Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Бу аёллар энди тўхтамайди

Фарзанднинг илғор фикрлайдиган янги ғоялардан чўчимайдиган бўлиши оналарга боғлиқ.

Бу аёллар энди тўхтамайди

Табиатан ҳар бир инсон ўзига хос иқтидор ва қобилият эгаси. Аммо киши кўпинча турмуш қийинчиликлари, рўзғор ташвишлари билан овора бўлиб, янги ғоялари, мақсадларини бир четга суриб қўйишига тўғри келади. Бундай ҳол, айниқса, аёлларда кўпроқ кузатилади. Бироқ ҳеч қаерда ишламайдиган, бор вақтини оиласи ва фарзандларига сарфлайдиган уй бекасининг ҳам жамият ривожи, мамлакат тараққиётига хизмат қиладиган муҳим ғояси, ташаббуси бўлиши мумкин. Хўш, ана шу ғояларни рўёбга чиқариши учун уларга қандай кўмак кўрсатиш керак?

Айни жиҳат эътиборга олиниб, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталиги ўтказилди. Унда 200 нафардан ортиқ хотин-қизлар ўз бизнес ғоялари билан қатнашди.

— Бизнинг асосий мақсадимиз фаол аёлларни қўллаб-қувватлаш, салоҳиятини юзага чиқаришга ёрдам беришдир, — дейди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила НОРБОЕВА. — Шу билан бирга, аксарият оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, ишсиз, жиноятчиликка мойиллиги бор, дунёқараши салбий тарафга ўзгарган аёллар билан бирма-бир манзилли ишлашни мақсад қилганмиз. Ижтимоий фаол бўлмаган опа-сингилларимизнинг орасида ҳам хаёлан яратган ихтиросини, янгилигини юзага чиқара олмаётганлар жуда кўп. Уларга далда берадиган, қўллаб-қувватлайдиган одам керак. Шу ўринда бир далил келтирсам. Биргина Наманган вилоятида уч ойнинг ичида ҳеч бир ташкилот кўмагисиз 17 та кичик корхона очдик. Демак, ҳар қандай ишни уддалаш мумкин. Фақатгина ташаббускор инсоннинг ёнида туриб, унга кўмаклашиш керак. Айниқса, ҳар бир тадбиркорлик йўналишига янгилик, инновация киритиш лозим. Мазкур ҳафталикдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу.

Дарҳақиқат, аёлларимиз орасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Ўз фаолиятида янада яхшироқ натижаларга эришиш учун янги технологияларни ўрганиш, уларни амалда қўллашга қизиқиш ҳам анча кучайган. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида бундан етти йил муқаддам ўз хусусий бизнесини йўлга қўйган Шоҳиста Раметова айнан шуни мақсад қилган эди. Бунинг учун у Хитойга бориб, газламага гул босиш технологиясини ўрганиб келиш ниятида. Шу билан тадбиркор ўз фаолиятини икки йўналишда ташкил этиб, кўпроқ аҳолининг бандлигини таъминламоқчи. Ҳозирги кунда Шоҳистанинг кичик корхонасида олти киши фаолият юритади. Тез орада уларнинг сонини йигирма нафардан оширишни мўлжал қилган. Тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириши учун Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси унга 150 миллион сўм имтиёзли кредит олиш ва янги, қулай жойда фаолиятини давом эттиришига кўмаклашмоқда. Иш ҳажми кенгайиши бир кунда 100 дан ортиқ тўплам ишлаб чиқариш имконини беради. Бу ички бозорга арзон ва сифатли маҳсулот чиқариш билан бирга, хорижий давлатларга ҳам ­экспорт қилишга шароит яратади.  

Тадбиркорлик билан бир қаторда, аёлларнинг илмий салоҳиятини тўла намоён этиши учун ҳам юртимизда етарли шарт-шароит яратилган. Айниқса, илмий изланиш олиб бораётган, янги тадқиқотлар устида ишлаётган хотин-қизлар катта-катта ютуқларни қўлга киритмоқда.

— Олдимизда турган энг катта вазифа одамларимизнинг инновацион фаоллигини ошириш, — дейди Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим ­АБДУРАҲМОНОВ. — Бунда, шубҳасиз, хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратамиз. Боиси, оилада боланинг тарбияси билан шуғулланадиган, келажак авлодни илғор фикрлашга ундайдиган, аввало, оналардир. Фарзанд янги ғоялардан чўчимайдиган, тасаввури бой бўлса, демак, биз мақсадимизга эришган бўламиз. Генетик олим сифатида айтишим мумкинки, болага асосий иқтидор онадан ўтади. Агар она ўқимишли бўлса, албатта, бу фарзандида намоён бўлади. Келажакда инновация янада ривожланиши учун фарзандларимиз ўқимишли аёлларнинг қўлида катта бўлиши керак. Биз аёлларнинг илмий салоҳияти юқорилиги бўйича кўпгина мамлакатларга нисбатан олдинги ўринларда турамиз. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ота-боболаримизнинг аёлларга эътибори жуда юқори бўлган. Бекорга биздан етти иқлимга машҳур буюк алломалар етишиб чиқмаган. Аждодларимизнинг мана шу анъанасини давом эттирган ҳолда, ҳар қандай янги гап, янги ғоя ва ташаббусларни илгари суришда аёлларимиз ақл-заковатига таяниш фойдадан холи эмас.

Жамиятда аёллар фаоллигини янада оширишда давлат ташкилотлари билан бир қаторда, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам роли катта бўлмоқда.

— Аёл киши табиатан туғма инновацион ғояларга эга бўлади, — дейди Наманган давлат университети ўқитувчиси Дилхумор ­Мирзаабдуллаева. — Оилага бекалик қилишнинг ўзи жуда катта маҳорат талаб қилади. Агар у ҳаммасининг уддасидан чиққан ҳолда, ўзининг тадбиркорлигини ҳам йўлга қўя олса, ҳақиқий ишбилармонлик бўлади. Шундай экан, аёлларнинг илмий салоҳиятини ошириш жуда муҳим. Олдимизга эса айнан шу йўналишда фаолият юритадиган бир марказ очишни мақсад қилиб қўйганмиз. У ерда аёлларга илмий иш қилиш бўйича пухта билим ва кўникма берилади. Баъзан аксарият аёлларимиз ишни ярмига келганда тўхтатиб қўяди. Шу каби муаммоларни енгиш ва ишларни янада жадаллаштириш учун ғояларни янада тезроқ мақсад сари йўналтиришга ёрдам берамиз.

Қаерда илмий янгиликлар, ихтиро ва инновациялар яратишга шароит бўлса, амалий ёрдам кўрсатилса, ўша ерда, албатта, ижобий натижалар кўпаяди.

— Шу вақтгача ихтиро ва ишланмалари учун патент олиш мақсадида ариза берадиган аёллар кўпи билан 15-20 фоизни ташкил этарди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги бош директори ­Алишер ФАЙЗУЛЛАЕВ. — Аёлларнинг соҳада фаоллиги ошиб бораётгани туфайли 2017 йилда бу кўрсаткич 31 фоизга етди. Америкалик тадқиқотчиларнинг фикрича, агар қайси давлатда интеллектуал мулк борасида аёлларнинг улуши эркакларники билан тенг келса, ўша мамлакат ялпи ички маҳсулоти 3 фоизга ошар экан.     

Албатта, давлат сиёсати даражасига кўтарилган ҳар қандай масала борки, унинг таг-замирида катта мақсадлар мужассам бўлади. Мазкур ҳафталик доирасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлиги билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолангани давлатимиз сиёсатини янада тўлақонли амалга оширишда муҳим пойдевор вазифасини ўтайди. Чунончи, аёлларнинг илмий салоҳиятини ошириш, янги инновацион технологиялардан фойдаланишига шароит яратиш жамият ҳаётини ижобий томонга тубдан ўзгартиришга хизмат қилади. Айниқса, ишсизлик, турли салбий иллатларнинг олдини олиш, энг муҳими, кучли илм соҳиблари бўлган фарзандларни вояга етказишда муҳим аҳамият касб этади.  

 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«ТИЛИ ОМОН БЎЛСА, ЎЛМАЙДИ МИЛЛАТ»

«ТИЛИ ОМОН БЎЛСА, ЎЛМАЙДИ МИЛЛАТ»

🕔17:08, 18.10.2018 ✔2

Тилимизнинг эртанги тақдири нима бўлади?

Унинг таназзули ҳақидаги гаплар қанчалик асосли?

Батафсил
Оқибат

Оқибат

🕔17:46, 11.10.2018 ✔37

«Бошлиқ ҳозир сиз билан боғлана олмас экан, гапингиз бўлса ўринбосарига мурожаат қилишингиз мумкин...»

Батафсил
«Телевизорни ишхонангизга опкетинг!»

«Телевизорни ишхонангизга опкетинг!»

🕔17:46, 11.10.2018 ✔35

Шом вақти. Эндигина беш ёшга тўлган Лола онаси билан ўйнагиси келиб қолди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар