва жамоатчилик эътиборини қаратиш, кўп минг сонли китобхонларга янада қулайликлар яратиш зарурлигини таъкидлаш эди, холос. Бугун эса шу мақсадимизга оз бўлса-да, эриша олдик. Қолганини вақт кўрсатади.

 

Бахтиёр ИЛҲОМОВ




Ўхшаш мақолалар

Арча нега минг йил яшайди?

Арча нега минг йил яшайди?

🕔11:29, 09.08.2018 ✔20

Сотқинбой — ота-она орзулаган исмми?

Батафсил
Яшашга ундовчи ишора

Яшашга ундовчи ишора

🕔11:29, 09.08.2018 ✔33

Бор-йўғи юз бетлик асардаги улкан ҳақиқат.

Батафсил
Ялтираган ҳар нарса олтин эмас!

Ялтираган ҳар нарса олтин эмас!

🕔11:44, 26.07.2018 ✔47

Қачонгача онгимизни ўзгалар бошқаради?!

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар