Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Намунали уйнинг «намунали» «олтин» девори

Сифатсиз уй учун ўн йиллаб кредит тўлаётганлар дардини ким эшитади?

Намунали уйнинг «намунали» «олтин» девори

Бирор буюмни сотиб олаётган вақтимизда сифатини, кафолатини суриштирамиз. Бу табиий. Ахир, ҳеч ким эртага чув тушишни истамайди. Шу боис ишончли, кафолатли, маҳсулотида нуқсон чиқса, алмаштириб бера оладиган синамол жойни қидиради. Бироқ...

Ол(аёт)ганингиз унча-мунча жиҳоз ё маиший техника эмас, нархи осмон бошпана — уй-жой бўлса-чи? Устига-устак, у ипотека кредити эвазига харид қилинган эса-чи? Хонадон эгаси қарздан тезроқ қутулиш мақсадида емай-ичмай, фарзандлари ризқини қийиб, ойлик кредит тўловларни аранг тўлаб борса-ю, сотиб олган уйи уч-тўрт йил ўтмасдан яроқсиз ҳолга келиб қолса, дардини кимга айтади?

Бошига ана шундай савдо тушган юртдошларимиздан бири — Тошкент вилоятининг Паркент тумани «Истиқбол» маҳалла фуқаролар йиғини 33-хонадонда яшовчи фуқаро бу саволларга жавоб тополмай ҳалак...

Хонадон эгаси бундан тўққиз йилча муқаддам қишлоқда — олти сотихли, намунавий лойиҳа асосида қурилган уйлардан бирини 15 йиллик ипотека кредити эвазига сотиб олган. Қурилиш ишлари 2009 йилда бошланиб, 2010 йилда чала (кам-кўстини ўзи бут қилган) тугатилган. Ўша вақтда пудратчи — «Мирзаева Зарифа» МЧЖ қурилиш ташкилоти хонадон эгасига кафолат хати ёзиб берган. Гарчи сотиб олаётган уйи тўлиқ таъмирдан чиқарилмаган бўлса-да, туман ҳокимлигининг кўрсатмасига биноан хонадон эгаси уйни қабул қилиб олгани ҳақидаги ҳужжатга имзо чеккан. Лекин вақт ўтиб, қурилиш фирмаси ҳам, туман ҳокимлиги ҳам ўз ваъдасининг устидан чиқмаган. Чала қурилган уй атрофига хонадон эгаси ўз маблағи эвазига девор тиклаган. Чоп-чоп, югур-югурлар билан дарвозани аранг ўрнаттирган.

Пойдевори йўқ девор

— Тўрт йил аввал ошхона билан меҳмонхона ўртасидаги девор дарз кетди, — дейди уй эгаси куюниб. — Орадан икки-уч ой ўтиб, поли бироз чўкди. Натижада ошхона ва меҳмонхона ўртасидаги деворнинг таги ланг очилиб қолди. Кейин билсак, икки хона ўртасини бўлиб турувчи девор остига пойдевор қуйилмаган экан. Буни билгач, дарҳол туман ҳокимлигига, қурилиш фирмасига мурожаат этдим. Афсуски, мурожаатим бесамар кетди. Бугунги кунда икки хона ўртасида муаллақ туриб қолган девор ҳалокатли ҳолатга келиб улгурди. Тагидан нариги томони бемалол кўринадиган девор шунчаки шифтга осилиб турибди, холос. Очиғи, ҳар бир кунни шу девор кимнингдир устига қулаб тушмасайди, деган ҳадик ва қўрқув билан ўтказяпмиз. 

Фуқаронинг таҳририятимизга мурожаати сабаб, унинг уйига бордик. Вазиятни кўздан кечирдик. Хонадон эгасининг жон ҳовучлаб яшаётганича бор экан. Хона ўртасидаги девор таги, худди ўғри тушган оғилхонадай, ярим қарич очилиб турибди...

Фуқаронинг айтишича, мутасаддилардан наф бўлмагач, 2017 йил 25 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат йўллаган. 2017 йил 19 августда Тошкент вилояти Паркент тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари имзоси билан қуйидаги мазмунда жавоб хати олган:

«Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига йўллаган мурожаатингиз туман ҳокимлигида ташкил қилинган ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди. Мурожаатингиз юзасидан қуйидагиларни билдирамиз.

Ўрганиш натижаларига асосан, сиз истиқомат қилаётган намунали уй-жой 2010 йил дастурига асосан «Мирзабоева Зарифа» пудратчи ташкилоти томонидан қурилган бўлиб, бугунги кунда таъмирталаб ҳолга келганлиги, оралиқ деворларида сезиларли даражада ёриқлар пайдо бўлганлиги, полида эса чўкиш ҳолатлари мавжудлигини ҳамда бу ҳолат яшаш учун хавфни юзага келтиришини маълум қиламиз.

Юқоридагиларга асосан ушбу ҳолатни зудлик билан бартараф этиш юзасидан туман ҳокимлиги томонидан Тошкент вилояти ДАҚН инспекциясига ҳамда буюртмачи ташкилот «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ Тошкент вилояти филиалига мурожаат қилиниши бўйича сизга тушунтирилди ҳамда ушбу тушунтириш ишлари юзасидан эътирозингиз йўқлигини билдириб ўтганингизни маълум қиламиз».

Гувоҳи бўлганингиздек, мазкур мурожаат юзасидан иш фақат қоғозда «бажарилган». Орадан қарийб бир йил вақт ўтяпти ҳамки, девори авария ҳолатга келиб қолган хонадондаги вазият биронта ташкилотни қизиқтираётгани йўқ.

Шу ўринда бир мулоҳаза.

Ҳақиқатан ҳам ҳокимлик юқоридаги ташкилотларни вазиятдан хабардор этганми? Зулфия Қаюмовага келган жавоб хати ижрочисининг таъкидлашича, ҳокимлик бу масала юзасидан тегишли тартибда масъул ташкилотларни хабардор этган. Демак, бундан тегишли ташкилотлар хабардор. Қизиқ, наҳотки ҳозирги ҳамма ҳаракатлар энг аввало, инсон манфаати учун амалга оширилаётган айни бир пайтда, тегишли мутасаддилар бу вазиятга мутлақо лоқайд қарамоқда? Ёки бу ерда биз билмайдиган бошқа бирор сир борми? Ахир, мазкур уйда бугун уч нафар вояга етмаган бола улғаймоқда.

Осилиб турган девор бир кун шуларнинг устига қулаб тушмаслигига ким кафолат беради? Умуман, фуқаро, яъни тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган истеъмолчининг наинки манфаатини таъминлаш, балки ҳаётига дахл қилиши мумкин бўлган муқаррар хавфга эътибор шуми? Масалага ўз вақтида ечим топиш учун бирор фожиа юз бериши шартми?

Туман ҳокимлигининг жавоб хатида масъул экани келтирилган «Қишлоқ қурилиш инвест» компанияси нега бу масалани ҳали-ҳануз пайсалга солиб келмоқда? Ахир, такрор бўлса ҳам айтиш керак, хонадон эгаси ўртада тузилган шартномада кўрсатилган талабларни сўзсиз бажариб келмоқда-ку. «Қишлоқ қурилиш инвест»-чи? У ўз мажбуриятини бажармаслигига қандай асоси бор?

Эгасига етгунча...

Мазкур хонадонга ташриф буюриш баҳонасида ён-атрофдаги уйларни ҳам кўздан кечирдик. Хонадон эгалари билан суҳбатлашдик. Уларнинг аксарияти бу уйлардан ҳафсаласи пир бўлаётганини яширмади. Бировиникида иссиқлик тизимида муаммо бўлса, бошқасида электр тармоғида нуқсонлар бор. Ҳатто,  кўпчилик хонадонини бутунлай, қайтадан капитал таъмирдан чиқаришга ҳам улгурибди.

— Уй чала топширилган кундан бошлаб, кам-кўстини ямаб келяпман, —  дейди Зулфия Қаюмова. — Ташкилотма-ташкилот, эшикма-эшик сарғайиб юриш жонимга текканидан, деворни бузиб, ўзим қайтадан таъмирлатмоқчи ҳам бўлдим. Лекин начора, бунга анчагина маблағ кетар экан. Устига-устак, кредит тўлови ҳам бор. Аслида қурувчи ташкилот ўша вақтда менга кафолат хати ёзиб берган. Шундай экан, «Қишлоқ қурилиш инвест» уйимни таъмирлаб ёки сарфланадиган харажатларни қоплаб бериши лозим.

Дарҳақиқат, бу борада хонадон эгаси ҳақ. Бунга қонуний асоси бор. «Қишлоқ қурилиш инвест» Тошкент вилояти филиали билан хонадон ўртасида тузилган икки томонлама шартномада бу кўрсатиб ўтилган. Қолаверса, бу «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунда ҳам мустаҳкамланган.

«Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ томонидан сўнгги 2-3 йилда қурилган уйлар сифати бироз яхшиланди. Аммо бундан олдинги уйлар хусусида гап кетса, аксарият улардан кўнгли тўлмаганини айтади. Назаримизда, бунинг сабаби оддий: мендан кетгунча — эгасига етгунча қабилида қурилгандек гўё. Ўша вақтда қурилган уйлардаги камчиликлар ҳамон юзага қалқиб чиқмоқдаки, бунинг жабрини қозонини қуруқ сувга ташлаб қўйиб, кредитга олган уйининг девори йиқилиб тушиш арафасида турган Зулфия Қаюмова сингари юртдошларимиз тортмоқда...

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев бизга баландпарвоз гаплар, мақтовлар, қуруқ рақамлар эмас, сифат керак эканини бот-бот таъкидламоқда. Ҳар бир вазирлик, идора ва ташкилотлар олдига қуруқ рақамлар ортидан қувмасдан, фаолиятида амалий ишга ва сифатга эътиборни кучайтириш талабини қўймоқда. Шундай экан, «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ сифатсиз бажарилган иш учун қанча одам норозилигини келтириб чиқараётганини қачон англаб етади? Улар билан ҳамкорлик қилаётган пудратчи-қурувчи ташкилотлар-чи?

Ушбу мақолада келтирилган ҳолат юзасидан «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖдан жавоб кутиб қоламиз.

 

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

12 жоннинг дардини ким тинглайди?

12 жоннинг дардини ким тинглайди?

🕔11:46, 09.08.2018 ✔70

Ҳокимлик уй бермади, аммо «қимматли» тавсиясини аямади...

Батафсил
Дарёга етаётган жароҳат

Дарёга етаётган жароҳат

🕔11:40, 09.08.2018 ✔27

Айримларнинг лоқайдлиги туфайли дарё қирғоқлари абгор ҳолга тушиб қолмоқда.

Батафсил
Камерадан нега қўрқасиз?..

Камерадан нега қўрқасиз?..

🕔11:39, 09.08.2018 ✔28

Милиция ходими имижи ҳақида ўйлаш вақти етмадими?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар