Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ЭГРИ ЎСГАН НИҲОЛЛАР

Унинг орзулари жуда кўп эди. Чегарачи бўлиб, она Ватанини ҳимоя қилмоқчи эди. Ерга қараганча кўз ёшларини артиб, ўз орзулари ҳақида сўзлаётган бола эндигина ўнинчи синфда ўқийди. Тенгдошларидан фарқи — унинг орзулари энди саробга айланди. Сабаби, у мудҳиш жиноятга — қотилликка қўл урди. Айни ўйнаб-куладиган, ўқиб-ўрганадиган пайтини панжара ортида ўтказишга маҳкум бўлди...

ЭГРИ ЎСГАН НИҲОЛЛАР

Яқинда телеканаллардан бирида кўрсатилган Собир исмли бу боланинг тақдири ҳар қандай одамнинг юрагини ларзага солиши аниқ. Бу кўргилик нафақат Собирнинг, балки унинг яқинлари ҳаётини ҳам ўзгартириб юборди.

Собир каби айни навқирон, ҳаётининг гўзал пайтида жиноятга қўл ураётган, билиб-билмай ўзини ўзи ўтга отаётган ёшлар, афсуски, кўпаймоқда. Ўзбекистон Республикаси «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган анжуманда маълум қилинишича, ўтган йили мамлакатимизда йигирма мингдан зиёд вояга етмаган ёшлар жиноятга қўл урган. Ачинарлиси, уларнинг 310 нафари ҳали мактабни ҳам тамомлашга улгурмаган ўқувчилардир.

Олдига улкан мақсадлар қўйиб, улар сари олға қадам ташлаш ўрнига ёшлар бундай қинғир йўлга кириб қолганининг сабаби нимада? Бу болаларнинг ота-онаси, ўқитувчилари, маҳалла-кўй қаерга қараган?

Бировнинг боласи... Менга нима?

Яхши устознинг этагидан тутган бола гарчи ота-онаси қора меҳнат билан шуғулланса-да, келажакда катта натижаларга эришганига кўп гувоҳ бўлганмиз. Мактаб ёшидаги болалар ўқитувчиларининг ўргатган билими, ўгитлари, маслаҳатидан катта сабоқ олади. Ўқитувчи боланинг иқтидори ва руҳиятини ҳам англаган ҳолда керак бўлса, ота-онасига тушунтириб, болани ҳаёт йўлларини тўғри танлашига туртки бўлади. Ўқитувчининг фидойилиги ҳам шунда эмасми аслида? Аксинча бўлса-чи? Боланинг бўш вақти кўпайиб, эътибор ва билим олишдан четда қолса-чи?

— Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маълумотига таяниб айтадиган бўлсак, ўтган йили мамлакатимиз миқёсида 769 та мактабда ўқувчиларни ҳуқуқбузарлик ва безориликдан ҳимоя қилиш талаблари бажарилмаган, — дейди Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий тадқиқот институти профессори, вояга етмаганлар орасида жиноят сабабларини атрофлича ўрганган Норбек ТАЙЛАҚОВ. — Бунга мактаб маъмуриятидан ташқари, вазирлик ва унинг қуйи идоравий тизимида ҳам назоратнинг бўшаштириб юборилгани сабаб бўлган.

Айниқса, хулқ-атворида муаммоси бор ёшларга психологик ва маънавий ёрдам бериш масаласига жиддий эътибор қаратилмаяпти. Биламизки, ҳар қандай бузғунчилик бўш вақтнинг кўпайиши, бола фойдали машғулотга жалб қилинмай қолгани сабаблидир. Ўқувчининг дарсдан ташқари вақтини самарали ўтказиши учун турли фан ва спорт тўгаракларининг аҳамияти катта. Афсуски, баъзи мактабларда ўқувчиларни тўгаракка жалб қилиш шунчаки қоғоздагина мавжудлиги ачинарли ҳолдир. Тўгарак у ёқда турсин, болалар ҳатто, мактабдаги кунлик дарсларга ҳам қатнашмаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Юртимизнинг ҳар бир вилоят ва шаҳарларини ўрганганимизда ўқувчилар дарсга тўлиқ келмаган, давомад паст ҳолатларга тез-тез дуч келяпмиз.

Норбек Тайлақовнинг айтишича, оила муҳити талаб даражасида бўлмаган  ёки ота-онасиз қолиб кетган болаларни назоратсиз ва эътиборсиз ўз ҳолига ташлаб қўйиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Бундай болалар учун на ўқитувчилари, на мактаб маъмурияти, на маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари жон койитган. Масалан, биргина Пастдарғом туманидаги 29-, 49-, 100- ва 101-сонли мактабларда ўқиётган ота-онаси ноқонуний миграция йўли билан хорижга чиқиб кетган 6 нафар ўқувчига ҳеч қандай васийлик ва ҳомийлик чоралари кўрилмаган.

— Халқимизда азалдан қўни-қўшничилик, маҳалла-кўй бир-биридан бохабар бўлиб туриш анъанаси бор, — дейди психология фанлари доктори, профессор Ғайрат ШОУМАРОВ — Одамлар нима дейди, маҳаллада, қариндошлар орасида обрўйимиз нима бўлади, деган фикрда кишилар ўз-ўзини, ҳаракатларини назоратда тутишган. Маҳалладагилар ҳам албатта шунга яраша ўзи яшаётган ҳудуд аҳлига нисбатан эътибор ва жонкуярлик билан муносабатда бўлган. Бугун бу қадрият секин-аста дарз кетаётгани ачинарли. Бу илмий тилда жамоавийликдан — индивидуализмга, яъни ўзим бўлар, ўзим биларчиликка қараб кетиш дейилади. Элининг виждонини асрайдиган Анзират бувиларимизни топиш амримаҳол бугун. Менимча, айни ўсиб келаётган ёшларда катталардан, маҳалладан ҳайиқиш, уларга дахлдорлик ва ўз оиласи, маҳалласи, шаҳари ё қишлоғининг шаънини асраш ҳисси йўқолиб бормоқда.

Энг мустаҳкам иммунитет

Дарахтига қараб — меваси, ота-онасига қараб — боласи дейди халқимиз. Аслида мактаб, маҳалла, қўни-қўшнилар тарбия аталмиш гулнинг бир гулбарги, холос. Ота-онанинг тарбиядаги маҳорати, оиладаги соғлом муҳитнинг ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайди. Масалан, ота-боболаримиз оиладаги жипсликни таъминлашда унинг бари аъзоси жам бўлиб, бир дастурхон атрофида суҳбат қуришни, китоб мутолаа қилишни, оиланинг ёши улуғлари насиҳат қилиб, ёшларни тўғри йўлга солишини одат қилишган. Бугун оиласи жамулжамлигида уларнинг меҳри ва суҳбатида ўтиши керак бўлган вақтни болалар телевизор ва интернет билан ўтказишаётгани ачинарли. Ота-оналар эса фарзандларини ҳар он тарбиясига жиддий қараш ўрнига ўз юмушлари, қизиқишлари билан банд бўлмоқда. Бу эҳтимол четдан қараганда ниҳоятда оддий, безарар кўринар, лекин иммунитети заиф бола атрофдан ўзига зарарли бактерияларни тез юқтириб олгани каби тарбияси бўш бола онги ҳам ташқи таъсирдан шунча тез зарарланади.

Мутахассисларнинг фикрича, бугун болаларнинг моддий жиҳатдан таъминланиши ўтган ўн йилликда анча ошган. Ота-оналар болаларни кийим-кечак, ўқув қуроллари билан таъминлашга, турли тўгаракларга беришга катта эътибор бермоқда. Лекин иш ва маблағ топиш билан банд бўлиб, боланинг хулқига эътибор қилишга вақт топишолмаяпти. Натижада, болалар ҳеч нарсага муҳтож бўлмай ўсмоқда, бироқ маънавий қашшоқликка, атрофдаги ёт иллатлар таъсирига осон тушишга мойиллиги кун сайин ошмоқда.

Албатта, отанинг ҳам, онанинг ҳам бола руҳияти, тарбиясида аҳамияти катта. Уларнинг меҳридан мосуво қолган бола худди сувсиз ва қуёшсиз қолган ниҳолдек заиф бўлиб қолади. Айниқса, тарбия борасида отанинг ўрни беқиёс. Сабаби, она фарзандига меҳри сабаб унинг нуқсонлари, айбини тўғри баҳолай олмаслиги мумкин. Айрим оналар боласи қандайдир ёмон ишга қўл урса ҳам унга етарли танбеҳ бериб, тўғри йўлга солишга кўнгилчанлик қилади. Шу боис болага ҳар жиҳатдан адолатли ҳукм чиқариш, тарбиясини назоратга олиш кўпроқ оталарга хос жиҳат.

«Ақлли бўлишни истамайман»

«Ўн бир ёшли ўғлим учун янги китоб сотиб олдим, — дейди бир қўшним. — Уйга келиб унинг қувонишини кутгандим. Лекин ўғлим норози бўлиб, китобни олишни истамай хархаша  қилди. «Менга китобингиз керак эмас, қачонгача китоб ўқийман! Ўртоқларим мени мазах қилиш­япти. Мен ақлли бўлишни истамайман» деб йиғлаб қолди». Қўшним боласининг ҳолатини қандай тушунишни ҳам, қандай чора кўришни ҳам билмай боши қотганди...

— Бугун ўсмир ёшдаги болалар учун такаббурлик, худбинлик, эгоизм, тажовузкорлик, қўполлик ва зўравонлик ижобий ва ҳавас қиларли жиҳатлар сифатида қабул қилинишини кузатяпмиз, — дейди Ғайрат Шоумаров. — Кишини камолотга етакловчи раҳмдиллик, билимлилик, меҳр-шафқат ва бошқа инсоний хислатлар эса, аксинча, ожизлик белгиси сифатида қаралмоқда. Бунинг асосий сабаби нима дейишингиз мумкин. Болалар дунёқарашининг бундай нотўғри шаклланишида интернет ва телевидиние орқали намойиш этилаётган фильмлар катта таъсир кўрсатмоқда. Фильмларда зўравонлик ва қўполликнинг ва ҳатто, одам ўлдиришнинг очиқ ва таъсирчан кўрсатилиши бу иллатларга ёшлар орасида ҳавас уйғонишига сабаб бўлмоқда. Оқибатда билимдон, раҳмдил ва мўмин-қобил болаларга нисбатан камситиш назари билан қараш, аксинча уришқоқ, қўпол ва бузғунчи болаларга итоаткор бўлиш, уларга ҳавас қилиш кучаймоқда. Бу эса ёшлар орасида уюшган ҳолда жиноят қилиш учун замин яратиши аниқ.

Ҳозир аксарият ота-оналар ва ўқитувчиларда психологик билим етишмаяпти. Фарзандининг ҳозирги хулқи эртага қандай муаммога сабаб бўлишини олдиндан англай олишмаяпти. Бу борада тажрибага эга бобо ва бувиларимизнинг тарбиядаги ўрни ҳам анча сусайган.

Психологнинг фикрича, ёшларнинг тўғри йўлини топа олмаётгани — ота-онадан бири ё иккисининг фарзандига етарли вақт ажратмаётганининг ҳам оқибатидир.

Дарахт тўғри ўсиши учун уни ниҳоллигидан парвариш қилиш зарур бўлгани каби, болаларнинг ҳам онги-шуурида, қалбида иллатлар пайдо бўлмасидан олдин чора кўриш керак. Зеро, тарбия на вақтни, на иш ва на бошқа баҳоналарни ҳисобга олади.

 

Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

12 жоннинг дардини ким тинглайди?

12 жоннинг дардини ким тинглайди?

🕔11:46, 09.08.2018 ✔70

Ҳокимлик уй бермади, аммо «қимматли» тавсиясини аямади...

Батафсил
Дарёга етаётган жароҳат

Дарёга етаётган жароҳат

🕔11:40, 09.08.2018 ✔27

Айримларнинг лоқайдлиги туфайли дарё қирғоқлари абгор ҳолга тушиб қолмоқда.

Батафсил
Камерадан нега қўрқасиз?..

Камерадан нега қўрқасиз?..

🕔11:39, 09.08.2018 ✔28

Милиция ходими имижи ҳақида ўйлаш вақти етмадими?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар